Биринчи Президентимиздан Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қолди!

Тарбиячи-мураббийлар “Хотира дарси”да шундай хулосага келдилар.

Мактабгача таълим муассасалар ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш республика ўқув методика марказида ўтказилган “Хотира дарси” аввалида Марказ директори Малоҳат Аъзамова Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таржимаи ҳоли ҳақида сўз юритар экан, шунча йил давлатимиз раҳбари бўлган улуғ сиймонинг қанчалик буюк ибрат мактабини яратганини алоҳида таъкидлади.

– Бутун ҳаёти ва фаолиятини давлат тараққиёти ҳамда халқ фаровонлигига бахшида этган давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ёш авлод тарбияси, уларни муносиб вояга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратар эди,– деди Малоҳат Аъзамова.– “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари биз учун беқиёс сабоқ эди. Айтайлик, бу асарда қайд этилганидек: “Боланинг онги асосан 5-7 ёшда шаклланишини инобатга оладиган бўлсак, айнан шу даврда унинг қалбида оиладаги муҳит таъсирида маънавиятнинг илк куртаклари намоён бўла бошлайди”. Демак, давлатимиз раҳбари ҳар бир кичкинтойнинг дунёқараши муносиб шаклланиши учун ҳам қанчалик қайғурганини шу каби асарларида кўплаб гувоҳи бўлишимиз мумкин.

“Хотира дарси”да иштирок этган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек собиқ мустабид тузум даврида ким эдиг-у Ўзбекистон мутақилликка эришгач ким бўлганимиз, яна қандай марраларни эгаллаётганимиз, бу беқиёс ишларда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов қанчалик матонат ва жасорат кўрсатганини қатор мисоллар воситасида теран изоҳлаб берди.

– Юртбошимизнинг 1989 йилда жамиятимизда юз берган мудҳиш воқеа-ҳодисаларга барҳам бериб, халқимизни жиплаштиргани ҳамда мустақиллик сари матонат билан дадил йўлга бошлагани, 1991 йил 31 август куни жонажон Ўзбекистонимизнинг давлат мустақиллигини тантанали равишда эълон қилиб, 25 йил мобайнида мана шундай ривожланган мамлакат даражасига чиқишимизда кўрсатган беқиёс жасоратларининг ўзи бир улкан тарихдир,– деди маърузачи.– Ислом Абдуғаниевич Каримов 1989 йилнинг июнидан республика раҳбари этиб сайланган пайтда республикамиз фуқаролар уруши, қон тўкиш, миллатлар ва конфессиялараро можаролар ёқасида турган эди. Воқеаларнинг худди шундай ривожи қўшни мамлакатларда амалга оширилган эди. Ана шундай ўта оғир даврда у ўзининг воқеаларни олдиндан кўра билиш қобилияти, кучли иродаси ва қатъияти билан халқимиз ва мамлакатимизни шундай ачинарли қисматдан сақлаб қолди. Айнан ўша даврда халқимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов тимсолида мард, букилмас ирода эгаси ва содир бўлаётган фавқулодда мураккаб ҳодисаларнинг моҳиятини давлат манфаатлари нуқтаи назаридан кўра оладиган, ўз Ватани ва халқи, ҳар бир юртдошининг тақдири учун алоҳида масъулиятни ҳис эта оладиган ҳақиқий раҳбарга эга бўлди. 1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти этиб сайланди. Ислом Абдуғаниевич Каримов 25 йил давомида мустақил Ўзбекистонни бошқариб, очиқ фуқаролик жамияти ва бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг чуқур ўйланган стратегиясини ишлаб чиққан ва уни амалга оширган буюк давлат арбоби сифатида мамлакатимизда ва халқаро майдонда юксак обрў-эътибор қозонди. Ўзбекистоннинг суверенитети ва мустақиллигини сақлаш ва мустаҳкамлаш Президент Ислом Каримов учун ҳамиша энг олий устувор вазифа бўлиб келди ва у олиб борган сиёсатнинг асосий ўзак тамойили бўлиб қолди. Ўзбекистон халқи истиқлол йилларида эришилган барча оламшумул ютуқлар ва натижаларни мамлакатимизнинг Биринчи Президенти номи ва фаолияти билан узвий боғлиқ деб билади. У ҳақли равишда демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўла жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи бўлиб, уни ҳаётга амалий жиҳатдан татбиқ этишнинг ҳақиқий кафолатига айланди. 1991 йилда Ўзбекистон пахта яккаҳокимлигининг ҳалокатли таъсири оқибатида иқтисодиёти бирёқлама, мўрт ва ночор ривожланган, аҳолининг ҳаёт даражаси ғоят ачинарли аҳволга тушиб қолган қолоқ аграр мамлакат эди. Республика ҳаётий муҳим товарларнинг кўпгина турларини, биринчи навбатда ғалла ва энергия ресурслари бўйича маҳсулотларни ўзида ишлаб чиқармас ва бу борадаги ўз эҳтиёжларини таъминлай олмас эди.

Ислом Каримов иқтисодий мустақилликка эришмасдан туриб, сиёсий мустақилликни таъминлаш мумкин эмас, деган фикрнинг қатъий тарафдори эди. Айнан шунинг учун ҳам Юртбошимиз томонидан машҳур беш тамойил асосида бутун дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб эътироф этилган Ўзбекистон иқтисодиётини тубдан ислоҳ этиш ва таркибий ўзгаришларни амалга ошириш дастури ишлаб чиқилди. Бу моделнинг туб негизини “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган стратегик йўналишни амалга ошириш ташкил этади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистонда кенг кўламли таркибий ислоҳотлар амалга оширилди, нефть кимёси, кимё, автомобиль саноати, қишлоқ хўжалиги ва темир йўл машинасозлиги, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик саноати, замонавий қурилиш материаллари саноати каби юқори технологияларга асосланган мутлақо янги саноат тармоқларига асос солинди.

Республикамизда замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари, жумладан, Қамчиқ тоғ довони орқали ўтадиган ноёб туннелни ўз ичига олган Ангрен – Поп темир йўл тармоғи, Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўли бунёд этилди. Тошкентдан Самарқанд, Бухоро ва Қарши шаҳарлари йўналишлари бўйича юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар қатнови йўлга қўйилди, халқаро аэропортлар модернизация қилинди, “Навоий” аэропорти негизида халқаро логистика маркази ташкил этилди ва Ўзбек миллий автомагистрали қурилиши якунига етказилди.

Халқимиз мустақилликнинг мураккаб вазиятли дастлабки кунларини, турли фитналар таҳдид солиб турган таҳликали даврларни Ислом Каримов раҳнамолиги остида енгиб ўтиб, тинчлик, бунёдкорлик, тинч-осойишта ва фаровон ҳаёт сари дадил қадам ташлай бошлади. Юртбошимиз ғоят оғир ижтимоий-иқтисодий аҳволга тушиб қолган республикани муқаррар ҳалокатдан сақлаб қолишга, чигал вазиятни қисқа вақт ичида тубдан ўзгартиришга эришди. Юрт ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан обод бўлди. Ватанимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошди, иқтисодиётда қатор тармоқлар ривожланди, янгиларига асос солинди, кўплаб саноат объектлари барпо этилиб, ишга туширилди; Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни деб эълон қилинди, ибодатлар эмин-эркин бажарила бошлади, янги масжидлар, мадрасалар қурилди, таъмирланди, минглаб юртдошларимиз ҳаж ва умра сафарига отланди. Ҳар бир янги ўқув йилининг бошида мактабга илк қадам қўйган болажонларга Президент совғаси топширилиб, фарзандларимиз юртбошимиз берган қалам-қоғоз билан хат-савод чиқаришди, илм-фан соҳасида, маданият ва спорт соҳасида катта муваффақиятларга эришишди, жаҳон спорт майдонларида улкан ғалабалар қозонишди ва қозонишмоқда. Мустақилликнинг чорак асридаёқ минг-минглаб бино ва иншоотлар, янги йўллар, кўприклар ва бошқа кўплаб қурилиш объектлари қад ростлади. Шу қисқа муддат ичида Ўзбекистон дунёда иқтисодиёти энг жадал суръатлар билан ривожланаётган бешта давлат қаторидан жой олди, юрт ободлиги, Ватан сарҳадларининг дахлсизлиги, халқ ҳаётининг тинчлиги, турмуш фаровонлиги таъминланди. Шу йиллар давомида Ўзбекистон тинчликпарвар, халқпарвар ташқи сиёсат олиб борувчи, барқарорликни, ҳар қандай можароларни фақат тинч йўл билан ҳал қилишни ёқловчи кучли давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади. Юртбошимиз миллий-маънавий қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтарди, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини оширишга катта ҳисса қўшди.

Ўзбекистоннинг дунёда энг жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган иқтисодиётга эга бўлган бешта давлат қаторидан жой олгани Президент Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан олиб борилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов қишлоқ хўжалигидаги чуқур ўзгаришларни амалга ошириш, ернинг ҳақиқий эгаси бўлган янги мулкдорлар синфи – фермерлик ҳаракатини шакллантиришнинг ташкилотчиси эди. Унинг ташаббуси билан жаҳон амалиётида ўхшаши бўлмаган, қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган, қишлоқ аҳлининг ҳаёт даражаси ва сифатини шаҳардагидан кам бўлмаслигини таъминлайдиган намунавий уй-жойлар қуриш дастури амалга оширилмоқда.

Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёш авлод тарбияси ва келажаги йўлида амалга оширган ишларининг қиёси йўқ. Ўзлари кўп бора умид ҳамда ишонч билан таъкидлаганларидек, Биринчи Президентимиздан Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қолди!

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига бағишланган “Хотира дарси”да Фарғона вилояти Данғара туманидаги 26-МТМ мудираси Азизахон Сафарова, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 10-махсус мактабгача таълим муассасаси директори Зиёдахон Ҳасанова, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги 3-МТМ мудираси Гулнора Матёқубова, Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 442-махсус мактабгача таълим муассасаси мудираси Донохон Собирова ва бошқалар ҳам дил сўзларини изҳор этдилар. Улар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, ўзбек халқининг буюк фарзанди Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сўнмас хотираси барчамизнинг қалбимизда абадий сақланиб қолишини, шу билан бирга, азиз Юртбошимизнинг улуғвор ишларини давом эттиришда халқимиз янада жипслашиб, ҳамжиҳатлик билан давом эттиришга астойдил бел боғлаганларини алоҳида таъкидладилар.

ммк5 ммк1 ммк2 ммк3 ммк4

Фароғат Ҳошимхонова,

Умида Ғафурова,

Азиза Усмонова,

Мактабгача таълим муассасалар ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш республика ўқув методика маркази мураббийлари

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *