БУЮК СИЙМО

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига

Жадидлар отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий портретига чизгилар

beҳbudij

Маълумки, XX аср дунёга жуда кўплаб сиёсий арбоблар, ислоҳотчилар, мустамлакачилик кишанларидан миллий озод бўлиш ва ўз мамлакатининг мустақиллиги учун курашчиларни етказиб бердики, эндиликда уларнинг номлари инсоният тарихидан абадий ўрин олган.

Озодлик ва мустақиллик учун буюк курашчиларнинг мана шу сафида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Файзулла Хўжаев, Бобоохун Салимов, Полвонниёз хожи Юсупов, Абдулла Қодирий каби кўплаб ўзбек халқининг асл фарзандлари, маърифатчилар ва ислоҳотчилар ҳам бор эди.

Ҳатто яқин-яқинларга қадар улардан аксариятининг номи нафақат хорижда, ҳатто ўз ватандошларининг кенг доирасида ҳам унчалик таниш эмас эди. Шундай бўлиши ўз-ўзидан тушунарлидир. Чунки узоқ йиллар мобайнида бу зоти шарифларнинг номлари атайлаб тилга олинмай келганди. Ўша пайтдаги ўттиз жилдли Катта совет энциклопедиясида ўқувчи бу одамларнинг таржимаи ҳолига бағишланган бирор сатр ҳам битикни тополмайди. Нисбатан яқин ўтмишда ҳам расмий тарихшуносликда ўз юртининг бу ҳақиқий ватанпарварлари халқнинг ашаддий душманлари, буржуа миллатчилари сифатида таърифланарди.

Мана ҳозир, жадидлар давридан ажратиб турган вақт чўққисидан қараб ва улар орзу қилган мустақиллик туфайли, ниҳоят, бу улуғ инсонлар бизга қандай бебаҳо маънавий бойлик қолдирганликлари ҳамда эндиликда ана шу бойлик миллий мулкимизга айланганлигини бир қадар тўлиқрок баҳолаш имкониятига эга бўлдик.

Лев Толстойнинг сўзлари билан айтганда, мамлакатда “ҳамма нарса ағдар-тўнтар бўлиб кетган” ва “бошқатдан тикланган” ўша мураккаб бурилиш даврининг жамики фожиали қарама-каршиликлари худди томчида қуёш акс этганидек бу одамларнинг тақдири ва ҳаётида ўз ифодасини топди.

“Биринчи” деган сифатлаш, айтиш мумкинки, уларнинг номи синоними бўлиб колди: Ўрта Осиёда биринчи либерал-демократлар, бу ҳаракатнинг биринчи назариётчилари, совет тоталитаризмига қарши миллий-озодлик ҳаракати байроғини биринчи бўлиб кўтарганлар ва, афсуслар бўлсинки, мана шу тартиботнинг биринчи қурбонлари.

Таниқли инглиз публицисти, XIX асрда яшаган тарихчи Карлейль айнан шундай тоифадаги одамларни назарда тугган ҳолда инсоният тарихида бундай кишилар “…маърифатчилар, барчага ибрат, кенг омма ўзи эришишни истаган максадларни амалга оширишга интилган жамики нарсаларнинг ҳақиқий ижодкорлари бўлишган”, деб ёзган эди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов ўзининг нутқлари ва асарларида жадидларнинг мамлакатимиз тарихидаги буюк ролини, ёшларимизни тарбиялашда улар қолдирган маънавий мероснинг жуда катта аҳамиятини бир неча маротаба таъкидлаб ўтган, буюк ўтмишдошларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида “Шахидлар хотираси” мемориал мажмуи майдонида улар шарафига маҳобатли ёдгорлик ўрнатиш таклифини илгари сурган эди.

Мазкур мақолада ана шу буюк сиймолардан бири, ҳақиқий ватанпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.

Сиз ўзбек миллий кийимидаги кишининг суратини кўриб турибсиз. Кўйлагининг ёқаси қайрилмаган. Ҳозирги кунларда бунақа кийинадиган одамлар жуда кам. Ташқи қиёфасидан озғин кўринади. Аммо одамнинг ташқи кўриниши алдамчи бўлади. Қаршингизда даҳо турибди. Инсон ақл-заковатининг даҳоси. Буюк маърифатчи, ислоҳотчи ва мустақиллик учун курашчи — Маҳмудхўжа Беҳбудий.

“Келажакка нисбатан ҳақиқий саховат жамики бор нарсани бугунги кун учун беришдан иборатдир”, -деган эди француз ёзувчиси Камю.

Суратдан сизга қараб турган бу инсон халқнинг манфаатини ҳамма вақт ва ҳамма жойда ўзининг шахсий манфаатларидан юқори қўйган, барча даврлар учун ноёб ҳисобланган одамлар тоифасига мансубдир. У ўзининг бутун олийжаноб ҳаёти мобайнида жабрдийда ва меҳнаткаш халқига қалбида муҳаббат билан яшади. Ўзининг ўткир ақли, улкан истеъдоди ва чинакамига қомусий билимларини халқнинг оёғидаги руҳий ва жисмоний кишанларни парчалаб ташлашга, унинг қаддини кўтаришга, ёрқин келажакни таъминлаш ва халқларнинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашга бахшида этди.

«Шоҳнинг расмини чизаётганда шамолнинг хуштак чалаётганини эшитиш лозим», -деган эди XII асрда яшаган хитой шоири ва рассоми Тин Нун. Беҳбудий XIX ва ХХ aсрлар чоррахасида, Европа ва Осиё узра ўзгаришлар шамоли алоҳида куч билан эса бошлаган даврда яшади. Бир вақтлар Гeгель хақиқат аввал эмас, балки айни вақтида келган пайтдагина ўзига йўл очади, деб ёзганди.

Ўша даврда ҳамма нарса Чoр империясининг мўрт бўлиб қолган тузилмаси ҳамда Бухоро амирлиги ва Хива хонлигидаги феодал тартиботларнинг куни битганидан дарак бермоқда эди. Худди шу даврда Ўрта Осиё осмонида бир инсоннинг тиниқ ёғдули юлдузи порлаб чиқди. Таниқли шарқшунос Лазиз Азиззода 1926 йилда: «Агар Ўзбекистонда фан ва маданиятда Навоий ва Улуғбекдан кейин учинчи шахснинг номини абадийлаштириш керак бўлса, бундай ёдгорлик, ҳеч шубҳасиз, Беҳбудийга қўйилмоғи лозим», -деб айтган эди. Бундай таъриф Маҳмудхўжа Беҳбудийни ҳақли равишда Шарқнинг Улуғбек ва Навоий сингари энг буюк инсонпарварлари ва мутаффакирлари қаторига қўяди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йил 19 январда Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида сулолавий руҳонийлар оиласида дунёга келди. Отаси Бехбудхўжа ислом ҳуқуқшунослиги бўйича йирик мутахассис, буваси Солихўжа эса имом эди. Улар аслида Хоразмдан келиб чиққан машҳур Аҳмад Яссавий авлодига мансуб кишилар бўлишган.

Отаси вафот этгач, уни тоғаси (қози Муҳаммад Сиддиқ) ўз тарбиясига олди. Тоғасининг раҳбарлигида Маҳмудхўжа араб ва форс тилларини чуқур ўрганди. Ўн беш ёшида амакиси — мулла Одилникига кўчиб ўтди. Амакиси унга араб тили грамматикасини, математика, юриспруденция асосларини, мантиқ ва филология, яъни дунёвий фанларни ўргатди. Шундай қилиб, ёш Беҳбудий икки томонлама таълим олди: теология ва дунёвий илмларни пухта эгаллади.

Шунингдек, Беҳбудий Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида ўқиди, отаси оламдан ўтгач, мустақил ҳаёт кечира бошлади, қозихонада мирзаликдан иш бошлади. Юриспруденция соҳасидаги фаолияти унга жамиятнинг турли қатламларидаги хаётни англаб етиш ва ўз билимларини амалиётда қўлланишда ажойиб мактаб вазифасини ўтади. Ҳуқуқшунослик бўйича мерос ҳуқуқларидан имтиҳон топшириб, муфтий даражасини олди. Маҳмудхўжа қозихонада ишлар экан, табиийки,одамларнинг ғам-ташвишларига бефарқ қаролмади. Ўша пайтда унда Poссия Туркистонининг ижтимоий-сиёсий, диний, ҳуқуқий тизимлари ва иқтисодий асослари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил бўлган эди.

1899 йилда у ўзининг биринчи ҳаж сафарига борди. Бу саёҳат фикр доирасини кенгайтириш ва дунёни тушуниши учун жуда кўп нарса берди. Унинг ҳаж йўли Россия шаҳарлари, Қрим, Эрон, Туркия, Миср орқали ўтган эди. Маҳмудхўжа қаерга бормасин, нафақат бошқа мамлакатларнинг ҳаёти билан танишди, балки керакли китоблар, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, газета ва журналлар сотиб олиб, маорифнинг йўлга қўйилишини ўрганди, таълимнинг янги усулларидан хабардор бўлди. Буларнинг барчаси кейинчалик, маърифатчиликдаги улуғ ишида унга асқотди.

1903-1904 йилларда Беҳбудий Петербург, Москва, Қозон, Оренбург, Қримга сафар қилди. Россия тажрибаси, айниқса татарларнинг маърифат соҳасида амалга оширилаётган ишлари, атоқли маърифатчи Исмоил Гаспринский билан танишуви унинг интилишларини узил-кесил аниқлаб берди ҳамда жамиятни гуманитар жиҳатдан қайта қуришдан иборат режаларни руёбга чиқариш учун йўналтириб юборди.

Бу пайтда Туркистонда тараққиёт тарафдорлари, ўз эмин-эркин ва маъмурчиликда яшашини, худди ривожланган мамлакатлардаги сингари маърифатли бўлишини чин дилдан истаётган одамлар сони кўпайиб бормоқда эди. Улар нафақат чоризмга, балки исломнинг софлигини ҳимоя қилиш шиори остида эски анъаналарга маҳкам ёпишиб олган, ҳар қандай тараққиётни инкор этаётган руҳонийларнинг жоҳил қисмига қарши чиқа бошлагандилар. Тараққиёт тарафдорларини туғилиб келаётган буржуазиядаги диндорлар, деҳқонлар, ҳунармандлар-аҳолининг барча табақалари орасида учратиш мумкин эди. Улар миллий ўзини-ўзи англашнинг ўсишдаги биринчи даражали асосларни маърифат ва фандан изладилар. Бу чинакам ватанпарвар маърифатчилар анъаначиларнинг қаршилигини синдириб, жойларда янги усулдаги мактаблар очдилар, уларда эски мактабларга, анъаналарга қарама-қарши ўларок, диндан ташқари дунёвий фанлардан ҳам дарс беришди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий мана шундай маърифатчилик фаолиятига астойдил киришиб кетди ҳамда янги усулдаги мактабларни очишда жонбозлик кўрсатди. Беҳбудий бундай мактаблардан бирини уйида ҳам очди. У мактаблар учун «Рисолаи жуғрофия умроний», «Тарихи ислом»,»Китобатул атфол» ва бошқа дарсликлар яратди.

Омманинг ўзини-ўзи миллий англашини ўстириш ва уйғотиш эндиликда унинг ҳаёти мазмунига айланиб қолган эди. «Ҳақиқатни билишни истаган ҳар қандай одамнинг ўзи ниҳоятда кучли бўлиб қолади», — деган эди Ф. Достоевский. Ва Махмудхўжа Беҳбудий орадан кўп вақт ўтмасдан Туркистондаги мана шу курашнинг байроқдорига айланди. Унинг атрофида тобора кўплаб маслакдошлар жипслаша бошладилар.

Бутун мана шу вақт ичида у ўз билимларини бойитиш устида ишлади. Унинг илмий манфаатлари доираси жуда кенг эди. Беҳбудий қизиққан соҳалар теология, тарих, фалсафа, педагогика, социология, адабиёт, этнография ва бошқалар, яъни ҳозирги пайтда ижтимоий фанлар деб аталадиган жамики фанлар эди. Унинг сафдошларидан бири Файзулла Хўжаев кейинчалик таъкидлаб ўтганидек, Беҳбудий билимларининг кенглигига кўра буюк шаxс бўлиб, ўша даврда Туркистон жадидлари орасида унга тенг келадиган одам топилмасди.

Таҳлил қила олиш қобилияти кучли бўлган бу инсонга ҳамма замонлар учун ноёб ҳисобланган фазилат — назарий фикрлаш хусусиятидан ҳам Худо берган эди. Юзлаб китоблар, турли-туман мавзулардаги газета ва журнал мақолалари унинг қаламига мансубдир. Кўпгина мақолаларининг асосий мавзу доираси Ватан, унинг тақдири ва тарихи, эрк учун кураш, миллий манфаатларга хизмат қилиш, қолоқ анъаналарни қоралаш, халқ маърифатини кўтариш, самодержавие ҳамда унинг Туркистон ва Бухоро амирлигидаги тартиботларини танқид остига олишдан иборат эди.

У халқни ягона миллатга бирлаштириш учун янги усулдаги мактабларни очишнинг ўзи кифоя қилмаслигини, балки миллий матбуот ва миллий театрни ривожлантириш зарурлигини ҳам тушуниб етган эди. Ва Беҳбудий матбуот, нашриёт масалалари билан астойдил шуғулланишга киришди. 1913 йили «Самарқанд» газетасини, ўша йилнинг август ойида эса «Ойна» журналини чиқара бошлади. Мазкур журнал Татаристон, Кавказ, Қрим, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркияда ҳам тарқаларди. Шунингдек, Беҳбудий «Нашриёти Беҳбудия» нашриётини ташкил этди, унинг ҳузурида «Кутубхонаи Беҳбудия» деб номланган кутубхона ҳам очди. У тез орада Ўрта Осиёдаги энг йирик кутубхоналардан бири бўлиб қолди.

«Самарқанд» газетаси ва «Ойна» журнали халқнинг ўзини ўзи миллий англаш, уйғонишида, ўзбек халқи миллий ғypyрининг тикланишида жуда катта роль ўйнади. Аммо газета ҳам, журнал ҳам узоқ яшаб кета олмади, бунга асосан цензура сабаб бўлди.

1917 йилга келиб, жадидизм маърифатчиликдан сиёсий ҳаракат даражасига кўтарила бошлади. Туркистондаги сиёсий ахволга  Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг муносабати қандай эди? Унинг сиёсий мақомни тубдан ўзгартириш, мустақилликни кўлга киритиш билан боғлиқ ҳолда кўрганди. Беҳбудий ўз мақолаларида рус чоризми ва Муваққат ҳукуматнинг мустамлакичилик сиёсатини фош этди, уларнинг қонунларини танқид қилди.

Беҳбудий мустақилликка курашсиз эришиб бўлмаслигини яхши биларди. У илгари сурган «Ҳақ олинур, берилмас» деган машҳур шиор бутун миллатга даъват бўлиб янгради.

Аксарият жадидлар каби Беҳбудий ҳам мустамлакачиликка қарши қон тўкилмайдиган кураш тарафдори, ҳар қандай инқилоблар душмани бўлиб, парламентдаги кураш йўли билан кўп нарсага эришиш мумкин, деб ҳисобларди. Муҳториятнинг оташин тарғиботчиси сифатида у Туркистон демократик федератив Россия таркибида мустақилликни қўлга киритиш мумкин, деган нуқтаи назарда эди ҳамда тараққиёт сари олға силжишда эволюцион усулни маъкул кўрарди. Беҳбудий ўз ватанининг қандай томир ураётганини бошқа ҳар қандай одамга нисбатан яхшироқ ҳис этар ҳамда унинг сиёсий ҳароратини ўлчай биларди. У бошқа жадидлар сингари Россиядаги февраль инқилобини қувонч билан кутиб олди. Сиёсий, миллий ва иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш жадидлар, хусусан, Беҳбудий фаолиятида устувор йўналиш бўлиб қолди.

«Биз Туркистон мусулмонлари маҳаллий руслар, яҳудийлар ва бошқалар билан биргаликда Россия белгиси остида ўз Туркистон ҳукуматини ташкил этишларини, ўз Бирлашган Кенгашига эга бўлишларини истаймиз. Туркистон мусулмонлари шариатга, ўз урф-одатлари, дин қонунларига мувофиқ яшашлари лозим. Туркистонда яшаб турган яҳудийлар, христианлар ва мусулмонлар фаровонлигини кўзлайдиган қонунлари тузилиши керак», — деб ёзган эди Беҳбудий ўша пайтда. У сиёсий кучларнинг, миллий ҳаракат тарафдорларининг бирлашувини ёклаб чиқди. Айни вактда Беҳбудийнинг большевикларга нисбатан муносабати салбий эди.

«… биз, мусулмонлар учун бу гуруҳга қўшилиш ўта зарарлидир. Уларнинг дастуридаги молияга оид моддалар маълум даражада ўзгартирилмас ва шахс, оила ҳақидаги фикрлари шариатга мувофиқлаштирилмас экан, бизга мутлақо тўғри келмайди», — деган эди у ўз тарафдорларига.

1917 йил мартида «Шўрои Исломия» ташкил этилди, унинг фаолиятида Беҳбудий жуда катта роль ўйнади. Бироқ, кўп вақт ўтмасдан, ташкилотда парчаланиш рўй берди. Руҳонийлар ва уларнинг тарафдорлари бу ташкилотдан чиқдилар ҳамда ўз партияларини тузишди.

Тез орада 1917 йили Петроградда рўй берган октябрь давлат тўнтариши миллий-озодлик ҳаракатини бошқа ўзанга буриб юборди.

1917 йил ноябрида бўлиб ўтган мусулмонларнинг ўлка фавқулодда қурултойи Туркистонни Федератив Россия республикаси билан бирлашган ҳолда ҳудудий Муҳторият деб эълон қилди. У кейинчалик «Туркистон муҳторияти» номини олди. Ҳукумат тузилди, унинг таркибига Беҳбудий ҳам кирди.

Аммо Қўқон ҳукумати бор-йўғи 72 кун яшади. Қўқонни ҳужум билан олган большевиклар томонидан у тор-мор этилди. Шаҳар аланга ичида қолди: большевиклар уни тўплардан кетма-кет ўққа тутавердилар. Уч кун мобайнида 10 мингдан ортик одам ҳалок этилди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий кўпқиррали истеъдоди ва куч-ғайрати айни барқ урган паллада ҳалок бўлди. Ўшанда у 45 ёшда эди. Ўлимидан бир мунча вақт аввал Беҳбудий сиёсатдан узоқлашган ва Халқ маорифи Комиссарлигининг Самарқанд бўлимида ишлаётганди. Мана шу йиллар мобайнида у сукут сақлаб, сиёсий фаолият билан шуғулланмай қўйган эди. Маълумки, унинг большевикларга муносабати салбий эди. Эҳтимол, Туркистон муҳториятининг тор-мор қилиниши ва минглаб бегуноҳ одамларнинг ўлими Беҳбудийга кучли даражада руҳий таъсир этган бўлиши мумкин…

1919 йили у навбатдаги ҳаж сафарига отланди. 25 март куни Бухоро амирлиги чегарасини кесиб ўтди ва Шаҳрисабзга борганида амир маъмурлари томонидан қўлга олиниб, Қаршига жўнатилди-да, ўша ерда қатл этилди. Маълумки, амир ва унинг қуршовидагиларни бир неча бор қаттиқ танқид қилган Беҳбудийга қарши амир маъмурийлари душманлик кайфиятида эдилар.

Маҳмудхўжа Беҳбудий то умрининг охиригача ўзининг севимли иши — маърифатга содиқ қолди, хатто ҳалок бўла туриб, маънавий васият ёзишга ва уни эркка чиқариб юборишга муваффақ бўлди. Ўз васиятида дўстларини маърифат, маданият, фанни ривожлантиришга, тараққиётга хизмат қилишга даъват этди.

Беҳбудий ўзининг жаҳонга сўнгги мактубида: “Сизларга васиятим шу: Туркистон фарзандлари нодон бўлиб қолишлари мумкин эмас.. Ҳамма-ҳаммага Озодлик йўлини кўрсатинг!” — деб ёзган эди.

Буюк мутафаккир, маърифатпарвар ва ислоҳотчи, жадидлар ҳаракатининг отаси шу тариқа ҳаётдан кўз юмди.

Маълумки, қадим-қадимларда ҳам инсоннинг умри уни эсдан чиқармагунларича давом этаверади, дейишарди. Уни эса ҳамон эслашади. Бугунги кунда Беҳбудий ва унинг сафдошлари номларини халқ чуқур ҳурмат-эҳтиром билан тилга олмокда. Уларнинг мероси ва тақдири эса Германия, Туркия, Америка, Япония, Ўрта Осиё давлатлари ва, албатта, ўз Ватани олимларининг тадқиқот мавзуига айланган. Ўзи орзу қилган ва ўша кунни яқинлаштириш учун бор куч-ғайратини охиригача сарфлаган Ўзбекистон мустақиллиги унинг учун энг яхши ёдгорлик бўлиб қолди.

Сўнгги йилларда миллий қадриятларимизни қадрлаш, ардоқлаш борасида залворли ишлар амалга оширилмоқда.

Қанчадан қанча тарихий меъморчилик обидаларимизнинг тиклангани, улар халқимизнинг чинакам муқаддас зиёратгоҳига айлангани маънавиятимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётгани каби қатор буюк амалларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Шулар сирасида 2020 йили буюк бобокалонимиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йилллиги кенг нишонланганлигининг ҳам гувоҳи, ҳам иштирокчиси бўлдик.

Боз устига ана шу тадбир доирасида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ибратли ҳаёти ва ижодига бағишланган улкан бадий полотно — бебаҳо фильмнинг яратилиши бу улуғ зот ҳақида халқимизнинг кенг қатламлари ҳам янги маълумотларга эга бўлгани нур устига аъло нур бўлди.

Фильм индаллоси – титрларда мазкур бебаҳо полотнони яратиш ташаббускори ва ҳомийси Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳақидаги маълумотнинг берилиши миллатимиз қадриятларини қадрлаш бардавом эканлигига, туб ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмасликка ишонч бахшида қилади.

 

Шавкат МИРАЛИМОВ,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий

университети Журналистика факультети доценти,

тарих фанлари номзоди.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>