Ватан мадҳи куйланганда…

Она Ватан ҳақидаги куй-қўшиқлар қалбларга ўзгача ғурур бахш этади.

Ватан мадҳи куйланганда уни шунчаки тинглаб ўтириш камлик қилади. Бу ажойиб оҳанглардан беихтиёр ўрнингдан туриб, ўша қўшиқни жўр бўлиб куйласанг юрак ҳам тўлқинланиб кетар экан. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ҳаракатлар стратегияси залида бўлиб ўтган “Инсон қадри ва унинг хотираси муқаддас” мавзуидаги маънавий-маърифий тадбир Ватан ҳақидаги қўшиқ билан бошланганида талабалар беихтиёр ўрниларидан туриб унга жўр бўлдилар.

ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Камолиддин Мирзааҳмедов бу йил иккинчи жаҳон урушида эришилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги олдидан ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар талаба-ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида камол топтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

1 2 3 4 5 6

– Она Ватанни кўз қорачиғидек асраш, мардлик, ўз элига фидойилик фазилатлари бизга буюк аждодлардан мерос,– деди ЎзМУ проректори.– Бу мавзуда сўз кетганда кўз ўнгимизда Тўмарис, Спитамен, Широқ, Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбекдан Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк сиймолар намоён бўлаверади. Ўтган асрнинг энг мудҳиш воқеаси ҳисобланмиш иккинчи жаҳон урушида шу аждодлар жасоратини яна бир бора намоён этган оталар матонатини ҳам доим эҳтиром ила тилган оламиз. Улар собиқ иттифоқ армияси сафларида фашистлар билан мардонавор жанг қилиб, босқинчи-газандаларнинг Ўзбекистонимизга яқинлашишларига йўл қўймаганлар. “Ҳеч шубҳасиз, орадан қанча йиллар, замонлар ўтмасин, буюк Ғалабанинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бораверади. Минг-минглаб жасур ота-боболаримиз дунёдаги кўплаб халқлар қаторида бу мудҳиш урушда чинакам қаҳрамонлик кўрсатдилар,– деб таъкидлади Президентимиз Шавкат Мирзиёев.– Бу – ҳеч қачон унутилмайдиган, ҳеч қандай куч биздан тортиб ололмайдиган буюк тарих, қудратли маънавий бойлигимиз, десак, айни ҳақиқат бўлади. Биз бу тарихдан куч-қувват оламиз. Бу тарих бизни тинчликни асраб, барча халқлар билан дўст ва ҳамкор бўлиб, ёруғ келажак бунёд этишга даъват этади”.

Ўзбекистон Ветеран жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмаси раиси ўринбосари, Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Рустам Султоновнинг иккинчи жаҳон урушида оталаримиз кўрсатган жасорат ҳақидаги хотиралари талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

– Бугун барчамиз аввало буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, мана шу ёруғ кунларга етиб келолмаган азиз инсонларни ёд этамиз, уларнинг хотираси, пок руҳлари олдида таъзим қиламиз,– деди полковник Рустам Султонов.– Шафқатсиз урушда, машаққатли меҳнат фронтида мардлик ва жасорат кўрсатган барча фахрийларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром, чуқур миннатдорлик билдирамиз. Ўша оловли йилларда Ўзбекистонда етти ёшдан етмиш ёшгача бутун халқимиз “Ҳамма нарса – фронт учун, ҳамма нарса – ғалаба учун!” деб яшади, ором ва ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз оғир меҳнат қилди. Республикамиз фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланган эди. Юртимиздан жанг майдонларига 2 мингдан зиёд самолёт, кўплаб қурол-яроғлар, ҳарбий-санитария поездлари, юзлаб дала ошхоналари, палаткалар, улкан миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилган. Ўзбекистон аҳли уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган 1 миллионга яқин инсонга бошпана бериб, ўз нонини улар билан баҳам кўрди. Хусусан, ўзбек халқининг, ота-онаси, оиласидан жудо бўлган 200 минг нафар бегуноҳ болаларни “Сен етим эмассан!” деб бағрига босиб, меҳр-мурувват кўрсатгани ҳақида қанча асарлар ёзилган, фильмлар суратга олинган. Ана шу мудҳиш кунларни ўз кўзлари билан кўрган авлод вакиллари бугун нуронийлар сафида ҳамиша эъзоздадирлар. Урушда ҳалок бўлган ҳар бир ўзбекистонлик – Ватанимиз фарзанди эди. Уларни ёддан чиқаришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Истиқлол йилларида 35 жилдлик “Хотира” китоби чоп этилди. Уруш қурбонларининг номи мамлакат пойтахтидаги Хотира майдонига ўрнатилган темир “дафтар”га зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилди.

Саксон бешинчи баҳорини қаршилаётган таниқли адиб, филология фанлари доктори Мухтор Худойқулов уруш бошланган йили беш яшар бўлгани, болалик шуурига машъум дамлар қандай муҳрланиб қолгани ҳақида сўзлаб берди. Устоз шоирнинг тинчликни кўз қорачиғидек асраш мавзусидаги шеърлари талабаларда катта таассурот қолдирди.

ЎзМУ Журналистика факультети доцентлари Шавкат Миралимов ва Тўлқин Эшбек Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб нашрга тайёрлаган “Мардлик мактаби” китоби “Ўқитувчи” нашриёти томонидан чоп этилди. Уруш хотиралари, шу мавзуда бағишланган шеърлар, ҳикоялар, публицистик мақолалардан иборат мазкур тўплам бугунги китобхонлар учун ажойиб совға бўлди.

– Китобни варақлаган ўқувчи буюк Ғалабада ўзбек халқининг ҳам қанчалик улуғ ҳиссаси борлигини яна бир бора ҳис этади. Мард ва фидойи ота-боболаримиз Россия ва Европа майдонларида рус ва бошқа халқлар қатори жон олиб, жон берганлари, озод ҳаёт учун мардона курашиб, фашист-газандаларининг юртимиз Ўзбекистонгача бостириб келишига йўл қўймаганлари кўз ўнгингизда намоён бўлади.– деди “Дўстлик” ордени соҳиби, Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати Тўлқин Эшбек.– “Ўзбек двизияси”да ўзбек ўғлонларининг жасоратлари ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий ва публицистик асарлар бугунги тинч ҳаётнинг қадрига етиб яшашга, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ёшларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Ветеран жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмаси масъул ходими, Ўзбекистон Маънаният ва маърифат маркази эксперти Муҳаммадали Эшназаров бугунги ёшлар муносиб камолга етмоғи учун аввало ўз тарихимиз, ота-боболаримиз Ватанни асраш йўлида қандай жасоратлар кўрсатганлари ҳақида билишлари, бу мавзудаги китобларни ўқиб-ўрганишлари зарурлиги ҳақида сўз юритди.

Ветенран жангчи фахрилар бирлашмаси қошидаги ватанпарвар фахрийлар бадиий жамоаси раҳбари Алишер Ҳамроевнинг она Ватанни мадҳ этувчи дилрабо қўшиқлари даврага файз киритди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда талабалар ҳам дил сўзларини баён этдилар.

 

ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш,

маънавият ва маърифат бўлими

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>