Виртуал олам – эҳтиёт бўл, болам!

Интернетдан ким қандай мақсадларда фойдаланмоқда?

 DSC07919

Ахборот соҳасидаги глобаллашув қанчалик юқори чўққисига чиққанини бугунги кунда миллионлаб ёшларнинг интернетдан бош кўтаролмай қолгани ва шунга яраша ўнлаб ижтимоий тармоқларда турфа хабар ҳамда мақолалар ҳар куни муттасил равишда ёритилаётгани мисолида кўришимиз мумкин. Бу ижтимоий тармоқлардан кимдир сиёсий қурол сифатида фойдаланаётган бўлса, бошқаси ўз ғояларини зўр бериб тиқиштиришга уринмоқда. Шундай чигал ва мураккаб шароитда биз учун галдаги энг муҳим вазифалардан бири – ёш авлоднинг онги ҳамда қалбини ёт ғоялардан, мафкуравий таҳдидлардан асраб-авайлашдир. Бир донишманд ёзганидек, “Хавфсизлик бу – ёвузлик йўлининг тўсилишидир”. Ахборотлашган жамиятда бу масалани ижобий ҳал этиш йўли қандай, деган саволга жавоб ахтарамиз.

Компьютер технологиясининг ажиб мўъжизаси бўлмиш интернет курраи заминни ягона ахборот маконига айлантирди. Бунинг кўпгина ижобий жиҳатлари билан бир қаторда салбий томонлари ҳам борлигини англадик. Ўша салбий ҳолатларнинг битта кўриниши – “ахборот хуружи”дир. Оилада ана шу “ахборот хуружи”га қарши қай тариқа иммунитет пайдо қилинган бўлса, Ватанга қарши хуружларга нисбатан ҳам ўз вақтида ёш авлод онгида тўғри тасаввур ҳосил қилиб бориш улкан заруриятга айланди. Бу ижтимоий ҳодиса илмий тадқиқ қилиниши ва ўз навбатида унинг сиру синоати таълим муассасаларида ёш авлодга ўргатилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, давлат раҳбарининг ибораси билан айтганда, “Болаларимизнинг онгини ва ҳаётини бузадиган, эртанги кунига мутлақо ишончини йўқотадиган мана шундай ғояларга қарши биз қурол билан эмас, ғоя билан курашишимиз зарур. Бизнинг ғоямиз кучли бўлиши лозим. Авваломбор, ўзимиз, ҳаётнинг ўзида синалган ўз ғоямизга ишониб майдонга чиқишимиз даркор”.

Мутахассислар эътироф этишларича, дунё аҳолисининг 22 фоиздан кўпроғи бугунги кунда интернетдан муттасил фойдаланар экан. Интернетдан фойдаланувчиларнинг кўпчилиги ижтимоий тармоқларни кўпроқ кузатар экан. Уларнинг аксарияти ўша ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга ишониб, шулар таъсирига тушиб қолар экан. Бундай тармоқларда ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи 9 минг, шаҳвоний мазмундаги 4 мингдан зиёд сайтлар “фаоллик кўрсатаётгани” аниқланган. Компьютер ўйинлари орқали зўравонлик ва ёвузликни тарғиб қилиш авж олиб кетмоқда. Дунё миқёсида 38 фоиз бола зўравонликни тарғиб қилувчи сайтларга, 26 фоизи миллатчилик характеридаги веб-сайтларга “михланиб” қолаётир. Минг афсуски, улар орасида бизнинг ёшларимиз ҳам кам эмас… Айни пайтда ёшлар орасида оммалашган “Одноклассники”, “Facebook”, “Twitter” тармоқларида инсон маънавиятига салбий таъсир кўрсатувчи ғояларни тарғиб қилувчи юздан зиёд гуруҳлар мавжудлиги ва уларга эллик мингдан зиёд ёшлар аъзо эканлиги аниқланган. Маълумотларга кўра, биргина odnoklassniki.ru ижтимоий тармоғи кунлик аудиториясининг 20 фоизини Ўзбекистондан кирувчилар ташкил этади. Шундан, 80 фоиз киши мобил версиядан фойдаланади…

Маълумки, интернетга кирган ҳар ўқувчи гўё ўзи учун атай тайёрлаб қўйилган ахборотларни осонгина топади. Албатта, маънавиятга, эзгуликка хизмат қилувчи бадиий, илмий, илмий-оммабоп асарлар, мақолалар ҳам кам эмас. Бунинг учун ўша сайт ижодкорларига таҳсинлар айтсанг арзийди. Айни пайтда шов-шувли олди-қочдилар, инсон онгини ўз домига аёвсиз тортиб кетадиган “форум”лар, асоссиз гаплар, миллий қадриятларни парчалаб ташлашга қодир ғоялар ҳам урчиб ётибди. “Айрим сайтларда дин ниқобида диний экстремизм, терроризмга даъват қилувчи маълумотлар тарқатилади,– деб ёзади профессор Муҳаммаджон Қуронов “Интернет содда ёшларни қопқонга тушириш, медиа фирибгарлик майдони ҳамдир” сарлавҳали мақоласида.–. Медиатерроризм мақсадли, режали ҳолда одамларда қўрқув, саросима, ваҳима туйғуларини уйғотувчи ресурсларни яратиб, кўпайтириб, тарқатиб, одамлар устидан манипуляция қилмоқда. Мақсад – одамларни диний экстремистик, террористик майллар асосида рефлексив бошқариб, ўзларига керакли хулқ-атвор моделларини шакллантириш. Шунинг учун ҳар бир ёш аввало анъанавий, ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган, асрлар синовидан ўтган диний қадриятларни яхши билиб, танқидий фикрлаш орқали сохта талқинларни дарҳол “таниб”, фош қила олишлари зарур бўлади”.

Айтиш жоизки, бугун дунёнинг исталган нуқтасида содир бўлган воқеа, янгилик хусусида етарли ахборот олишимиз учун атиги бир неча сония кифоя. Интернет бир неча ўн йил ичида глобал тармоққа айланиб, наинки ахборотлашган жамиятни юзага келтирди, балки жаҳонда глобаллашув жараёнининг тезлашишида ҳам муҳим омил бўлди. Интернет – инсоният тафаккури маҳсули. Иш столимизда турган компьютерга шунчаки электрон қурилма сифатида қарай олмаймиз. У ахборот олиш, алмашиш ва узатишнинг энг самарали, қулай воситасидир. Унинг мультимедиа (тасвир, овоз, матн) хизмати ва бошқа қатор қулайликлари инсониятни виртуал оламга оҳанрабодек тортмоқда. Виртуал олам инсонни манипуляция қилмоқда. Манипуляция – бу фикрий қарамлик орқали ўзига бўйсундириш демакдир. Мутахассислар фикрича, виртуал оламда инсоннинг вақтни идрок қилиш тизими бузилади, ижтимоий фаоллиги камаяди. Энг даҳшатлиси, бу жараёнда виртуал воситаларнинг салбий таъсири маънавий-ахлоқий таназзул билан чегараланиб қолмай, кўп касалликларни ҳам келтириб чиқарар экан…

Мутахассислар фикрича, ахборот-коммуникация технологиялари айни пайтда “кибержиноятчилик” деб номланган янги турдаги жиноятларга ҳам йўл очмоқда. Вирус ва бошқа зарарли дастурлар, қонунга зид ахборотлар тайёрлаш ва тарқатиш, электрон хатларни оммавий тарқатиш, хаккерлик ҳужуми, веб-сайтларга ноқонуний кириш, фирибгарлик, муаллифлик ҳуқуқини бузиш, кредит карточкалари рақами ва банк реквизитларини ўғирлаш каби жиноятлар шулар жумласидандир. Шундай бузғунчиликни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлар ахборот-коммуникация технологияларидан усталик билан фойдаланиб, жамиятга ҳам, кўплаб шахсларга ҳам моддий ва маънавий зарарлар келтирмоқда. Ахборотлашган жамиятда аҳолини, айниқса ёшларни кибержиноятчиликдан ҳимоя қилиш долзарб вазифалардан бирига айланган. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, “бугунги кунда дунёда кибержиноятчилик, коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда салбий информацион таъсир ўтказиш каби халқаро хавфсизликка нисбатан илгари учрамаган хавф-хатарларнинг авж олаётганига етарли баҳо бермасдан, уларнинг олдини олмасдан, бепарво бўлиб яшаш мутлақо мумкин эмас”. Шуни алоҳида таъкидлаш жозки, ҳозирги даврда бирорта мамлакат бундай хавф-хатарга қарши ёлғиз ўзи қаршилик кўрсатиши жуда қийиндир. Бундай шароитда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, кибержиноятчиликка қарши биргаликда курашиш заруратга айланган. Интернетдаги ижтимоий тармоқларда ана шундай маънавий ҳамкорликлар ҳам айни пайтда ўз самарасини кўрсатмоқда.

Маърифатли жамиятимизда интернетнинг ижобий жиҳатларини эътироф этган ҳолда, кўплаб зиёлилар, мутасаддилар айрим ижтимоий тармоқлардаги бузғунчи, вайронкор ғояларга қарши дадил курашаётгани эътиборга моликдир. Яъни, ижтимоий тармоқлар орқали содда одамларни лақиллатаётган, ёшларни йўлдан ураётган бузғунчиларнинг асл башарасини очиб ташлашга хизмат қиладиган мақолалар ўқувчиларни ҳушёр торттиради. Айтайлик, имом хатиб Фарҳодбек Қодировнинг forum.islom.uz сайтида ёритилган “Виртуал олам қаллоблари” сарлавҳали мақоласида баъзи қаллоблар аёвсиз фош этилиши билан бир қаторда муқаддас динимизда унга нисбатан айтилган пандномалар ҳам эслатиб ўтилади. “Глобал тармоқ имкониятларидан фирибгарлар ўз жиноий мақсади йўлида фойдаланиб, номини махфий тутиб, фириб ишларини амалга оширмоқда,– деб ёзади муаллиф.– Бундай кибержиноятчилар «Ўргимчак тўри» воситасида одамларнинг ишонувчанликларидан усталик билан фойдаланишяпти. Масалан, фирибгар кимсалар юзига «ниқоб» тақиб олиб ўзи жуда бадавлат экани, оғир бетоблиги сабаб ҳаётининг охирги кунларини яшаётганини билдириб, бойликларига «меросхўр» излаётганини эълон қилади. Ушбу масала бўйича унга мурожаат қилган кишига ҳужжат ишлари учун бир неча минг АҚШ долларини ҳисоб рақамига ўтказиши кераклигини айтади. Бунга лаққа тушган ва маблағ ўтказган киши бир муддатдан кейин чув тушганини англайди. Чунки пулни кўчирганидан сўнг қаллобни топиб бўлмайди. Динимизда мўмин киши бировларнинг алдовига учмаслиги ва ҳушёр бўлиши кераклиги кўп бор таъкидланган. Зеро, Набий (алайҳиссалом): “Мўмин зийрак, эҳтиёткор ва оқил бўлади”, деб таъкидлаганлар”.

Интернет бу – виртуал олам. Ақлли одам ҳаққоний ҳаёт билан виртуал оламни бир-биридан фарқлай олади. Илм-маърифат истаганлар бугун интернет орқали билмаганини ўрганиб олаётган бўлса, кимлардир бу “ўргамчак тўри”да қандайдир тузоққа тушиб қолмоқда.

Бундай мақолалар ўқувчини жаҳолатга қарши маърифат билан курашга чорлайди.

Лойқа сувга барҳам беришнинг самарали усулларидан бири – тиниқ ва зилол сувларни кўпайтириш зарур. Эътибор берган бўлсангиз, ҳовузнинг бир томонидан тиниқ сув оқиб кираверса, лойқа сувлар аста-секин барҳам топиб кетади. Мутафаккир шоир Мир Алишер Навоийнинг “Агар огоҳсен сен, Шоҳсен сен”, деган бетакрор сатрлари замирида ахборот соҳасидаги огоҳлик масаласи ҳам акс этиб турибди. Демак, биз интернет тизимидаги ҳар қандай ахборотларга ҳушёрлик билан боқсак, ўз навбатида эзгуликка, яхшиликка хизмат қилувчи сермазмун ахборотларимиз билан тегишли сайтларимизни бойитиб борсак мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Инсон ҳаётда муносиб ўрнини топиш, бахтли яшашга интилади. Шундай эзгу мақсадда улғаяётган ҳар бир йигит-қиз улкан дарахт янглиғ униб-ўсиши учун учта маънавий илдизга эга бўлиши лозим. Бундай илдизлар отиш талабалик даврига тўғри келар экан. Бу илдизларнинг биринчиси, ҳақиқий инсон бўлиш! Иккинчиси, пухта билим эгаллаб, чинакам мутахассис бўлиб етишиш! Учинчиси, севги-муҳаббат билан оила қуриб, бахтга эришиш!

3 ILDIZ

Атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг машҳур “Уч илдиз” романида талабалар ҳаёти мисолида ана шу ажойиб ғоя юксак бадиий маҳорат билан ёритилганини яхши биласиз. Асарни теран нигоҳ билан ўқиб, ўлмас ғояларни қалбларига жо этган ва ҳаётда шундай уч илдизига эга бўлганлар чинакам саодатга эришганларига шоҳидмиз. Улуғ устозларнинг ана шундай маънавий анънасини давом эттириш мақсадида биз ҳам www.uchildiz.uz веб-сайтини ташкил этдик. Сайтимиз ижодкорларининг мақсади: бугунги ёш авлод ҳам орзу-ниятларига эришишлари, ҳаётда муносиб ўрниларини топишлари учун ана шундай теран илдизлар отишига маънавий мададкор бўлишдир.

Шу ниятда веб-сайтимизда улуғ устозларнинг сабоқлари, олимлар, ёш тадқиқотчилар, журналистлар, шоиру адибларнинг илмий-оммабоп ва турли мавзудаги мақолалари, бадиалари, шеърлари, ҳикоялари ҳамда ёш истеъдод соҳибларининг ижодий машқлари ёритиб борилмоқда.

Ақлли, тарбияли, маънан етук, эзгу ниятлар сари интилувчан, қалби пок, Ватанпарвар, миллатпарвар ёш истеъдод соҳиблари ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайдилар! Уларни ҳеч ким адаштира олмайди! Ўзи тўғри йўл танлаган талаба наинки адашмайди, айни вақтда шунақа нўноқ, адашаётган тенгқурига намуна кўрсатишга ҳам қодир бўлади.

Яхшиликка хизмат қилувчи ҳар бир янгиликни тўғри қабул қилиш керак. Жумладан, интернетдан ҳам яхшилик мақсадида фойдаланиш жоиз. Афсуски, уни қандайдир бўлмағур, бузғунчи гаплар билан тўлдиришга ва шу йўл билан ёшлар онгини заҳарлашга чиранаётганлар ҳам йўқ эмас… Биз журналистлар, илғор фикрли зиёлилар бунга бефарқ қарашимиз мумкин эмас. Ахборот маконида инсонни яхшиликка, эзгуликка чорловчи фикрлар, Ватанпарварлик, миллатпарварлик, бунёдкорлик каби эзгу ғоялар ҳукмрон бўлмоғи лозим. Ёшларни аввало теран фикрли, қалами ўткир қилиб тарбиялаб, ижодий маҳорат сирларини ўргатаётганимиз мақсадга мувофиқдир.

DSC_1916

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий

университети Журналистика факультети доценти,

филология фанлари номзоди

You may also like...

10 Responses

  1. Saodat Abulqosimova:

    Internetdan yomon yoki yaxshiligi internet userlariga bog’liq. Siz undan yaxshi niyatda foydalansangiz , undan zarar ko’rmaysiz. Agar yomon niyatda foydalansangiz , jabrini tortishingiz mumkin. Albatta, virtual olamni ham xuddi tashqi olam kabi tasavvur qilish kerak. Ya’ni, notanish va shubhali insonlar bilan muloqotga kirishmaslik kerak.

  2. Хуршид ОШИҚ:

    Интернет ҳаётнинг бир акси. Унда ҳам, яхши ва ёмонлар бор. Вертуал оламда ёмон одамларнинг «яхши » сайтларидан эҳтиёт бўлинг. Интернетнинг ҳамма сайтлари ҳам uchildiz.uz каби маърифатни тарғиб этувчи инсонни онгига эзгу ниятларни жойловчи сайтлар кам

  3. Bugungi kunda internet hayotning ajralmas bir bo’lagi ekanligini hisobga olgan holda undan hamma o’zi xohlaganicha foydalanmoqda.Internet bitmas tuganmas axborot manbai.Kimdir zerikkanidan internetga kirsa,kimdir ma’lumot,xabar olish uchun kiradi,kimdir esa…
    Har doim qanday yo’l tanlash insonning o’ziga bog’liq.

  4. Insonning kim ekanligi yo nimalarga egalik qilishi uning baxtini belgilamaydi. Baxtni, avvalo, ko’ra olish, tuyish, his qilish kerak. Buning uchun inson to’g’ri fikrlashi darkor. Hech nimasi yo’q-ku, lekin qalban baxtli, hamma narsasi bor-u, lekin, baxtsizlar ozmi?! Ongda, xayolotda, fikr olamida kechayotgan o’ylardan ehtiyot bo’ling, deb shunga aytsalar kerak. Zero fikrdagisi so’zga, so’zdagisi amalga, amaldagisi xarakterga aylanishi sir emas.

  5. Internet juda yaxshi, lekin unga qanday fikr bildirish har bir kishining o’ziga bog’liq.Har bir inson har qadamini o’ylab bosmog’i zarur.Inernetdan qanday maqdadlarda foydalanish insonning o’ziga bog’liq.O’zligini anglaydigan, ma’naviyati yuksak inson hech qachon undan noto’g’ri yo’llarda foydalanmaydi.Aksincha yo’lini yo’qotib nima qilishini bilmasdan turli guruhlar fitnasiga uchayotganlarga to’g’ri yo’l ko’rsata oladi.Hozirgi kunda bo’layotgan har bir vaziyatdan xabardor bo’lish lozim.Hech qachon be e’tibor bo’lmaylik.Har bir fuqaro o’z mas’ uliyatini unutmaslik kerak.

  6. Uzr xato ketibdi.»maqsadlarda»demoqchi edim.»d»harfi va «s»harfini yonmayon joylashganligi yomonda.

  7. Beetiborlik kishining eng katta dushmanidir shuning uchun internet olamiga tashrif buyurgan kishi doimo hushyor bo’lmog’i lozim zero ogohlik davr talabi

  8. Malika Suyunova:

    Bugungi kunda odamlarga bu yaxshi u yomon deyish noto’g’ri nazarimda . Shu o’rinda internetdan ham qanday maqsadlarda foydalanish odamning o’ziga bog’liq. Ammo atrof muhitga nisbatan befarq bo’lmaslik ziyon qilmaydi.

  9. Foziljon Jo'raboyev 201-guruh:

    Internet by do’stlashadigan joy emas, bilganlarimizni ommaga taqdim etib, bilmaganlarimizni o’rganadigan joy..

  10. Ajoyib maqolaga bildirilgan ajoyib fikrlar!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>