Виртуал тармоқнинг янги имкониятлари

ЎзМУ Журналистика факультети 3-босқич талабаси Шоҳсанам Комилова “Hurriyat” газетасида фаолият кўрсатмоқда!

ШКомил

     — Анчадан бери бир нарсани ўйлаб юргандим. Ғоям тўғри ёки нотўғрилигини билмайман. У қўллаб қувватлаган тақдирда ҳам режамни амалга оширишда менда маблағ йўқ. Хуллас, бу шунчаки хомхаёл.

— Ўртоқ, ундай дема. Сенда туғилган фикр бошқа ҳеч қайси инсонда йўқ бўлиши мумкин. Ғоядан маблағ йўқлиги ёки ўзингга ишонмаганинг учун вос кечиш ярамайди. Бугун ахборот технологиялари асрида интернет ўзингга ишонишга, ғоянгни молиялаштиришга ёрдам беради. Бунинг учун краудфандинг ва краудсорсинг техналогияларидан фойдаланишни билсанг кифоя.

Интернетдан мақсадимизни амалга ошириш йўлида қурол сифатида фойдаланишимиз мумкин. Ким учундир интернет кўнгилочар маскан, ким учундир илм манбаи, яна ким учундир шунчаки эрмак. Ишбилармонлар ундан ҳомашё сифатида фойдаланади. Бугун шундай технологогиялар бўй кўрсатмоқдаки, улар ёрдамида бизнес лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда, бир-биридан қизиқарли асарлар, фактларга бой журналистик материаллар яратилмоқда. Социал медиа — миллионлаб, ҳатто миллиардлаб инсонларни бирлаштиришга қодир виртуал майдон. Унинг мана шу интегратив имкониятидан унумли фойдаланиш, ижтимоий медиа тараққиёти самараси ўлароқ вужудга келган янги техналогияларини ўргатиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш давр талаби. Ана шундай янги техналогияларга мисол сифатида краудфандинг ва краудсорсингни келтиришимиз мумкин. Бу технологияларнинг мазмун-моҳияти қандай ва бизга қандай имкониятлар яратиши мумкин? Ушбу саволга Алишер навоий Номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси анжуманлар залида Ўзбекистонда Интернет журналистика ривожининг долзарб масалаларига бағишланган Талабаларнинг Еттинчи Анъанавий медиаконференциясида жавоб топишга ҳаракат қилинди. Биламизки, талабалар конфренцияси етти йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Аҳамиятли жиҳати шундаки, конфренциянинг модератори ҳам спикрлари ҳам талабалар.

— Ушбу медиаконфренциянинг асосий мақсади — талаба ёшларни бирлаштириш, ўз фикрларини баралла айтишлари учун имконият яратиб бериш ҳамда янги-янги ғоялар асосида миллий интернет журналистикамизни ривожлантиришдир, — дейди Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети “Услубият, таҳрир ва Интернет журналистика” кафедраси доценти Шерзодхон Қудратхўжаев,— Бу галги мавзу ҳам доимгидек долзарб. Тақдимотлар ҳар бир интернет фойдаланувчиси учун қизиқарли ва фойдали бўлишига ишонамиз. Краудфандинг ва краудсорсинг технологияларини содда тилда айтадиган бўлсак, ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган ҳашарнинг моҳиятини ифодалайди. Яъни, халқимиз азалдан меҳр-оқибатли, инсонпарвар бўлиб келган. Тарихан Фарғона каналининг қурилиши деймизми, ёки бошқа кўрсатилган жонбозликларми бари бу фикрни исботлайди. Краудфандингнинг моҳияти ҳам шу — бирдамлик, жамоавийлик асосида бирор фойдали ишни қилишга ундашдир.

— Миллий интернет сегментини юртимизнинг номини юксакларга кўтарувчи, буюк тарихимизни кўрсатиб турувчи ахборотлар билан тўлдириш кун тартибининг долзарб масаласидир. Бугун сўз юритилаётган технологияларнинг мазмун-моҳияти ҳақида мулоҳаза юритишимизнинг асл сабаби ҳам шу. Бу техналогиялар мақсадимизни амалга оширишда дастуриламал бўлади,— дейди ЎзМУ журналистикаси “Услубият, таҳрир ва интернетжурналистика” кафедраси ўқитувчиси Гулноза Нажмиддинова.

Бу техналогиялар янги тушунчалар бўлсада ўзига хос тарихга эга. “Краудсорсинг” атамаси илк марта 2006 йилда журналист Джефф Хауининг “Wired” журнали учун тайёрлаган “The Rise of Crowdsourcing” мақоласида қўлланган. Бу муайян ишлаб чиқариш вазифаларини номуайян сонли шахслар гуруҳи зиммасига меҳнат шартномаси тузмаган ҳолда юклашни назарда тутувчи техналогиядир. ЎзМУ журналистика факультети учинчи курс талабаси Нигина Ҳакимова назариядан чекинган ҳолда “Телевидениеда краудсорсинг имкониятларидан фойдаланиш” мавзусида қилган тақдимот иши орқали бу техналогияни амалиётга қўллаш имкониятларини аудиторияга тушинтириб беришга ҳаракат қилди. Унинг фикрича, телевидениеда краудсорсинг имкониятларидан фойдаланиш кўлами кенг. Телевидениеда краудсорсингдан интервю, ток-шоу, теле-аксия, мобил репортаж кабилар орқали фойдаланиш мумкин. Улардан теле-аксия ва мобил репортажнинг қўлланилганига деярли кўзимиз тушмайди. Агар эътибор берадиган бўлсак, телекўрсатувларнинг кўпчилиги бир ҳил ғоя асосида яратилган. Агар теле-аксия ўтказилиб аудиториядан янгича ғоялар йиғиб олинса бир-биридан қизиқарли ва муваффақиятли кўрсатувлар ташкил қилинган бўларди. Аудиторияда олим ҳам, ўқитувчи ҳам, физик ҳам, санъатшуносу механик ҳам бор. Журналистнинг ҳаёлига ҳам келмаган ғоялар улардан чиқиши мумкин. Ёки мобил репортажни олайлик, журналистикада тезкорлик муҳим омил ҳисобланади. Битта журналист бир вақтнинг ўзида турли вилоятларда бўлаётган воқеалар ҳақида репортаж шаклида ахборот беролмайди-ку. Аммо мобил-репортаж йўлга қўйилса бунинг имкони бўлади. Бундай вазиятда аудитория ва журналист ўртасида рақобат ҳам юзага келиши мумкин. Рақобат бор жойда эса ўсиш бўлади.

Аслида бу техналогиялар азалдан мавжуд эди. Уни матбуотда хатлар, акс-садо каби кўринишлари бор. Аммо интернетда краудсорсинг технологияси қайтадан туғилди, десак муболаға бўлмайди. Агар сиз ўзбек халқи урф одатлари ҳақида мақола ёзмоқчи бўлсангиз, краудсорсинг технологиясидан фойдаланиб аудиториядан маълумот олишингиз мумкин. Бунинг учун ижтимоий тармоқда биргина савол билан мурожаат қилиш кифоя. Хориж журналистикасида краудсорсинг ҳамда краудфандинг технологиялари кенг қулоч ёзган. Миллий журналистикамизда ҳам яқинда бир тажриба ўтказилди, хусусан Жасур Кенгбоев шевага хос сўзлар бўйича тадқиқот қилиш ниятида ижтимоий тармоқда “Шеваларимиз” номли краудсорсинг лойиҳасини амалга оширди ва муваффақият қозонди. ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети учинчи босқич талабаси Моҳларойим Қаюмова ўз тақдимот ишида бу ҳақида тўхталиб ўтди.

Бу технологиялардан ноширликда ҳам фойдаланиш мумкин. Нашириёт раҳбарларини қайси китоб аудиторияга кўпроқ ёқади, қайси бирини чоп этмаганимиз маъқул каби саволлар қийнаши табиий.

— Ишни мақсадли амалга ошириш учун ижтимоий тармоқда биргина саҳифа ёки нашириётнинг сайтида биргина рукн очилса кифоя. Бу саҳифага чоп этилиши мумкин бўлган китоблар жойлаштирилиб, аудитория ҳукмига ҳавола этиш керак. Аудитория уни таҳлил ва танқид қилади, ўз фикрини билдиради, овоз беради. Қайси китоб кўп овоз олса, навбатдаги чоп этилувчи асар танлаб олинади,— дейди ЎзМУ журналистика факультети иккинчи босқич талабаси Елена Чуянова,— Чет эл тажрибасига таянган ҳолда havaskor.uz сайтини ташкил қилишни таклиф қилган бўлардим. Бу сайт ҳам аудиториянинг ўзига ишончи ортишига, фикрлаш қобилиятини шакллантиришга ёрдам берса, ҳам ўзбек адабиётининг ривожига хисса қўшади. Яъни сайтга бир асар жойлаштирилади унинг давомини аудиториянинг ўзи ёзади. Орамиздаги ҳаваскор ёзувчиларга имкон яратилади. Яна бир таклифим ижтимоий тармоқда ғоялар бозорини ташкил қилиш. Унга кимда қандай ғоя бўлса жойлаштирилади, у аудитория томонидан такомиллаштирилади ва молиялаштирилиб, амалиётга тадбиқ қилинади. Бу нуқтада краудфандинг ўз ишини бошлайди.

Краудфандинг нима? У краудсорсингни бир кўриниши бўлиб, унинг моҳиятида маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизматни амалга ошириш, муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш, тадбирлар ташкил қилиш, жисмоний ва юридик шахсларни қўллаб-қувватлаш ва муайян шахслар гуруҳидан молиявий кўмак олиш маъноси ётади. Агар сизда қандайдир янги ғоя ёки таклиф пайдо бўлган бўлсаю уни амалга оширишга маблағингиз бўлмаса, ёки ўзингизга ишонмаётган бўлсангиз краудфандинг технологиясидан фойдаланганингиз маъқул. Бу ҳақида Сингапур менежмент ва ривожлантириш институти талабаси Сарвиноз Ёдгорова ўз тақдимот ишида тўхталиб ўтди.

— Краудфандинг кўплаб ижтимоий муоммоларни ҳал қилиш қобилиятига эга бўлган технологиядир. Масалан, саломатлигимиз учун зарур бўлан дори махсулотларини жахон талабларига мос равишда ишлаб чиқаришга бир корхона ёки шахснинг қурби етмас. Аммо бутун Ўзбекистон аҳолиси бирлашсачи? Чет элдан кириб келадиган дори-дармондан ҳам арзон, ҳам сифатли дори ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади,— дейди Сарвиноз Ёдгорова.

Медиаконфренция давомида мана шундай бир-биридан қизиқ мулоҳазалар юритилди, таклифлар билдирилди.

— Еттита университет талабалари иштирокида ўтказилган ушбу медиаконфренцияда талабалар миллий интернет журналистикамизни ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳалари билан иштирок этишди. Краудсорсингнинг визуал имкониятлари, фармацептика йўналишида краудфандингдан фойдаланиш каби мавзуларда сўз юритишди. Ўйлаймизки, бу лойиҳалар ўз натижасини беради,— дейди ЎзМУ журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди Нозима Муратова.

Тадбирда Лазиз Адҳамов, Бекзод Муҳаммадбеков, Ҳусан Мамасоидов, Муродхон Назаров, Динара Дўлтаева кабилар эксперт сифатида иштирок этиб, талабалар ишини муносиб баҳолашди. Медиаконфренция сўнгида тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра энг яхши ғоя, тақдимот, модератор, савол эгалари аниқланди.

Интернет ҳар қандай инсон учун очиқ қаср. Бу қасрдан нима топиш, уни нима билан тўлдириш инсонни ўзига боғлиқ. Келинг, бу қасрни миллий ахборотга, бир-биридан эзгу ғояларга тўлдирайлик. Бунинг учун янги техналогияларни билишимиз, замон билан ҳамнафас бўлишимиз керак.

Шоҳсанам Комилова,

ЎзМУ Журналистика факультети 3-босқич талабаси,

“Hurriyat” газетаси мухбири

You may also like...

4 Responses

  1. Haqiqatan ham internet ochiq qasr, bu qasrni to’ldirish uchun esa har birimiz mas’ulmiz. Undan kim qanday foydalanishi esa har kimning o’ziga, vijdoniga (agar bo’lsa) havola. Faqat biz bu yo’lda o’zimizning qat’iy pozitsiyamizga ega bo’lishimiz shart.

  2. Internet bizga juda ham ko’plab kerakli ma’lumotlarni berishi bilan bir qatorda zararli oqibatlari ham talaygina. Undan dunyodagi ko’plab yovuz kuchlar o’z niyatlarini amalga oshirishda foydalanayotgani barchamizga yaxshi ma’lum. Ba’zi bir o’zbek yoshlarining bunday tuzoqlarga ilinib qolayotgani esa juda achinarli.

  3. Mediakonfrentsiyada yaxshi mavzular (2 ta) bo’yicha taqdimot va chiqishlar, savol-javoblar bo’ldi. Kraudsorstsing va kraudfanding haqida yangicha tasavvurlar paydo bo’ldi. Lekin mediakonfrentsiyaga o’tirganlarning ko’pchiligi unga tushunmadi yoki tushunishga harakat qilmadi. Bu terminlarni Yevropa davlatlari allaqachonlar qo’llagan va bizga endi naqmoyon bo’lmoqda. Haqiqiy optimist odamga o’z ishlarini amalga oshirishda ko’mak bo’ladigan mediakonfrentsiya mavzulari o’z auditoriyasiga yangi g’oyalarni tadbiq etdi.

  4. Vertual tarmoq zamonni tezkor tarmog’i desak hato bo’lmaydi. Chunki gazeta va televideniyega nisbatan biz intrernetdan tezkor xabar olamiz.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>