Жаҳон физикасининг долзарб масалалари муҳокама қилинади

Пойтахтимизда 10-11 ноябрда «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуида халқаро симпозиум бўлиб ўтади

Дунё олимлари бот-бот таъкидлаганидек, ўрта асрлардаги Шарқ Уйғониш даврининг ўзига хос хусусияти, аввало, математика, астрономия, физика каби аниқ фанларнинг ривожланишида намоён бўлади. Хивадаги Маъмун академияси ва «Байтулҳикма» («Донишмандлик уйи») номи билан шуҳрат қозонган Бағдод академияси эсланганда, ҳақли равишда буюк аждодларимиз фаолияти тилга олинади. Дейлик, «Байтулҳикма» академиясида Ер меридиани градусининг узунлигини аниқлаш ишларига раҳбарлик қилган Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ўнлик позицион ҳисоблаш тизимини, ноль белгиси ва қутблар координаталарини биринчилардан бўлиб асослаб берган, амалиётга татбиқ этган. Бу нафақат математика, балки астрономия ривожида кескин бурилиш ясаган. Дунё илмида замонавий кибернетиканинг фундаментал тушунчаси – «алгоритм» Ал-Хоразмий номига нисбат берилиши ҳам бежиз эмас. Ёки Аҳмад Фарғоний IX асрда ёзган “Астрономия асослари” фундаментал асарида оламнинг тузилиши, Ернинг ўлчови ҳақидаги дастлабки маълумотлар, сайёрамизнинг шарсимон кўринишга эга экани хусусидаги далиллар мавжуд. Мазкур китоб XVII асрга қадар Европа университетларида астрономия бўйича асосий дарслик сифатида ўқитиб келинган. Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб Ер радиусини ҳисоблаб чиққан, вакуум, яъни бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб берган. Мирзо Улуғбекнинг XV асрда тузган астрономия жадвалида 1018 юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви баён қилинган. Бу асар астрономик ўлчовлар бўйича яратилган биринчи янги каталог эди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг физика факультети 1959 йил механика-математика факультети таркибидан ажралиб чиқиб, алоҳида факультет сифатида фаолият кўрсатишни бошлаган.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда илм-фаннинг барча йўналиши каби физика ва астрономия соҳасидаги олимларимиз учун ҳам ривожланган мамлакатлар тадқиқотчилари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий тадқиқотларни кенгайтириш учун катта имкониятлар очилди. Шу даврда космик нурлар, ядро физикаси, материалшунослик, акустика, оптика ва спектроскопия, лазер термокимёси, назарий физика, микроэлектроника, астрономия ва астрофизика каби фан йўналишлари бўйича кенг кўламли илмий-тадқиқот ишлари олиб борилиб, жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган илмий мактаблар яратилди.

Бунинг натижасида 2007 йил октябрда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Майданак расадхонасида қуёш тизимидаги янги кичик планета аниқланди. Гарвард кичик планеталар маркази уни 2009 йилда 21027-рақам билан расмийлаштирди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг таклифи билан 2010 йилда бу кичик сайёрага «Самарқанд» номи берилди. Ёки Ўзбекистон физиклари янги усуллар асосида дунёда биринчи марта йиғилган қуёш энергиясини қўллаб, мустаҳкам ўта ўтказувчан Келвин градуслари бўйича 110-150 ҳароратда ўта ўтказувчанлик ҳолатига ўтадиган материалларни олди. 2007 йили олимларимиз қаттиқ қоришмалар асосидаги истиқболли ярим ўтказгичларни кашф қилди ҳамда мамлакатимизда илк бор поликристалли кремний олиш бўйича такомиллаштирилган замонавий технология яратилди.

Мамлакатимизда анъанавий ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида ҳар йили физик олимларимизнинг инновацион лойиҳалари кенг намойиш этилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилмоқда. Бу йилги ярмаркада ҳам физик олимларнинг ишланмалари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, ЎзФА “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси олимлари ишлаб чиққан қўп тармоқли термоэлектрик генератор иссиқлик энергиясини (ўтинли печ, буғ энергияси, газ-дизель ёқилғиси, иссиқлик ажратадиган турли иш қурилмалари, қуёш иссиқлик энергияси) тўғридан-тўғри ва узлуксиз электр энергиясига айлантириб беради. Уни автомобиль, мобиль телефон, видеокамера, ноутбук, қўриқлаш тизимлари ва ёнғин сигнализацияларида, телевизор, компьютер, аудиотехника ва бошқа қурилмаларни қувватлантиришда қўллаш мумкин. ЎзФА Физика-техника институти олимлари ишлаб чиққан юқори ҳароратли тежамкор камера материалларга юқори ҳароратли ишлов беришга мўлжалланган. Қурилма стоматология, фармацевтика, заргарлик ва шу каби юқори ҳарорат (1200 даражадаги иссиқлик) талаб қилинадиган соҳаларда қўлланилади. Шу пайтгача бундай печлар ва уларнинг қиздиргичлари хориждан валютага сотиб олиб келинган бўлса, бугун бундай юқори ҳароратли тежамкор камераларни юртимизда ишлаб чиқариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 11 майдаги «Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ЎзФА Ядро физикаси институти ва ЎзМУ қошидаги Амалий физика илмий-тадқиқот институти тугатилиб, Миллий университетнинг физика факультетига бирлаштирилди. Улар негизида факультет қошида 6 илмий лаборатория ташкил этилди. Бу билан физика соҳасидаги илмий салоҳият бирлаштирилиб, илмий фикр алмашувлар ва ҳамкорликка кенг имконият яратилди.

– Ҳозир факультетимизда 58 профессор-ўқитувчи (3 академик, 15 профессор, 35 фан номзоди) астрономия ва атмосфера, яримўтказгичлар ва полимерлар физикаси, фотоника, умумий физика, назарий физика, материалшунослик физикаси, қуйи энергиялар физикаси, конденсирланган ҳолат физикаси, биотиббиёт физикаси кафедраларида фаолият юритиб, юқори малакали мутахассислар тайёрламоқда, – дейди ЎзМУ физика факультети декани Ҳожиакбар Далиев. – Мустақиллик йилларида факультетимизда 400 дан ортиқ ўқув адабиётлари, 50 га яқин янги лаборатория ишлари яратилиб, ўқув жараёнига татбиқ этилди, 21 фан доктори ва 60 дан ортиқ фан номзоди тайёрланди. Айни пайтда 30 дан зиёд халқаро ва мамлакат миқёсидаги грант, илмий мавзу ва хўжалик шартномалари бажарилмоқда. Факультет битирувчиларидан 25 нафари академик, 150 дан ортиғи фан доктори, профессор илмий даражаларига эришган.

Бугун факультет жамоаси Россия Фанлар академиясининг Физика институти, Москва Давлат университети, Санкт-Петербург оптика ва механика университети, Киев Миллий университети, Харьков физика институти, Жанубий Кореянинг Пусан, Чунхай Миллий университетлари, Германиянинг Потсдам университети, Белград Астрономия обсерваторияси ва Радиоастрономия институти (Сербия), Хитойнинг Физика ва химия институти каби жаҳонда етакчи олий ўқув юртлари олимлари билан ўқув-услубий, илмий-тадқиқот соҳаларида ҳамкорлик қилмоқда. Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида факультет олимларининг 50 дан ортиқ инновацион ғоя, технология ва ишланмалари намойиш этилди. Хусусан, 2016 йилда ўтказилган ярмаркада факультет олимлари 3 сертификатни расмийлаштириб, 300 миллион сўмлик хўжалик шартномалари имзолади. Ишланмалар мамлакатимизнинг тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ҳамда ишлаб чиқаришдаги қатор соҳаларга татбиқ этилмоқда.

Пойтахтимизда 10-11 ноябрь кунлари «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуида ўтказиладиган халқаро симпозиум бугун жаҳон физикасидаги фундаментал ва амалий масалаларни муҳокама қилиш билан бирга ўзбек физика мактабининг салоҳиятини халқаро миқёсда яна бир бор кенг намойиш этиш имконини беради.

– Халқаро симпозиумда тўрт йўналиш – назарий физика ва астрофизика, экспериментал физика, қайта тикланувчи энергия манбалари ва янги материаллар борасидаги муаммолар, ютуқлар ва истиқболдаги янги тенденциялар муҳокама этилади, – дейди ЎзМУнинг ўқув ишлари бўйича проректори Илёс Раҳматуллаев. – Халқаро анжуманда мамлакатимиздан ташқари Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Хитой, Англия, Франция, Германия, Италия, Бельгия, Испания каби 25 давлатдан 200 дан зиёд олим ва тадқиқотчилар иштирок этиши кутилмоқда.

Симпозиумда жаҳон физикасидаги долзарб фундаментал ва амалий масалалар ҳақида маърузалар тингланади, ўзаро фикр алмашилади.

 Умид Ёқубов, ЎзА
***
Истеъдодли журналист  Умид Ёқубов ЎзМУ Журналистика факультетида таҳсил олиб юрган кезларидаёқ изланувчанлиги, жўшқин саъй-ҳаракатлари билан ажралиб турарди. Бугун ЎзАдек улуғ даргоҳда самарали фаолият кўрсатаётган шогирдимизнинг юқоридаги мақоласини ўқиб, унинг қанчалик етук журналист бўлиб етишганидан фахрланиб кетдик. Умиджонга ижоднинг сермашаққат йўлларида омад тилаб қоламиз.
Дониш домла.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *