Журналистикада адашиб юрганлар…

Журналистика — энг улуғ соҳа! Ярим асрдан буён Мирзо Улуғбек номидаги

Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетидан мамлакатимиз журналистикасининг бир неча авлоди етишиб чиқди. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов, улуғ адиб Ўткир Ҳошимов раҳматлилардан тортиб бугунги яловбардорларгача шу даргоҳдан етишиб чиққанлари билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Ўзи ижодга умуман лаёқати, истеъдоди бўлмаса-да соҳамиз номи буюклигидан фойдаланишга ва шу даргоҳдан диплом олгиб, қаерга ишга боришидан қатъий назар «журналистман!» деб мақтанишни кўзлаб юрганлар ҳам кам эмас афсуски… Устоз Темур Убайдулло таъбири билан айтганда — журналистикада адашиб юрганларнинг бир қисми аввало мўътабар даргоҳимиз — Журналистика факультетига турли қинғир йўллар билан жойлашиб олганлардир… Уларнинг касрига жонажон факультетимиз ёмонотлиқ бўлишига асло тоқат қила олмаймиз. Минг афсуски, бойнинг боласи — бало бўлишига қарши дангал чора кўришнинг имкони бўлмайди… Бу мўътабар даргоҳда журналистикага алоқаси йўқ «талаба» аввало ўзини хору абгор қилади, домлаларнинг асабини бузгани қолади, энг хавфлиси — эртага жамият дастурхонига тушган қуртга айланади…

Марҳамат, устоз шоир ва журналист Темур Убайдулло билан ёш истеъдод соҳибаси, ЎзМУ Олий журналистика курси магистранти Дилобар Аслиддин қизининг суҳбатини ўқиб, ўзингиз хулоса чиқаринг, дейди Дониш домла.

кан1

Суратда: Темур Убайдулло (тик турган ҳолда) талабаларга дил сўзларини баён этмоқда

Темур Убайдулло: КЎПЛАБ ОДАМЛАР ЖУРНАЛИСТИКАДА АДАШИБ ЮРИБДИ

Темур Убайдулло: КЎПЛАБ ОДАМЛАР ЖУРНАЛИСТИКАДА АДАШИБ ЮРИБДИ

 
Журналистика – жамият тараққиётида муҳим ўринга эга соҳа. Таниқли адиб, Халқаро Яссавий мукофоти совриндори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Темур Убайдулло ЎзА мухбирига журналистик салоҳият, тажриба ва касб маҳоратларини сўзлаб берди. 
ҒАНИМАТ ИНСОНЛАРДАН САБОҚ ОЛИБ ҚОЛИШ КЕРАК
– Бугун тинимсиз ижод қилишга имкон берадиган даврнинг бошида турибмиз. Журналистикада ёшларга ўрнак бўладиган илмли ва салоҳиятли соҳа ходимлари кўп. Мен ўзбек кекса журналистларини тайёр энцклопедияга ўхшатаман. Журналистикадан таълим берадиган даргоҳларга тажрибали журналистларни жамоатчилик асосида бўлса ҳам ишга олиш керак. Улар ҳафтада ёки 15 кунда бир маротаба ёшларга маҳорат дарсларини ўтиб беришлари зарур. Касб машаққатлари, унинг сир-асрорлари ҳақида ҳаётий хулосалар ва мисоллар билан тушунтириб беришлари керак. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Солиқ Ёқубов салкам қирқ йил “Тошкент ҳақиқати” газетасида ишлади, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маҳмуд Комилжонов ҳозир 81 ёшда бўлса ҳам, бир нафас тиним билмайди, ижодни севади, мудом ҳаракатда.
Бугун ёшлар ўз ихтиёри билан кекса ижодкорларни этагидан тутишни хоҳлашмайди. Гўёки ўзларини даҳо деб билишади. Улар анча қайсар, ўзидан катталарнинг тажрибасини эшитгиси келмайди. Чунки ҳеч ким дарсдан ташқари илм эгаллагиси келмайди, кекса ижодкорларни ўз хоҳиши билан йўқлаб бормайди. Афсуски, ёшларнинг кексаларни эшитишга ё тоқати, ёки вақти йўқ. Аммо кеч бўлмасдан ҳаётда ғанимат инсонлардан сабоқ олиб қолиш керак.
ЖУРНАЛИСТ ТЎҒРИ МАЪНОДА ОЛҒИР БЎЛИШИ ЛОЗИМ
– Афсус, бугун фельетон жанри йўқолиб кетди. Журналист суд ҳукми ўқилмагунча мавзуга яқинлашмайди. Ҳолатни чуқур таҳлил этолмайди. Йўқ, бундай бўлмаслиги керак. Журналист тўғри маънода олғир бўлиши даркор. У ёзганидан кейин ортидан суд борсин. Бугун даҳшатли жиноятлар ҳақида ҳам ижодкорлар ҳиссиз, таъсирсиз нарсаларни ёзишмоқда. Натижада кишилар онгида жиноятлар ҳам оддий ҳолга айланиб бормоқда. Тўғри, журналистик этикага амал қилиш керак. Аммо, икки боласини ўлдирган онани ёқлаб, унинг эрига хиёнатини табиий ҳол сифатида ёритиш керак, дегани эмас.
Бугун матбуот тўла эркин. Танқид мумкин, чуқур таҳлилий ишлар мумкин. Аммо салоҳиятли журналистлар жуда оз. Бу эркинлик шабадаларидан тўла фойдалана оладиган соҳа ходимлари кам.
ИЛГАРИ ГАЗЕТАЛАР РАНГ-БАРАНГ БЎЛАРДИ
– Бир нарсадан умидим катта. Маънавиятли инсонлар бор экан, газета ўлмайди, аммо газетчилик ўлиш арафасида… Уларнинг савияси тушиб кетганини ҳам тан олишимиз керак. Ҳозир газеталарда таҳрир йўқ. Аввал “Ҳуррият”да яхши таҳрирлар бўларди. Таҳрир газета кўрки аслида…
Кўп газеталар, интернет нашрлари бир-бирини кўчириб чоп этаяпти. Журналистлар хонасидан чиқмай туриб, кўрмаган ва билмаган нарсалари ҳақида газетага “ўлик” хабарларни, “жонсиз” мақолаларни тайёрлаб беряпти. Биз “Тошкент оқшоми”да ишлаётганимизда, газетага фақат информацион билдириш берар эдик, шаҳар ҳаёти, оилалар муносабатларини мулоҳазали мақолалар кўринишида муштарийларга тақдим этиб борардик. Ўша даврда биргина шаҳар газетаси 140 минг нусхада чиқарди. Ҳозир ҳеч бир туман, шаҳар газеталари бу даражада чиқмайди.
Аксарият нашрларимиз бугун фақат ўтмишдан берига ўта олмаяпти. Жамият учун хизмат қилмаётгандек гўё. Бу кимга ва нимага керак? Ундан кўра бир яхши бадиий публицистик асар ёз.
Марҳамат, Фарғона, Бухоро, Самарқанд бўйлаб сайр қил. Одамларни нима қизиқтиради, нима керак шуларни ўрган. Йўқ. Ҳозиргилар ҳатто кўрмай, билмай, яхши ўрганмай туриб очерк ёзмоқчи бўлади.
Маълумотни телефонда олиб, портрет мақола ёзади. Буни қандай қилиб ақлга сиғдириш мумкин. Жанр талаблари, уни масъулияти қаерда қолади?
Илгари газеталар ранг-баранг бўларди. Оддий туман газетасида 4-5 та ахборот, далалардан каттароқ бадиий лавҳалар, таҳлилий мақолалар, очерк, ва албатта, тўртинчи бетида таниқли ёзувчиларнинг сара ҳикояси ёки машҳур шоирнинг шеъри бўларди.
Яна бир гап. Газетчиликни маҳаллийчилик ўлдиради. Бош муҳаррир қаердан бўлса, албатта, ўзининг атрофига жойдошларини йиғиб олади. Натижада, иш давомида бир-бирларига қаттиқ гапиролмай, юзхотир қилиб, ён босиб газетани ўлдиради. Бундан тийилиш керак.
КЎПЛАБ ОДАМЛАР ШУ СОҲАДА АДАШИБ ЮРИБДИ
– Бугун журналистика факультетининг аксарият талабалари ҳаваскорлик билан бу соҳага кириб келган. Таҳрирга ва танқидга тоқати йўқ. Қўлида микрофонини тутганча ўзларидан даҳо журналист ясайди. Аксарияти эса пул топишга қизиқиб кетган… Касбни севмайди. Буюртма асосида қаҳрамон танлайди, асар ёзади, ва ҳоказо… Булар аччиқ ҳақиқатлар. Бугун умуман журналистик журъат, шаҳд ва ижодкорлик қобилияти бўлмаган кўплаб одамлар шу соҳада адашиб юрибди.
Яна бир нарса ачинарли. Аксарият журналистлар ўз касбини яхши кўрмайди. Журналистика даргоҳига бойиш учун қадам ташланмайди. Ўзбек журналистикаси бой ўтмишга эга, унга бойиш учун эмас, уни янада бойитиш учун қадам ташлаш керак. Журналист дегани касбни тасдиқловчи гувоҳномани кўтариб, ҳаммага кўз-кўз этадиган эмас, аввало, сўз юкини ҳис қиладиган одам бўлиш керак.
Бизнинг давримизда унақа эмас эди. Биз деҳқон ҳаётини ёзмоқчи бўлсак, далада бир кун у билан иссиқда юрардик, чўпон ҳақида ёзмоқчи бўлсак у билан бир кун ўтовда тунаб қолардик. Мароқли суҳбат қурардик. Кейин ёзганимиз ҳам табиий ва гўзал чиқарди. Ҳозирги ёшлар бир нарса ёзмоқчи бўлса, дарҳол ўша соҳанинг раҳбари билан гаплашгиси келади. Мана шу иззатталаблик, манманлик соҳа ходимини қандай эканлигини кўрсатади. Аслида касбнинг қийинчиликларини англамай қадам ташлаш, бу соҳада ўз келажагини яратолмаслик томонига ундайди, холос.
Дилобар Аслиддин қизи ёзиб олди, ЎзA
http://uza.uz/oz/society/temur-ubaydullo-k-plab-odamlar-zhurnalistikada-adashib-yurib-16-02-2019

You may also like...

2 Responses

  1. Rostan ham bu sohaga qiziqmaydigan, biror narsani bilmaydigan, qo’lida faqat diplomi bor jurnalistlarning ko’p juda ayanchli holat.

  2. Rostan ham bu sohaga qiziqmaydigan, biror narsani bilmaydigan, qo’lida faqat diplomi bor jurnalistlarning ko’pchilikni tashkil etayotgani juda ayanchli holat.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>