Журналистика боғининг боғбони

ЎзМУ—105 ёшда!

photo_2022-12-14_03-54-06

 Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ташкил топганига 105 йил тўлмоқда.

Йигитлик бурчимни адо этиб, Россиянинг шимолидаги ўрмонзорда жойлашган ҳарбий қисмда уч йил муддатли хизматни ўтаб, кўксимда медаль билан она шаҳрим – Тошкентга қайтдим.

Ҳарбий хизматга чақирилгунга қадар Тошкент давлат университети филология факультети, журналистика бўлимида сиртқи тўрт курсни битириб, “Сирдарё ҳақиқати” вилоят, “Ёш ленинчи” Республика ёшлар газеталарида мусаҳҳиҳ, адабий ходим, мухбир вазифаларида фаолият кўрсатдим.

Ҳарбий хизматдан қайтгач, Ўзбекистон кинематография Давлат Қумитасининг нашри «Кино» журнали ва «Ёш ленинчи» газетаси таҳририятлари ўртасида «талаш» бўлиб, «Кино»ни танлаб, нашр муҳаррири вазифасида иш бошладим.

Аллома, устоз академик Азиз Қаюмов, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, забардаст адиб Мумтоз Муҳаммедов, Тошкент Давлат Университетининг филология факультети журналистика бўлимининг тўнғич битирувчиси машҳур киношунос Маҳмуд Яҳьёевлардан сабок олдим.

Кино дунёси билан яқиндан танишиб, таҳририят ишларини йўлга қуйгач, ёш журналист сифатида бироз танилгач, кўнгил тўқ бўлиб, «Альма-матер» — университетимга йўл олдим.

Ҳарбийда ўтган уч йилда ТошДУ филология факультети журналистика бўлими мустақил факультетга айланган, уч йил аввалги деканимиз – ажойиб инсон, моҳир педагог, филология фанлари доктори, профессор Лазиз Қаюмов “Ўзбекистон маданияти” газетасига бош муҳаррир бўлиб кўтарилган экан. Юрагимни ҳовучлаб, деканнинг кечки ва сиртқи бўлим бўйича ўринбосарига учрашдим. Унга уч йил аввал бешинчи курсга ўтганимни, энди ўқишимни давом эттирмоқчи эканлигимни айтдим. Ўринбосар қандайдир папкаларни титкилаб, рўйхатларда йўқлигимни, дарсга қатнашмаганим сабабли уч йил аввал талабалар сафидан чиқариб юборилганимни маълум қилди. Энди нима қиламан, деган саволимга жавоб бўлмади, умуман айтган важ-сабабларим қулоғига кирмади. Ночор-ноилож янги декан ҳузурига йўл олдим. Мўъжазгина хонада миқтидан келган, жуссаси ихчам, истараси иссиқ, ўрта ёшлардаги киши бошини ёзувдан кўтармай, саломимга алик олгач, кейин менга юзланиб, чеҳраси ёришиб, қизиқиш ва савол назари билан кўксимдаги медалга тикилди. Мен факультетга келишдан аввал, йўл-йўлакай ҳарбий комиссариат таклифи билан уларнинг талабига биноан ҳарбий кийимда медаль ва бошқа нишонларимни тақиб борган эдим. Декан бироз ўйга толгач, унга ҳам уруш қатнашчиси сифатида “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг йигирма йиллиги” юбилей медали тақдим этилганини айтди. Афтидан у қирғинбарот уруш пайтларини эсга олди, шекилли…

Нима қилишимни билмай, яна бу ерда ҳам ишим битмаса керак, деб ўйланиб тургандим: “Хўш, бизга нима хизмат”, деган саволдан ўзимга келдим. Дардимни эшитиб, ҳужжатларимни—ҳарбий билетим, зачёткам, паспортим, таҳририят гувоҳномалари билан танишгач, телефон гўшагини кўтариб, кимнидир сўради ва ҳозир боришини маълум қилди. Хуллас, декан билан бирга ректорат эшигидан кириб, бир соат ўтар-ўтмас у ердан қўлимда бешинчи курсга тикланганим ҳақидаги буйруқдан кўчирма, навбатдаги қишки ўқув сессиясига чақирув қоғози билан чиқдик.

Декан қўл бериб хайрлашар экан, уч йил давомида ўқув дастурларида ўзгаришлар бўлганини, етказиб олиш мен учун анча қийин бўлишини таъкидлаб, шахсан ўзи ўқишимни назорат қилишини айтди ва: “Оғир, мураккаб жойларда ҳарбий хизматни аъло ўтаган экансиз, тўртинчи курсни ҳам аълога ўқиган экансиз, бундан буён ҳам суръатни пасайтирманг”, дегани ҳали-ҳали ёдимда.

Декан – тарих фанлари доктори, профессор Тўғон Эрназаров эди.

Орадан йиллар ўтди. Ўқиш ҳам тугади. Лекин устоз билан дастлабки учрашувда пайдо бўлган илиқ муносабат ўзгармади. Aксинча, ёшимиздаги тафовутга қарамай, дўстона, тенгқур ўртоқлардай бўлиб кетдик. Кўнгли очиқ, самимий инсонлиги учун у киши билан суҳбатлашиб, ҳузур қилардим. Тошкент вилояти партия қўмитаси аппаратида матбуот, телевидение ва радио шўъбаси мудири лавозимига ишга тайинланганимда, ҳужжатлар, хизмат доирасига кирадиган вазифалар билан танишиб, бу ердаги мураккабликлар, муаммолар ечими юзасидан Тўғон акага маслаҳат солдим, режаларимни очиқладим.

Узоқ суҳбатлашдик, дунёнинг у бошидан кириб, бу бошидан чиқдик.

Суҳбатимиз ҳосиласида Тошкент вилоятида “Журналист маҳорати мактаби”ни ташкил қилиш ғояси туғилди.

Салкам ярим аср аввал, 1974 йил ўқув жараёни бир йил давомида ҳар ойда тўлиқ бир кун давомида назарий ва амалий машғулотлар ўтказиладиган маҳорат мактаби 10 йил узлуксиз фаолият кўрсатди. Унда пойтахт вилоятидаги ўнлаб вилоят, шаҳар, туман ва кўпнусхали газеталар таҳририятларининг юзлаб ижодий ходимлари, радиоэшиттиришлар таҳририятлари муҳаррирлари ўз касбий малакаларини оширдилар, қаламларини чархладилар. Мактаб тингловчилари таниқли олимлар, публицист ва санъаткорлар, халқ хўжалигининг номдор вакилу ташкилотчилари, замонанинг энг илғор ва машҳур кишилари маърузаларидан баҳраманд бўлишди, Республика миқёсидаги оммавий ахборот воситалари таҳририятларида касб сир-синоатларини янада чуқурроқ ўрганишди.

Мана, қўлимда бундан қирқ йил аввал, 1982 йил 22 апрель кунги машғулотлар режасидаги маърузачилари: вилоят раҳбарлари Aъло Хўжаев, Мажид Қодиров, “Тошкент ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Нўъмонхон Насимов, тарих фанлари доктори, профессор Тўғон Эрназаров…

Ўқишнинг дастлабки куниёқ улар вилоятнинг истиқболли режалари қатори профессор Тўғон Эрназаровнинг публицистика қонун-қоидаларига бағишланган маърузасини тинглашди. Сўнгра мамлакатнинг отахон нашрларидан бири “Тошкент ҳақиқати” газетасининг бош муҳаррири Нўъмонхон Насимовнинг маҳорат мактаби билан ошно бўлдилар.

Ўша куниёқ, “Оҳангарон”, “Пахтакорлар овози” туман газеталари, Бўстонлиқ ва Чиноз туманлари радиоэшиттиришлар таҳририятлари фаолияти таҳлили билан ўртоқлашдилар.

Маҳорат мактаби фаолиятини ташкил этиш, унинг режаларини тузиш, машғулотларни сифатли ўтказиш каби барча юмушларга катта тажриба соҳиблари, таниқли публицистлар Саъдулла Караматов, Борис Шатуновский, Рубен Сафаров, Соат Мусаев, Ефим Овруцкий, Холхўжа Умаров, Ибрат Юсупов, Aкрам Тошкенбоев, журналистика назариётчи олимлари Aнвар Шомақсудов, Воҳид Aбдуллаев, Феликс Нестеренко, Aбдулла Сайфуддинов, Aлексей Петроченколар билан биргаликда Тўғон Эрназаров бош-қош бўлдилар.

images

 Хуллас, Тўғон ака билан ҳамкорликдаги ишларимизнинг довруғи бутун мамлакатга ёйилди.

Эътиборлиси, ўша пайтдаги, йирик давлат арбоби, буюк инсон Шароф Рашидов билан елкадошлик қилган Мирзамаҳмуд Мусахонов ҳам мактаб фаолиятига юксак баҳо бергани, унда соҳанинг таниқли олими профессор Тўғон Эрназаровнинг улуши муносиб эканлигини эътироф этгани эди.

… Ҳаётим давомида орзу қилган кунларга ҳам етиб келдим. Раҳбарият мени Москвадаги Ижтимоий фанлар академиясига ўқишга тавсия қилди. Қувончимни Тўғон ака билан баҳамлашдим. У киши ҳам суюниб, у ерда фақат ўқиш эмас, илмий изланишлар олиб бориш учун ҳам имкониятлар бисёрлигини уқтирди. Худди шундай бўлди ҳам. Ўқишни қизил дипломга тамомлаб, тарих фанлари номзоди илмий даражасини ҳимоя қилишга муваффақ бўлдим.

Меҳрибон устоз, комил инсон, содиқ дўст Тўғон Эрназаров билан дастлабки учрашувимиздан буён 56 йил ўтибди.

У кишининг ёрқин хотираси ҳамиша ёдимда. Бугунги улуғ ёшимда ҳам устознинг саъй-ҳаракати билан ташкил топган Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида бўлажак ижодкорларга сабоқ беришда у кишининг панд-насиҳатлари, ўгитлари, яратган дарсликларидан фойдаланиб келаман.

Яқинда ЎзМУда бўлиб ўтган устознинг 100 ёшлик таваллудига бағишланган халқаро илмий-амалий конференцияда тарих фанлари доктори, профессор Тўғон Ерназаровнинг Дорилфунуннинг 105 йилда еришган салмоқли йутуқларида ўзига яраша муносиб ҳиссаси катта эканлиги эътироф этилди.

Устоз қатори бизга сабоқ беришган аллома-олимлар Сидиқ Фузаилов, Озод Шарафиддинов, Расул Муҳаммадий, Лазиз Қаюмов, Анвар Каримов, Воҳид Абдуллаевларнинг журналистика илмида яратган мактаблари ҳалигача қўл келмоқда.

 

Шавкат МИРАЛИМОВ,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон Миллий университети

 журналистика факультети доценти

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *