Илмий ишлар мавзусида баҳс…

kun.uz сайтида берилган қуйидаги баҳс илм йўлида изланаётган тадқиқотчиларни

мушоҳадага чорлайди, дейди Дониш домла. Уни эътибор билан ўқиганлар илм йўли қанчалик машаққатли эканини озми-кўпми ҳис этиши аниқ. Ҳақиқат эса мана шундай баҳсларда намоён бўлади.

у4

Ўзбекистонда илмий даража бериш тизими: хатоларни тузатиш вақти келмадими?

Кўпчилик, айниқса, илм соҳасидалар мамлакатимизда илм-фан борасида олиб борилаётган ислоҳотлардан яхши хабардор. Ҳар қандай соҳада бўлганидек, тизимнинг ривожи аввало ундаги мутахассисларга бевосита боғлиқ. Илм-фан соҳасида илмий даражага эга бўлган кадрлар муҳим ўрин тутади. Шунинг учун фикримни айнан илмий даража бериш тизимидан бошласам.

Мамлакатимиздаги илмий даража бериш тизими 2012 ва 2017 йилларда кескин ўзгартирилди. Иккала ҳолда ҳам ўзгаришлар координацияси Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация Комиссияси (ОАК) томонидан амалга оширилди. Яқин орада ОАК фаолиятига ўзгартириш киритиш имконини берувчи қарор лойиҳаси омма эътиборига ҳавола этилди.

Амалдаги тизим ҳақида

Амалдаги илмий даража беришнинг икки табақали тизими собиқ иттифоқ даврида ва мустақил бўлганимиздан то 2012 йилнинг июлига қадар (озгина ўзгартириш билан) амал қилган тизим билан деярли бир хил. Ҳозиргисида талаблар бирмунча кучайтирилган, номлар европалаштирилган, холос. Тан олиб айтиш керакки, шу ҳолида ҳам 2012-2017 йилда амал қилган бир табақали тизимдан кўп томонлама яхши. Лекин бу 5 йил амал қилган бир табақали тизимнинг мамлакатимиз илм-фан ривожига кўрсатган катта салбий оқибати сабаблигина ундан яхшироқ кўринади. Мазкур тизим афзалликлари ҳақида унинг тарафдорлари ёзгани маъқул. Мен унинг салбий жиҳатларига тўхталмоқчиман.

Биринчидан, икки табақали тизим дунё давлатларининг кам сонли қисмида амал қилади, аксарияти собиқ иттифоқ таркибидаги мамлакатлар. Демак, бизнинг ривожланган давлатлар тизимига интеграциялашишимиз учун яна бир кераксиз тўсиқ. Бизда бериладиган «Фан доктори» (Doctor of Science) илмий даражаси билан чет элда профессор лавозимини эгаллай олмайсиз. Уларда бунинг учун бошқача талаблар бор. Бу илмий даражамиз тўғридан-тўғри тан олинадиган мамлакатлар саноқли бўлиб (айтайлик, Россия), бизнинг олимларимизда у мамлакатларга бориб ишлаш истаги ва талаби кўп эмас.

Иккинчидан, тадқиқотчи фан доктори илмий даражасини олиш учун маълум бир мавзу остида бирлаштириш мумкин бўлган тадқиқотлар олиб боришга мажбур бўлади. Бу эса уни янги йўналишларни ўрганиши борасидаги ҳаракатларини чеклайди. Илмда янги йўналишда қисқа муддатда муваффақият қозониб, яхши илмий натижалар олиш осон эмас. Боз устига, кўзлаётганимиз илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига ҳам акс таъсир этади. Халқаро миқёсдаги илмий ҳамкорлик, фанлар кесимидаги қўшма илмий лойиҳалар ёки бевосита олинган илмий натижаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш борасидаги амалий лойиҳаларга қизиқишни камайтиради. «Фан доктори» илмий даражасига қўйилган юқори талаблар шуни тақозо қилади.

Умуман, чет эллик олимлар билан ҳамкорлик икки томонлама манфаат асосига қурилади. Шу сабабдан, аксарият ҳолларда илмий тадқиқот олиб бораётган йўналишларни ўзгартириб туриш керак бўлади. Тадқиқотчи олим эса «Фан доктори» илмий даражасини олмоқчи бўлса, бундай «манёвр»ни чеклашга мажбур. Ахир у битта мавзу остида диссертация ёзиши керак.

Учинчидан, «Фан доктори» илмий даражасига эга бўлган олимларнинг илмий кенгашлар, экспертлик гуруҳлари аъзолигига қўшилиш борасидаги алоҳида имтиёзлари, умуман, илм-фан соҳасидаги турли жараёнларга таъсир этиш имкониятларининг кенгайиши, бу илмий даража беришни маълум маънода «сиёсийлаштириб» юбормоқда. Бу ерда энди ОАКдан кўра соҳада фаолият кўрсатаётган шахсларнинг таъсири, умуман, инсон фактори кўпроқ рол ўйнаяпти десак, тўғрироқ бўлади.

Энди бевосита ОАКнинг ҳозирги пайтдаги фаолиятига танқидий назар ташласак.

Нималар ўзгаришини хоҳлардик?

  • Диссертация ишлари мавзусига оид турли чеклов, тўсиқларни олиб ташлаш.
  • Мавзуга техник талаб қўйишни бекор қилиш. Ҳозирги талаб бўйича диссертация ишлари мавзуси маълум сондаги сўзлардан ошмаслиги белгиланган. Бу чеклов аксарият ҳолларда диссертация иши мавзусини тўла очиб беришга тўсқинлик қилади.
  • Мавзу ўзгарган ҳолда ОАК бюллетенида эълон қилиш шартларини олиб ташлаш. Умуман олганда, диссертация ишлари мавзулари диссертация иши якунланиб, ҳимояга чиқаётган пайтда ОАК базасига қўйиш учун бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Илмий тадқиқот олиб борилаётганда мавзунинг ўзгариб бориши табиий жараён, бунга сунъий тарзда тўсиқ қўйиш – жараёнга салбий таъсир этиши аниқ.
  • Диссертация иши ва автореферати учун қўйилган техник талабларни бекор қилиш. Бу ҳозирги пайтда ОАК томонидан диссертантларга қўйилаётган энг катта тўсиқ ҳисобланади. Ҳозирги талаблар ўта юқори ва кўплари кераксиздир. Мисол учун авторефератдаги мажбурий пунктлар ва уларга ёзиладиган матнлар мазмуни барча диссертация ишларини бир хил қолипга солиш учун ўйлаб топилгандек. Кўплаб ҳолларда ОАК томонидан авторефератга, у қайси фан йўналишидан бўлишидан қатъи назар Ўзбекистондаги илм-фан ривожига йўналтирилган Президент фармонлари, турли қонун ва қарорларни ёзишга мажбурлаш – бу энди шармандали ҳолатдир. Автореферат диссертация иши кириш қисмида тўлиқ такрорланади, бу талаб диссертантга асосий иш мазмунини ёритишда халақит беради.
  • ОАК томонидан илмий даража олиш учун қўйилган талабларга илмий кенгаш, экспертлар кенгаши томонидан қўшимчалар қўшиш имкониятини тўхтатиш. Бу имкониятдан аксарият ҳолларда кенгаш аъзолари, экспертлар ўз қарашларини сингдириш учун фойдаланиши кўпчиликка маълум. Бу ерда инсон факторига йўл қўйиш ғоят хатарли. Ҳатто айрим ҳолатларда коррупция учун яхши имкониятлар яратиши мумкин.
  • ОАК томонидан тасдиқланган илмий журналлар рўйхати ҳозирги пайтда йилда бир марта тасдиқланади. Ваҳоланки, ҳозирги тасдиқланган рўйхат қўл учида қилингани яққол билинади. Чунки, ундан дунё тан олган илмий базаларга киритилган журналларнинг туриши кўзланган мақсадга мутлақо мувофиқ эмас.
  • Автореферат чоп этишга рухсат бериш ва ҳимоя ҳақидаги эълонни ОАК бюллетенида эълон қилиш амалиётини бекор қилиш керак. Юқорида таъкидлаганимдек, автореферат билан боғлиқ қоғозбозликлар кўплаб диссертантларда норозилик уйғотишидан ташқари, айрим ҳолларда коррупцион ҳаракатларга сабаб бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқаляпти. ОАК низомида ОАК бюллетенини ўз ҳисобидан чоп этиш кўзда тутилган. Сарфланган маблағларни қоплаш учун ОАК бу чоп этилган бюллетенларни ихтиёрий-мажбурий тартибда сотишни йўлга қўйишга мажбур бўлмоқда. Тўла ахборот бермаган ҳолда диссертантларга бир неча квитанциялар берилиб тўловни амалга оширишни сўраш ҳолатлари, тўланган бир нечта сондаги бюллетенлар ўрнига битта сондан бир неча нусха бериш каби нохуш ҳолатлар борлиги ғоят ачинарли.

Бизга қандай ОАК керак?

Юқорида келтирилган ОАК фаолияти бўйича фикрларим давоми ўлароқ, ўз таклифларимни ҳам бериб ўтсам.

  • ОАК диссертация ишларининг мавзуларини тасдиқлаб, уни координация қилиши керак эмас. Диссертация ишлари ҳимояга тайёр бўлган ҳолда мавзуларнинг охирги версияси Д.И. бажарилган ташкилот томонидан маълум расмий жараёндан ўтказилиб, ОАКнинг махсус базасига киритиш учун берилиши керак, холос. Бу база онлайн тарзда барча учун очиқ бўлиши шарт.
  • ОАК диссертация иши расмий ҳимоя қилинмагунга қадар жараёнга аралашмаслиги керак. ОАКнинг иши диссертация расмий ҳимоясидан кейин, керакли ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда уни халқаро миқёсда экспертизадан ўтказишга киришса бўлади. Диссертацияни плагиатга текшириш, илмий натижаларнинг тўғрилиги ва талаб қилинаётган илмий даража учун мослиги халқаро миқёсда анонимликни таъминлаган ҳолда амалга оширилиши лозим. Бунга сарфланадиган маблағлар ОАК ихтиёрида кераклича мавжуд бўлиши назарда тутилади. Диссертация иши ОАК томонидан экспертизадан муваффақиятли ўтган тақдирда тегишли диплом, акс ҳолда қонуний тарзда апелляция жараёни ўтказилиб, якуний қарор салбий бўлса, тегишли ҳужжат тақдим этилиб, ҳар иккала ҳолатда ҳам ОАК базасида диссертация иши бўйича тўла маълумот киритилиши кўзда тутилиши керак.
  • ОАК экспертизасидан салбий натижа олган диссертация ишини тақдим қилган илмий кенгашни алоҳида назоратга олиш, агар бу ҳол қайтарилса, бу кенгашни ёпиш ваколати ҳам ОАКда бўлиши мақсадга мувофиқ.
  • ОАК веб-сайтида Ўзбекистонда илмий даража, илмий унвонларни олиш учун қўйилган талаблар тўла ҳолда турли асосий тилларда мавжуд бўлиши лозим. Ихтиёрий одам, мисол учун Ўзбекистонда берилган илмий даражани тақдим этган ходимни ишга олувчи чет эл университети масъули, ОАК сайтидан илмий даражани олиш талаблари, даража эгаси, унинг диссертация иши ҳақида тўла маълумотни шу сайтдан топа олиши зарур. Илмий даражанинг ҳақиқийлигини текшириш бўйича қилинган ҳар қандай мурожаатга ОАК тезкор тартибда жавоб беришини йўлга қўйиш ҳам долзарб масалалардан бири.
  • Бу таклиф ОАКнинг илмий журналлар рўйхатига оид бўлиб, унга айнан халқаро тан олинган илмий базаларга турли сабабларга кўра кирмаган, лекин ОАК қўйган талабларга жавоб бера оладиган журналлар илмий кенгаш, соҳалар бўйича экспертлар томонидан тавсия қилиниб тузилган бўлиши керак. Бу рўйхат қўшиш учун келган таклиф тегишли тарзда кўриб чиқилиб, исталган пайтда янгиланиши мумкин бўлиши керак. ОАК сайтидан бу рўйхатдан керакли журнал жой олгани, оммалашганини билиш мураккаб жараён эмас.
  • Илмий даража бериш борасида илмий кенгашлар ваколатини ошириш, шу билан бирга, инсон фактори туфайли қўшимча талаблар қўйилмаслигининг олдини олиш учун аниқ механизм ишлаб чиқилиши керак. Илмий кенгаш фаолиятини маълум молиявий тўловлар асосида жамоатчилик асосида юргизиш. Уни манфаатли тарзда юритиш кенгашга берилаётган ваколат билан биргаликда, масъулиятга ҳам жиддий ёндашишга сабабчи бўлади.
  • Мамлакатда бир табақали илмий даража «Фалсафа доктори» (PhD) даражаси жорий этилганидан сўнг, илмий кенгашларни илмий тадқиқот институтлари, илмий марказлар, университетларда очиш мақсадга мувофиқ бўлади. Докторантурага қабул, ундаги ички жараёнлар ҳар бир муассасанинг ўзига ҳавола этилиши керак. Илмий кенгашлар диссертация иши тайёр бўлган ҳолда расмий мурожаат қилингач, тақдим этилган иш бўйича экспертиза ва якуний ҳолда диссертация ҳимоясини ўтказиши кўзда тутилади. Бу жараён ҳам имкон қадар қоғозбозлик, инсон факторидан йироқ ҳолда, аниқ кўрсатилган механизм бўйича амалга оширилишини таъминлаш керак.
  • ОАКга илмий ходимларнинг илмий даража олгандан кейинги фаолиятини мониторинг қилиш ваколати берилиши кўзда тутилаётганини ҳисобга олиб, бундай ишлар илм-фан ривожи учун хизмат қилмаслигини таъкидламоқчиман. Бундай назорат билан илм-фан ривожланиб қолмайди. ИТИ, ОТМлар ўз илмий кадрларини ўзлари назорат қилиши, мотивация бериши, умуман ҳар қандай фаолияти икки томонлама шартнома асосида бўлиши керак. Масъулият ва мустақиллик бизнинг ОТМларимиз учун жуда зарур. Бу, умуман олганда илмий соҳада ҳам рақобат муҳитини яратишга хизмат қилади.

Эркин Каримов,
Ўзбекистон Фанлар академияси математика институти катта илмий ходими

https://kun.uz/news/2019/03/31/ozbekistonda-ilmiy-daraja-berish-tizimi-xatolarni-tuzatish-vaqti-kelmadimi

***

Раддия: ОАК Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳақида билдирилаётган эътирозларга муносабат билдирди

Мамлакатимизда олий таълим ва фан соҳалари, жумладан олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг қамровли дастурий тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги ПФ–4958-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони асосида 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими жорий қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони таълим ва фан соҳаларини сифат жиҳатдан ривожлантириш, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимининг сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш, илмий тадқиқот фаолиятига иқтидорли ёшларни кенг жалб қилиш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини ҳар томонлама намоён этиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизими сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан, айниқса кейинги икки йил ичида жуда катта ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Амалга оширилаётган ўзгаришлар тегишли равишда соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топган.

Олий таълим ва фан соҳалари, жумладан олий ўқув юртидан кейинги таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича илмий жамоатчилик ўз фикри ва таклифлари билан турли даражаларда иштирок этмоқда. Бу жараёнда ҳар бир билдирилган муносабатга ҳурмат билан қараган ҳолда таклиф ва фикрлар соғлом, холис ва ҳақиқатга тўғри келиши алоҳида муҳим аҳамият касб этади.

Эркин Каримовнинг «Ўзбекистонда илмий даража бериш тизими: хатоларни тузатиш вақти келмадими?» мақоласи Kun.uz сайтида эълон қилинган. Э.Каримовга сиҳат-саломатлик ва илмий фаолиятига муваффақиятлар тилаган ҳолда мақолада билдирилган фикрлар юзасидан, жумладан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Мақолада таъкидланишича, «Фан доктори» илмий даражасига эга бўлган олимларнинг илмий кенгашлар, экспертлик гуруҳлари аъзолигига қўшилиш борасидаги алоҳида имтиёзлари, умуман, илм-фан соҳасидаги турли жараёнларга таъсир этиш имкониятларининг кенгайиши, бу илмий даража беришни маълум маънода «сиёсийлаштириб» юбормоқда. Бу ерда энди ОАКдан кўра соҳада фаолият кўрсатаётган шахсларнинг таъсири, умуман, инсон фактори кўпроқ рол ўйнаяпти десак, тўғрироқ бўлади».

Аслида бундай ҳолат амалда йўқ, жумладан:

биринчидан, илмий кенгашга олим-мутахассисларни киритиш масаласи манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда тегишли олий таълим (ОТМ) ва илмий-тадқиқот муассасалари (ИТМ), илмий кенгашларнинг асосланган мурожаатлари асосида низомлар талабларига мувофиқ амалга оширилади. Масалан, «Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш тузиш тўғрисидаги низом»га мувофиқ илмий кенгаш тегишли вазирлик ва идоранинг мурожаати асосида тузилади ва таркиби шакллантирилади.

иккинчидан, олимларни илмий кенгашлар ва эксперт кенгашларига киритиш борасида ҳеч қандай имтиёзлар мавжуд эмас, аксинча, уларнинг масъулияти кескин оширилади. Бунга Ўзбекистон Миллий университети ва Фанлар академияси Математика институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгашни мисол тариқасида келтириш мумкин. Илмий кенгаш таркибига киритилган 21 нафар мутахассис-олимлар, жумладан А.Садуллаев, Ў.Розиқов, В.Чилин ва Ғ.Ботиров кабилар ўз вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариб келмоқда. Шунингдек, эксперт кенгаши раиси А.Расулов ва аъзолари ҳамда ОАК Раёсати аъзоси Ш.Аюпов ҳам ўз вазифаларини ҳалол ва виждонан, масъулият билан бажариб келмоқда. Бу ҳолатлар фаолият кўрсатаётган 120 та илмий кенгашга ҳам тегишли.

Мақолада «Нималар ўзгаришини хоҳлардик?» деб хоҳишлар билдирилган. Ушбу хоҳишлар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

Биринчи хоҳиш: «Диссертация ишлари мавзусига оид турли чеклов, тўсиқларни олиб ташлаш» бўйича:

биринчидан, мавзуни шакллантириш, уни тадқиқотчига бириктириш, тасдиқлаш ва мавзуга ўзгартириш киритиш Инновацион ривожланиш вазирлиги, манфаатдор вазирликлар (идоралар) ҳамда тегишли ОТМ ва ИТМ ваколатига киради;

иккинчидан, ОАК томонидан мавзуга оид ҳеч қандай чеклов ва тўсиқлар  қўйилмаган;

учинчидан, тегишли ОТМ ва ИТМнинг тақдимномаси асосида ОАК томонидан мавзулар фақат рўйхатдан ўтказилиб, «ОАК Бюллетени» журналида эълон қилинади. Таъкидлаш керакки, мавзулар электрон ҳужжат айланиш тизими орқали ОАКга тақдим этилади;

тўртинчидан, мавзулар ОТМ ва ИТМ кенгашлари қарори билан тасдиқланганидан кейин, тадқиқотчи мавзу ОАК томонидан рўйхатдан ўтказилиши ва эълон қилинишини кутиб турмасдан барча аттестация тадбирларини тўлиқ амалга ошириши мумкин. Масалан, ОТМ кенгаши қарори билан мавзу тасдиқланганидан кейин тадқиқотчи малакавий имтиҳон топшириши мумкин.

Иккинчи хоҳиш: «Мавзуга техник талаб қўйишни бекор қилиш. Ҳозирги талаб бўйича диссертация ишлари мавзуси маълум сондаги сўзлардан ошмаслиги белгиланган. Бу чеклов аксарият ҳолларда диссертация иши мавзусини тўла очиб беришга тўсқинлик қилади».

Мавзу бўйича юқорида келтирилганлардан ташқари, ОАК томонидан диссертация мавзуси маълум сондаги сўзлардан ошмаслиги тўғрисида қоида ёки талаб белгиланмаган.

Учинчи хоҳиш: «Мавзу ўзгарган ҳолда ОАК бюллетенида эълон қилиш шартларини олиб ташлаш. Умуман олганда, диссертация ишлари мавзулари диссертация иши якунланиб, ҳимояга чиқаётган пайтда ОАК базасига қўйиш учун бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Илмий тадқиқот олиб борилаётганда мавзунинг ўзгариб бориши табиий жараён, бунга сунъий тарзда тўсиқ қўйиш – жараёнга салбий таъсир этиши аниқ» бўйича:

биринчидан, мавзуни шакллантириш, тасдиқлаш ва мавзуга ўзгартириш киритиш ишлари юқорида таъкидланганидек, Инновацион ривожланиш вазирлиги, манфаатдор вазирликлар (идоралар) ҳамда тегишли ОТМ ва ИТМ ваколатига киради;

иккинчидан, мавзуларни рўйхатдан ўтказиш (ўзгаришлар киритиш) жараёни ОАК томонидан электрон ҳужжат айланиш тизими орқали амалга оширилади. Амалиётнинг бундай ташкил этилиши илмий жараёнга ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди;

учинчидан, мавзуни ўзгартиришга ОАК эмас, балки биринчи навбатда, тадқиқотчи ва унинг илмий раҳбари (маслаҳатчиси) ташаббус кўрсатади;

тўртинчидан, ОАК томонидан мавзунинг ўзгаришига ҳеч қандай сунъий тарзда тўсиқ қўйилмаган. Чунки мавзуни ўзгартиришга ОАК ташаббус кўрсатмайди. ОАК тақдим этилган материал билан ишлайди ва унга тўсқинлик қилмайди;

бешинчидан, маълумки диссертация тадқиқотини олиб бориш учун 3 йил муддат ажратилади. Агарда мавзу 3 йилдан кейин ишнинг ҳимоясидан олдин ОАК базасига қўйилса, шу ўтган давр мобайнида такрор ва параллел мавзуларнинг кўпайишига олиб келади.

Тўртинчи хоҳиш: «Диссертация иши ва автореферати учун қўйилган техник талабларни бекор қилиш.  Бу ҳозирги пайтда ОАК томонидан диссертантларга қўйилаётган энг катта тўсиқ ҳисобланади. Ҳозирги талаблар ўта юқори ва кўплари кераксиздир. Мисол учун авторефератдаги мажбурий пунктлар ва уларга ёзиладиган матнлар мазмуни барча диссертация ишларини бир хил қолипга солиш учун ўйлаб топилгандек. Кўплаб ҳолларда ОАК томонидан авторефератга, у қайси фан йўналишидан бўлишидан қатъи назар Ўзбекистондаги илм-фан ривожига йўналтирилган Президент фармонлари, турли қонун ва қарорларни ёзишга мажбурлаш – бу энди шармандали ҳолатдир. Автореферат диссертация иши кириш қисмида тўлиқ такрорланади, бу талаб диссертантга асосий иш мазмунини ёритишда халақит беради» бўйича:

биринчидан, барча илмий ҳисоботлар ва нашр ишларига, жумладан ОАК ҳам тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришга техник талаблар қўйилган. Диссертация ва авторефератга қўйилган техник талаблар тадқиқот натижаларини тўғри расмийлаштиришга, олинган илмий натижаларнинг аниқ ва лўнда, матн равон ва тизимли баён этилишига хизмат қилади. Мазкур техник талаблар диссертантларга қўйилаётган тўсиқ эмас, балки диссертация мазмунини тўлиқ ва сифатли акс эттиришга хизмат қилади;

иккинчидан, автореферат ва диссертацияни расмийлаштиришнинг техник талаблари манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилгандан кейин тасдиқланган;

учинчидан, автореферат 2 қисмдан иборат бўлиб (кириш ва асосий қисм), ушбу жараёнда умумий маълумотлар берувчи авторефератнинг 1-қисмида (6–8 варақ) мавзунинг долзарблиги ва зарурати, устувор йўналишларга мослиги, илмий тадқиқот ишлари режаси билан боғлиқлиги, илмий тадқиқотлар шарҳи ҳамда тадқиқотнинг объекти, предмети, мақсади, илмий янгилиги, жорий қилиниши масалалари тўғрисида умумий тарзда маълумот берилади. Шунинг учун автореферат ва диссертациянинг кириш қисми бир-бири билан айнандир. Бу ҳолат диссертациянинг асосий мазмунини ёритишга халақит бермайди;

тўртинчидан, авторефератда директив ҳужжатларнинг келтирилиши, ушбу ҳужжатларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларни ҳал этиш юзасидан тегишли равишда тадқиқотда ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларнинг мавжудлиги кўрсатилади.

Бешинчи хоҳиш: «ОАК томонидан илмий даража олиш учун қўйилган талабларга илмий кенгаш, экспертлар кенгаши томонидан қўшимчалар қўшиш имкониятини тўхтатиш. Бу имкониятдан аксарият ҳолларда кенгаш аъзолари, экспертлар ўз қарашларини сингдириш учун фойдаланиши кўпчиликка маълум. Бу ерда инсон факторига йўл қўйиш ғоят хатарли. Ҳатто айрим ҳолатларда коррупция учун яхши имкониятлар яратиши мумкин» бўйича:

ОАК, илмий кенгашлар ва экспертлар кенгашлари ўз фаолиятини тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида ташкил этади.

Маълумот учун, агарда шундай ҳолатлар мавжуд бўлса, уларни аниқ ҳолда ОАКга ёки коррупция ҳолатлари бўлса, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига маълум қилиш керак.

Мақолада «ОАК томонидан тасдиқланган илмий журналлар рўйхати ҳозирги пайтда йилда бир марта тасдиқланади. Ваҳоланки, ҳозирги тасдиқланган рўйхат қўл учида қилингани яққол билинади. Чунки, ундан дунё тан олган илмий базаларга киритилган журналларнинг туриши кўзланган мақсадга мутлақо мувофиқ эмас», деб таъкидланган.

биринчидан, ОТМ, ИТМ ва тегишли ташкилотлар томонидан соҳанинг етакчи олим-мутахассисларини жалб қилган ҳолда фан йўналишлари бўйича нуфузли илмий нашрларни рўйхатга киритиш (чиқариш) юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилади. Масалан, физика-математика фанлари бўйича Рўйхатга киритилган илмий нашрлар Математика институти, Ўзбекистон Миллий университети каби нуфузли даргоҳлар, шунингдек мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган илмий кенгашлар томонидан тавсия этилган;

иккинчидан, мазкур Рўйхат ОТМ, ИТМ ва ташкилотлар тавсиялари асосида шакллантирилиб, ОАК томонидан расмийлаштирилади. Шунинг учун ушбу Рўйхат фақат ОАК томонидан тузилади деб ўйлаш керак эмас;

учинчидан, рўйхатнинг 3-бетида (ярим саҳифада) халқаро миқёсда фаолият кўрсатадиган илмий нашрлар ёки маълумотлар базасига киритилган 43та тизим келтирилган. Мазкур тизимда импакт-факторга эга бўлган нуфузли журналлар мавжуд бўлиб, уларда чоп этилган мақолалар Рўйхатга киритилган илмий журналларда чоп этилган мақолалар сифатида тўғридан-тўғри қабул қилинади;

тўртинчидан, Рўйхат қотиб қолган ҳужжат эмас, у доимий янгилаб борилади. Масалан, 2019 йилнинг биринчи чорагида 3та илмий нашр рўйхатга киритилди;

бешинчидан, агарда Рўйхатга тегишли илмий нашрни киритиш ёки чиқариш таклифи бўлса, уни тегишли равишда ОТМ ёки ИТМ орқали тақдим этиш мумкин.

Мақолада «Бизга қандай ОАК керак?» деган фикрлар бўйича:

Биринчи фикр: «ОАК диссертация ишларининг мавзуларини тасдиқлаб, уни координация қилиши керак эмас. Диссертация ишлари ҳимояга тайёр бўлган ҳолда мавзуларнинг охирги версияси Д.И. бажарилган ташкилот томонидан маълум расмий жараёндан ўтказилиб, ОАКнинг махсус базасига киритиш учун берилиши керак, холос. Бу база онлайн тарзда барча учун очиқ бўлиши шарт» бўйича:

биринчидан, юқорида таъкидланганидек, мавзуни шакллантириш, уни тадқиқотчига бириктириш, тасдиқлаш ва мавзуга ўзгартириш киритиш Инновацион ривожланиш вазирлиги, манфаатдор вазирликлар (идоралар) ҳамда тегишли олий таълим (ОТМ) ва илмий-тадқиқот муассасалари (ИТМ) ваколатига киради;

иккинчидан, ОАК мавзуларни координация қилмайди, чунки мавзулар ОТМ ва ИТМ қарори билан тасдиқланганидан кейин рўйхатдан ўтказиш учун ОАКга тақдим этилади;

учинчидан, мавзуларни эълон қилиб бориш тегишли ташкилотлар ва тадқиқотчиларга муҳим ахборот базаси сифатида хизмат қилади.

Иккинчи фикр: «ОАК диссертация иши расмий ҳимоя қилинмагунга қадар жараёнга аралашмаслиги керак. ОАКнинг иши диссертация расмий ҳимоясидан кейин, керакли ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда уни халқаро миқёсда экспертизадан ўтказишга киришса бўлади. Диссертацияни плагиатга текшириш, илмий натижаларнинг тўғрилиги ва талаб қилинаётган илмий даража учун мослиги халқаро миқёсда анонимликни таъминлаган ҳолда амалга оширилиши лозим. Бунга сарфланадиган маблағлар ОАК ихтиёрида кераклича мавжуд бўлиши назарда тутилади. Диссертация иши ОАК томонидан экспертизадан муваффақиятли ўтган тақдирда тегишли диплом, акс ҳолда қонуний тарзда апелляция жараёни ўтказилиб, якуний қарор салбий бўлса, тегишли ҳужжат тақдим этилиб, ҳар иккала ҳолатда ҳам ОАК базасида диссертация иши бўйича тўла маълумот киритилиши кўзда тутилиши керак» бўйича:

биринчидан, диссертация ҳимояси асосида аттестация иши ОАКга тақдим этилгунга қадар ОАК илмий экспертиза жараёнига умуман аралашмайди;

иккинчидан, бугунги кунда халқаро андозаларга мувофиқ ҳолда экспертиза жараёни ОАК томонидан ёпиқ ҳолда ўтказилиши таъминланади;

учинчидан, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ишни ҳимояга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг Илмий кенгаш диссертация ҳимояси тўғрисида веб-сайтда эълон бериш учун ОАКга тегишли ҳужжатларни тақдим этади. Бу жараёнда ҳужжатлар фақат меъёрий-техник экспертизадан ўтказилади (ҳужжатларни расмийлаштириш, малакавий имтиҳонлар топширилгани ва муддати каби масалалар). Бу жараёнда диссертация ва авторефератда кўчирмачилик (плагиат) ҳолатини аниқлашнинг электрон экспертизаси ташкил қилинади. Кўчирмачилик (плагиат) аниқланган тақдирда, ҳужжатлар илмий кенгашга қайтарилади. Ишнинг илмий экспертизаси диссертация ҳимоясидан кейин ўрнатилган тартибда соҳанинг мутахассис-олимлари томонидан амалга оширилади.

Учинчи фикр: «ОАК экспертизасидан салбий натижа олган диссертация ишини тақдим қилган илмий кенгашни алоҳида назоратга олиш, агар бу ҳол қайтарилса, бу кенгашни ёпиш ваколати ҳам ОАКда бўлиши мақсадга мувофиқ» бўйича:

Амалдаги низомларда мазкур масала кўзда тутилган. Масалан, «Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш тўғрисидаги низом»да илмий кенгаш фаолияти ОАК қарори асосида қуйидаги ҳолларда 6 ойгача тўхтатиб турилиши белгиланган: илмий кенгаш томонидан талабларига жавоб бермайдиган диссертация ҳимоялари ўтказилганда; илмий кенгаш фаолияти давомида ҳимоя қилинган иккита диссертацияга ОАК томонидан рад жавоби берилганда; илмий кенгаш томонидан диссертация ҳимоясини ўтказиш тартиби сурункасига икки марта бузилганда.

Тўртинчи фикр: «ОАК веб-сайтида Ўзбекистонда илмий даража, илмий унвонларни олиш учун қўйилган талаблар тўла ҳолда турли асосий тилларда мавжуд бўлиши лозим. Ихтиёрий одам, мисол учун Ўзбекистонда берилган илмий даражани тақдим этган ходимни ишга олувчи чет эл университети масъули, ОАК сайтидан илмий даражани олиш талаблари, даража эгаси, унинг диссертация иши ҳақида тўла маълумотни шу сайтдан топа олиши зарур. Илмий даражанинг ҳақиқийлигини текшириш бўйича қилинган ҳар қандай мурожаатга ОАК тезкор тартибда жавоб беришини йўлга қўйиш ҳам долзарб масалалардан бири» бўйича:

биринчидан, ОАК веб-сайтида уч (ўзбек, рус ва инглиз) тилда «Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш тўғрисидаги низом», «Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги низом», «Илмий унвонлар бериш тартиби тўғри-сидаги низом», «Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом», «Эксперт кенгаши тўғрисидаги низом» жойлаштирилган;

иккинчидан, «ОАК Бюллетени» журналида тегишли илмий даражаларда тасдиқланганлар тўғрисидаги маълумотлар мунтазам эълон қилиб борилади. Бундан ташқари, бугунги кунда ОАК веб-сайтининг янги версияси ишлаб чиқилиб, апрель ойида ишга туширилади. Мазкур веб-сайтга «ОАК Бюллетени» журналининг барча сонлари жойлаштирилади.

Бешинчи фикр: «Бу таклиф ОАКнинг илмий журналлар рўйхатига оид бўлиб, унга айнан халқаро тан олинган илмий базаларга турли сабабларга кўра кирмаган, лекин ОАК қўйган талабларга жавоб бера оладиган журналлар илмий кенгаш, соҳалар бўйича экспертлар томонидан тавсия қилиниб тузилган бўлиши керак. Бу рўйхат қўшиш учун келган таклиф тегишли тарзда кўриб чиқилиб, исталган пайтда янгиланиши мумкин бўлиши керак. ОАК сайтидан бу рўйхатдан керакли журнал жой олгани, оммалашганини билиш мураккаб жараён эмас»  бўйича:

биринчидан, юқорида таъкидланганидек, илмий нашрларни ва халқаро тан олинган илмий базаларни рўйхатга киритиш (чиқариш) ОТМ, ИТМ ва тегишли ташкилотлар томонидан тавсия этилади. Мазкур рўйхат уларнинг тавсиялари асосида шакллантирилиб, ОАК томонидан расмийлаштирилади. Юқорида қайд этилганидек, рўйхат қотиб қолган ҳужжат эмас, у доимий равишда янгиланиб, тўлдириб борилади (масалан, 2019 йилнинг биринчи чорагида 3та илмий журнал рўйхатга киритилди);

иккинчидан, ОТМ, ИТМ томонидан халқаро тан олинган илмий базалар тавсия этилса, уни 2019 йилда ҳам рўйхатга киритиш мумкин.

Олтинчи фикр: «Илмий даража бериш борасида илмий кенгашлар ваколатини ошириш, шу билан бирга, инсон фактори туфайли қўшимча талаблар қўйилмаслигининг олдини олиш учун аниқ механизм ишлаб чиқилиши керак. Илмий кенгаш фаолиятини маълум молиявий тўловлар асосида жамоатчилик асосида юргизиш» бўйича:

биринчидан, амалга оширилаётган ўзгаришлар доирасида ОАК томонидан илмий кенгашлар ваколатини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Мазкур таклифлар муҳокама учун Интернет тармоғида яқин кунларда эълон қилинади ва ОТМ ва ИТМда муҳокамаси уюштирилади.

иккинчидан, инсон фактори туфайли қўшимча талаблар қўйишнинг олдини олиш бўйича мақсадли тадбирлар амалга оширилган ва оширилмоқда. Агарда Сизда ҳам таклиф бўлса, уни Ўзбекистон Миллий университети ва Математика институти ҳузуридаги илмий кенгашда муҳокама қилишга тайёрмиз;

учинчидан, бугунги кунда ҳам илмий кенгашлар жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади;

тўртинчидан, илмий кенгаш фаолиятини маълум молиявий тўловлар асосида юритиш мақсадга мувофиқ эмас.

Еттинчидан фикр: «Мамлакатда бир табақали илмий даража «Фалсафа доктори» (PhD) даражаси жорий этилганидан сўнг, илмий кенгашларни илмий тадқиқот институтлари, илмий марказлар, университетларда очиш мақсадга мувофиқ бўлади. Докторантурага қабул, ундаги ички жараёнлар ҳар бир муассасанинг ўзига ҳавола этилиши керак. Илмий кенгашлар диссертация иши тайёр бўлган ҳолда расмий мурожаат қилингач, тақдим этилган иш бўйича экспертиза ва якуний ҳолда диссертация ҳимоясини ўтказиши кўзда тутилади. Бу жараён ҳам имкон қадар қоғозбозлик, инсон факторидан йироқ ҳолда, аниқ кўрсатилган механизм бўйича амалга оширилишини таъминлаш керак»  бўйича:

биринчидан, табиатда ва жамиятда ҳар қандай ривожланиш эволюцион хусусиятга эга. Шу жиҳатдан ҳам илмий даражаларни икки поғонали тизим асосида амалга ошириш энг кўп самара бериши тажрибадан маълум. Мисол тариқасида, Англия таълим вазири Жастина Гриннинг интервьюсини келтириш мумкин. Унга кўра, бугунги кунда Англияда умумий ўрта таълим соҳасида ислоҳотлар якунига етказилиб, унинг натижаларига ижобий баҳо берилган. Энди, жумладан олий ўқув юртидан кейинги таълим икки поғонали тизимини жорий этиш юзасидан фикр билдирилган;

иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги ПФ–4958-сон Фармони асосида 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини беришни назарда тутувчи олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими жорий қилинди. Мазкур тизим жорий қилиниши натижасида, жумладан кейинги икки йил ичида 1136 нафар иқтидорли ёш тадқиқотчининг диссертация ҳимоясигаимкон яратилди;

учинчидан, бугунги кунда низом талабларига мувофиқ, илмий кенгашлар ОТМ ва ИТМ ҳузурида тузилади;

тўртинчидан, илмий кенгашларнинг ОТМ ва ИТМ ваколатида бўлиш масаласи Интернет тармоғида (2018 й.) ҳамда турли даражаларда муҳокама қилиниб, мазкур масалани бугунги кунда амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмаслиги юзасидан асосланган хулосалар қилинган.

Эркин Каримовнинг «Ахборот агентлигига нега илмий нашрлар мақоми берилди? ОАК раҳбариятига саволлар» сарлавҳали иккинчи мақоласи Kun.uz сайтида эълон қилинди.

Биринчи фикр: «Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Веб-сайти ахборот таҳририяти фан бўлимини рўйхатга киритиш» бўйича:

биринчидан, ЎзА расмий оммавий ахборот востаси ҳисобланади. Мазкур агентликда ўз соҳасининг юқори малакали мутахассислари фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу ўз навбатида Агентликка тақдим этилган материалларни юқори профессионал даражада кўриб чиқиш ва объектив баҳо беришни таъминловчи муҳим омил ҳисобланади;

иккинчидан, ЎзА мамлакатимизнинг етакчи илмий марказлари, жумладан Фанлар академияси тизимидаги ва бошқа илмий-тадқиқот муассасалари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Хусусан, Агентлик Веб-сайтида ахборот таҳририяти фан бўлимида турли соҳаларга оиддолзарб илмий мақолалар саккиз тилда мунтазам чоп этиб келинмоқда;

учинчидан, тегишли фан тармоқлари бўйича фан доктори илмий даражасига эга таркибдан иборат таҳририят мавжуд, ЎзА Веб-сайтида ахборот таҳририяти фан бўлимида чоп этилаётган илмий мақолалар Фанлар академияси тизимидаги ва бошқа илмий-тадқиқот муассасаларида фаолият кўрсатаётган етакчи олим-мутахассислар тақризлари ижобий бўлган ҳолдагина чоп этилади;

тўртинчидан, табиий равишда қоғоз шаклида чоп этиладиган илмий нашрлар бир йилда 6та сонгача чоп этилади. Бунда тадқиқотчилар ўз  мақолаларининг чоп этилишини 3-10 ой кутишлари керак. ЎзА Веб-сайтида ахборот таҳририяти фан бўлимида илмий мақолларни чоп этишда эса бу муддат бир неча бор қисқаради. Шулар билан бир қаторда, қоғоз шаклида чоп этиладиган нашрлар адади асосан 300-1000 нусхани ташкил этган ҳолда ЎзА томонидан чоп этиладиган илмий мақолалар тегишли муддатда жуда катта аудиторияга етказилади.

Иккинчи фикр: «Диссертация ҳимояси тўғрисидаги маълумотларни ОАВда эълон қилиш ҳуқуқини ЎзА бериш» бўйича:

биринчидан, ЎзА расмий оммавий ахборот воситаси ҳисобланади. Шу жиҳатдан унга бундай ҳуқуқ амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ берилган;

иккинчидан, илмий кенгаш эълонни ўз хоҳишига қараб, масалан «Маърифат» газетаси ёки ЎзАда эълон қилиши мумкин;

учинчидан, диссертация ҳимояси тўғрисидаги маълумотларни ОАВда эълон қилиш ҳуқуқинингЎзАга ҳам берилиши илмий кенгаш ва тадқиқотчи учун қулайлик яратади.

Мақолада келтирилган (қандайдир коррупцион схема, бонуслар) гумонлар тўғрисида:

биринчидан, ОАК, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Маърифат» газетаси ҳамда эксперт кенгашлари ва илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар аъзолари, шунингдек аттестация жараёнида иштирок этаётган бошқа масъуллар ҳалол, виждонли ва масъулиятли ходимлардир;

иккинчидан, ОАК бошқа ташкилотлар, жумладан  диссертация ҳимояси тўғрисидаги маълумотларни ОАВда эълон қилиш ҳуқуқи берилган ташкилотларнинг ички ишларига, ҳисоб-китобларига умуман аралашмайди.

Маълумот: ОАК томонидан аттестация жараёнини оптималлаштириш, бюрократик жараёнларни бартараф этиш юзасидан мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилган ва оширилиб келинмоқда, жумладан:

1) илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган барча талабгорларни ОАКга таклиф қилиб, савол-жавоб ўтказиш амалиёти бекор қилинди;

2) илмий даражалар берувчи илмий кенгашда диссертацияни экспертиза қилувчи бюрократик бўғин бўлган илмий кенгашнинг эксперт комиссияси тугатилди;

3) илмий даража ва илмий унвонлар олиш бўйича ОАКга тақдим этиладиган ҳужжатлар сони ўртача ҳисобда 43 фоизга ва уларни қабул қилиш вақти 83 фоиз га қисқартирилди;

4) диссертацияни илмий кенгашда ва ОАКда кўриб чиқиш ва ҳимояни ташкил этиш муддатлари қисқартирилди, жумладан ОАК веб-сайтида диссертация ҳимояси тўғрисидаги маълумотлар эълон берилган кундан бошлаб диссертация ҳимоясини ўтказиш 90 кундан 40 кунга туширилди, автореферат тарқатилгандан кейин ҳимояни ташкил этиш муддати 1 ойдан 12 кунгача қисқартирилди;

5) малакавий имтиҳонлар таркиби оптималлаштирилиб, 3та малакавий имтиҳон ўрнига 2та (ихтисослик ва чет тили) имтиҳон топширилиши белгиланди ва барча қўшимча малакавий имтиҳонлар бекор қилинди;

6) чет тилларни ўрганиш халқаро ва миллий тизими амалиётини эътиборга олган ҳолда IELTS (ўртача балли камида 5,5), TOEFL (РВТ) (567 баллдан кам бўлмаган), TOEFL (iBT) (87 баллдан кам бўлмаган) ҳамда В2 даражадан паст бўлмаган CEFR, Test DaF (Test Deutsch als Fremdsprache fur auslandische Studienbewerber), GOETHE-ZERTIFIKAT, DALF (Diplome approfondi de langue francaise) ва Давлат тест марказининг малакавий сертификатига эга бўлган изланувчиларни мазкур ҳужжатларнинг амал қилиш муддати давомида чет тили бўйича малакавий имтиҳонни топширишдан озод этилиши бўйича янги қоида киритилди;

7) малакавий имтиҳонларни топшириш учун изланувчиларнинг диссертация мавзулари ОАКда рўйхатдан ўтказилган бўлиши ҳамда веб-сайт ва «ОАК Бюллетени»да эълон қилиниши кераклиги талаби бекор қилинди.

Бугунги кунда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси ва ОАК фаолиятини такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилган бўлиб, улар таркибида, жумладан қуйидагиларни таъкидлаб ўтиш мумкин:

талабгорларни бевосита «доцент», «катта илмий ходим» ва «профессор» илмий унвонларида тасдиқлаш ваколатини ОТМ ва ИТМга бериш;

ОТМ ва ИТМга малакавий имтиҳонларни ташкил этиш ваколатини бериш;

илмий унвонлар ва илмий даражалар бўйича аттестация ҳужжатларини электрон тизим асосида қабул қилиш (чиқариш) тизимини йўлга қўйиш.

ОАК томонидан мунтазам равишда жойларда илмий жамоатчилик ва тадқиқотчилар билан учрашувлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Мазкур учрашувларда барча саволларга тушунтиришлар берилади, муаммоли масалалар жойида ҳал этилади ва аттестация жараёнига оид таклиф ва тавсиялар муҳокамаси амалга оширилади. Масалан, 2019 йилнинг биринчи чорагида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида 1601 нафар илмий жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказилиб, унда 467та саволга тушунтиришлар берилди ва 150 нафар тадқиқотчига жойида услубий ёрдам кўрсатилди.

Ҳурматли Э.Каримов!

Сизда яна таклифлар бўлса, уларнинг муҳокамасини Сиз фаолият кўрсатаётган муассаса ҳузурида тузилган (ЎзМУ, Математика институти) илмий даражалар берувчи илмий кенгашда ташкил этиш мумкин.

Илмий жамоатчиликка, тадқиқотчиларга, Э.Каримовга узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва илмий ишларида муваффақиятлар тилаймиз.

ОАК матбуот хизмати

https://kun.uz/news/2019/04/06/raddiya-oak-oliy-oquv-yurtidan-keyingi-talim-haqida-bildirilayotgan-etirozlarga-munosabat-bildirdi

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>