Илм-фан билан шуғулланаётган ўзбеклар юртга қайтадилар!

Буюк аллома боболаримиз ҳам илм ортидан чет элма-чет эл юрганлари ва мақсадларига

эришгач, ўз юртларига қайтганлари ҳақида маълумотлар кўп. Биргина имом ал Бухорий бобомиз Ҳадис китоби устида изланиш асносида қанча юртларни кезганлар. Худди шундай бугунги кунда АҚШ, Англия, Франция, Япония, Жанубий Корея каби кўплаб ривожланган давлатларда фаолият кўрсатишаётган ўзбек олимлари аввало жонажон Ўзбекистонимиздаги ҳамкасблари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликларини изчил ривожлантиришлари ва келгусида ўзлари ҳам она Ватанга қайтишлари ҳамда юрт тараққиёти учун бир тану бир жон бўлиб курашмоқлари ҳаёт тақозосига айланмоқда, дейди Дониш домла.

Қуйидаги мақолани мутолаа қилар экансиз, ана шу эзгу йўлда ташланаётган қадамлардан бохабар бўлиб, дилингиз равшан тортади, умидлар уммони мавж уради.

аа1

Илм-фан билан шуғулланаётган ўзбекларни қайтариш бўйича реал режа керак​ — мутахассис​

Ҳар қандай фойдали янгилик инновация ҳисобланади. Агар бу янгилик тижорийлашса, яъни бозорга чиқса, бу инновациянинг самарасини кўрсатади. Чунки жаҳон бозорида ҳам турли янгиликлар, ўзгаришлар жуда кўп бўлган, лекин уларнинг барчаси ҳам муваффақиятли якун топмаган. 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда инновацияга катта эътибор қаратила бошланганига сабаб асосан пулга бориб тақалади, деб ҳисоблайди Карнеги тадқиқотчиси, Инновацион ривожланиши вазирлиги лойиҳа раҳбари Одилжон Абдураззоқов.

АҚШдаги Harvard Business School, Колорадо давлат университети, Озарбойжон Иқтисодиёт университети битирувчиси, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиши вазирлиги лойиҳа раҳбари Одилжон Абдураззоқов Kun.uz’га инновацияларга эътибор қаратишнинг аҳамияти ҳақида гапириб берди.

Видео: TasIX

Видео: Youtube

«Бир мисол келтириб ўтаман. 2011 йилда Боку шаҳри маъмурияти такси бозорига кириш учун 1000 дона Лондон стилидаги такси сотиб олди, 1000 нафар ҳайдовчи ёллади. 20 млн доллар машина сотиб олишга, тахминан 6 млн доллар ҳайдовчиларнинг маошига кетади. Таъмир, бензин ва бошқа харажатлар билан бизнесни бошлаб олиш учун тахминан 30 млн доллар сарфланди.

«189» деб номланган, бирорта ҳам машинаси бўлмаган бошқа бир компания бир йилдан кейин такси бозорига кириб келди. Компания асосчиси ─ оддий банк ходими ўзи ҳар куни машинасида қатнайдиган иши ва уйи оралиғидаги йўналишда йўл-йўлакай йўловчиларни олиб кетишни йўлга қўяди. Узоқ масофага ҳар куни қатнайдиган машина эгалари шу усул ортида бирлашади ва компанияга асос солинади. Ҳеч қандай 30 млн долларсиз бу компания такси бозорида муваффақият қозонди. Мана бу — инновация», — дейди у.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда ҳар бир соҳа инновацияга муҳтож.

«Инновация вазирлигининг таркибини кўрадиган бўлсак, соғлиқни сақлаш, молия, иқтисодиёт ─ умуман ҳар бир соҳага инновацияни жорий этиш бўйича секторлар мавжуд. Мутахассисларинг фикрича, инсон бир соҳага инновация олиб кириши учун шу соҳадан хабардор, унда камида 10 йил ишлаган бўлиши керак. Бошқача айтганда, шу соҳа учун ўртача 10 минг соат сарфлаган бўлиши лозим. Яъни энди ўз йўналишида иш бошлаган инженер оламшумул инновация ярата олмайди. Шунинг учун инновация асосида илм ва тажриба ётади», — деб ўз билимлари билан бўлишди мутахассис.

Одилжон Абдураззоқов Германия, Нидерландия, Озарбойжон ва АҚШ олий таълим муассасаларида ишбилармонлик, молия ва инновация таълими бўйича маърузалар ўқиган. У вазирликдаги фаолиятидан ташқари, Тошкент шаҳридаги Вестминстер халқаро университетида ҳам маъруза ўқийди.

«Шу боис биз ҳам умумий ўрта ва олий таълимга урғу беришимиз керак. Бунга боғлиқ равишда 2018 йилда халқ таълимини тубдан ислоҳ қилиш вазифаси қўйилди. Ўзбекистон инновацион ривожланиш йўлига чиқиши учун ислоҳотларнинг марказида таълим сифатини яхшилаш масаласи туриши шарт. Мактабда сифатнинг яхшиланиши эса у ерда дарс берадиган педагог кадрларнинг малакасига боғлиқ бўлади. Демак, педагог тайёрловчи олийгоҳлардаёқ талабаларга креатив фикрлаш, ўзига ишонч кабилар шакллантирилса, улар ўқишни битиргандан кейин бориб дарс берадиган мактабида ҳам худди шу усулни қўллайди.

Университетнинг учта асосий вазифаси мавжуд, аслида. Бизнинг шароитда эса у фақат битта вазифасини бажаради ─ таълим. Лекин университетнинг жамиятда раҳбарлик ролига эга бўлиш ҳамда тадқиқот потенциали юксак бўлиш функциялари ҳам мавжуд. Ривожланган давлатлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин, масалан, АҚШда, Туркияда университет профессори керак бўлса, вазирга ҳам фаолияти бўйича йўриқ бера олади.

Университетнинг ҳар учала вазифасини рўёбга чиқаришнинг йўли, менимча, бутун дунё бўйлаб илм-фан билан шуғулланаётган ўзбекларни қайтариш бўйича реал кучга эга режа ишлаб чиқилиши керак.

Авваламбор университетлар инвестицияни жиҳозларга, техникага эмас, кадрларга ─ профессордан тортиб ёш ўқитувчигача йўналтириши керак.

Озарбайжон мисолида кўрадиган бўлсак, унинг учта университети энг яхши олийгоҳлар 700талиги рейтингига кирган. Шуларнинг иккитаси хусусий. Уларда асосий маблағ кадрлар потенциалини оширишга қаратилади. Яъни магистр даражасидаги педагогнинг тадқиқотни давом эттириб, номзод даражасига кўтарилиши учун тиришади. Бизнес компаниялар ҳам университет профессорларидан ҳақ эвазига маслаҳат сўрайди, унинг тавсияси самарадорликка хизмат қилишига ишонади. Ўзбекистонда кўрадиган бўлсак, инфратузилма, бино, техник база яхши. Лекин 10 йил олдин магистр бўлган ўқитувчи ҳалигача ўша даражада кўтарила олган эмас. Инсон капитали инвестициядан четда қолмоқда», — дейди у. ​

Алишер Рўзиохунов тайёрлади

https://kun.uz/news/2019/02/05/ilm-fan-bilan-shugullanayotgan-ozbeklarni-qaytarish-boyicha-real-reja-kerak-mutaxassis

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>