Иномжон МАЖИДОВ: «Ривожланган давлатлар тажрибасидаги 60-70 фоиз кўрсаткичга ҳали етмадик​»

Бугунги давр глобаллашув жараёнларининг жадаллашуви ва ахборотлар

тизимининг барча соҳаларга чуқур кириб бориши билан характерланмоқда.

Иномжон МАЖИДОВ: "Ривожланган давлатлар тажрибасидаги 60-70 фоиз кўрсаткичга ҳали етмадик​"

Мазкур жараёнда қайси халқ вакиллари етакчи ва авангард бўлса, ўша миллат келажагининг порлоқ бўлиши реал воқеликка айланмоқда. Айниқса, ёшларга кўп нарса боғлиқ бўлиб қолди.
Буюк маърифатпарвар Абдулҳамид Чўлпоннинг “Эй ватандошларим! Қачонгача бу ғафлат? Уйқудан кўз очинглар. Урининглар! Илм, маърифат ва ҳунар изланглар! Вақт етди, балки ўтди!” деган гапи худди бугунги ёшларимиз учун ҳам айтилгандек янграйди.
Азиз ёшлар, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, кўп сонли устоз ва мураббийлар номидан сизларни 30 июнь – Ёшлар куни билан чин дилдан муборакбод этган ҳолда, сиз – мамлакатимиз ва миллатимиз таянчи бўлган ёшларга катта умид кўзи билан қараб турганимизни, сизларга яратилган шароитлардан унумли фойдаланишингиз учун бутун куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётганимизни билдираман.
Маълумки, ҳар доим ҳар бир мамлакат учун мутахассислар тайёрлаш, етук кадрларни вояга етказишга муҳим вазифа сифатида қаралади. Шу жумладан, бизнинг мамлакатимизда ҳам. Аввало, педагог кадрлар салоҳиятини ошириш, турли соҳаларда малакали кадрлар тайёрлашни асосий ва бирламчи вазифа деб биламиз.
Юртимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш йўлида барча саъй-ҳаракатлар қилинаяпти. Лекин дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибасидаги 60-70 фоиз кўрсаткичга ҳали етмадик. Шунинг учун бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш муҳим вазифага айланди.
Президентимиз мамлакатимиздаги бирорта университет дунё тан олган олий ўқув юртлари қаторига кирмаганини афсус билан айтган эди.
Олий ўқув юртлари нуфузини янада ошириш, нодавлат таълим масканлари сонини кўпайтириш энг асосий вазифамиздир.
Жорий йилда ёшларимизга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имкониятининг берилиши, уларнинг таълим олиш ҳуқуқларининг кенгайтирилиши бу сизларнинг, ёш авлоднинг бахтидир.
Бу ўқув йилидан олий таълим муассасаларига, реал имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, қабул квоталарини мустақил аниқлаш тизимини жорий этиш белгиланди.
Айниқса, таълим жараёнига ахборот-коммуникация технологияларининг изчил татбиқ этилиши, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар юксак самара бермоқда.
Айни вақтда ОТМларга қабул жараёнлари бошланган. Ёшлар ҳам ҳаяжонда. Улар қаторида биз ҳам ҳаяжондамиз ва кучли масъулиятни ҳис этиб турибмиз.
Билимли, иқтидорли, фидойи ёшларимиз ҳамиша бор бўлсин!
Улар бор экан, Ватанимиз асло кам бўлмайди ва ҳар соҳада дунёнинг энг олдинги давлатларидан бири бўлиб гуллаб-яшнайверади.
 
Иномжон Мажидов, 
Олий ва ўрта махсус таълим вазири
http://uza.uz/oz/education/rivozhlangan-davlatlar-tazhribasidagi-60-70-foiz-k-rsatkichg-01-07-2019

 

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>