Матбуотга ёрдам керак…(ми?)

Журфак аҳли, билиб қўйинг! Дилингизга тугиб қўйинг, дейди Дониш домла қуйидаги мақолани ўқишни тавсия этаркан.

Матбуотга ёрдам керак...(ми?)

Муҳокама учун асос бор

Ҳозирги пайтда миллий матбуотимиз мураккаб жараённи бошдан кечирмоқда. Бир томондан, унинг жаҳон медиа маконига мослашиши ҳали-ҳамон суст давом этаётгани, иккинчи томондан, ахборот рақобати кучайган ҳозирги шароитда ҳар бир нашрнинг миллий медиа маконда ўз ўрнини сақлаб қолишга бўлган интилиши билан боғлиқ муаммолар таҳририятларда фаолият олиб борадиган оддий журналистдан тортиб, бош муҳаррирларгача ўйга толдирган.

Шу боис, сўнгги уч-тўрт ойда босма нашрларнинг келгуси фаолиятини ташкил қилиш масаласи миллий матбуотда ва ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинаётган ва қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган мавзулардан бирига айланди. Уларда босма нашрларни иқтисодий қўллаб-қувватлашда таҳририят ва муассис, обуна, нашрларни обуначиларга етказишда таҳририят билан матбуот тарқатувчи ўртасидаги муносабатлар, таҳририятларнинг иқтисодий-техник таъминоти, журналистларнинг ижтимоий ҳимояси, прописка муаммоси, кадрлар етишмаслиги каби ташкилий-ҳуқуқий масалалардан тортиб, босма нашрларнинг формати ва дизайни, шакл ва мазмуни, ўқувчиларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, журналистлар томонидан тайёрланган ижодий материаллар сифати ва савияси, ўқишлилик даражасигача барча ижодий масалалар қамраб олинган.

Аслида, бу баҳс-мунозаралар ўтган йили ёш журналист Севара Алижонованинг “Матбуот ўладими?” сарлавҳали мақоласидан кейин бошланган эди. Бу йил мажбурий обунага чек қўйилиши туфайли бу мавзу янада долзарблашиб, жиддий муҳокамалар, муносабатларга сабаб бўлди.

Шу йил 20 сентябрда “ХХI аср” газетасида бош муҳаррир Норқобил Жалилнинг “Матбуот: ё ҳаёт, ё мамот” сарлавҳали мақоласи чоп этилиб, унда юқорида тилга олинган муаммоларнинг деярли барчаси таҳлил қилинди. Муаллиф ўртага қўйган ҳар бир саволни С.Остонов, С.Раупов, Ғ.Юсупов, Н.Тошматов каби етакчи газета ва журналлар бош муҳаррирларининг жиддий фикрлари билан асослади.

Бу мавзуда ҳудудий нашрларда ҳам чиқишлар бўлди. Навоий вилояти ҳокимлиги муассислигида чоп этиладиган “Дўстлик байроғи” газетасининг 2018 йил 18 сентябрь сонида бош муҳаррир Бектемир Пирнафасов томонидан ёзилган “Обуна мажбурийми?”, Самарқанд вилоятининг отахон нашри “Зарафшон” газетасининг 2018 йил 20 октябрь сонида “Овози Самарқанд” газетаси бош муҳаррири Баҳодир Раҳмоновнинг “Матбуот: газетачиликнинг оғриқ нуқталари” сарлавҳали мақолаларини мисол сифатида келтириш мумкин. Қолаверса, сўнгги вақтларда босма нашрлар билан боғлиқ турли йиғинлар, ўқув-семинарлари, давра суҳбатларида ҳам бу мавзу албатта кўтариляпти.

Аслида, бу мавзунинг муҳокама қилиниши ва таҳририятлар фаолиятини жиддий қайта кўриб чиқиш учун аллақачон вақт етилганди. Чунки жуда катта босим билан кечаётган ҳозирги ахборот алмашинуви жараёнида, ахборот рақобати муҳитида ҳар бир оммавий ахборот воситаси, шунингдек, босма нашр ўз ўрнини сақлаб қолиши жиддий масала. Даврнинг ўзи оддий ижодкор-журналистдан тортиб бош муҳарриргача фаолиятини ана шу муҳит талабларидан келиб чиқиб ҳолда қайта кўриб чиқиш, ахборот бозори муносабатларига мослашиш заруратини ҳис қилиши лозимлигини кўрсатди.

Табиийки, бу масала мутасадди ташкилотларни ҳам бефарқ қолдиргани йўқ. Ўзбекистон босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорликда барча вилоятларда икки ой давомида ҳудудий босма нашрлар сифатини яхшилаш бўйича ўқув-семинарлари ташкил қилди. Икки ой давомида биз ҳар бир вилоятда бўлиб, ҳудудий босма нашрлар фаолияти билан яқиндан танишдик, мавжуд ҳолатни ўргандик. Ҳудудий нашрлар бош муҳаррирлари, журналистлар билан Андижонда бошланган бундай учрашувлар Самарқандда ўз ниҳоясига етди.

Шу ўринда маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирда мамлакатимизда 1 минг 156 та босма оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатади. Уларнинг 665 таси газета, 365 таси журнал бўлиб, аксарияти ҳудудий нашрлардир. Республика бўйича энг кам босма нашрлар Сирдарё вилоятида — 24 та, Жиззах вилоятида 26 та бўлса, энг кўп газета-журналлар Фарғона вилоятида — 82 та, Самрақандда 56 тани ташкил қилади. Туман газеталари орасида 1000 нусхада чоп этиладигани ҳам бор, 12 ёки 9 минг нусхада чиқадигани ҳам бор. Бу нашрлар озми-кўпми, маҳаллий аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қиляпти. Ҳар бир нашрнинг ўз ўқувчиси, ўз аудиторияси бор.

Умумий ва ҳудудий муаммолар

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳудудлардаги муассис ва таҳририятлар ўртасидаги, таҳририят билан тарқатувчи ўртасидаги ташкилий-ҳуқуқий муносабатларда, шунингдек, обуна масаласи, моддий-техник таъминот, кадрлар масаласи, газета дизайни, шакл-мазмуни, маҳорат масалалари билан боғлиқ умумий муаммолар бор. Шунингдек, ҳар бир ҳудуднинг фақат ўзигагина тааллуқли муаммолар ҳам бор. Масалан, Навоий вилояти ёки Сирдарё вилоятида фаолият олиб борадиган туман газеталари бошқа вилоятлардаги босмахоналарда чоп этилади. Улар газета чиқаришда бошқа ҳудудларга қараганда кўпроқ маблағ сарфлайди. Навоий, Хоразм, Андижон, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси айрим туманлари нашрлари таҳририятининг ўз биноси йўқ, ижарада ўтиради, аҳволи жуда ночор. Масалан, Навоий вилоятида 29 та газета-журнал ижарада фаолият олиб боради. Бундай ҳолат бошқа вилоятларда ҳам учрайди. Улар албатта мутасадди ташкилотларнинг қўллаб-қувватлашига, муассислар кўмагига муҳтож.

“Қўлдан берганга қуш тўймайди”

Ҳудудларда муҳокама қилинган муаммолар аввалида таҳририятларни муассислар томонидан иқтисодий қўллаб-қувватлаш масаласи турди.

–Бугунги кунда газета таҳририятлари иқтисодий жиҳатдан бирмунча қийин даврни бошдан ўтказмоқда, – дейди Пахтаобод тумани ҳокимлигининг “Давр садоси” газетаси бош муҳаррири Замирахон Кимсанова. – Ана шундан келиб чиқиб, туман-шаҳар газеталари чоп этилишини бюджетдан молиялаштиришни йўлга қўйиш, умуман, бундай пайтда давлат таҳририятларни моддий қўллаб-қувватлаши лозим. Акс ҳолда, таҳририятлар қийинчилигу муаммолар қобиғига ўралашиб қолади ва табиийки, самарали фаолият юритолмайди.

Тўғри, шу пайтгача вилоятлар, туман, шаҳар ҳокимликлари ўзларининг асосий минбари бўлган босма нашрларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган, обуна ташкил этишда таҳририятларга асосий кўмакчи бўлган. Бундан кейин ҳам ёрдам берар, балки? Бу албатта, муассислар “ҳиммати”га боғлиқ. Бироқ, бу йилги ёрдам ўтган йилга қараганда камроқ бўлса-чи? Агар муассислар ўз ҳудудлари нашрига ўтган йилга қараганда кам маблағ ажратса, айтайлик, уч минг эмас, икки минг ёки минг ададга етадиган маблағ берса ёки шунча адад обунасини ташкил қилиб берса, нима бўлади? Таҳририят ходимлари ҳеч қурса кун кўришга етадиган ойлик-маошни қаердан олади? Минг ёки икки минг адад билан газета фақат зарарга ишламайдими? Қолаверса, сарлавҳадаги зикр этганимиздек, “Қўлдан берганга қуш тўймайди”-ку?! Йил ўтиб яна шу муаммо кўтарилмайдими? Ёйинки фақат давлат ҳисобига газета чоп этиш матбуот эркинлигини таъминлашга соя солмайдими? Ҳар тугул “ким пул тўласа, ўша мусиқага буюрма беради”, деган гаплар ҳам бежиз айтилмаган. Бинобарин, таҳририятлар фаолиятини ташкил қилишнинг бошқа механизмларини ишга солиш даври келганини ҳар бир муҳаррир ҳис қилиши зарур.

Обуна муаммоси ёки парчаланган “стериотиплар”

Дарвоқе, аксарият туман ва шаҳар газеталарининг аҳволи жуда оғир, унга муассиснинг кўмаги керак, деган талаб қатьий қўйилаётган бир пайтда, айрим газеталар ўзларини иқтисодий томондан ўнглаб фойда кўраётгани бу муаммо юзасидан шу пайтгача мавжуд бўлган стериотипларни парчалаб ташлаб, муассислар обунани ташкил этиб бериши ёки иқтисодий қўллаб-қувватлаши билан муаммо ҳал бўлиб қолмаслигини кўрсатди. Буни раҳбарларнинг ўзи ҳам эътироф этмоқда.

–Обуна мавсумида муассисга юкни ташламасдан йиллик харажатни қоплайдиган маблағ тўплаш масаласи шу кунларда таҳририятлар жамоасини ўйлантираётган муаммодир, – дейди Жиззах вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Улуғбек Одилов. – Энди таҳририятлар жамоаси обунани эскича “ихтиёрий-мажбурий” усулда кўпайтириб бўлмаслигини англаб етмоқда.

Мисолларга мурожаат этамиз. Навоий вилояти Қизилтепа туманининг “Қизилтепа тонги” газетаси салкам 12 минг ададда чоп этилиши, 90 га яқин ходими борлигини эшитиб, рости, ҳайрон қолдик. Ҳатто кўзга кўринган марказий нашрлар ҳам 3-5 минг ададда чиқаётган
бир пайтда туман газетасининг бу кўрсаткичи таҳсинга лойиқ, албатта. Газета тажрибасини ўргандик.

Таҳририят ходимлари уйма-уй юриб газетага обуна қилишади ва ҳар янги сонни уйма-уй тарқатишади. Бу иш билан асосан газетада ишлаб нафақага чиққан собиқ ходимлар, газетанинг маҳалла ва қишлоқлардаги фаоллари шуғулланади, уларга қишлоқнинг узоқ-яқинлигига қараб, 300-400 минг сўмгача маош тўланади. Бундай ходимлар велосипед билан таъминланган, мабодо бузилиб қолгудай бўлса, таҳририят томонидан таъмирлаб берилади. Газета мазмунига эътибор берилса, А3 форматда чоп этилади ва фақат маҳаллий воқеалар қизиқарли тарзда ёритилади. Энг муҳими, газета маҳаллий аҳолининг ишончини қозонган, уни ўзларининг газетаси деб ҳисоблайди.

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани “Оҳангарон” газетаси 9 мингдан ортиқ ададда чоп этилади. Бош муҳаррир Беҳзод Қобуловдан бунга қандай эришилганини сўраганимизда, “бу сир” деб ҳазиллашди ва кейин “ҳар бир бош муҳаррир туман ҳокимининг спичрайтери бўлиши керак”, деб қўшиб қўйди. Фарғона вилояти Учкўприк туманида “Янги Фарғона” газетасининг адади бир йилда 1,5-2 мингдан – 6 минг нусхага етиб, фойдага кирган.

Тошкент вилоятидан яна бир мисол. Қибрай тумани газетасининг адади охирги пайтларда 1000 дан ҳам камайиб кетган эди. Газетага бош муҳаррир этиб тайинланган Гулнора Аҳмедова турли танловларда лойиҳалари билан иштирок этиб, таҳририят моддий-техник базасини янгилади. Секин-аста газета адади кўтарила бошлади.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Демак, муаммо фақат муассисда эмас экан-да. Фақат эскича бошқарув усулидан воз кечиш қийин. Давр эса, бош муҳаррирлардан медиабизнес билан боғлиқ билимларни ўрганишни тақозо этмоқда.

Газеталар қарзи қачон қайтарилади?

Қайси вилоятга бормайлик, газета иқтисодиётига катта зарар етказаётган матбуот тарқатувчи ва почта хизмати билан боғлиқ муаммолар ўртага ташланди. Қатор таҳририятлар улар туфайли иқтисодий зарар кўраётган, натижада ходимлар вақтида маош олмаётган экан. У ёқларда газета обуначиларга белгиланган вақтдан анча кеч етиб боради ёки умуман бормайди. Ҳозирги тезкор интернет замонида ҳафтада бир марта чиқадаган туман газетаси, икки ҳафтадан кейин ёки ундан ҳам кечроқ етиб борса, журналистлар тайёрлаётган ахборотнинг қиммати қанчалик бўлишини тасаввур қилаверинг. Шундай экан, ўқувчидан газетага обуна бўлмагани учун гина қилиш ортиқча. Аввал шу муаммони ҳал қилиш зарур эмасми?

-Масалан, бизнинг таҳририятимизга ҳозирги кунда вилоятда фаолият кўрсатаётган 12 та матбуот тарқатувчи ташкилотдан бирортаси ҳали-ҳануз обуна пулини тўлаганича йўқ, — деб ёзади “Овози Самарқанд” газетаси бош муҳаррири Б.Раҳмонов. — Улардан баъзиларининг на манзили ва на телефон рақами маълум. Шартномада кўрсатилган манзил ва телефон рақамлари бошқаларга тегишли.

Хоразмда бўлган учрашувда матбуот ва ахборот агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекжонова тадбирга вилоят матбуот тарқатувчи корхонаси ва вилоят почта хизмати бошлиқларини таклиф қилибди. Маълум бўлишича, бу икки ташкилот айрим газеталарнинг обуна пулини ҳалигача таҳририят ҳисоб рақамига тушириб бермаган. Баъзи туман газеталаридан 10 миллион, баъзиларидан 30 миллион сўмгача қарз эканини айтиб, бош муҳаррирлар билан юзлаштирди. Ҳақиқий маънода тортишувлар бошланди. Мутасаддилар кўпчиликнинг гувоҳлигида газеталарнинг қарзини қайтаришга ваъда бердилар.

Бундай ҳолатга Сирдарё, Бухоро вилоятларида ҳам дуч келдик. Таажжуб, нега таҳририятлар бу ташкилотлар хизматидан воз кечиб қўя қолишмайди? Ваҳоланки, газетани таҳририятнинг ўзи тарқатиш тажрибаси ҳар бир вилоятда бор-ку?! Мана бир мисол.

–Газетамизнинг обунаси ва тарқатишни ўзимиз йўлга қўйганмиз, — дейди Фарғона вилояти Бувайда тумани “Бувайда кўзгуси” газетаси бош муҳаррири А.Солиева. – Икки йил аввал газетага тушган соф фойдадан таҳрирятга яна бир машина сотиб олдик. Шунинг учун газетамиз чиққан куни ўз вақтида ўқувчилар қўлига етиб боради.Бу тажриба барча вилоятларда иқтисодий жиҳатдан ўзини ўзи тиклаган қатор газеталарда йўлга қўйилган. Қолганлари эса қарзларини қайтариб ололмай ҳалак. Демак, бу ҳам бошқарувга янгича ёндашишга, газетхон билан яқинлашишнинг бошқача йўлларини излашга боғлиқ муаммо. Унинг ечимни топса бўлади.

Назира Қурбон, журналист
http://uza.uz/oz/society/matbuotga-yerdama-kaerak-mi—27-10-2018

 

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>