Маънавият ва адабиёт

Миллий маънавиятимиз ривожида адабиётнинг ўрни беқиёс.

Яқинда республика Маънавият тарғибот маркази ҳузуридаги Маънавият тарғиботчиси таълим муассасасида бўлиб ўтган ижодий учрашувда бу ҳақда атрофлича фикр юритилди. Унда иштирок этган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритар экан, асрлар давомида не-не босқинларни кўрган аждодларимизни ҳеч ким тилидан, иймон-эътиқодидан, урф-одатларидан, миллий қадриятларидан жудо қила олмаганини қатор мисоллар воситасида изоҳлаб берди. Бундан кўриниб турибдики, энг қудратли, енгилмас КУЧ – юксак маънавият бўлган экан!

Суҳбат давомида ёзувчи Ёвдод Илёсовнинг “Сўғдиёна” романида ана шундай босқинлар ҳақида қизиқарли маълумотлар баён этилгани, алалхусус, бир замонлар Александ Македонский ўз армияси билан қай тариқа бостириб келгани, заминимизни вайрон қилгани, “Авесто”дек нодир асаримизнинг катта қисмини ўтга ташлатиб ёндиргани, ниҳоят ўзи ҳам аянчли қисматга дучор бўлгани ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Энг қизиғи, ўша босқинчилар ҳам буюк аждодларимизнинг юксак маънавияти таъсирида аста-секин туб ерли маҳаллий халқ бағрига сингиб кетгани тарихий ҳақиқатдир.

Кейинчалик юртимизга тиғ кўтариб келишган эронийлар, араблар, мўғуллар ва бошқа босқинчиларнинг ҳам қисматлари шундай якун топгани кўплаб адабиётларда ва илмий-оммабоп мақолаларда теран ёритиб берилгандир.

“Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида баён этилганидек, эл-юртимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида бундай машъум хатарларни неча бор кўрган, уларнинг жабрини тортган. Шундай асоратлар туфайли тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз бир пайтлар қандай хавф остида қолганини барчамиз яхши биламиз. Ана шу фожиали ўтмиш, босиб ўтган машаққатли йўлимиз барчамизга сабоқ бўлиши, бугунги воқеликни теран таҳлил қилиб, мавжуд таҳдидларга нисбатан доимо огоҳ бўлиб яшашга даъват этиши лозим. Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ. Бу ҳақиқат кишилик тарихида кўп бора ўз исботини топган.

Маълумки, биз бошимиздан кечирган собиқ мустабид тузум даврида миллий маънавиятни ривожлантиришга мутлақо йўл қўйилмаган. Аксинча, халқимизнинг табиати, яшаш тарзига ёт бўлган коммунистик мафкурани ҳар қандай йўллар ва зўравонлик билан жорий этишга ҳаракат қилинган.

Тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шафқат, қадр-қиммат деган, бир-бирини чуқур маъно-мазмун билан бойитадиган ва тўлдирадиган ибораларни олайлик. Қанчалик ғалати туюлмасин, бу ибораларни бошқа тилларга айнан таржима қилишнинг ўзи мушкул бир муаммо.

Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бунинг тасдиғини узоқ ва яқин тарихдаги кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин. Чунки ҳар қайси миллат ёки халқнинг маънавияти унинг бугунги ҳаёти ва тақдирини, ўсиб келаётган фарзандларининг келажагини белгилашда шак-шубҳасиз ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Асрлар давомида миллий қадриятларимиз, бебаҳо маънавий бойликларимизни асраш ҳамда ривожлантиришда адабиёт, айниқса, халқ оғзаки ижодининг ўрни жуда катта бўлган. Эртаклар, достонлар замирида асосан миллий ўзликни ифода этувчи, қадриятларимизни қадрловчи ғоялар мужассам эканини изоҳлашга ҳожат йўқ. Ўзбек халқ мақоллари ҳам битмас-туганмас маънавий хазина ҳисобланади. Ана шу мақоллар ҳақида сўз юритганда аввало тегишли манбалар билан танишиб, сўнг асосли гапириш мақсадга мувофиқдир. Суҳбат асносида маърузачи сўнгги пайтларда “Устоз – отангдан улуғ” мақолини баъзи кимсалар “Устоз – отангдек улуғ” шаклида бузуб талқин қилаётганини, ваҳоланки, “Ўзбек халқ мақоллари” китобида, 5-синфнинг “Одобнома” дарслигида ва бошқа қатор (илмий тасдиқланган) манбаларда мақол – “Устоз – отангдан улуғ” деб тўғри кўрсатилганини изоҳлаб берди. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг яқинда нашр этилган “Сўз латофати” китобида ҳам “Устоз – отангдан улуғ” дейиш асносида аслида оталар яна бир карра улуғланаётгани жуда тўғри талқин қилинган.

Юртимиз истиқлоли йилларида бетакрор маънавиятимиз ҳақидаги энг ёрқин ва теран фикр-мулоҳазалар “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида ўз ифодасини топган. Бу асарни том маънода замонамиз маънавиятининг гултожи десак арзийди. Маънавий бойликларимизни асраб-авайлаш ва ёш авлод қалбига жо этиш учун аввало уларнинг мазмун-моҳиятини теран англамоқ зарур, деди маърузачи. Бу борада “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари ғоят муҳим манба ва таъбир жоиз бўлса – ишончли қўлланмадир. Бу асарни қанча чуқур ўрганган инсон шу қадар маънавий юксакликка эришаверади.

Улуғбек Усмонов,

uchildiz.uz сайти мухбири

You may also like...

1 Response

  1. To`lqin Eshbek domlamizning har bir uchrashubida kamida bitta yangi eshitasiz. Bu borada ustoz Xurshid Doqstmuhammadga o`xshab ketadi…

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>