“Маҳаллабай” – маҳаллага файз бахш этаверади

Халқимизни ҳаётдан рози қилишдек улуғвор мақсадга эришиш

йўлида “маҳаллабай” асосда ишлаш бугун Тошкент шаҳар Олмазор туман ҳокимлиги, тегишли мутасаддилар ҳамда маҳаллий кенгаш депутатларининг асосий фаолиятига айланган.

Олмазор туман ҳокими биринчи ўринбосари Жаҳонгир Исраилов билан бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбатлашдик.

ЖамиятТанлаш

22:40 / 25.03.2021

– Жаҳонгир Исмагилович, “маҳаллабай” асосда ишлаш Олмазор туман маҳаллаларида қай даражада ўз самарасини кўрсатмоқда?

– Маҳалладаги муаммолар ва уларнинг ечимини аввало ўша жойда кўпни кўрган кишилар яхши биладилар. “Маҳаллабай” асосдаги ишимизни ана шу катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган оқсоқоллар билан бамаслаҳат амалга оширишга киришган эдик. Шу аснода ҳар бир мутасади маҳаллама-маҳалла юриб, аввало жойлардаги муаммоларни атрофлича ўргандилар. Бу муаммоларнинг ечимини ҳал этиш учун аниқ режалар ишлаб чиқилди. Айниқса, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами билан манзилли иш олиб боришга жиддий эътибор қаратилди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларимизнинг муаммоларини “хонадонбай” ҳал этишга киришилди.

Айтайлик, “Саҳоват ва кўмак” йўналишида “Темир дафтар”га ўтган йил бошларида ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтож 3019 та оила (уларда 13047 нафар оила аъзолари, шундан 797 нафари ногирон ва 3443 нафари меҳнатга лаёқатли, бироқ, ишсизлар) ўрганилиб, “Темир дафтар”га киритилган эди. Бу оилаларга қисқа муддатлардаёқ “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 6 миллиард 180 миллион сўмлик ёрдамлар кўрсатилди. Чунончи, 9540 нафар оила аъзолари иш билан таъминланди. Натижада 2385 оила шароити яхшиланиб халқ депутатлари туман Кенгаши қарори билан “Темир дафтар” дан чиқарилди. Бу умумий шундай оилаларнинг 78 фоизини ташкил этади. Туманимиз маҳаллаларидаги яна шундай 637 оила муаммолари босқичма-босқич ҳал этиш изчил давом эттирилди.

– Туман маҳаллаларида яна шундай оилаларнинг муаммолари ўрганиб борилмоқда. Шундайми?

– Албатта. Юқорида қайд этилган оилаларнинг муаммолари ижобий ҳал этилгач, навбатдаги хатлов асносида 1949 та эҳтиёжманд, ночор, ижтимоий кўмакка муҳтож оила “Темир дафтар”га қўшимча киритилди. (Бу оилаларда истиқомат қилаётган 7884 нафар инсоннинг ҳар бири эътиборимизда бўлади, албатта). Шу тариқа олдимизда жами 2716 оиланинг тақдирини ижобий ҳал этишдек улкан вазифалар турарди. Бу оилаларнинг 7884 нафар аъзосига 1,7 миллиард сўм, 2506 нафар 16 ёшгача болаларга 1,25 миллиард сўм моддий ёрдам берилди. Шунингдек, 9540 нафар шу тоифадаги фуқаролар бандлиги таъминланди. Шу тариқа оилавий шароити яхшиланиб, даромад манбаига эга бўлган 2331 оила халқ депутатлар туман Кенгаши қарори билан “Темир дафтар” рўйхатидан чиқарилди.

Биласизми, шунча саъй-ҳаракатларимиз эвазига бўлса-да фаровон яшаш бахтига мушарраф бўлаётган оилалар қувончи – бизнинг ҳам қувончимиздир.

Бироқ, биз ютуқларимиз билан асло чегараланиб қолмаймиз. Муаммоли оилаларни ўрганиш ишлари изчил давом этаверади. “Темир дафтар”да қолган оилалар, яъни, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон (сурункали касалликка чалинган), якка-ёлғиз кекса, бева ва ўзга қарамоғига муҳтож кишиларнинг муаммолари ҳам босқичма-босқич ҳал этилаверади.

Кўмакка муҳтож оилаларнинг муаммоларини ижобий ҳал этишда ҳар бир маҳалла фаоллари, тадбиркорлар, шифокорлар, касаба уюшмалари, бандликка кўмаклашувчи ташкилотлар ва бошқа мутасаддиларнинг хизматлари салмоқли бўлаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Чунончи, қанчадан-қанча кам таъминлаган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан уларнинг даромад манбаини яхшилаш, оила аъзоларини мутахассислиги бўйича бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Ногиронлиги бўлган оилалар барчаси оилавий поликлиника шифокорлари томонидан патронаж назоратига олинган. Уларни доимий тиббий кўрикдан ўтказиш, зарур реабелитация анжомалари билан таъминалаш ҳамда дори-воситалар олишда ёрдам бериб борилмоқда. Ёлғиз яшовчи, муҳтож фуқароларга маҳалла томонидан ҳомийлар бириктирилган, ўз ҳудудида оилавий поликлиника шифокорлари томонидан патронаж назоратига олинган. Уларни доимий тиббий кўрикдан ўтказиш, ҳомийлар томонидан ҳамда “Саховат ва кўмак” ҳаракати доирасида очилган махсус ҳисоб рақамга жамғарилган маблағлар ҳисобидан тизимли ёрдам кўрсатиб борилиши таъминланмоқда.

– Шу ўринда “Ёшлар дафтари” бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йили 8 октябрь куни видеоселекторда берилган топшириқларидан келиб чиққан ҳолда туманда 11 та Ишчи гуруҳ, туман ва сектор Штаблари ташкил қилинган эди. Ишчи гуруҳлари томонидан хонадонма-хонадон юриб муаммоларни ўрганиш натижасида 71735 нафар ёшларнинг ҳаёт тарзи аниқланди ва уларнинг анкеталари шакллантирилди. Ўтказилан ўрганишлар натижасига кўра “маҳалла–сектор–туман” тизимида манзилли “Йўл харита”ларини шаклантириб олдик. Шу тариқа 7438 нафар ёшлар 6 та тоифа асосида “Ёшлар дафтари”га киритилди. Яъни, 1808 нафар ишсиз ёшлар, 1605 нафар тадбиркорликни йўлга қўйиш истагидаги ёшлар, 942 нафар касб-ҳунарга ўқиш истагидаги ёшлар, 235 нафар ногиронлиги бўлган ёшлар, 2187 нафар уй-жойга мухтож ёшлар, 661 нафар хорижда ишлаш истагида бўлган ёшлар муаммоларини ҳал этишга киришилди. Натижада ишсиз бўлган 1808 нафар ёшлардан 73 нафари қурилиш соҳасига, 57 нафари мактаб ва боғчаларга, 13 нафари тиббиёт муассасаларига, 23 нафари чинни заводга, 17 нафари бошқа ишлаб чиқариш, 133 нафари хизмат кўрсатиш ташкилотларига ишга жойлаштирилди. Айни пайтда 169 нафар ёшлар ўзлари танлаган касблари бўйича ишга жойлашдилар. Касб-ҳунарга ўрганиш истагини билдирган 942 нафар ёшларимиздан 156 нафарини туманимиздаги Енгил саноат ва қурилиш коллежларида ташкил этилган 5 та йўналишдаги қисқа муддатли ўқув курсида ўқишга жалб қилиндилар. Иккинчи навбатда яна 200 нафар ёшлар ана шу курсларда ўқийдилар. 235 нафар ногирон ёшлардан 13 нафарига тиббий хизматдан фойдаланиш ва даволаниш учун йўлланма, 186 нафарига дори-дармонлар берилди, 7 нафарига ногиронлик нафақалари тайинланди. 7 нафар ногирон ёшлар саватчилик ва каштачилик ишларига жалб этилиб, доимий даромад манбаи яратилди. Албатта, қолган ёшларни ҳам имкон қадар тезроқ иш билан таъминлаш ҳаракат изчил давом этмоқда.

Айни пайтда 1341 нафар ишсиз ҳамда тадбиркорлик билан шуғилланиш истагида бўлган 1605 нафар йигит-қизлар бандлигини таъминланади. Яъни, “1+1” схемаси бўйича ёшларни тадбиркорларга бириктириб, ижтимоий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали тадбиркорлик фаолиятини бошлаб олишларига замин яратилади. Излаган имкон топади, деганларидек, маҳаллаларимиз ички имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда кўп қаватли уйларнинг бўш турган ертўлаларини тадбиркорларга бириктиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, ҳудудимиздаги 108 та кўп қаватли уйнинг 23 минг кв.м ертўласида, дастлабки ҳисоб-китобга кўра 1000 га яқин, шу жумладан, ёшлар учун 500 дан зиёд иш ўрни яратиш имкони бор.

Айтиш ўринлики, миллий ҳунармандчилик элимизнинг азалий қадриятларидан бири ҳисобланади. Бу борада туманимиз ҳудудидаги имкониятлардан келиб чиққан ҳолда маҳаллаларда саватчилик, каштачилик, заргарлик, дуродгарлик, тикувчилик каби касбларга ўқитиш мақсадида маҳаллалар тасарруфидаги бўш турган 10 та бино негизида ва “Олимпия” маҳалласи сой бўйида 6 та йўналишда ҳунармандчилик марказини барпо этиш орқали 370 нафар йигит-қизлар бандлиги таъминланади.

Айни пайтда илгариги “Агрегат заводи” ўрнида бўш турган бино-иншоотлар ва ер майдонларида “Ёшлар кичик саноат зонаси” ташкил этиш таклифи тайёрланган. Бу билан 2,4 минг кв.метр майдонда 12 хил маҳсулот (мебель, пластмасса маҳсулотлари, кабель маҳсулотлари ва бошқа) ишлаб чиқариш ҳамда 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилмоқда.

Жорий йилда туманимизда 354,6 миллион долларлик 94 та инвестицион лойиҳалар ишга туширилиб, янги яратиладиган 5026 та иш ўринлари ҳисобидан туманда 2,5 мингдан зиёд ёшлар иш билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, туманимизда ёшлар тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ёки ўз фаолиятлариини янада кенгайтириш учун “Микрокредит” банки томонидан уларга жорий йилда жами 15,1 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратиш белгиланган.

– Туман ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Туманимизда 2 та маданият маркази ва 1 та маданият уйи тўлиқ таъмирланиб, қўшимча 11 та тўгарак, 3 та ижодиёт клуби ташкил этилмоқда. 191-мактаб информатика, 224-мактаб математика ва 28-мактаб кимё-биология фанига ихтисослашган “Замановий мактаб”га айлантирилмоқда. 15-мактаб маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ таъмирланиб, талаб даражасида жиҳозлантирилмоқда. Шунингдек, 7 та спорт зали, 3 та стадион, 17 та спорт майдончаси сифатли таъмирланмоқда.

Давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та ташаббус доирасида тумандаги мактабларнинг кутубхоналари қўшимча 20 мингдан ортиқ бадий адабиётлар, 60 та компьютерлар ҳамда мусиқа ва спорт анжомлари билан жиҳозланади.

Жорий йилда туманимиздаги 10 та маҳаллада кичик кўча спорт майдончалари (“Street Workout”, баскетбол, волейбол, бадминтон), 2 та кичик спорт майдончаси, 1 та (Мустақиллик маҳалласида) енгил конструкцияли спорт заллари бунёд этилади.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларнинг Олмазор туманидаги ижроси ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Давлатимиз раҳбарининг видеоселектор йиғилишида айтган қуйидаги фикрлари замирида олдимизга қўйилган вазифалар ижроси янада самарали бўлиши зарурлигини ҳис этдик. Яъни, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари бўлмаслиги лозим. Бунинг учун, тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш зарур. Сарфланган ҳар бир сўм инвестиция одамларимизга уч баравар кўп фойда келтириши, уларнинг даромадини оширишга хизмат қилиши керак.

Бу борада биз ҳам туманимизда тадбиркорлик ва бандлик дастурларини маҳаллага боғлаб, ҳисобга олинган ишсиз ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлаш, “темир дафтар”га киритилган фуқароларимизни камбағалликдан чиқариш чораларини кўрамиз, албатта.

Шу билан бир қаторда бу йил 26 та маҳаллада ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.

– “Маҳаллабай” фаолият асосий мезонга айланган айни пайтда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларининг ўрни қандай бўлмоқда? Яъни, улар фаолиятидан Сиз қай даражада қониқиш ҳосил қилаяпсиз?

– Депутатларимиз фаолиятидан мен қанчалик қониқиш ҳосил қилишим унчалик муҳиммас. Балки, сайловда уларга овоз беришган маҳалла аҳлининг розилиги муҳимроқ. Ҳар бир маҳалла фуқароси ўша депутатини танийдими? Бирор марта суҳбатлашиб, барака топдими, корига ярайдиган иш бўлдими? Биз учун ана шуниси муҳимроқ! Муаммони аниқлаб, мутасаддилар олдига кўндаланг қўйиш осон. Бу муаммолар ечимини ҳал этиш масаласи-чи? Шуни айтиш жоизки, маҳаллий Кенгаш депутатлари орасида хонадонма-хонадон юриб, халқ билан ҳамнафас бўлаётганлар ва турли муаммоларни ижобий ҳал этишда тегишли мутасаддилар билан елкама-елка туриб курашаётганлари талайгина. Тегишли қарорлар қабул қилишимизда ана шу депутатларнинг зукколиги, закийлиги яққол сезилиб туради. Афсуски, ҳамма депутатларимиз ҳақида ҳозирча бундай ижобий фикрлар айтишга қийналамиз. Баъзи оммавий ахборот воситаларида депутатлардан “уйғоқлик” талаб қилинаётгани бежиз эмас. Бугун қайси депутат қай даражада фаолият кўрсатаётгани, сайловчилар ишончини қанчалик оқлаётганини, албатта, вақт кўрсатади. Юқорида таъкидлаганимиздек, мазкур видеоселектор йиғилишида улкан вазифалар белгиланганди. Бу вазифаларни баҳамжиҳатлик билан тўлақонли бажарсак, маҳаллаларимизга шунга яраша файз киради. Шу тариқа юртдошларимизни ҳаётдан рози қилиш муқаддас бурчимизга айланган.

Суҳбатдош: Тўлқин ЭШБЕК,

халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати

https://uza.uz/uz/posts/mahallabay-mahallaga-fayz-baxsh-etaveradi_251794

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>