Миллатнинг қиёфасини асрайлик!

Абдусаид Кўчимов ижодидан сабоқ олган талабалар Устоз каби етук публицист ва шоир бўлиб камолга етишлари мумкин, дейди Дониш домла ЎзМУ Журналистика факультети талабаларини мудом мутолаага чорлаб.

 3

Абдусаид Кўчимов 1951 йил 15 майда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. 1967 йили тумандаги 37-ўрта мактабни битирган. 1968-1972 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факултетида таҳсил олган.Меҳнат фаолияти 1972 йилда “Ўқитувчи” нашриётида корректорликдан бошланди. Мазкур нашриётда олти ой ишлаганидан кейин, болаларнинг республика газетаси – “Ленин учқуни”га адабий ходим бўлиб ишга ўтди ва 1984 йилгача ана шу газетада бўлим мудири, масъул котиб вазифаларида меҳнат қилди. 1984-87 йилларда “Шарқ юлдузи” журналида масъул котиб, 1987-91 йиллари “Ленин учқуни” газетасида бош муҳаррир,1991-92 йилларда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида уюшма раисининг ўринбосари,1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Маданият, ахборот ва туризм бўлими мудири, 1992-1996 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси раисининг ўринбосари, 1996-1997 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида Ахборот маркази раҳбари,1997-2005 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси раиси, 2005-2006 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси раисининг ўринбосари, “Тошкент” телерадиоканали бош деректори вазифаларида хизмат қилди. 2006-йилнинг июл ойидан буён “Хабар” газетасида бош муҳаррирлик қилаётир.Ўзбекистон журналистлари ва Ёзувчилари уюшмаларининг аъзоси бўлган А. Кўчимовнинг биринчи китоби – “Кашфиётчи болалар” 1978 йили чоп этилган эди. Ўтган йиллар давомида “Менинг Ўзбекистоним”( 1979 йил). “Тошбургут” (1981 йил), “Менинг юлдузим”(1984 йил), “Чаноқ”(1985 йил), “Ҳалқа”(1987 йил), “Икки баҳор”(1990 йил), ”Умид дарахтлари”(1992 йил), “Қиёфа”(1996 йил), ”Ёсуман”(2000 йил), “Баланд тоғлар”(2002 йил), “Кўзларимнинг қароғидасан” (2006 йил), “Муҳаббат боғлари” (2008 йил), “Эл сув ичган дарёлар” (2009 йил), «Сайланма»(2011 йил), «Сафар»(2010 йил) номли публитсистик, шеърий ва насрий китоблари чоп этилди.Татар адиби М.Харисовнинг “Қизил сайёрага саёҳат” номли қиссаси А.Кўчимов таржамасида ўзбек китобхонларига тақдим этилган. Адибнинг “Баланд тоғлар” қиссаси ва “Бойчечак” ҳикояси асосида кўп қисмли бадиий филмлар яратилган. “Ҳалқа” ва “Ҳаёт ҳукми” номли китоблари Хитой Халқ Республикасида нашр этилган.Бир қанча ҳикоя, қисса ва шерлари рус, украин, молдован, турк ва бошқа жаҳон тилларига таржима қилинган. Унга табиатни асраб-авайлаш мавзуидаги асарлари учун Халқаро ЮНЕСКО мукофоти, “Ҳалқа” китоби учун Ғафур Ғулом номидаги мукофот берилган.А. Кўчимов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони, “Шуҳрат” медали,”Меҳнат шуҳрати” ордени, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон республикаси Олий Кенгашининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.1990-1994-йилларда Ўзбекистон Олий Совети депутатлигига, 1994-1999 ва 1999-2004-йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига сайланган.

Қуйида Устознинг битта янги мақоласи ва ФБда шов-шув бўлган шеърини эътиборингизга ҳавола этдик.

АКучимСуратда: Абдусаид Кўчимов ва Тўлқин Эшбек ЎзМУда (2018 йил, 6 апрель).

 Миллатнинг қиёфасини асрайлик!

Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган, Андижон вилоятининг Асака тумани бозорида – ўзбек аёлининг (!) эркакларни доғда қолдирадиган гап-сўзлари акс этган видео-тасвирни кўпчилик томоша қилган, албатта.

Тўғри, воқеанинг асл сабаблари ва сабабчилари тўғрисида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) сайтида “Асакадаги “рекетчи” аёллар, ноқонуний бозор, тартибсизлик ва гуруҳлар тортишуви қачонгача давом этади?” номли мақола эълон қилинди. Менинг ҳозирги мушоҳадаларим бу ҳақда эмас, воқеанинг ижтимоий тармоқларда тарқатилиши ҳақида.

Баъзи жойларда қайд этилишича 2017 йилнинг майида, баъзисида 2018 йилнинг декабрида тасвирга туширилган мазкур лавҳа нега энди, орадан шунча сувлар оқиб ўтганидан кейин тарқатилаётир? Ниманинг аломати бу? Кимга, нега керак бўлиб қолди эски можарони чуқалаш? Ёхуд ҳаётимизда, жумладан, бозорларимизда кўрсанг, кўзингни қувнатувчи, гўзал, баҳри дилни очадиган воқеалардан кўра муҳимми, аҳамиятлими бу? Умуман, нима учун кўпинча яхши нарсалар бир четда қолиб, қаердаки можаро, бир-бирини гўёки “фош қилган” воқеаларни кўрсак, ўшаларнинг тафсилотига берилиш, уни имкон қадар бошқаларга етказиш учун ошиқишга мойил бўлиб кетяпмиз? Ижтимоий тармоқлар дунёга тарқалади. Биз бир аёл жанжали билан ўзбек аёлларининг бариси шунақа – шаллақи, беодоб экан деган тасаввур уйғотиб қўймаяпмизми жаҳон аҳли орасида? Меҳрибон, меҳнаткаш оналаримиз, опа-сингилларимиз шаънига доғ тушириб қўймаяпмизми билиб-билмай? Майли, у аёлнинг турган-битгани шудир ва ёхуд ўша гапларини азбаройи “жаҳли чиқиб, ақли кетган” дамда айтгандир. Уни эл аро шармисор қилишдан мурод нима?.. Дунёга жар солмасдан, ўша тасвир воситасида келишмовчиликларни жойида ҳал қилишга ёрдам берсак, кўпроқ фойдамиз теккан бўлмасмидик? Майли, борингки ана, қайсидир “шов-шув”га ўч мардум уни тасвирга олибди ҳам, дейлик. (Бу уятли ҳодисани видеога олиб, тарқатганларнинг ҳам онаси, опа-синглиси бордир…) Тасвирга боқсангиз, унда қанча одам томошабин бўлиб турганини илғайсиз. Аёл қўлини пахса қилиб ўдағайлаган жойда, аҳли томошабин орасида кўпни кўрган кексалар, зиёлилар, ота–оналар, аёлу эркаклар ўтиб-қайтиб туришибди. Ҳайрон қоласанки, уларнинг биронтаси бир оғиз, “Ҳой, фалончихон, қўйинг, бу гаплар сизга ярашмайди”, демайди. Ёки четроққа тортиб, инсофга чақирмайди, “Отанг яхши, онанг яхши”, дегандай ҳовуридан туширмайди. Улуғ шоиримиз топиб айтганидек, шунчалар “томошага ўч” бўлиб қолдикми?..

Нима бўлганда ҳам, бир аччиқ ҳақиқат шуки: ўша, биз оламга довруғ сочиб, шармисор қилаётганимиз аёл ҳам – шу юртнинг, шу элнинг, шу миллатнинг бир вакиласи. Миллат эса онамиздек азиз бир хилқатдир. Шуни унутмайлик!..

На изображении может находиться: Абдусаид Кўчимов, костюм

Артиб ташланг дилдан сиёҳни

(Аламзадаларга)

Пайдо бўлибдики, аҳли одамзот,
Дунёда мавжуддир турфа тўдалар.
Улар орасида айрича жонзот,
Ажаб яратиқдир аламзадалар.

Суврати аёндир балки, сизларга,
Балки, таърифлашга йўқдир эҳтиёж.
Эҳтимол, учраб бу фожир кўзларга,
Балки, туҳматига тўлагансиз бож.

Бу қавм тўн бичмас қараб бўйига,
Кўрпасига қараб узатмас оёқ.
Лекин истайдики, кўча-кўйида
Ҳамма таъзим қилса кўрган дамдаёқ.

Ўзиники бўлса давралар тўри,
Баланд минбарлардан тушмасалар ҳеч.
Юрар йўлларида қуёш, ой нури —
Атласдай тўшалиб ётса эрта-кеч.

Уларнинг услуби беор, беомон,
Бири Тошкандаю, Румда бирлари.
Ҳабаш кўппагига айланар шу он,
“Ол!”, деб олқишласа, агар пирлари.

Аёнки, ҳар кимга отилмагай ўқ,
Танлашар, аввало, омадлиларни.
Висир-висирларга вақту ҳуши йўқ —
Муҳтарам, алпона қоматлиларни.

Кимки бўйсунмаса, қисмати аён:
Тирноқлар остидан ахтаришар кир.
Курк товуқ гўнг сочиб, қидиргандек дон,
Етти минг пуштингни титкилар бир-бир.

Шу ғажир подага дуч келдим мен ҳам,
Аввал ҳайрон бўлиб қолдим, анчайин.
Андишалар қилиб, индамай турсам,
Қутирди, индамай турганим сайин.

Сочимнинг оқига ёпишди бири,
Бири интиқ кутар, шишадай синсам.
Фано даштларида, адам ёмғири —
Асад томчисидай йўқолсам — тинсам…

Эй, фалак! Бу каслар нега асабий,
Нимадан тўймайди бу ғаламуслар?
Тупроғи қайдандир, недир насаби,
Илонми, чаёнми ё каламушлар?

Ярамаган бўлса, пойгага оти,
Етолмаган бўлса, манзил-маррага
Кимга зарил энди алам, фарёди,
Қандай эҳтиёж бор заққум-зардага?!

Ахир, халқуми деб, халқини сотган,
Каслар-ку, бу зотлар — мунофиқ, чатоқ;
Иягига довур қарғишга ботган,
Одам шаклидаги иблис-ку, олчоқ!

Тангрим, омад бергин майли, уларга,
Кўзлари беҳуда ёшланмасинлар.
Аммо яхшиларга дуч келган дамда,
Очофат йиртқичдек ташланмасинлар.

Агар омон бўлса, зарра виждони,
Йиғиштирсин йиртиқ этакларини.
Қоғоздек ёндирсин, ёқсин ёлғонни,
Ёндирсин мулаввас эртакларини.

Фақат, тез даф қилсин ғаразгўй шонни,
Дилбар сўзлар бўлсин байту баётда.
Агар шоир бўлса, устоз Чўлпондай,
Боғлар барпо қилсин адабиётда.

О! Бу кун нақадар чексиз, бепоён,
Ватандошларимиз орзу ўйлари.
Яратмоқ туйғуси кезмоқда шоён,
Кўкланиб бормоқда Орол бўйлари.

Сиз ҳам гиналарни бас қилинг, тамом!
Нонкўрларча берманг ёлғон ваъдалар.
Бугун она юртга битта бўлса ҳам
Дарду бедаводир аламзадалар.

Бир пайтлар инидан ҳайдалиб, ҳар ён,
Тўзиб-тўзғиб кетган қушлар сингари;
Яна уйларига қайтмоқда шодмон
Тариқдай сочилган ўзбекнинг бари.

Тикон деворларга қолди кунимиз,
Қанча олишдик “тўс-тўс”чилар билан.
Бугун яна дўстмиз, оға-инимиз,
Минг йиллик қадрдон қўшнилар билан.

Алдов-адоватнинг тишлари синди,
Адлу адолатдан сўзлар сўзимиз.
Ҳей! Сиз, кимлар билан рақибсиз энди,
Қачон уйғонади, кўрми, кўзингиз?!

Ойдин оқшомларда яшнаб турар ой,
Олмосдай ярқирар адрасли тонглар.
Сизнинг дилингизга қўнмасми чирой
Кетмасми кўкайда занглаган, занглар.

Бугун ўлкамизни қучаётир шон,
Қуриш, бунёдкорлик давридир бу дам;
Шубҳасиз, манзилга етажак карвон,
Шубҳасиз, яшнагай, Ватан сизсиз ҳам.

Тезроқ артиб ташланг дилдан сиёҳни,
Шу юртга бор жону жаҳонни тикинг.
Сочларини силаб битта гиёҳни,
Ҳар куни бир жамбил, бир райҳон экинг.

Келинг, битта тану битта мушт бўлиб,
Шу қутлуғ заминга тикайлик жонни.
Дала-дашт гулларга кетсинлар тўлиб,
Чаманга буркайлик Ўзбекистонни!

Абдусаид КЎЧИМОВ

 

XS.UZ
ФБдаги муносабатлардан бир шингил:
Комментарии
 Тулкин Эшбек
  • Тулкин Эшбек Бугуннинг энг долзарб мавзуси! Яшанг, Абдусаид ака! Биз талаба-ёшларимизни қандай кимсалар таъсиридан асрашимиз зарурлиги борасида мудом изланамиз. Бу шеърингизни «Қўшимча адабиётлар» рўйхатига киритиб қўйдик. Сиздан шу мавзуда мақолалар ҳам кутиб қоламиз, Устоз!
    • Дильбар Хайдарова
  • Нурхаёт Ахмедова АБДУСАИД АКАНИНГ ШЕЬРЛАРИДА ИНСОН ХАЕТИНИНГ БАРЧА КИРРАЛАРИ УСТАЛИК БИЛАН ОЧИБ БЕРИЛГАН.СУЗЛАР СЕХРИДА ЯХШИЛИККА УНДАШ ХУКМРОНДИР.АКА МУСТАКИЛЛИКНИНГ ДАСТЛАБКИ ЙИЛЛАРДАН БУЕН ТУРЛИ КАТТА ЛАВОЗИМЛАРДА ИШЛАГАН БУЛСАЛАРДА, КАМТАРЛИК, ХАЛОЛ ПОКЛИК, ВАТАНПЕщё
    • Гулжахон Мардонова
    • Гулжахон Мардонова Нурхаёт Ахмедова фикрдошим гапларингиз чин хакикат. Устозимиз Абдусаид ака ана шундай тарбияни оилада олганлар. Оила асослари эса узгармас эскирмас синмас ва енмасдир. Рахмат сизга юракка якин гапларингиз учун.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>