Миллий университетда коррупцияга ўрин йўқ!

Олий таълим соҳасида порахўрлик иллатига қарши кураш муросасизлик билан

давом этмоқда. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходимлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда бу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни ва давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида олий таълим тизимини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш борасида концептуал фикрлар ўртага ташлангани бежиз эмас.

Тадбирда сўнгги пайтларда баъзи олий таълим муассасаларида юз берган салбий иллатлар, айрим масъул ходимларнинг пора олаётганида қўлга тушгани тасвирланган видеофильм намойиш этилди.

Видеофильмда сўз юритган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Отабек Бозоровнинг айрим мулоҳазалари тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Унинг таъкидлашича, шундан келиб чиқиб, олий таълимда “коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, қабул жараёни, талабалар билимини баҳолаш, ўқишни кўчириш ва нострификация, ОТМларни такомиллаштириш, ўқитувчилар ижтимоий ҳимояси, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш каби йўналишларини қамраб олган, 2019-2020 йилларда амалга ошириш белгиланган “Йўл харитаси” қабул қилинди. Унинг доирасида 2 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакаcини ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, олий таълим муассасаси раҳбар кадрларининг ўқув-методик ва илмий-педагогик фаолияти натижалари инобатга олинадиган, уларга мунтазам равишда касбий ўзини ўзи ривожлантириб бориш имкониятини берувчи узлуксиз малака ошириш тизими амалиётга жорий этилди. Ўқитишнинг замонавий усулларини қўллаш билан боғлиқ фан ва курсларни кенгайтириш мақсадида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув режаларига 13 та янги модуль киритилди. Бундан ташқари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар инвентаризациядан ўтказилмоқда. Унга мувофиқ, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупцияга оид ҳолатларни келтириб чиқарадиган нормалар аниқланса, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади. Олий таълим муассасалари веб-сайтларида “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар портали яратилади. Ҳозирда бу бўйича ахборот тизимининг техник топшириғи ишлаб чиқилди. Таълим муассасалари ўртасида коррупцияга қарши кураш рейтингини жорий қилиш, ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини шакллантириш ҳамда таълим жараёнига “Булутли технологиялар” (электрон университет)ни босқичма-босқич татбиқ этиш, талабалар ўртасида коррупцияга оид ҳолатлар юзасидан онлайн сўровномалар ўтказиб бориш масалалари бўйича чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланди. Касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, манфаатлар тўқнашувини бартараф қилиш ва коррупцияга қарши курашишнинг бошқа йўналишлари бўйича қисқа муддатли ўқув дастури тайёрланди. Бу олий таълим муассасалари ходимлари ва профессор-ўқитувчиларнинг коррупцияга қарши курашиш йўналишлари бўйича малакасини ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг академияси билан ҳамкорликда амалга оширилади. Коррупциянинг олдини олишда олий таълим муассасаларига кириш синовларини шаффоф, очиқлик тамойиллари асосида ўтказиш ҳам ниҳоятда муҳим. Шу нуқтаи назардан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига кириш имтиҳонларининг бир қисмини (5 тадан 2 ёки 3 тасини) тест синовлари орқали, касбий (ижодий) имтиҳонларни жамоатчилик ва онлайн кузатувда ўтказиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Улар ўрнатилган тартибда Давлат тест марказига тақдим этилади. Олий таълим муассасаларида коррупция кенг тарқалишига сабаб бўлган асосий омиллардан яна бири – ойлик-маош саналади. Шу маънода, тизимдаги таълим муассасаларининг бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг амалдаги намунавий штатларига ўзгартириш киритиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, бош ҳисобчи муовини – аудитор лавозими “Бухгалтерия” бўлимидан чиқарилиб, “Ректорат” таркибига киритилди. Шу орқали унинг бўйсунуви бош ҳисобчи бўйсунувидан тўғридан-тўғри биринчи раҳбар бўйсунувига ўтказилади. Ҳозирда олий таълим муассасаси аудиторининг иш ҳақи тариф коэффициенти ва разрядларини белгилаш бўйича иш олиб борилмоқда. “Йўл харитаси”да белгиланган тадбирларни амалга оширишнинг энг яқин муддати 2019 йилнинг тўртинчи чорагига белгиланган. Буларнинг барига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси ҳамда Бош прокуратура академияси яқиндан ёрдам бермоқда. Агарки, биз барчамиз биргаликда, ҳамкорликда ишламасак, фақат айрим масъул лавозимдаги инсонларгагина ишониб ўтираверсак, жамоатчилик назоратини кучайтирмасак, коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканини англаган ҳолда иш юритмасак, режаларимиз, мақсадларимиз қоғозда қолиб кетиши ҳеч гап эмас…

ЎзМУ ректори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Авазжон Мараҳимов университетда иккита махсус гуруҳ ташкил этилгани, бири – таълим сифати, иккинчиси – айнан коррупция билан боғлиқ жиноий хатти-ҳаракатларни ўрганиш билан шуғулланиши ҳақида сўз юритди. Эндиликда Миллий университетда коррупцияни таг-томири билан йўқотишга қаратилган чора-тадбирлар режасини амалга ошириш учун ҳар бир профессор-ўқитувчи ва масъул ходимлар масъул эканини ҳис этмоқлари шарт.

Тадбирда профессор-ўқитувчилар бу борадаги таклифлари ва режалари билан ўртоқлашдилар.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>