Мудҳиш хато

Қайсидир ижтимоий тармоқда қуйидаги “нолишнамо” гапларни ўқиб энсам қотди:

“Ўзбекистон Миллий университети Физика факультетида ўқийман. Эрталаб дарсга кечикиб келган талабаларни факультетга қўйишмаяпти. Устига-устак уларни суратга олиб, эшик олдига – “сазойи тахтаси”га илиб қўйишган. Маъмуриятнинг дарсга қўймасликка ҳаққи борми? Биз контракт пулини нима учун тўлаяпмиз: дарс учунми ёки ташқарида кутиб ўтириш учунми?”

https://t.me/joinchat/

1ф

Шунақа нотўғри фикрлайдиганларга жавобимиз қуйидагича:

Университет сизни бугун дарсга, эртага ишга кеч келадиган интизомсиз кадр қилиш учун “контракт пули” олмайди! Айб ўзингизда-ку? Интизомли бўлинг ва дарсга ўз вақтида келсангиз сиздан яхши талаба бўлмайди. Шукрки, жуда тарбияли, интизомли талабаларимиз жуда кўп. Ориятли, тарбияли талабага хатосини айтсанг, интизомсизлик қилганида чора кўрсанг, узрини айтади, озроқ қизаради ва тезда ўзини тузатиб олади.

“Контракт пули” фақат ўқиш учун эмас, тарбия олиш учун ҳам тўланади. Кимки тарбиясиз бўлса, “мен тарбиялиман” ёки “тарбиямга тил теккизманг”, дея ўшқириб, баттар тарбиясизлигини кўрсатади.

Ундан ҳам баттарроғи – оиладек муқаддас университетига тош отиб, шунақа бўлмағур гаплар ёзади…

Ўзи ноҳақ бўла туриб, кимнидир ёмонотлиқ қилиб ёзиш – энг катта тубанлик ҳисобланади. Қайсидир талабамиз ёшлигига, ғўрлигига бориб шунақа бўлмағур гапларни ёзиб қўйган бўлса, тавба қилсин. Бошқа бунақа гуноҳга ботмасин. Ахир, Устоз – отангдан улуғ, деган мақол бежизга айтилмаган. Бу мақол моҳияти энг Муқаддас китобларимиздан олинган экан, унга амал қилган талаба ҳам албатта камолга етади. Устозга тош отиш – ота юзига оёқ қўйишдан оғирроқ гуноҳлигини асло унутманг.

Кимдир сизга “шунақа ёзавер” деб гиж-гижлаган бўлса, билингки, энг хавфли душманингиз ўша кимса бўлади. У Сизга тўғри йўл кўрсатиш ўрнига иғвогарлик жарига, ботқоғига итарибди… Унақалардан минбъад узоқ юришингизни маслаҳат берамиз.

Университет профессор-ўқитувчилари учун илм-фан сирларини ўргатиш унчалик қийин эмас. Бироқ, тарбиялаш нақадар мушкул. Бировларнинг кап-катта ўғли ёки қизига “дарсга кеч келма!”, “зиёлига хос кийиниш маданиятига амал қил!”, “ёши улуғларга салом бер!”, “дарсда телефон ўйнама!”, “соқолингни олиб юр!”, «папирос чекма» ва ҳоказо гапларни айтиш учун ўқитувчининг асаби қанчалик емирилишини, соғлиғига путур етишини наҳот тушунмасангиз? Дарс бошланганидан сўнг, кечикканларга чора кўриш осонми? Бунинг учун мутасаддилар қанчалик изтироб чекиши, асаби бузилишини, афсуски, ҳали тушунмайсиз. Чунки, ёшсиз. Фақат ўз манфаатингизни ўйлайсиз. Устозларингиз сизни тўғри тарбиялаш ва жамиятга интизомли, муносиб кадр етиштириб бериш учун курашади.

Буни тушуниш учун одам энг аввало тарбия олишга лаёқатли бўлмоғи лозим.

Дарсга кеч келадиган талаба қанчалик маънавий зарар келтиришини наҳот тушунмаса?! Дарс бошлангач, ҳамма талабанинг диққати домлада бўлади. Эшик очилгач, ҳамманинг диққати бўлинади, асаблар бузилади…

Ўқишга доим кеч келадиган талабани бугун тузата олмасак, у эртага ишлаб чиқаришга боргач, бир умр ишга ҳам кеч келади… Очиғи, баъзи идораларга бориб, керакли ходимни соатлаб кутганингда тоқатинг тоқ бўлгач, асабийлашиб: “ҳе сенга таълим берганниям…” деб юборганингни билмай қоласан. Ҳа, бугун дарсларга кеч келадиган бундай талабалар эртага ишга боргач, ҳеч қачон белгиланган вақтда келмайди. Ишга кеч келадиганлар шу қадар зарар келтирадики, алал-оқибат давлатимиз тараққиётдан анча кеч қолишига “ҳисса” қўшиб юборганини сезмайди…

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини бу борада ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатгим келади. Институт атрофи баланд темир панжара билан ўралган. Ҳар куни соат 9.00 да дарвозаси бекилади. Кеч қоладиган домланинг ҳам, талабанинг ҳам кераги йўқ, вассалом. Бу қатъий талаб бутун институт жамоасида кўникма ҳосил қилди, интизомга ўргатди! Дарс бошланган лаҳзада институт атрофида кечикиб, ивирсиб юрганларни учратмайсиз!

Физика факультети мутасаддиларининг интизомни мустаҳкамлашга, дарсга кеч келадиган талабаларни тарбиялашга қаратилган бу саъй-ҳаракатини қўллаб-қувватлаймиз! Худди шундай тарбиялаш усули атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг «Уч илдиз» романида ҳам жуда таъчирчан тасвирланган. Бу усул-тажрибани бошқа факультетларда ҳам оммалаштиришни тавсия этамиз.

Демак, сиз “контракт пули”ни аввало тарбияли инсонга айланиш, комил инсон бўла олиш учун тўлаяпсиз. Шундоқ инсон даражасига ета олсангизгина олган илмингиз ҳайф кетмайди. Чунки, халқимизда “Олим бўлса, одам бўл!” деган ҳикмат бекорга айтилмаган.

 

Келгусида буюк физик олим ва комил инсон бўлишингизга омад тилаб қолувчи

ДОНИШ домла

You may also like...

6 Responses

  1. Зокиров Мадина:

    Фикрингизга юз фоиз қўшиламан. Устозлар яхши кадр бўлиб етишимиз учун, яхши инсон бўлишимиз учун бизга танбеҳ беришади. Тонгда бироз эрта турсак ўқишга бориб нонушта қилиб олишга, берилган вазифани такрорлаб олишга ҳам вақтимиз бўлади. Устозларни бизга нисбатан бефарқ эмасликларидан севинайлик ва уларни ҳурмат қилайлик. УСТОЗ — ОТАНГДАН УЛУҒ деган мақол бежизга эмас ахир!

  2. Talabalar o’zlari tahsil olayotgan joyning tartib qoidalariga rioya qilishlari kerak. Darslarga vaqida kelish ham bizlarning asosiy vazifamiz deb hisoblayman. Har darsda bir xil kech qoladigan talabalarga hayron qolaman, «ustoz uzr kech qoldim, kirsam bo’ladimi» degan gapni harkuni takrorlash tarbiyasi mukammal, mas’uliyatli talabalar uchun xos emas. Ular bugun kech qolishadimi, boshqa bunday uyatli ishni takrorlamaslik uchun astoydil harakat qilishadi. Chunki ular kech qolib, ustozlar oldida izza bo’lishni o’zlari uchun oddiy hol emas balki, kichik fojia deb bilishadi.

  3. Malikova Dildora:

    Fikringizga mutlaqo qo’shilaman! Oligohga taxsil olgani keldikmi o’z vazifamizni bajaraylik.

  4. Malika Mo'minova:

    Talabalar imkon darajasida o’z vazifalarini astoydil bajarishga xarakat qilshlari lozim. Ota onamizni ishonchini oqlashimiz kerak.

  5. Anonym:

    XURMATLI MA’RIFATLI DONISH DOMLA! YUQORIDA SIZ «ENG MUQADDAS KITOBLARIMIZDA HAM USTOZ OTANGDAN ULUG’» MAQOLI «O`ZBEK XALQ MAQOLLARI» KITOBI SO`ZBOSHISIDA ASOSLAB BERILGANINI JUDA TO`G`RI TUSHUNTIRDINGIZ. BU MAQOL MOHIYATINI BUZIB GAPIRGANIM UCHUN JUDA KATTA OG’IR GUNOHGA BOTIB YURGANIMNI TUSHUNDIM. BUNING UCHUN SIZGA UMRBOD TA’ZIMDAMAN!
    BUNDAN KEYN USTOZ OTAMDAN ULUG’LIGINI BILGANIM UCHUN BARCHA USTOZLARIMNING HURMATLARINI JOYIGA QO`YISHGA SO`Z BERAMAN.
    SIZ MUQADDAS KITOBLARNI O’QIB, ASL MOHIYATINI TUSHUNTIRA OLGAN ULUG` USTOZIMIZSIZ.
    SIZ BU TARBIYANAMO MAQOLANGIZ TUFAYLI ASLIDA MENING KO`ZIMNI OCHDINGIZ. AQLDAN ADASHGANLARNI ODAM QILDINGIZ.
    MUDHISH XATOIMNI TUSHUNDIM. OLDINGIZDA XIJOLAT BO`LIB, YUZIM CHIDAMAGANI UCHUN SHU TAXALLUSDA YOZDIM. GUNOHIMNI YUVAMAN VA BIR KUN YORUG` YUZ BILAN TIZ CHO`KIB, SIZDAM UZUR SO`RAYMAN!

    • Азиз талабам! Хатоингизни тушунганингиз — бизнинг катта ютуғимиз, деб ҳисоблаймиз. «Ўзбек халқ мақоллари» китобидан ташқари Эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати», Ўткир Ҳошимовнинг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар»ида ҳам УСТОЗ ОТАНГДАН УЛУҒ мақоли жуда чиройли шарҳланган. Сиздек хатосини тушунган талабамга «Аноним» деган бўлмағур ниқоб ярашмайди. Курсдошларингиздан ўрнак олиб, яхши инсон бўлишингизга тилакдошман.
      Ҳурмат билан Дониш домла

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>