Навоий ва Бобурнинг мангу мерослари

“Агробанк” акционерлик-тижорат банкида шу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди.

1

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мазкур маънавий-маърифий тадбирдан он-лайн орқали республика “Агробанк”ининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоят бошқармалари жамоалари ҳам баҳраманд бўлдилар.

4

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти Тўлқин Эшбек буюк аждодимиз, шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 575 ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 533 йиллиги ҳақида сўз юритар экан, аввало буюк аждодларимиз шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

9

– Қатор адабиётларда, дарсликларда баён этилганидек, Низомиддин Мир Алишер 1441 йилнинг 9 февралида Ҳиротда туғилганини яхши биламиз,– деди маърузачи.– Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳруҳнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан; мамлакатни идора этишда иштирок этган. Онаси Қобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи. Алишер Навоийнинг болалиги Шоҳрух ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келган. У темурийзодалар, хусусан бўлажак подшоҳ Ҳусайн Бойқаро билан бирга тарбияланган. 4 ёшида мактабга бориб, тез савод чиқариб, туркий ва форсий тилдаги шеърларни ўқиб, ёд ола бошлаган. Ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилни ҳам мукаммал эгаллаган. 1447 йил 12 мартда мамлакат подшоҳи Шоҳрух вафот этгач, тахтга даъвогарлар орасида ўзаро кураш бошланади. Навоийлар оиласи ўз тинчлигини кўзлаб, Ироққа кўчишади. Таф шаҳрида Алишер машҳур «Зафарнома» тарихий асари муаллифи, шоир Шарафиддин Али Яздий билан учрашади. Бу учрашув болада ёрқин из қолдиради. Ғиёсиддин Баҳодир оиласи Ҳиротга, қарийб икки йил муддат ўтгач, қайтади. Абулқосим Бобур Ғиёсиддин Баҳодирни Сабзавор шаҳрига ҳоким қилиб тайинлади. Алишер Навоий Ҳиротда қолиб ўқишни давом эттирди. У шеъриятга ғоят қизиқди, Шарқ адабиётини қунт билан ўрганди. Оила муҳити болалигидаёқ унда адабиётга зўр ҳавас туғдирган эди. Тоғалари Мирсаид – Кобулий, Муҳаммад Али Ғарибий етук шоир эдилар. Алишер Навоийлар уйида шоирлар тез-тез тўпланишиб, мушоира қилишар, адабиёт ва санъат ҳақида суҳбатлашар эдилар.

Алишер 10-12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:

Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш

матлаъли ғазалини тинглаб: «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…» деган. Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган. Шеърларини туркийда Навоий, форсийда Фоний тахаллуслари билан ёзган.

Алишер Навоий 13-14 ёшларида отаси ҳаётдан кўз юмади. Уни Абулқосим Бобур ўз тарбиясига олади, катта бадиий истеъдоди учун ғоят эъзозлайди. 1457 йилнинг баҳорида тўсатдан Абулқосим Бобур ҳам вафот этди. Хуросонни Мовароуннаҳр ҳукмдори Султон Абу Саид эгаллайди ва пойтахтни Самарқанддан Ҳиротга кўчиради. Ҳусайн Бойқаронинг тахтни эгаллаш йўлидаги биринчи рақиби – Абу Саид эди. Алишер Навоий оиласининг хоҳиш-рағбати Ҳусайн томонда бўлиб, бу аввало уларнинг оилавий яқинликлари билан изоҳланарди, бундан янги ҳукмдор ҳам яхши хабардор эди. Бу вақтда мамлакатда таниқли шоир бўлиб қолган Навоийни Абу Саид таъқиб қилиб, Ҳиротдан чиқариб юборади. 1469 йил бошларида Султон Абу Саид Қорабоғда ўз аскарлари томонидан ўлдирилади. Кўпдан буён шундай вазиятни кутиб юрган Ҳусайн Бойқаро зудлик билан келиб, Ҳирот тахтини эгаллайди. Алишер Навоий ҳам Ҳиротга келади.

3

Ҳусайн Бойқаро 1472 йилнинг феврал ойида уни ўз саройининг бош вазири қилиб тайинлайди ва унга «Амири кабир» унвонини беради. Алишер Навоий янги лавозимда аввало бутун кучини мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатишга қаратди. Вақф ишларини тартибга солишга киришди. Шаҳарларда савдо-сотиқ, ҳунармандчиликни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Алишер Навоий саъйи ҳаракати билан қишлоқларда деҳқончилик маданияти ўсиб боради. Шаҳарлар, хусусан Ҳирот кун сайин обод бўла бошлайди.

Бу даврларда Ҳиротда адабий ҳаёт жўш урган. 1470 йилларнинг охирларида Алишер Навоий ўзининг ўзбек тилида ёзган шеърларидан иборат илк девони – «Бадоеъ ул-бидоя»  («Бадиийлик ибтидоси»)ни тузди.

Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижоди фақат ўзбек адабиётидагина эмас, балки жаҳон адабиётида ҳам салмоқли ўринга эга. Навоий лирик, эпик ва фалсафий асарлари билан XV аср адабиётида чуқур из қолдирди. Улуғ шоирнинг асарлари ҳаётлик давридаёқ Хитойдан тортиб Кичик Осиёгача етиб борди ва ҳозирда бутун дунё халқлари ҳам севиб ўқишмоқда.

«Хамса» достони Навоий ижодининг дурдонаси саналади. Ўзбек тилида «Хамса» – беш достон яратиш мақсади ёшлигидан бўлган. Бу мақсадини 1483-85 йилларда амалга оширди. Асар ўзбек адабиёти шуҳратини оламга ёйиб, жаҳон адабиётининг дурдоналаридан бирига айланди. Яна унинг «Тарихи мулуки Ажам», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Рисолаи муаммо», «Мажолис ун-нафоис», «Муншаот», «Мезон ул-авзон», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Насоим ул-муҳаббат», «Девони Фоний», «Лисон ут-тайр», «Муҳокамат ул-луғатайн», «Маҳбуб ул-қулуб», «Назм ул-жавоҳир», «Тарихи анбиё ва ҳукамо», «Сирож ул-муслимин», «Арбаин» каби бебаҳо асарларини ҳам асрлар оша аждодларимиз катта қизиқиш, зўр эҳтиром билан ўқиб-ўрганиб келганлар. Бу шоҳ асарлардан бугунги ва келгуси авлодлар ҳам баҳраманд бўлаверадилар.

6

Маърузачи Ўзбекистон истиқлолга эришиш арафасидаёқ мамлакатимизда 1991 йил – “Алишер Навоий йили” деб эълон қилиниши замирида оламча маъно мужассам бўлганини изоҳлаб берди. Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Бу бебаҳо меросни ўрганиш, ундан халқимизни янада кенг баҳраманд этиш, ёш авлод онгу шуурига буюк аждодимиз адабий-маънавий меросини жо этиш ҳам фарз, ҳам қарздир.

Суҳбат давомида маърузачи атоқли адиб Ойбекнинг “Навоий” ва Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” (“Бобур”) романларини теран нигоҳ билан ўқишни тавсия этар экан, яна бир буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳам сўз юритди.

5

Маълумки, Жаҳон тамаддуни ривожига ўз ҳиссасини қўшган Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1482 йил Фарғона водийсининг Андижон вилоятида таваллуд топган. Унинг отаси Умар Шайх Мирзо темурийлар сулоласига мансуб бўлиб, Абу Саид Мирзонинг ўғилларидан бири, Фарғона ҳукмдори эди. Болалик даври темурийлар давридаги ички сиёсий низолар авж олган даврга тўғри келган бўлса-да, у ўзида ватанпарварлик, инсонпарварлик, адолатлилик каби бир қанча ижобий ҳислатларни намоён эта олди.

Соҳибқирон Амир Темур авлодлари ичида Фарғона водийси аҳлининг жуда кўп фазилатларини ўзида мужассам этган шахс буюк, аждодларимиздан бири Заҳиридин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди қарийб 5 асрдан буён катта қизиқиш билан ўрганилиб келинмоқда. Бу эса, унинг асарлари жамият ҳаётида нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини билдиради.

Мустақиллик йилларида ота боболаримизнинг маънавий меросини ўрганиш учун барча шарт-шароит яратилди.

2014 йил апрель ойи Самарқанд шаҳрида ўтказилан “Ўрта асрлар шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизацияси ривожидаги ағамияти ва роли” мавзуига бағишланган халқаро конференцияда Юртбошимиз Ислом Каримов Бобурнинг “Бобурнома” асарини араб тилига тилига таржима қилган Қоҳира университети ўқитувчиси Магида Махлуф хонимга ўз ташаккурини билдирди. Шу ўринда тан олиш керакки ҳар қандай юртнинг фозил инсонлари, олимлари-ю адолатпарвар шоҳлари бўлар экан, бу диёр барчанинг эътирофига сазовор бўлади. Хусусан, Эдуард Холден Бобурнинг ижодини ўрганар экан: «Бобур феъли сажиясига кўра, Цезарга қараганда севишга арзигуликдир», деган хулосага келади.

Боғ яратиш анъанаси буюк аждодларимиздан мерос. Амир Темур бобомизнинг Самарқанддаги серфайз боғлари довруғи етти иқлимга машҳур бўлган. Бу эзгу анъана илғор фикрли темурийзодалар, хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан ҳам давом эттирилган. Фалак гардиши ила ул мўътабар зотнинг “Боғи Шаҳроро”, “Боғи Жаҳоноро”, “Ўртабоғ”, “Боғи вафо”, “Боғи Бобур” каби боғлари ўзга юртларда қолиб кетди… Бугун ўша боғлар ўрнида бирор туп дарахт қолдими-йўқми, билмайман. Бироқ, буюк мутафаккир шоир ва давлат арбоби бўлган бобомиздан қолган беқиёс маънавий боғлардан нафақат биз, балки, бутун жаҳон аҳли асрлар оша баҳрамандирлар. Маънавият осмонида қуёш янглиғ порлаган бу хазинанинг эса умри боқийдир. Шу мавзуда анча йиллар муқаддам раҳматли адибимиз Пиримқул Қодиров шундай деган эди:

– Боғ яратганнинг номи боқий бўлар экан. Юртимиз истиқлоли берган яна бир беназир неъмат – шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб турган энг гўзал боғлардан бирига Бобур номи берилгани бўлди. Кўз ўнгимизда Бобур боғи янгидан барпо этилгандек қувонган эдик. Бу истироҳат боғига қачон бормай буюк аждодимиз руҳи кезиб юрганини ҳис этаман…

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллиги муносабати билан 1993 йилда Юртбошимиз фармонига биноан мазкур истироҳат боғига ва унга туташ кўчага Бобур номи берилгани чиндан ҳам юртимизда улкан воқеа бўлган. Буюк бобомиз номи Андижондан тортиб Қорақалпоғистонгача барча вилоятларда, шаҳарларда абадийлаштирилгани бетакрор аждодимиз руҳини шод этган! Мирзо Бобур тенгсиз ижоди ила ҳар бир инсон қалбида эзгулик дарахтини ундириб кетган. Бу дарахтлар куртаги янги-янги авлодлар қалбида ҳам мудом барқ ураётир. Илло, Бобур бободек буюк аждодимиз билан фахрланмаган, қалбида ғурур ҳиссини туймаган юртдошимизни тасаввур қилолмайман. Қайсики қалбда Бобур боғлари барқ уриб турган экан, демак у юксак маънавиятга эришибди, ҳаётнинг маъносини, мазмун-моҳиятини англаб етибди, дегим келади.

Буюк аждодимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида биз тенггилар ўтган асрнинг 79-йилигача фақат адабиёт дарсларида қисқача маълумотга эга бўлгандик. Ўша йили республикамиз маънавий ҳаётида порлаган яшиндек воқеа – Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи бўлди. Адабиёт ихлосмандларини ўшанда кузатгандим; гавжум шаҳарлардан сокин қишлоқларгача уйда, кўча-кўйда, ишхоналарда ҳамма-ҳамманинг қўлида бежирим муқовали “Юлдузли тунлар” китоби эди!

Романни иштиёқ билан мутолаа қилар эканман, ҳар кеча тушимда Бобур бобомизни кўрардим. Зарбоф тўнига монанд чиройли салласи ва пешонасига қадалган кўҳи-нури билан от устида келаётган бобомиз сиймосини кўриб ҳайратга тушардим…

Улкан истеъдод соҳиби бўлган адиб Пиримқул Қодировнинг ўз ибораси билан айтганда “тарихни телескоп билан кузатиб”, Бобур замонасини кўзи билан кўргандек тасвирлаганди. Романни мутолаа қилган ўқувчи кўз олдида буюк аждодимиз Мирзо Бобур ва замондошлари сиймоси яққол намоён бўлади. Ёзувчи мазкур романи орқали Бобурни бутун бўйи-басти билан қайта гавдалантириб берган.

Юртимизда ҳали мустабид тузум ҳукм сураётганига қарамай Президентимиз Ислом Каримов тарихий ҳақиқатларни тиклашга киришгани жуда улуғвор ишларнинг бошланиши эди. 1989 йилда “Бобурнома” китоби 200000 нусхада чоп этилган бўлса, 1990 йил октябрь ойида бу шоҳ асар яратилганлигининг 460 йиллиги нишонланиши бизга руҳий қувват бахш этди. “Аввало, улуғ ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шоҳ асари бўлмиш “Бобурнома” ёзилганлигининг 460 йиллигини кенг нишонлаётганимиздан хурсандмиз,– деган эдилар Юртбошимиз.– Бу байрам айни пайтда Шарқ халқлари тарихи ва адабиётига беқиёс ҳурмат ва муҳаббатни ифода этади”. Ўша куни кечқурун Алишер Навоий номидаги Давлат академик опера ва балет катта театрида “Бобурнома”нинг 460 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали кеча тарихий ҳақиқатнинг том маънода тикланаётгани ифодаси эди. “Бобурнома”даги табиат тасвирлари, Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон халқларининг тарихига оид нодир кузатишлар, тилга, динга, ҳуқуқшуносликка, санъат ва адабиётга оид тадқиқотлар Бобур Мирзонинг қомусий билимлар эгаси бўлганини кўрсатади. Демоқчиманки, бугунги ва келгуси авлодлар ҳам бу буюк маънавий меросни теран ўрганиб боришлари уларни албатта маънан юксакликка олиб чиқаверди.

11

Маърузачи, ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий ва Бобур Мирзо асарларида ҳар бир сўз мазмун-моҳиятига қанчалик катта эътибор қаратилгани ҳақида ҳам сўз юритар экан, она тилимизни ҳамиша асраб-авайлаш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Илло, бугунги кунда бирор сўзимизни нотўғри қўллашга беэътибор бўлмаслигимиз зарурлигини (ваҳоланки, айрим сўзлар хато ва нотўғри қўлланилаётганини) қатор мисоллар билан изоҳлаб берди.

7

Маънавий-маърифий тадбир бадиий қисмида мазкур банк истеъдодли ёшлари томонидан саҳналаштирилган Алишер Навоий ва Гули сиймолари ҳамда улар ижро этишган ашъорлар барчада катта таассурот қолдирди.

2

 Улуғбек УСМОНОВ,

журналист

***

 Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугун мамлакатимизда халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, юртимиз иқтисодиётини янада тараққий эттириш борасида Муҳтарам юртбошимиз, ҳукуматимиз томонидан кенг қамровли ҳамда узоқни кўзлаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу борада олиб борилаётган тизимли ислоҳотларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида тижорат банкларининг ҳам ўрни ва иштироки алоҳидалигини эътироф этиш лозим.

“Агробанк”АТБ томонидан ҳам бу борада диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарор ва Фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг республика ҳудудларини ривожлантириш дастурлари доирасида бир қатор ишларни амалга оширди.

Таъкидлаш керакки, қўлга киритилган ютуқларда юртимизда икки поғонали банк тизими йўлга қўйилиб, республика Марказий банки томонидан мазкур тизимни бир маромда бошқариш стратегияси пухта ишлаб чиқилганлиги молия муассасаларининг барқарор фаолият юритиши учун улкан имкониятлар эшигини очиб берди.

Шу жумладан, “Агробанк” АТБ жамоаси ҳам ана шу эзгу бунёдкорлик ишларида фаол бўлиб, кенг кўламдаги ислоҳотларни амалга оширишда самарали натижаларга эришиб келмоқда. Хусусан, поёнига етган 2015 йил яъни, Кексаларни эъзозлаш йилида ҳам банк томонидан мижозларга, фермеру тадбиркорларга тезкор ва ишончли хизматлар кўрсатилди. Тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш учун кредит маблағлари йўналтирилди.

Хусусан, мана шундай кенг саъй-ҳаракатда амалга оширилган ишларни рақамларда ҳам кўришимиз мумкин. 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, банкнинг умумий капитали 470 миллиард сўм, устав капитали эса 318 миллиард сўмни ташкил этди.

Шунингдек, ҳисобот санасига банк кредит қўйилмалари 2 триллион 215 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг 1 январига нисбатан 298 миллиард сўмга ёки 116 фоизга ошди. “Агробанк” АТБ томонидан турли йўналишлардаги тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш натижасида ўтган 2015 йилда 77,5 мингта янги иш ўринлари ташкил этилиши янада қувонарли ҳол бўлди.

Молия муассасаси томонидан ўтган йилда ажратилган инвестицион кредитлар миқдори 669 миллиард сўмни ташкил этиб, белгиланган параметр кўрсаткичлари ижроси таъминланди. Бу эса 2014 йилга нисбатан 130 фоизга ўсди. Ушбу кредитлар саноатга, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва транспорт, моддий-техник таъминот ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига йўналтирилди.

Бундан ташқари, банк томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, 5125 та лойиҳани молиялаштиришга 639 миллиард сўмлик маблағлар йўналтирилди. Дастурларга киритилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 37,5 мингта янги иш ўринлари ташкил этишга эришилди. Шуни мамнуният билан айтиш жоизки, банк фаолияти жаҳоннинг нуфузли халқаро рейтинг агентликлари ҳисобланмиш “Мудис” ҳамда “Фитч Рейтингс” компаниялари томонидан “барқарор” деб баҳоланиб келинмоқда. Жорий йилда ҳам банкнинг мана шундай ижобий ишларнини “Мудис” халқаро рейтинг агентлиги барқарор дея тасдиқлади.

Ана шундай устувор ислоҳотлар натижасида халқимиз турмуш фаровонлиги ошмоқда. Иқтисодиётимиз янада тараққий этмоқда. Қувонарлиси, бизнес лойиҳасини амалга оширмоқчи бўлган тадбиркорларимизга мадад ва кўмакчи бўлаётир. Қанчадан-қанча оилаларнинг рўзғорига барака кираётир. Жойларда бир-биридан кўркам ва замонавий ишлаб чиқариш мажмуалари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилмоқда. Натижада ҳудудларнинг янада обод ва фаровон бўлишига замин яратилаётир.

Банк матбуот хизмати

You may also like...

1 Response

  1. Гульноза:

    Тулқин ака! Сизга катта рахмат чиройли тадбиримизни ўтказиб берганингиз учун. Хали шунақа тадбир Агробанкимизда бўлмаган эди. Хамкасбларимиз хурсанд булишти, тадбир юқори савияда ўтди! Ишларингизга мувофоқиятлар тилаймиз! Соғ ва омон бўлинг! кейинги тадбирларимизда кутиб қоламиз! «Маънавият тарғиботчиси» ўқув муассасидан Шоим акага ҳам катта раҳмат, Сиздег Домлани тавсия қилганлари учун!!!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>