Олий журналистика курсларига (1-2-мавзу)

Фуқаролик жамиятини такомиллаштириш асослари (Ўзбекистон ОАВнинг мафкуравий асослари) фанидан маърузалар матни

Ожк1Ожк2
 Тузувчи:

ф.ф.н., доцент Тўлқин Эшбеков

 Тошкент – 2018

МАЪРУЗА МАТНИ

 

1-мавзу.

КИРИШ. МАФКУРАНИНГ ЖАМИЯТДАГИ ВАЗИФАЛАРИ ВА ЖУРНАЛИСТИКА

 

Режа:

  1. Мавзунинг уч асоси.
  2. Миллий мафкура ва жамият тараққиёти.
  3. Миллий ғоя ва миллий мафкура уйғунлиги.
  4. Оммавий ахборот воситалари мафкуравий асослари ҳақида тушунча.
  5. ОАВда миллий ғоя ва мафкуранинг мазмун-моҳияти акс этиши.

 

Жамият ҳаётида тилга олинадиган (қоғозга тушуриладиган) ҳар қандай мавзунинг учта муҳим асосини билиш лозим. Ўқимишли (айниқса, бирор ишга масъул) кишилар айтмоқчи ёки ёзмоқчи бўлган ҳар бир фикрини аввало ана шу асослари – ишончли манбалардан ўқиб, ўрганиб, сўнг сўзлаши (ёки ёзиши) мақсадга мувофиқдир. Бу қуйидаги асослар ҳисобланади:

  1. Методологик асоси (Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, нутқлари, интервьюларида баён этилган фикрлар);
  2. Ҳуқуқий асоси (Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар);
  3. Назарий асоси (илмий асосланган китоблар, дарсликлар, қўлланмалар, мақолалар ва бошқа ёзма манбалар).

Ҳаёт кўзгуси ҳисобланмиш – матбуот, оммавий ахборот воситаларининг мафкуравий асослари ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, унинг юқорида қайд этилган уч асосини ҳам изоҳлаб ўтамиз.

Биринчиси, “Фуқаролик жамиятини такомиллаштириш асослари (Ўзбекистон ОАВнинг мафкуравий асослари)” курси методологик асослари Президент асарлари ва нутқларида баён этилган фикрлари асосида ўрганилади.

Иккинчиси, фан ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги”, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги ва бошқа қонунларда, Фуқаролик кодексида, Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури, Вазирлар Маҳкамасининг 2тегишли қарорларида ўз аксини топган.

Учинчиси, мамлакатимизда ушбу курснинг назарий асосларини яратиш борасида мутахассислар изчиллик билан изланмоқдалар. Бу борада “Жаҳон журналистикаси тарихи” дарслиги (муаллифлар Файзулла Мўминов, Тўлқин Эшбеков ва бошқалар), “Луғат-маълумотнома: Журналистика. Реклама. Паблик рилейшнз. 1700 атама”, Файзулла Мўминовнинг “Журналистика ижтимоий институт сифатида”, “Социология ва журналист фаолияти”, Мухтор Худойқуловнинг “Журналистика ва публицистика”, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Ахборот – мўъжиза, жозиба, фалсафа”, Аҳмаджон Мелибоевнинг “Публицистикада давр руҳи ва ижтимоий талқин”, Юсуф Ҳамдамовнинг “Тараққиёт мезони” каби ўқув қўлланмалари, шунингдек, телерадиожурналистика, интернет журналистикаси, ахборот хизматларига қатор ўқув-услубий қўлланмалар алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришган дастлабки кунлардан бошлаб жамиятимизда туб ўзгаришлар юз бера бошлади. Айниқса, маънавият ва мафкура соҳалари тубдан ўзгариб, том маънода ўзлигимизни англай бошладик. Мамлакатимиз мустақил тараққиёт йўли аниқ-равшан белгилаб олинди. Дунё жамоатчилиги ўзбек модели дея эътироф этган ўзимизга хос ва ўзимизга мос ана шу тараққиёт йўли – келажаги буюк давлат барпо этиш борасида амалга оширилаётган тарихий ўзгариш ва янгиланишлар юртдошларимиз, айниқса, ёшлар онги ҳамда қалбига жо бўлмоқда.

Собиқ мустабид тузум даври мафкуравий асоратлардан батамом халос бўлиш, шунинг баробарида ғоявий бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун кураш кенг кўламда олиб борилмоқда. Шу ўринда биз учун бегона ва ёт ғоялардан ҳимояланиш, бундай тажовузларга қарши тура оладиган ҳар томонлама баркамол инсонларни вояга етказиш асосий мақсадларидан бирига айланди. Бунинг учун жамиятимиз манфаатларига мос янги мафкура шакллантирилмоқда.

Буюк келажак сари дадил одимлар ташлашга қодир миллат ҳеч қачон миллий ғоя ва миллий мафкурасиз яшай олмайди. Мафкура бўлмаса, давлат ва жамият, қолаверса, ҳар қандай инсон ўз йўлидан адашиб кетиши ҳеч гапмас.

Миллий мафкура халқнинг мақсад-муддаоларини ифодалайди, тарих синовларидан ўтишда унинг руҳини кўтариб, суянч ва таянч бўлади, шу миллат, шу жамият дуч келадиган кўплаб ҳаётий ва маънавий муаммоларга жавоб излайди. У инсонга фақат моддий бойликлар ва неъматлар учун эмас, аввало, Аллоҳ таоло ато этган ақл-заковат, иймон-эътиқод туфайли юксак маънавиятга эришиш учун интилиб яшаш лозимлигини англатадиган, бу мураккаб ва таҳликали дунёда унинг тараққиёт йўлини ёритадиган маёқдир.

Мафкура – жамиятда яшайдиган одамларнинг ҳаёт мазмунини, уларнинг интилишларини ўзида мужассамлаштиради. Ҳар қандай инсон, табиийки, мурод-мақсадсиз яшай олмайди. Бинобарин, ҳаёт мавжуд экан, мамлакатлар, давлатлар ва уларнинг манфаатлари бор экан, улар ўз тараққиёт йўлини, эртанги кун уфқларини ўзининг миллий ғояси, миллий мафкураси орқали белгилаб олишга интилади.

Мафкура – турли гуруҳ, тоифа ва қатламлардаги кишиларнинг манфаатларини ифодалаб, ижтимоий ҳаёти ва фаолиятиии тартибга солиб, ҳаракатга келтиради, ғояларнинг рўёбга чиқишига хизмат қилади.

Миллий ғоя – инсон ва жамият ҳаётига маъно-мазмун бахш этадиган, уни эзгу мақсад сари етаклайдиган фикрлар мажмуидир.

Ғоя – мақсад бўлса, мафкура уни амалга ошириш усулидир. Бошқача айтганда, инсон ёки миллатнинг асосий мақсадлари ғояларда намоён бўлса, уни рўёбга чиқаришга қаратилган ишларнинг мазмун-моҳияти мафкурани ташкил қилади.

Инсоният тарихи – ғоялар тарихидан иборат эканлиги ҳақида кўп фикрлар ёзилган. Айтиш жоизки, ғоя – инсон тафаккури маҳсули, миллий ғоя эса миллат тафаккурининг маҳсулидир.

Мафкура эса муайян ижтимоий гуруҳ, ижтимоий қатлам, миллат, давлат, халқ ва жамиятнинг эҳтиёжлари, мақсад-муддаолари, манфаатлари, орзу-интилишлари ҳамда уларни амалга ошириш тамойилларини ўзида мужассам этадиган ғоялар тизимидир.

Мутахассислар фикрича, фикр асосида ғоя, ғоя асосида эса мафкура шаклланади. Яъни, инсон муайян мақсадни мўлжаллаб, уни амалга оширишга қатъий ахд қилса, бу ғоя ҳисобланади. Ғоя конкрет инсон, гурух, миллат ёки жамиятнинг ҳаётий эҳтиёжларидан келиб чиқиб, манфаатларини ифодалаб, уларнинг ишонч-эътиқоди ва фаолиятига асос бўлса, мафкурага айланади. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов таъкидлаганидек, истиқлол мафкураси кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг эзгу ғоя – озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлидаги асрий орзу-интилишлари, ҳаётий идеалларини ўзида акс эттиради.

Миллий ғоя ва истиқлол мафкураси ҳақида гап борар экан, биз ниҳоятда кенг қамровли, мураккаб, серқирра, инсоният тарихида аниқ ва мукаммал ифодаси, тугал намунаси ҳали-ҳануз яратилмаган тушунчаларни ўзимизга тасаввур қилишимиз керак.

Бу тушунчалар – Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги каби юксак ғояларнинг маъно-мазмунини теран англаб етишга хизмат қилади. Бу мафкура халқни халқ, миллатни миллат этадиган, унинг шаъну шарафи, ор-номуси, ишонч-эътиқодини ифодалайдиган, жамиятимизнинг ўзига хос тараққиёт йўли, турмуш тарзи, туб манфаатларига таянган ҳолда муттасил ривожланиб,такомиллашиб борадиган ғоялар тизимидир.

Халқни буюк келажак ва улуғвор мақсадлар сари бирлаштириш, мамлакатимизда яшайдиган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг ягона Ватан бахт-саодати учун доимо масъулият сезиб яшашига чорлаш, аждодларимизнинг бебаҳо мероси, миллий қадрият ва анъаналаримизга муносиб бўлишига эришиш, юксак фазилатли ва комил инсонларни тарбиялаш, уларни яратувчилик ишларига даъват қилиш, шу муқаддас замин учун фидоийликни ҳаёт мезонига айлантириш – миллий истиқлол мафкурасининг бош мақсадидир.

Миллий истиқлол ғояси бугунги тез суръатлар билан ўзгараётган таҳликали дунёда ўзлигимизни англаш, бизнинг кимлигимизни, қандай буюк аждодларнинг меросига, неча минг йиллик тарих, бетакрор маданият ва қадриятларга эга эканимизни ҳис этиб яшашга, бу бойликни асраб-авайлаб, демократик қадриятлар, бутун жаҳон тараққиёти ютуқлари билан озиқлантириб, янги ўсиб келаётган авлодга етказишга хизмат қилмоғи зарур. Ҳозирги мураккаб шароитда халқимиз, аввало, ўсиб-униб келаётган ёш авлодимиз онги ва қалбида мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу ишни бамисоли ёш ниҳолга мевали дарахт куртагини пайванд қиладиган уста боғбондек нозиклик ва меҳр билан, оқилона йўл билан амалга ошириш лозим, деб таъкидлайди Юртбошимиз.

Бугунги ижтимоий тараққиёт, информацион инқилоб, глобаллашув жараёнлари, жаҳон майдонларини таъсир ўтказиш мақсадида бўлиб олишга интилиш, бу майдонлардаги ўзаро кураш шароитида мафкуравий сиёсатнинг аҳамияти ва ўрни нақадар ортиб бораётганини тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ.

Собиқ иттифоқ ҳудудидаги бугунги мафкуравий вазият, бу шароитда Марказий Осиё минтақасидаги аҳвол, бегона мафкура ва ғояларнинг Ўзбекистон ва қўшни давлатларга хуружи, эски мафкурадан воз кечиш натижасида пайдо бўлган бўшлиқни янги – миллий ғоя, истиқлол мафкураси билан тўлдиришнинг зарурати барчамизга аён бўлиши даркор.

Миллий ғоя ва истиқлол мафкураси юртимизда яшаётган барча кишиларнинг маънавий бойлигига, дунёқарашининг негизига айланишига эришиш биз учун энг асосий мақсаддир. Юртбошимиз таъкидлаганидек, эндиги вазифа – миллий истиқлол ғояси тушунчалари асосида кенг жамоатчилик, зиёлиларимиз, илм-фан ва маданият намояндалари, аввало, маънавий-маърифий соҳа ходимлари миллий мафкурани такомиллаштириш ҳамда унинг асосий тамойилларини одамлар онги ва қалбига сингдиришга қаратилган ишларни янги босқичга кўтаришлари зарур.

Дунёда икки куч – бунёдкорлик ва бузғунчилик ғоялари ҳамиша ўзаро курашади.

Бунёдкор ғоя инсонни улуғлайди, унинг руҳига қанот бағишлайди. Файласуф мутахассислар фикрича, Соҳибқирон Амир Темурнинг пароканда юртни бирлаштириш, марказлашган давлат барпо этиш, мамлакатни обод қилиш борасидаги ибратли фаолиятига ана шундай эзгу ғоялар асос бўлган.

Бузғунчи ғоялар эса халқлар бошига кулфатлар келтиради. Бунга олис ва яқин тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ўрта асрлардаги салб юришлари, диний фанатизм ва атеизм, фашизм ва большевизмга асос бўлган ғайриинсоний ғоялар шулар жумласидан.

Ёвуз ғоя ва мафкураларнинг энг кўп тарқалган шакли – ақидапарастликдир. Бундай мафкуралар муайян даврларда Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам ҳукмронлик қилган. Бу ижтимоий иллат инсоният XXI асрга қадам қўяётган ҳозирги даврда ҳам дунёдаги тинчлик ва тараққиётга таҳдид солмоқда.

Ақидапарастлик, қандай шаклда бўлмасин, ҳамма замонларда ҳам жамият учун бирдек хатарлидир.

Ҳаётда жамиятнинг тараққиётга интилиши, бунёдкорлик ҳисси бор экан, илғор ғоялар туғилаверади.

Бузғунчи ғояларнинг вужудга келишига эса вайронкор интилишлар сабаб бўлади. Шундай экан, уларга қарши курашга тайёр туриш, яъни доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшамоқ ҳаётнинг асосий зарурати бўлиб қолаверади.

Мамлакатимиз тараққиётини таъминлашда мустақиллик йиллари шаклланиб, ривожланаётган миллий мафкура муҳим ўрин тутади.

Миллий ғоя ва мафкурада мамлакатимизда яшаётган барча кишиларнинг асосий мақсадлари ҳамда унга эришиш йўллари мужассамлашган. Юртимизда озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишда кишиларимизнинг миллий ғоя ва мафкурани чуқур ўрганиб, ўзлаштириши ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Бу улуғвор вазифа журналистлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Чунки, миллий ғоя ва мафкура тушунчаларини кенг тарғиб ҳамда ташвиқ қилиш оммавий ахборот воситаларининг энг асосий вазифаларидан бирига айланган.

Ўз навбатида оммавий ахборот воситаларининг мафкуравий асосларини ҳам ана шу миллий ғоя ва мафкура ташкил этишини тўғри англамоқ керак.

ОАВ биринчи галда халқимизга миллий ғоя ва мафкуранинг мазмун-моҳиятини аниқ-равшан тушунтириши тақозо этилади.

Мутахассислар фикрича, журналист меҳнатининг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий асоси унинг қайси жамиятда, қандай мафкура ва дунёқарашга хизмат қилишидан келиб чиқади. Ўз миллий мустақиллигига эришган Ўзбекистонда журналистика касбининг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий асослари тўла кўрсатиб берилган. Бу ўз халқи, ўз ватанининг равнақи учун, мустақилликни янада мустаҳкамлаш, миллий тараққиётга эришиш, адолат ва демократия йўлида ижод қилишдан иборат.

Матбуот ходими меҳнатининг маънавий асосини унинг ички дунёси, эътиқоди, мақсади белгилайди. Ўз қалами билан халққа, ватанга, эзгуликка, адолат ва ҳаққонийликка хизмат қилиш ҳар бир журналистнинг олий бурчидир.

Журналистик меҳнатнинг таркибий қисмларига келганда, журналист биринчи навбатда муаллиф, ёзувчидир. Матбуот ва оммавий ахборот воситаларида ўз асарлари билан доимий суратда иштирок этиш – журналистнинг бош вазифаси, биринчи навбатидаги ишидир. Ўз касбини пухта эгаллаб олиш, ўткир қалам эгаси бўлиш, ижтимоий ҳаётни чуқур ўрганиш ва унинг муаммоларини кўтариб чиқиш, ижтимоий нуқсон ва иллатларга муросасиз бўлиш, доимо изланиш, ижодий маҳоратини ошириб бориш журналистнинг ижодий қиёфасини белгиловчи бош мезондир. Ўз устида ишламайдиган, кам маҳсул, “қотиб қолган” журналист ўз ижтимоий вазифасини бажара олмайди.

Матбуотчи меҳнатининг иккинчи муҳим таркибий қисми эса муҳаррирлик, таҳрирчиликдан иборат бўлиб, ҳар бир матбуот ходими ўзи ижод қилиши билан бир қаторда моҳир таҳрирчи, пухта муҳаррир ҳам бўлиши талаб этилади. Яъни журналист фақат ўзи ёзибгина қолмасдан балки бошқа муаллифларининг материалларини, кишиларнинг хат-хабарларини матбуот нашрлари ёки оммавий ахборот воситалари учун тайёрлаб бера билиши лозим. Журналист меҳнатининг бу муҳим қисми ундан катта билим ва маҳорат талаб қилади. Таҳрирнинг бош вазифаси таҳрир қилинаётган асарнинг ғоявий-бадиий қимматини ошириш, юқори такомилга эриштиришдан иборатдир. Таҳрир санъати журналистдан чуқур билимга эга бўлишни, тилнинг қонун-қоидаларини чуқур билишни, яхши услубчи бўлишни талаб қилади.

Матбуот ходимининг иш фаолиятида унинг ташкилотчилик хусусияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу – матбуотнинг бош ижтимоий вазифаларидан, унинг ҳаётга бевосита таъсир этиш хусусиятидан келиб чиқади. Журналист ёзиш ва таҳрир қилишдан ташқари матбуот материалларини уюштириш, уларнинг таъсирчанлигини таъминлаш, самарадорлигини ошириш учун доимий курашиши ҳам лозим. Бу эса журналистдан ижтимоий ҳаётга бевосита аралаша билиш, катта обрўга эга бўлиш, тадбиркор ва ишбилармон, ҳозиржавоб бўлишни талаб қилади.

Мустақиллик йиллари барча соҳалардаги каби, бу йўналишда ҳам улкан ишлар амалга оширилди. Айниқса, сўнгги йилларда ғоявий-мафкуравий таълим-тарбия, тарғибот-ташвиқот ишларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий тараққиётига жиддий туртки бермокда. Фуқароларимиз, айниқса, ёшлар бугунги кунда бузғунчи ғоя ва мафкуралар моҳиятини теран англаб етмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, миллий мафкура — давлатимизнинг демократик характери ва жамиятимиз маънавий-маърифий тараққиёт даражасининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида оммавий ахборот воситаларининг ҳам мафкуравий асосларини ташкил этади. Ана шу асосда миллий матбуотимиз, умуман, оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятини изчил ривожлантириб боради.

 

Назорат учун саволлар:

  1. Мавзунинг уч асосини қандай изоҳлайсиз?
  2. Журналистикага оид назарий манбалар қайси адабиётларда кўпроқ ўз аксини топган?
  3. Журналистикага оид мавзуларнинг методологик асосларини изоҳланг.
  4. Миллий мафкура деганда нимани тушунасиз?
  5. Миллий ғоя ва миллий мафкуранинг уйғунлигини изоҳланг.
  6. Жамият тараққиётида мафкуранинг ўрни қандай бўлади?
  7. Оммавий ахборот воситаларининг мафкуравий асосларини қандай изоҳлайсиз?
  8. Матбуот ходими меҳнатининг маънавий асосини изоҳланг.
  9. Журналистнинг ташкилотчилик фаолияти нималардан иборат бўлади?
  10. Журналистнинг бурчлари нималардан иборат?

Ожк3

2-мавзу: ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ВА АХБОРОТЛАШГАН ЖАМИЯТ

Режа:

  1. Ахборотлашган жамият тараққиёти.
  2. Жамиятимизни янада демократлаштиришда устувор вазифалар.
  3. Фуқаролик жамиятининг асослари.
  4. Фуқаролик жамияти шароитида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар.
  5. “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг мазмун-моҳияти.
  6. “Кучли давлатдан – кучли жамият сари” концепциясида белгиланган вазифалар ва унинг ОАВда ёритилиши.

Ахборот давлат ва жамият ривожланишининг муҳим омилидир. Ахборот асрида жамият ахборотсиз яшай олмайди. Дунё ягона ахборот маконига айлаган бир паллада ундан “ҳоли” бўлиш ҳам мумкин эмас.

Мамлакатимизда ҳам жамиятни ахборотлаштириш қонун билан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни 4-моддасида ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсати аниқ белгилаб қўйилган. Унга кўра:

Ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсати ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва ахборот тизимларини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришнинг замонавий жаҳон тамойилларини ҳисобга олган ҳолда миллий ахборот тизимини яратишга қаратилган.

Ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ҳар кимнинг ахборотни эркин олиш ва тарқатишга доир конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш, ахборот ресурсларидан эркин фойдаланишини таъминлаш;

давлат органларининг ахборот тизимлари, тармоқ ва ҳудудий ахборот тизимлари, шунингдек юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг ахборот тизимлари асосида Ўзбекистон Республикасининг ягона ахборот маконини яратиш;

халқаро ахборот тармоқлари ва интернет жаҳон ахборот тармоғидан эркин фойдаланиш учун шароит яратиш;

давлат ахборот ресурсларини шакллантириш, ахборот тизимларини яратиш ҳамда ривожлантириш, уларнинг бир-бирига мослигини ва ўзаро алоқада ишлашини таъминлаш;

ахборот технологияларининг замонавий воситалари ишлаб чиқарилишини ташкил этиш;

ахборот ресурслари, хизматлари ва ахборот технологиялари бозорини шакллантиришга кўмаклашиш;

дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ривожлантирилишини рағбатлантириш;

тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароит яратиш;

кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий тадқиқотларни рағбатлантиришдан иборат (Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008. – 50 б.). Булар юртимизда ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатини тўлақонли амалга оширишга хизмат қилади.

Очиқ айтиш керакки, собиқ мустабид тузум даврида ОАВга оид бирорта қонун йўқ эди. У даврда “бундай қонунга эҳтиёж йўқ”, деган тушунча бўлар, ОАВ ва жамият ривожи ҳам шунга яраша ҳаминқадар эди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ахборотлаштиришнинг қонуний базаси мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 30 августда “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги ва “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, 1997 йил 24 апрелда “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, 1997 йил 26 декабрда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, 2002 йил 12 декабрда “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, 2003 йил 11 декабрда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, 2007 йил 15 январда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонунлари қабул қилинди. Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги (1998 йил 25 декабрь), “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги (1999 йил 20 август) қонунлар ҳам моҳиятан кўп жиҳатдан ОАВ билан боғлиқ. Уларнинг барчаси жамиятимизда муҳим ижтимоий воқеликка айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 3 июлдаги “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони мамлакат ижтимоий ҳаётини демократлаштириш ва эркинлаштириш шароитида халқимизнинг ахборотга бўлган талаб-эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш, оммавий ахборот воситалари, ноширлик ишлари ва матбаачиликни кенг кўламда ривожлантиришга кўмаклашиш, ахборот хизматларининг замонавий бозорини шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлди. Фармоннинг 4-бандида “Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлигига цензура, таҳрир қилиш, тақиқлаш ҳамда оммавий ахборот воситалари фаолиятига ўзгача тарзда ғайриқонуний аралашиш қатъиян ман этилади” деб белгилаб қўйилди.

Маълумки, ахборот инсоннинг доимий эҳтиёжига айланган. Ҳар куни ўнлаб телеканаллар, радиоэшиттиришлар, газеталар ва интернет орқали қанча ахборотларга эга бўлишидан қатъи назар яна ахборот кутиб яшайди. Юртимиз истиқлолга эришганидан буён халқимизнинг ахборотга бўлган ғоят катта эҳтиёжини қондириш борасида улкан вазифалар амалга оширилмоқда.

Мавзу моҳиятидан келиб чиққан ҳолда айтиш жоизки, халқимиз, айниқса ёшларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжлари қанчалик тўлақонли қондирилса, улар чет эл радиоларига, интернетдаги олди-қочди гапларга шунча камроқ қулоқ тутадилар. Назари тўқ одам ҳар хил майда-чуйдаларга суқланмагани каби ҳар куни етарли даражада ахборотга эга бўлган шахс четдан келадиган олди-қочди гапларга деярли эътибор бермайди. Қулоғига кирган тақдирда ҳам ўша ишончсиз ахборот таъсирига тушиб қолмайди. Демак, жамиятнинг тўлақонли ахборотлашиши амалда одамлар, айниқса ёшларни ҳам бузғунчи ғоялардан ҳимоялашга хизмат қилади.

Бугун кенг жамоатчиликка, айниқса талабчан ёшларга қандай ахборотлар зарурлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Улар мамлакатимизда ва жаҳонда юз бераётган энг муҳим воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний ахборотга эга бўлиб боришни истайдилар. Шундай ахборотлар ўз вақтида етказилмаса, қандайдир маънавий бўшлиқ пайдо бўлиши шубҳасиз. Қаердаки маънавий бўшлиқ пайдо бўлдими, четда пайт пойлаб юрган кимсалар бузғунчи ғояларини тиқиштиришга ва ёшлар онгини заҳарлаш ҳаракат қиладилар. “Бундай кучларнинг ғаразли муносабати аввало бой ва қадимий маънавиятимизга қарши қаратилгани, улар халқимизни ана шу бебаҳо бойликдан жудо қилиш учун ҳар хил усул ва воситалар билан зўр бериб уринаётгани барчамизни ташвишлантирмасдан қолмайди, албатта,– деб таъкидлайди давлат раҳбари.– Нега деганда, инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибаси шундан далолат берадики, дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади” (Қаранг: Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 11 бет). Дарҳақиқат, бу ҳол тарихда кўп бора тасдиғини топган. Буни собиқ мустабид тузум даврида она тилимизга, динимизга, урф-одатлар, маросимлар, миллий байрамларимизга қилинган тажовузлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Аслини олганда ҳар бир миллат ё халқ маънавияти унинг тақдирига айланиб, ёш авлод келажаги йўлида ғоят муҳим ўрин тутишини ҳаёт ўзи исботламоқда.

Тараққиёт йўлини танлаган давлатларда ахборотлашиш қанчалик муҳим ўрин тутаётгани кузатилмоқда. Бугун жамият қанчалик ахборотлашса, унинг миллий манфаатларига хизмат қиладиган ахбороти шунчалик устувор даражада бўлади. Бундай ахборот ўзга ахборотлар таъсирини пасайтиради, таъбир жоиз бўлса, уни йўққа чиқаради. Ахборотлашган жамиятда ОАВнинг ўрнини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кейинги йилларда оммавий ахборот воситаларининг жамият тараққиётидаги ўрни, медиа-тузилмалар ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг замонавий йўлларини муҳокама қилиш, миллий журналистиканинг энг яхши анъаналарини ривожлантириш, юртимизнинг жаҳон ахборот майдонидаги мавқеини оширишга кўмаклашиш, янгиланаётган жамиятда журналистнинг роли, вазифалари ва масъулиятини холис баҳолаш мақсадида анъанавий равишда тегишли тузилмалар билан ҳамкорликда медиафорум ўтказиб келмоқда (Қаранг: Ахборотлашган жамиятда ОАВ ўрни. //Моҳият, 2008 йил 26 сентябрь). Бундан ташқари ҳам ахборотлаштириш тизимини ривожлантиришга хизмат қиладиган жуда кўп тадбирлар ўтказиб келинади. Мақсад – ахборот истеъмолчиларининг талаб ва истакларини қондириб бориш.

Жамият ҳар қанча ахборотлашган бўлишига қарамай баъзи кишилар тўғри, ҳаққоний ахборот ўрнига турли олди-қочди, салбий ахборотларга ўзгача эътибор билан қарайдилар. Бундай ҳол айрим ёшлар орасида кўпроқ учрайди. Чунончи, баъзи давраларда “мен Ўзбекистон телевидениесини кўрмайман”, “ўзимизнинг газеталарни ўқигим келмайди” қабилида фикр юритадиганлар ҳам кам эмас. Таассуфки, шундай кимсалар “эҳтиёжи”ни яхши англаган баъзи хорижлик устамонлар атай уларбоп ахборотларни қалаштириб ташлашга ҳаракат қиладилар. Улар ўзларини гўё ҳақиқатни ошкор этаётгандек қилиб кўрсатиб, аслида чиройли ниқобланган ахборот хуружини усталик билан амалга оширадилар. Бу билан соддадил кишиларни, ишонувчан ёшларни аврашга уринадилар. Бу саъй-ҳаракатлар замирида қандай мақсадлар ётгани сир эмас. “Ҳар томонлама чуқур ўйланган, катта молиявий ва моддий манбаларга эга бўлган бундай ҳаракатларнинг ортида қандай мақсадлар турибди, улар учун бу қадар кўп куч ва маблағ сарфланаётганини қандай изоҳлаш мумкин, бу ҳақда нега айнан бугун сўз юритишга, жамиятимиз, халқимиз эътиборини бу муаммога қаратишга мажбур бўляпмиз, деган саволлар кўпчиликни қизиқтириши табиий, албатта,– деб таъкидлайди давлат раҳбари.– Аввало, бундай хатти-ҳаракатлар замирида ўз ҳаёти ва келажагини ўз қўли билан барпо этаётган давлатлар, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан муайян сиёсий марказлар томонидан турли хил фалсафий, мафкуравий, информацион воситалардан усталик билан фойдаланган ҳолда таъсир ўтказиш, ҳали дунёқараши тўлиқ шаклланмаган ўғил-қизларимизни танлаган йўлидан оғдириш, уларнинг қалбига биз учун мутлақо бегона ва зарарли бўлган қарашларни сингдириш, маънавий илдиз ва томирларимиздан жудо қилишдек ғаразли интилишлар яширингани бугун тобора аён бўлмоқда” (Қаранг: Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 6-7 бетлар).

Дарҳақиқат, маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай ахборот хуружи ва “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдидлар мамлакат хавфсизлигига, халқимиз миллий манфаатларига катта зарар етказади. Пухта ўйланган бундай ғайришуурий ҳаракатлар соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин. Аслида вайронкор ғоялар билан яшайдиган ғанимларнинг муддаолари ҳам шу.

Фуқаролик жамияти – конституциявий ҳуқуқ назариясида ҳуқуқ ва демократияга асосланган ижтимоий ҳаётнинг зарур оқилона усули; инсонга унинг иқгисодий, сиёсий ва маданий ҳаёти шаклларини эркин танлаш кафолатланадиган, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари қарор топадиган, кўп партиявийлик, сиёсий институтлар, мафкура ва фикрларнинг хилма-хиллиги таъминланадиган ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари-нинг мавқеи баланд бўлган ижтимоий тузум. Бунда мамлакатнинг ҳар бир фуқароси сиёсий, ижтимоий, иқгисодий, маънавий ва ҳуқуқий жиҳатдан ўз эҳтиёжларини жамоат бирлашмалари ва фондлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ишида фаол иштирок этиб, улар орқали қондирадилар.

Фуқаролик жамиятида фуқаролар давлат фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатадилар, давлатнинг кўпгина ваколатлари жамоат ташкилотлари зиммасига юкланади. Давлат ҳокимияти эса мамлакатнинг умумий тараққиёт режаларини тузади, унинг стратегиясини ишлаб чиқади, мудофаа, миллий хавфсизлик, давлат мустақиллиги ва чегаралари дахлсизлигини, унинг суверенитетини таъминлаш, пул-молия, солиқ, банк сиёсати, ташқи сиёсат ва жаҳон ҳамжамияти билан алоқалар тизимини яратади, уни бошқаради.

Фуқаролик жамиятини қуриш кучли давлатдан кучли жамият сари босқичма-босқич ўтиш орқали рўй беради.

Фуқаролик жамияти ҳақида илк тасаввурлар Аристотелнинг «Сиёсат» асарида баён этилган. Унга кўра, инсоннинг эркин яшаш ҳуқуқи кишилик жамиятининг адолат ва қонун устуворлиги асосида ташкил этилиши орқали таъминланиши лозим.

Жамиятни бошқаришда қонунларнинг тўғри ва адолатли бўлишига алоҳида эътибор берилади. Бу ғоялар 17-а.га келиб кенг ривожланди. Жумладан, Т.Гоббс асарларида такомиллаштирилди. 18-а. Буюк француз инқилоби даврида Инсон ва фуқаро ҳуқуклари декларацияси эълон қилиниши билан эса фуқаролик жамияти тушунчаси кенг тарқала бошлади. Чунки жамиятнинг тенг ҳуқукли аъзолари — «фуқаролар» тушунчаси пайдо бўлди, улар жамият ва давлат манфаатлари б-н боғланган шахсий манфаатларини англай бошладилар. Кант, Руссо, Гегель, Поппер илгари сурган фикрлар фуқаролик жамиятининг янгидан-янги қирраларини, умуминсоний қадрият сифатидаги моҳиятини очиб берди.

Шаркда фуқаролик жамиятининг ўзига хос талқини мавжуд. Бу, бевосита, ахлоқ, маданият ва маънавиятнинг ҳуқуқ билан уйғунлашган, феъл-атвор, хатти-ҳаракатлар ва қоида-меъёрларнинг узвий уйғунлашган шакли билан боғлиқ. Жумладан, энг қадимий маданий тарихий-ҳуқуқий ёдгорлик — Авестода кишиларнинг уюшиб яшаши, ўзаро муно-сабатлар ва алоқаларнинг ахлоқ ва меъёрларга таяниши каби ғоялар илгари сурилган. Бунда ўз-ўзидан жамиятда қонун устуворлигига эришиш, жамиятни шахс томонидан эмас, қонун бошқариши каби фуқаролик жамиятининг илк белгилари намоён бўлган. Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри» асарида мамлакатни бошқаришда адолатли қонун зарурлиги, фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш моҳияти чуқур таҳлил этилган. Қонунлари мукаммал бўлган мамлакатда адолат, инсон ҳуқуқлари устувор бўлиши муқаррар эканлиги баён қилиб берилган. Форобийга кура, «Шаҳар (мамлакат) аҳолиси хушхулққа эга бўлмаган тақдирда ҳокимиятга эҳтиёж туғилади», жиноятчилик, безорилик, қонунбузарлик қонунлар заиф, аҳоли ахлоқий-маънавий жиҳатдан баркамол бўлмаган шароитда авж олади. Бундай халқни тартибга чақириш учун кучли таъсир ўтказувчи ҳокимият керак бўлади. Бу каби ғоялар Ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Амир Темур, Алишер Навоий, Бобур ва бошқалар томонидан ҳам илгари сурилган ва амалиётда кенг қўлланилган.

Узоқ тарихий ривожланиш натижасида фуқаролик жамиятини ҳозирги замонавий тушуниш шаклланди. Унга кўра, фуқаролик жамиятида мулкчилик шаклларининг хилма-хил ва тенг бўлиши, меҳнат ва тадбиркорликнинг эркинлигига йўл қўйилиши, мафкуравий хил-махиллик ва ахборот эркинлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг дахлсизлиги, ривожланган ўзини ўзи бошқариш, маданийлашган ҳуқуқий ҳокимият бўлиши ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларида қонун устуворлиги таъминланиши муҳим ҳисобланади.

Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини куриш тарихий анъана бўлса-да, у бутунлай янги тарихий шароитларда жаҳон давлатчилиги илғор тажрибалари ва кўп минг йиллик миллий анъаналарнинг синтези сифатида дунёга келмокда. Яъни эркинлик ва ахлоқ, озодлик ва тарбия, қонунга итоаткорлик ва сиёсий ҳукуқий фаоллик, ҳуррият ва қатьий тартиб-интизом уйғунлигида фуқаролик жамияти шакллантирилмоқда.

Бу мавзуда ёзиш ёки телекўрсатув, радиоэшиттириш тайёрлаш учун журналист аввало “Кучли давлатдан кучли жамият сари” тамойилининг мазмун-моҳиятини теран англаб олмоғи лозим.

“Кучли давлатдан кучли жамият сари” тамойили, бу борадаги ғоялар, илғор фикрлар ва уларнинг меодологик ҳамда ҳуқуқий асослари ҳақида қуйида атрофлича тўхталиб ўтамиз.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2002 йил 29 август куни иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ўн тўртинчи сессиясидаги “Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари” мавзуидаги маърузасида мамлакатимиз, жамиятимизни демократлаштириш ҳамда янгилаш йўлидаги ҳаракатларимизни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш мақсадида қатор устувор вазифалар белгиланган.

Биринчи устувор йўналиш – мустақилликни бундан буён ҳам асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш;

Иккинчи устувор йўналиш – мамлакатимизда хавфсизлик ва барқарорликни, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлигини, сарҳадлари-миз дахлсизлигини, фуқароларимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш;

Учинчи устувор йўналиш – бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, кучли бозор инфратузилмасини яратиш;

Тўртинчи устувор йўналиш – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, сўз ва матбуот эркинлигини, шунингдек, ошкораликни, жамиятда ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлаш;

Бешинчи устувор йўналиш – фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шарти бўлиб, бу жамият ҳаётида нодавлат ва жамоат ташкилотларининг ўрни ва аҳамиятини кескин кучайтиришдан иборат. Бошқача қилиб айтганда, бу – “Кучли давлатдан кучли жамият сари” деган тамойилни амалда ҳаётга жорий этиш демакдир.

Бу йўналиш ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан боғлиқ кўп масалаларни ҳал қилишда давлат тузилмаларининг ролини камайтириш ва бу вазифаларни босқичма-босқич жамоат ташкилотларига ўтказа боришни тақозо этади. Мамлакатимизни модернизация қилиш борасида узоқни кўзлайдиган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” деган тамойилида нималар назарда тутилмокда?

Авваламбор, ҳокимият ваколатларининг маълум бир қисмини марказдан махаллий ҳокимият органларига ўтказишга қаратилган мавжуд қонун ва ҳуқуқий ҳужжатларни бир тизимга келтириш ва уларга қўшимча тарзда янгиларини ишлаб чиқиш.

Яна бир муҳим вазифа – ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳалла, маҳалла қўмиталари ва қишлоқ фуқаролик йиғинларининг роли ҳамда ваколатларини амалда кучайтириш лозим.

Иккинчидан – сиёсий партиялар ва фукаролик институтларининг давлат аҳамиятига молик энг муҳим қарорларни қабул қилишдаги роли ва таъсирини тубдан кучайтириш.

Шу муносабат билан партиялар аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозониш мақсадида изчил иш олиб бориши, сиёсий тажриба орттириши, сиёсий етукликка интилиши ва энг муҳими, молиявий мустақилликка эришиш, жамиятда ўз урнини топиш ва ўзининг доимий сайловчиларига таяниш учун фаол ҳаракат қилиши керак. Дастури ва йўналишидан қатъи назар, шак-шубҳасиз, барча партияларимиз мана шундай йўлни босиб ўтиши муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари шу борада аҳолининг турли ижтимоий ва социал гуруҳлари манфаатларини ифодаловчи, мамлакатимизда шаклланаётган фуқаролик жамиятининг асосий институтлари бўлган ноҳукумат ва жамоат ташкилотларининг нуфузи ва таъсирини оширишга катта эътибор бераётганимизни ҳам алоҳида таъкидлаган.

Одамлар онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлашда, уларнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллигини оширишда, мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг кўламини кенгайтириш ва чуқурлаштиришда бу ташкилотларнинг ўрни ва аҳамияти бекиёсдир.

Мутахассислар фикрича, ҳозирги даврда мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг асосий белгилари шаклланди. Булар:

Иқтисодий соҳада: нодавлат ташкилотлари; кооператив-ширкатлар; ижара жамолари; акциядорлик жамиятлари; уюшмалар; корпарациялар.

Ижтимоий соҳада: оила; партиялар, жамоат ташкилотлари ва ҳаракатлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари; нодавлат оммавий ахборот воситалари; жамоатчилик фикрини ўрганиш марказлари ва ҳоказо.

Маъанивият соҳасида: сўз, виждон ва фикрлар эркинлиги; ижодий, илмий ва бошқа уюшмалар мустақиллигининг таъминланганлиги.

Фуқаролик жамиятининг белгилари, мезонлари ва институтларини тасаввур қила олган ҳар бир кишига кўриниб турибдики, бундай демокртаик жамиятнинг асосини ўзини ўзи бошқариш ва жамоат ташкилотлари ўзаро муносабатларининг мажмуаси ташкил этади.

Фуқаролик жамиятида давлат ва ҳукуматнинг алоҳида ўз функциялари, нодавлат ва жамоат ташкилотларининг эса алоҳида ўз функциялари бўлади. Улар бир-бирини тўлдириб, юксак ривожланган демократик жамиятнинг яшовчанлигини таъминлайди.

Фуқаролик жамияти инсонлардаги ўзини ўзи англаш, уларнинг объектив равишдаги маъсулият ҳиссини сезиш қобилятининг юксалишига ҳамоҳанг равишда шаклланиб боради. Бу жамиятда шаклланган фуқароларнинг сиёсий, аҳлоқий ва ҳуқуқий маданият даражалари юқори бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Олий Мажлис томонидан қабул қилинган барча қонунлар мажмуаси руҳи ва ғояси мамлакатимизда фуқаролик жамиятини қуришга қаратилгандир.

Парламент, сиёсий партиялар, нодавлат жамоат ташкилотларининг жамиятда обрў-эътибори ортиб бориши, мавқеи мустаҳкамланиши билан, улар давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг асосий воситасига айланади.

Давлатнинг иқтисодий соҳага, хўжалик юритувчи тузилмалар, биринчи галда, хусусий сектор фаолиятига аралашувини чеклаш лозим. Бундай вазиятда давлат тизимининг роли қуйидагилардан иборат бўлади:

– иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги устувор йуналишларни аниқлаш;

– қабул қилинган қонунлар ва ҳуқуқий нормаларнинг барча томонидан сўзсиз бажарилишини таъминлаш;

– ташаббус ва тадбиркорликни paғбатлантириш,

– хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида рақобат муҳитини карор топтириш учун зарур ва ҳаммага баробар бўлган шарт-шароитлар яратиш.

Қонунлар ижросини таъминлаш, мамлакатда қабул қилинган ва амалда бўлган меъёрий ҳужжатларни ҳаётга жорий қилишда давлат ҳокимият органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Бу боарада “Адолат – қонун устуворлигида” деган ҳаётий тамойил чинакам воқеликка айланиши зарур.

Айтиш жоизки, давлатнинг назорат функциялари қанча кучайтирилса, назорат билан шуғулланувчи давлат тузилмалари ва органлари қанча кўпайтирилса, амалдорларнинг зўравонлиги ва коррупция шунча авж олаверади. Давлатимиз раҳбари шу ўринда алоҳида таъкидлаганидек, биз жамоатчилик назоратини, давлат фаолияти, шу жумладан, унинг куч ишлатувчи тузилмалари фаолияти устидан ҳам жамият назоратини ҳар томонлама кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Бу масалада бундан бошқа муқобил йул йўқ.

Ҳаётимизни эркинлаштириш йўналишларининг яна бир муҳим йўли – марказий ва юқори давлат бошқарув идоралари вазифаларини давлат ҳокимиятининг қуйи тузилмаларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич ўтказа боришни таъминлашдир.

Айнан мустақиллик даврида ҳар томонлама ўзини оқлаган, тобора ҳаётимизда аҳамияти кучайиб бораётган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳалла институти, турли жамоат бирлашмалари ҳамда ташкилотларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масаласи бизнинг доимий эътиборимизда туриши лозим. Бу масалада фуқаролик институтлари ва ўзини ўзи бошқариш органларини ривожлантириш учун энг мақбул ташкилий-ҳуқуқий механизмларни, яъни тегишли қонунчилик асосини шакллантириш, ташкилий-техникавий, моддий шарт-шароитларни, давлат ва жамоат бирлашмалари ҳамкорлигининг самарали усул-услубларини вужудга келтириш ўта муҳим аҳамият касб этади.

Олтинчи устувор йўналиш – бу суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш бўйича бошланган ишларни изчил давом эттириш;

Еттинчи устувор йўналиш – бу барча ислоҳотларимизнинг бош йўналиши ва самарадорлигининг пировард натижасини белгилаб берадиган инсон омили ва мезонидир. Бу – кучли ижтимоий сиёсат олиб бориш демакдир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 1999 йил 14 апрель куни Биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ўн тўртинчи сессиясидаги “Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда” мавзуидаги маърузасида “Биз олдимизга фуқаролик жамияти барпо этиш мақсадини қўйганмиз” деб алоҳида таъкидлаган. Маърузада қайд этилганидек, фуқаролик жамиятини қуриш бир қанча ваколатли вазифаларни: давлатдан маҳаллий ҳокимият органларига, жамоат тузилмаларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич топширишни кўзда тутади.

Давлат тасарруфида асосан:

– конституцион тузумни, мамлакатнинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш,

– ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа қобилиятини таъминлаш,

– инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини,

– мулк эгаларининг ҳуқуқларини,

– иқтисодий фаолият эркинлигини ҳимоя қилиш,

– самарали ташқи сиёсат ўтказиш каби вазифалар қолиши керак.

Давлат миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар:

– Стратегик аҳамиятга молик масалалар,

– муҳим иқтисодий ва хўжалик масалалари бўйича, пул ва валюта муомаласи бўйича қарорлар қабул қилиш,

– хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг ҳуқуқий шарт-шароитларини яратиш,

– экология масалалари,

– умумреспублика транспорт ва муҳандислик коммуникацияларини ривожлантириш,

– янги тармоқларни вужудга келтирадиган ишлаб чиқаришни барпо этиш.

Маҳаллий ҳокимият идоралари ҳамда фукароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ҳал этилиши керак бўлган масалалар:

– бозор ислоҳотларини амалга ошириш,

– тадбиркорликни рағбатлантириш,

– хусусий мулкни ривожлантириш,

– аҳолини иш билан таъминлаш,

– истеъмол бозорини тўлдириш,

– ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш,

– одамларнинг моддий фаровонлигини ошириш ва аҳолини кучли ижтимоий муҳофаза қилиш

Айни шу йўл билан биз фуқаролик жамиятининг мустаҳкам асосларини барпо этишимиз мумкин.

Қонун нуқтаи назаридан қараганда маҳаллий органлар, янги қонунлар қабул қилингач, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам кўп жиҳатдан ана шундай ваколатларга эга бўлди. Энди энг муҳим вазифа ана шу ваколатларни амалга оширишнинг таъсирчан механизмини яратишдир.

Биз маҳаллий ҳокимият органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш учун улар етарли молиявий ресурсларга эга бўлишига эришмоғимиз лозим. Бунинг учун уларнинг даромадларини шакллантирувчи манбаларни мунтазам кенгайтириб бориш зарур бўлади.

Бугунги кундаёқ солиқ тўғрисидаги қонунда кўзда тутилган барча маҳаллий солиқлар ва йиғимларгина эмас, умумдавлат солиқларининг анчагина қисми ҳам маҳаллий бюджетларга йўналтирилмоқда. Натижада давлат бюджети барча даромадларининг 62 фоизидан кўпроқ қисми маҳаллий бюджетлар улушига тўғри келмоқда. Энг муҳими эса, барча бюджет харажатларининг 58 фоизидан кўnpoғи маҳаллий бюджетлар орқали амалга оширилмоқда.

Жамоат идораси бўлмиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ресурсларини мустаҳкамлашда шу органлар орқали аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга сарфланаётган катта миқдордаги бюджет маблағидан ташқари, тадбиркорликни фаол ривожлантириш, кичик корхоналар ва аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаси иншоотларини барпо этиш ҳисобидан тушадиган маблағни кўпайтиришни ҳам ҳисобга олиш лозим.

Маҳаллий ҳокимият органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бажарадиган вазифалар доирасини кенгайтириш, уларга давлат ваколатларининг бир қисмини босқичма-босқич топшириш лозим. Бунда энг муҳими, аҳолининг касб ва ижтимоий таркиби манфаатларини янада тўлароқ, ифодалаш ва ҳимоя қилишда нодавлат, жамоат тузилмаларининг ҳуқуқ ва мавқеларини ошириш даркор.

“Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” деган сиёсий қурилиш дастурининг моҳияти ана шунда яққол намоён бўлади. Айнан шундай ёндашув фуқароларнинг ўзларига ўз ҳаёти ва бутун жамият ҳаётини бошқаришда ва ташкил этишда кенг иштирок этиш учун имконият яратади. Бу эса фуқаролик жамияти тамойилларига тўла мос келади.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлисидаги (2010 йил 27 январь) “Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир” мавзуидаги маърузасида, парламентнинг мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган демократик янгиланишлар, либерал ислоҳотлар тарғиботчисига айланишига эришиш энг асосий вазифа бўлмоғи зарурлиги алоҳида қайд этилган. Яъни, мазмун-моҳиятига кўра, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни, биз танлаган давлат ва жамият қурилиши моделини татбиқ этиш жараёнида фуқароларнинг мамлакат бошқарувидаги ролини ошириб боришни асосий ўринга қўядиган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” дастурини амалга ошириш бўйича ишларни янада фаоллаштириш масаласини бугун ҳаётнинг ўзи кун тартибига тобора қатъий қилиб қўймоқда.

Бу амалда фуқаролик жамияти институтларининг бутун тизимини ривожлантиришни, унинг мамлакатни, маъмурий-ҳудудий тузилмаларни бошқариш жараёнига уйғун равишда интеграциялашувини англатади.

Сиёсий партияларнинг марказда ва жойларда ижро этувчи ҳокимият идораларини шакллантириш жараёнига фаол таъсирини таъминлаш учун барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлардан тўлақонли фойдаланиш даркор. Шу максадда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиялар гуруҳлари фаолиятини жонлантириш, барча бўғиндаги ижро этувчи тузилмаларнинг минтақалар ижтимоий-иқтисодий тараққиётига доир амалий вазифаларни ҳал этиш ишига партияларнинг таъсирини ошириш зарурлиги ушбу маърузада алоҳида қайд этилган. Токи, бу институт ва ташкилотлар қарорлар қабул қилиш, ўзлари мансуб бўлган ижтимоий қатлам ва тузилмаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тизимида муносиб ўрин эгаллай олсин.

Юртбошимизнинг қатор маърузаларида, шунингдек, «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» китобида бу масаланинг назарий ва концептуал жиҳатлардан асослаб берилди. Бунда демократик жамият ва давлат қуришга нафақат имкон беради, балки ислоҳотларни янада чуқурлашувини, ўтиш жараёнларини тезлаштиришни таъминлайди. Ана шу мақсадлардан келиб чиқиб, Президент Ислом Каримов бошчилигида давлатнинг “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари” концептуал сиёсий дастури қабул қилинди.

Жамият сиёсий тизимини янада эркинлаштириш масалалари мазкур дастур қабул қилинганидан кейин янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги даврида жамиятнинг бутунлай янги сиёсий тизими шаклланди. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижалари сифатида давлат ва жамият қурилишининг барча жабҳаларида демократик ўзгаришлар рўй берди. Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ривожланишнинг «Ўзбек модели» вужудга келди. Уни дунёдаги барча давлатлар тан олган. Ушбу моделда ифода этилган бозор иқтисодиётига ўтишнинг беш тамойили ҳаётга татбиқ этилмоқда. Шу билан бирга мамлакатда фуқаролик жамиятининг асоси бўлган демократик институтларни шакллантириш ва ривожлантириш жараёнларига доир ислоҳотлар ҳам табора чуқурлашиб бормоқда.

Ўзбекистонда асосан маҳаллалар ўзини ўзи бошқариш органи сифатида фуқаролик жамиятини ташкил этади. «Маҳалла» – арабча «шаҳар ичидаги шаҳар» маъносини англатади.

Бугунги кунда жойларда фуқароларнинг энг долзарб муаммоларини ўз вақтида ва муваффақиятли ҳал этиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда маҳалла тизимининг таъсири ва аҳамияти қанчалик ортиб бораётганини барчамиз яхши биламиз. Маҳалланинг аҳолимиз, айниқса, ёшларимизнинг маънавий-ахлоқий тарбияси билан боғлиқ масалаларни ечиш, ижтимоий соҳанинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш борасидаги ҳиссаси тобора кучайиб бормоқда. Маҳаллани аҳолини аниқ йўналтирилган асосда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш йўлида бошлаган ижобий ишларимизни изчил давом эттиришимиз ва янги босқичга кўтаришимиз даркор. Бошқарув идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда маҳалланинг вазифаларини кенгайтириб бориш, давлат ижтимоий дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши бўйича жойларда амалга оширилаётган ишлардан жамоатчиликни кенг хабардор қилиш мақсадида давлат органларининг фукароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари билан мустаҳкам ҳамкорлигини таъминлаш бундан буён ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлиши керак.

Маҳаллалар – фуқаролик жамиятининг асоси ҳисобланади. Маҳалланинг фуқароларнинг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини таъминлашдаги ўрни ва аҳамияти ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, оқсоқоллар ва уларнинг маслаҳатчиси этиб энг муносиб номзодлар сайланишини таъминлайдиган фуқаролар йиғини раислари (оқсоколлар) ва уларнинг маслаҳатчиларини сайлаш тизимини янада такомиллаштириш талаб этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг асарларида, хусусан, «Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда» китобида бу масалалар чуқур илмий асосда, атрофлича ёритилган.

Бизнинг бош стратегик мақсадимиз – бозор иқтисодиётига асосланган эркин демократик жамият барпо этишдир. Юртимизда яшайдиган барча инсонлар учун, миллати, тили ва динидан қатьи назар, муносиб ҳаёт шароити яратиб бериш, ривожланган демократик мамлакатлардаги каби кафолатланган турмуш даражаси ва эркинликларни таъминлаш давлатимиз сиёсатининг мазмун-моҳиятини ифодалайди. Бу – халқимизнинг асрий анъаналарига, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятига, миллий қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда, ривожланган давлатларнинг тажрибаларидан кўр-кўрона нусха кўчирмасдан, ўзимизга хос ва ўзимизга мос ривожланиш йўлини изчил давом эттириш демакдир.

Ушбу стратегик мақсадлар жамият ҳаётининг барча соҳаларига дахлдор бўлган қуйидаги бир қатор вазифаларни амалга оширишни тақозо этади.

Сиёсий соҳада:

Жамият ҳаётини демократлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш, унинг изчиллиги ва самарадорлигини таъминлаш – мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотларнинг энг асосий йўналишидир.

Биринчидан, мамлакатимиз сиёсий ҳаётининг барча соҳаларини, давлат ва жамият қурилишини эркинлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, унда миллий ва умумбашарий қадриятларга асосланган сиёсий маданиятни шакллантириш.

Бу жараёнда демократия, фикр ва виждон эркинлиги, плюрализм ва инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, гуманизм ва умуминсоний қадриятларга риоя қилиб яшаш тамойилини жамият ҳаётининг асосий мезонига айлантириш.

Иккинчидан, жамиятимизда мавжуд бўлган турли манфаатлар, қарама-қарши кучлар ва ҳаракатлар ўртасидаги мувозанатни таъминлайдиган самарали механизмни шакллантириш, сиёсий ҳаётда ҳақиқий маънодаги кўппартиявийлик тамойилини қарор топтириш.

Учинчидан, демократик институтларнинг мустақил фаолият кўрсатиши учун янада кенгроқ шарт-шароит яратиш, ҳокимият тизимлари бўлинишининг конституциявий тамойилига қатъий амал қилиш, жамият аъзоларининг барча сиёсий, ижтимоий салоҳиятини, ташаббус эркинлигини рўёбга чиқариш учун зарур имкониятларни вужудга келтириш.

Бу – мамлакатимизда демократия тамойилларига асосланган, ҳеч қандай сиёсий кучларнинг субъектив хоҳиш-иродасига қарам бўлмасдан ишни фаол ташкил қиладиган, ўз моҳиятига кўра, жамиятнинг олға силжишига халақит бераётган иллат ва асоратларни бартараф этишга қодир бўлган самарали тизимни шакллантириш демакдир.

Тўртинчидан, маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолият доирасини кенгайтириш, уларга давлат ваколатларининг бир қисмини бос-қичма-босқич ўтказиб бориш, нодавлат ва жамоат тузилмаларининг ҳуқуқ ва мавқеини оширишни кўзда тутадиган «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» концепциясини ҳаётга жорий қилиш.

Бу – одамларнинг сиёсий онги, сиёсий маданияти ва фаоллиги юксалиб боргани сари, давлат вазифаларини нодавлат тузилмалар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич ўтиши, маҳаллаларнинг нуфузи ва мавқеининг ошиши, уларга кўпроқ ҳуқуқлар берилиши демакдир.

Бешинчидан, давлатнинг ислоҳотчилик вазифаларини демократик талаблар асосида, халқимиз ва жамиятимиз манфаатларига мос ҳолда амалга оширадиган истеъдодли, изланувчан, чуқур билимли ва юксак малакали, Ватанга, она заминимизга садоқатли ёш кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва янгилашга имкон берадиган тизимни такомиллаштириш.

Бу – ҳеч қайси замонда осонликча ҳал бўлмайдиган, одамларнинг тафаккури ва дунёқараши ўзгаришини тақозо этадиган, одатда субъективизм, манфаатпарастлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик каби кўп-кўп иллатларни бартараф этиш, жамиятни тубдан янгилашни талаб қиладиган мураккаб жараёндир.

Иқтисодий соҳада:

Иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларида эркинлаштириш жараёнини изчиллик билан амалга ошириш ва олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг мустақиллигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш – бу соҳадаги ўзгаришларнинг асосий йўналишларидир.

Биринчидан, иқтисодиётни эркинлаштиришдаги бош вазифа – энг аввало, давлатнинг назоратчилик ва бошқарувчилик вазифаларини – функцияларини қисқартириш, унинг корхоналар хўжалик фаолиятига, биринчи галда, хусусий бизнес фаолиятига аралашувини чеклаш.

Бу – хусусий бизнесга, умуман, иқтисодий фаолиятнинг бозорга хос механизмларига кўпроқ эркинлик бериш, бунинг учун тегишли ҳуқуқий замин, ташкилий ва иқтисодий шарт-шароит ва кафолатларни яратиш, институционал ўзгаришлар, молия ва банк тизимини ислоҳ этишни янада чуқурлаштириш, ривожланган бозор инфратузилмасини барпо этиш, рақобат муҳитини шакллантиришга асосий эътибор қаратиш демакдир.

Иккинчидан, хусусийлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш ва шу асосда амалда мулкдорлар синфини шакллантириш, бу жараёнга тармоқларнинг асосини ташкил қилувчи йирик корхоналарни жалб этиш.

Бу – хусусий мулкнинг миқёси ва улуши узлуксиз ортиб борадиган кўпукладли иқтисодиётни ривожлантириш, жамиятда мулкдорларнинг кўпчиликни ташкил этишига эришиш орқали ижтимоий ҳаётдаги барқарорлик ва фаровонликни кафолатлаш демакдир.

Учинчидан, иқтисодиётга хориж сармоясини, аввало, бевосита йўналтирилган сармояларни кенг жалб этиш учун қулай ҳуқуқий шарт-шароит, кафолат ва иқтисодий омилларни янада кучайтириш.

Бу – салоҳиятли хорижий шериклар билан фаол ҳамкорлик қилиш, улар билан бирга замонавий, халқимиз эҳтиёжига мос, дунё бозорида рақобатга бардош бера оладиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни амалга ошириш демакдир.

Тўртинчидан, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, унинг халқаро меҳнат тақсимотида тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли шартлар асосида иштирок этиши, иқтисодиётимизнинг жаҳон иқтисодий тизимига кенг кўламда интеграциялашувини янада кучайтириш.

Бу – Ватанимизнинг дунё бозоридаги ўрни ва нуфузини, фуқароларимиз ўз юрти иқтисодий салоҳияти ва қудрати билан фахрланиш туйғусини юксалтириш демакдир.

Бешинчидан, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни изчил давом эттириш.

Бу – бой табиий захираларимиз, интеллектуал ҳамда илмий-техникавий салоҳиятимиздан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, иқтисодиётда мукаммал технологик жараённи ўз ичига оладиган, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган, минерал ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини сифатли қайта ишлайдиган қувватлар етакчи ўрин тутишини таъминлаш, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, уларнинг иқтисодиётдаги ўрнини кучайтириш, қишлоқда янги иш ўринларини яратиш демақдир.

Ижтимоий соҳада:

Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилаётган, бозор муносабатлари устувор бўлиб бораётган ҳозирги шароитда кучли ижтимоий сиёсат юритиш тараққиётимизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиб қолаверади.

Биринчидан, халқ моддий фаровонлигини босқичма-босқич ва изчил ошириб боришни таъминлаш, юртдошларимизнинг муносиб ҳаёт кечириши ва камол топиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, аҳолини, энг аввало, унинг ёрдамга муҳтож қатламлари – болалар, қариялар, ногиронлар, ўқувчи ёшларни ижтимоий муҳофазалашнинг аниқ йўналтирилган механизмини янада такомиллаштириш.

Иккинчидан, халқимиз учун муқаддас қўрғон, маънавият бешиги бўлган оила, оналар ва аёлларимизнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш соҳасида олиб борилаётган ишларни изчил давом эттириш.

Учинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқий тенглиги ва қонун устуворлигини, жамият манфаатлари ва аҳоли хавфсизлигини янада самарали кафолатловчи давлат тузилмалари фаолиятини такомиллаштириш.

Тўртинчидан, келажаги буюк давлатни соғлом мафкурали, маънавий баркамол авлод барпо эта олишини назарда тутиб, комил инсонни тарбиялаш борасидаги ишларни истиқболда ҳам давлат сиёсати даражасида кучайтириб бориш ва умумхалқ ҳаракатига айлантириш.

Маънавий соҳада:

Маънавий қадриятларимизни илм-фан ва тараққиёт ютуқлари билан бойитиб бориш, ўзлигимизни чуқурроқ англаш, миллий ғоя ва истиқлол мафкураси тамойилларини халқимизнинг қалби ва онгига сингдириш, муқаддас динимиз ва тарихимизни сохталаштириш, улардан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик асосий вазифаларимиздандир.

Биринчидан, юртдошларимизни маънавий янгиланиш ва ислоҳотлар жараёнининг фаол иштирокчисига айлантириш. Уларнинг куч ва салоҳиятларини ижтимоий ҳамкорлик ва миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик каби эзгу мақсадларга хизмат қилдириш.

Бу – маънавиятнинг куч-қудратидан эзгу мақсадлар йўлида самарали фойдаланиш, ижтимоий муносабатларни инсонийлик ғоялари асосида ривожлантириш демакдир.

Иккинчидан, турли қараш ва фикрга эга бўлган ижтимоий қатламлар, сиёсий куч ва ҳаракатларнинг ўзига хос орзу-интилишларини уйғунлаштирувчи ғоя – Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги – барча юртдошларимиз учун муқаддас мақсадга айланишига эришиш.

Бу – кўппартиявийлик ва плюрализм тамойилларига амалда риоя қилган ҳолда, миллий ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш демақдир.

Учинчидан, ота-боболаримиз динининг гуманистик моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш борасидаги ишларни давом эттириш. Токи, бу дин халқимизнинг минг йиллик тарихи, бугунги маънавий ҳаётимизнинг ҳам асоси, мухтасар айтганда, Аллоҳ доимо қалбимизда, юрагимизда экани юртдошларимиз онгига сингиб борсин.

Шу маънода, буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанднинг «Дилинг – Аллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин» деган ҳикмати биз учун муҳим ҳаётий тамойил бўлиб қолаверади.

Тўртинчидан, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш, таълим-тарбия тизимини замон талаблари асосида муттасил такомиллаштириб бориш.

Бу – давлатимиз қудрати, мамлакатимиз келажаги билимли, доно ва маънавий баркамол кадрларга боғлиқ эканини чуқур англаган ҳолда фаолият юритиш демакдир.

Бешинчидан, Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг қадриятлари, тили, маданияти, диний эътиқоди, урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилиш, уларни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга кўмаклашиш.

Бу – кўп миллатли мамлакатимиз фуқаролари орасида, уларнинг миллий ва диний мансублигидан қатъи назар, ҳамжиҳатлик ва биродарлик туйғуларини кучайтириш, «Шу азиз Ватан – барчамизники» ғоясининг амалга ошишини таъминлаш демакдир.

Журналист қайсики мавзуда сўз юритмасин, аввало унинг ҳуқуқий ва бошқа асосларини теран англаб олиши зарурлиги ҳақида юқорида қайд этган эдик. Эътибор берсангиз, “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепциясида белгиланган асосий вазифалар ОАВда кенг ёритиб борилмоқда. Айтайлик, маънавий қадриятларимиз, илм-фан ва тараққиёт ютуқлари, ўзлик, миллий ғоя ва истиқлол мафкураси тамойилларини халқимизнинг қалби ва онгига сингдириш, муқаддас динимиз ва тарихимизни сохталаштириш, улардан сиёсий мақсадларда фойдаланишга қарши кураш журналистларимиз доимий равишда қаламга оладиган мавзуларга айлангани сир эмас.

Газеталарда ёритилаётган ана шундай руҳдаги мақолалар, суҳбатлар ва бошқа жанрлардаги ижод маҳсулларидан, сермазмун телекўрсатувлар ҳамда радиоэшиттиришлардан баҳраманд бўлаётган юртдошларимизнинг маънавий жиҳатдан камол топаётгани баайни ҳақиқатдир. Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик одатий ҳолга айланмоқда. Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги – барча юртдошларимиз учун муқаддас мақсадга айланиб қолганини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ. Муқаддас динимиз халқимизнинг минг йиллик тарихи, бугунги маънавий ҳаётимизнинг ҳам асоси, мухтасар қилиб айтганда, Аллоҳ доимо қалбимизда, юрагимизда, деган улуғвор ғоя том маънода ижтимоий воқеликка айланган. Асл миллий қадриятларимиздан ҳисобланмиш она тилимиз – давлат тили мақомига эга бўлиб, чинакам қадр топаётгани, ҳатто дунё узра жаранглаётгани ОАВнинг доимий мавзуларидан бирига айланган. Шу билан бир қаторда юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг қадриятлари, тили, маданияти, диний эътиқоди, урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилиш, бинобарин, “Шу азиз Ватан – барчамизники” деган улуғвор ғоя кенг ёритилмоқда.

 

Назорат учун саволлар:

  1. Ахборотлашган жамият деганда нималарни тушунасиз?
  2. Жамиятимизни ахборотлаштиришнинг ҳуқуқий асосини изоҳланг.
  3. Жамиятимизни ахборотлаштиришда ОАВнинг ўрни қандай бўлади?
  4. Жамиятимизни демократлаштиришда қандай устувор вазифаларни биласиз?
  5. Фуқаролик жамиятининг қандай асосларини биласиз?
  6. Кучли давлатдан кучли жамият сари ғоясини қандай тушунасиз?
  7. “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили ҳақида нималарни биласиз?
  8. “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепциясида қандай вазифалар белгиланган?
  9. Маҳалланинг фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ролини қандай тушунасиз?
  10. ОАВда “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” мавзуси қай даражада ёритилаётганини изоҳланг.

 ФОЙДАЛАНИЛАДИГАН АДАБИЁТЛАР

 Методологик адабиётлар

  1. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. –Т.: Ўзбекистон, 2017. – 488 б.
  2. Мирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. –Т.: Ўзбекистон, 2017. – 592 б.
  3. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. //www.uza.uz
  4. Мирзиёев Ш.М. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. //www.uza.uz
  5. Мирзиёев Ш.М. Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир. //www.uza.uz
  6. Мирзиёев Ш.М. Миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик – халқимиз тинчлиги ва фаровонлигининг муҳим омилидир. //www.uza.uz
  7. Мирзиёев Ш.М. Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир. //www.uza.uz
  8. Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси (2017 йил 22 декабрь),
  9. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлoл, иқтисoд, сиёсат, мафкура. Т.1. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б.
  10. Каримов И.А. Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин. Т.2. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 380 б.
  11. Каримов И.А. Ватан саждагoҳ каби муқаддасдир. Т.3. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 366 б.
  12. Каримов И.А. Бунёдкoрлик йўлидан. Т.4. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 349 б.
  13. Каримов И.А. Янгича фикрлаш – давр талаби. Т.5. –Т.: Ўзбекистон, 1997. – 384 б.
  14. Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан. Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 429 б.
  15. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 410 б.
  16. Каримов И.А. Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз. Т.8. –Т.: Ўзбекистон, 2000. – 528 б.
  17. Каримов И.А. Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. Т. 9. –Т.: Ўзбекистон, 2001. – 432 б.
  18. Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т. 10. –Т.: Ўзбекистон, 2002. – 432 б.
  19. Каримов И.А. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. Т. 11. –Т.: Ўзбекистон, 2003. – 320 б.
  20. Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ. Т. 12. –Т.: Ўзбекистон, 2004. – 400 б.
  21. Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Т. 13. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 448 б.
  22. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Т. 14. –Т.: Ўзбекистон, 2006. – 280 б.
  23. Каримов И.А. Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир. Т. 15. –Т.: Ўзбекистон, 2007. – 320 б.
  24. Каримов И.А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т. 16. –Т.: Ўзбекистон, 2008. – 368 б.
  25. Каримов И.А. Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш бизнинг олий мақсадимиздир. –Т.17. –Т: Ўзбекистон, 2009.
  26. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 176 б.
  27. Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 24 б.
  28. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) коллектив хавфсизлик кенгашининг мажлисида сўзлаган нутқи. //Халқ сўзи, 2010 йил 14 декабрь.
  29. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: Ўзбекистон, 2011. – 440 б.
  30. Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. –Т.: Ўзбекистон, 2015.

 

  1. Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
  2. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси –Т.: Ўзбекистон, 2016.
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни. –Т 2014 lex.uz
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни. /Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  5. Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуни. /Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  6. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни. /Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  7. Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида. Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида. –Т.: Ўзбекистон, 2004.
  8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш давлат дастури тўғрисида”ги 163-Қарори. (2006 йил 7 август). /Оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Ishonch Markaz Servis. 2009 й.
  9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 сентябрдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 203-қарори. /Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, 2008 й.

 

III. Илмий-оммабоп адабиётлар

  1. Азизхўжаев А., Ҳусанов О., Азизов Х. Конституциявий ҳуқуқ. –Т.: Академия, 2001.
  2. Биз қандай жамият қурмоқдамиз? –Т.: ЎзЛиДеП сиёсий таълим маркази. 2006.
  3. Болиев Э.Жамоатчилик фикри: ҳар қандай қонунни мукаммаллаштиришга хизмат қилади. //Халқ сўзи, 2005. 5 май
  4. Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Фан, 1999.
  5. 5. Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. –Ростов-на-Дону, 1998.
  6. Berneys E. L. The Later Years. Public Relations Insights 1956-1986.-Rhinebeck: Free Press, 1986.
  7. Бутрин Д. Год открытых дверей. //Коммерсанть. –2002, 24 декабрь.
  8. Гульбинский Н., Сорокина Е. «Краткий курс» для эффективных политиков. – Аванти, 1999.
  9. Гундарин М.В. Теория и практика связей с общественностью: основы медиа-рилейшнз. Учеб. пособие. –М.: Форум: инфра-м, 2007.
  10. Дўстмуҳаммад Х. Ахборот – мўъжиза, жозиба, фалсафа. –Т.: Янги аср авлоди, 2013.
  11. Жабборов Т. Жамоатчилик билан алоқалар: назария ва амалиёт. –Т.: ЎзМУ, 2013.
  12. Засурский Я.Н. Искушение свободой. Российская журналистика: 1990-2004. – М.: Изд-во Моск. ун-та, 2004.
  13. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясига шарҳлар. –Т.: Адолат, 1999.
  14. Катлип С.М., Сентер А.Х., Брум Г.М. Паблик рилейшнз. Теория и практика.– М.: Вильямс, 2003.
  15. Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. –Киев.: Ваклер, 2000.
  16. Луғат-маълумотнома: Журналистика. Реклама. Паблик рилейшнз. 1700 атама. /Нестеренко Ф. ва бошқ. –Т.: Зар қалам, 2003.
  17. Матбуот хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўлланма. –Т.: Адолат, 2006.
  18. Меҳрга йўғрилган ижод: Пиримқул Қодиров ижоди адиблар ва мунаққидлар талқинида. –Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси нашриёти, 2008.
  19. Миллий истиқлол ғояси. –Т.: Ўзбекистон, 2005.
  20. Миллий ғоя ва мафкура тушунчаларининг ўзига хос хусусиятлари –Т.: ЎзЛиДеП сиёсий таълим маркази. 2006.
  21. Миралимов Ш., Эшбеков Т. Журналистика, маънавият, жамият. –Т.: Ўзбекистон, 2010.
  22. 22. Мўминов Ф. Журналистика ижтимоий институт сифатида. –Т.: Университет, 1998.
  23. Мўминов Ф. Социология ва журналист фаолияти. –Т.: Университет, 1995.
  24. 24. Мўминов Ф.А. Паблик рилейшнз: история и теория. –Т.: Ижод дунёси, 2004.
  25. Мўътабар зиё маскани. (Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети – 1918-2008). –Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2008.
  26. Низомулмулк. Сиёсатнома ёки сияр ул-мулк. Т.: Адолат, 1997. –Б. 77.
  27. Ольшанский Д. Политический PR. СПб.: М., Питер, 2003.
  28. Пашенцев Е.Н.Паблик рилейшнз: от бизнеса до политики. –М.: Р.Бук. 2001.
  29. Полоницкий П. Пресс-службы и гласность. –М.: Юридический Мир, 2006.
  30. Почепцов Г. Паблик рилейшнз для профессионалов. –М.: Рефл-Бук, 2000.
  31. Прохоров. Е.П. Журналистика и демократия. –М.: Аспект Пресс. 2004.
  32. Раҳматуллаев Т. Америка журналист нигоҳида. –Т.: Янги аср авлоди, 2003.
  33. Репортёрлик фаолиятининг назарияси ва амалиёти. /Эрназаров Қ. ва бошқ. –Т.: ЎзМУ, 2002.
  34. Саидов А.Х., Кўчимов Ш.Н. Қонунчилик техникаси асослари. –Т.: Адолат. 2001.
  35. Салливан М. Масъул ахборот хизмати. http.//usinfo.state.gov.
  36. Солиев Ф. Ахборот хизматлари: мақсад, бурч ва маҳорат. //Ҳуррият, 2007, 12 декабрь.
  37. Темур тузуклари. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1991.
  38. Худойқулов М. Журналистика ва публицистика. –Т.: ЎзМУ, 2008.
  39. Шомақсудов А. Журналист мутахассислар тайёрлаш маскани. –Т.: Зар қалам, 2003.
  40. Эшбеков Т. Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2009.
  41. Эшбеков Т. Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2012.
  42. Эшбеков Т. Маънавият ва ахборот сабоқлари. “Ахборот соатлари” курслари учун услубий қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2016.
  43. Эшбеков Т. Мулоқот майдонида ахборот хизматларининг ўрни. Ўқув-услубий қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2017. – 128 б.
  44. Эшбеков Т. Мафкура ва ахборот-психологик хавфсизлик. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2017. – 64 б.
  45. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 1-12 жилдлар. –Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2000-2006.
  46. Ўзбекистон жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ қилиш йўлида. –Т.: Академия. 2005.
  47. Қудратхўжаев Ш. Интернет: тарихи, тузилиши, техник хавфсизлик. –Т.: Ўзбекистон. 2011.
  48. Ҳамдамов Ю. Тараққиёт мезони. –Т.: Ўзбекистон НМИУ, 2013.

Ожк4

 

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>