Остонақул буванинг “бойликлари” (Ҳикоя)

Таиса деган аёлнинг бир инжиқ чолдан шикоят қилиб ёзган хати мени адойи тамом қилди…

Қилғиликни қилган бир четда қолиб, ўзим балога қолиб кетсам-а…

Гап Остонақул буванинг “бойликлари”дан бошланди. У саҳарда қўқим (мусор) қутиларини титади. Бўш шиша, темир-терсак, идиш-товоқ, қоғоз, латта-путталаргача териб, қопларга жойлаб, уйига олиб киради. Бир қисмини (кўтарганича) шаҳар четидаги эски-тускилар бозорида пуллайди. Қолганлари йиғилавериб, уч хонали уйининг шифтигача тўлибди. Кейин ташқарига – балконига туташ йўлак четига тахлаган. Қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур, деганларидек, шунақа қоплардан катта “хирмон” пайдо бўлган…

Таиса опанинг айтишича, ўша қопларнинг орасидан каламушлар чиқиб, безовта қилаётган эмиш…

– Ишонмасайиз, уйимга чикингиз, бир кўрингиз,– деди аёл ўзбек тилида амал-тақал қилиб сўзларкан кўкиш кўзларини жавдиратиб.– Каламушнинг «чий-чий»и тунда ҳикилдогимга келтиради. Санэпидстанцияга ёздим, натижа бўлмади. Чол ҳаммасини «тинчитиб» юбораяпти. Кизил ҳужжатини пеш килгани-килган. «Фронтовик» эмиш. Нима, уйимиз бўсагасини мусорга тўлдирма, дейишга ҳаккимиз йўкми, а?– У сўзларини таҳдидлироқ оҳангда давом эттирди.– Хат ёздим энг юкорига, шунга кўл кўйдириб юрибман. Ахир, бизнинг ҳам додимизни эшитадиганлар бордир-ку?..

Тўртинчи йўлакдан атай келган опахоннинг сепкилли сарғиш чеҳрасига боқиб, ачиндим. Бир ҳисобда унга раҳмат дейиш керак. Қачонгача «дунёни сув босса, тўпиғимга келмайди», деб юрамиз? Бироқ, ҳозир имзо қўйдириш учун узатилган қоғозни олмасдан аввал дилимдагини айтдим:

– Бирданига каттага ёзиш шартмикан?..

– Шарт, ўригилай, шарт!– Гапимни охиригача эшитмай бобиллади у.– Каттадан бошкасининг кучи етмайдир бу инжик чолга!

– Бунақа ишнинг йўл-йўриғи бор.– Тушунтирдим ётиғи билан.– Аввало маҳалла билан гаплашиш керак! Хатни оқсоқолга ёзинг.

– У бу ишни ҳал килолмаса-чи?

– Иннайкейин, оқсоқол ҳал қилмади, деб ҳокимга ёзса бўлади,– дедим опахонни тинчлантиришга ҳаракат қилиб.– Катта идорага хат ёзганда қуйи ташкилотнинг қониқарсиз жавобини илова қилсангиз – нишонга тегади!

Ушлаган жойини қўймайдиган қўшнимиз кўз олдимда хатнинг тепасига маҳалла оқсоқолининг исм-шарифини ёзиб, бошқа қоғозга кўчира бошлади.

– Каний, тагин нималар деб ёзамиз?– Савол назари билан қаради менга ажи-бужи хатини кўрсатиб.– Сиз устарок кўринасиз, буёгига карашиворинг.

Маҳалла оқсоқолини ҳушёр торттирадиган бир-икки жумла айтдим.

– Ҳа-а, ўлма-анг!– Ёзаётганлари нишонга тегишига ишонч ҳосил қилган аёлнинг юзи ёришди.– Энди ғинг деб кўрсин-чи!..

– Охири бахайр бўлсин,– дедим ўзимга ўзим пичирлаб.

– Энди бахайр бўлмаганига кўймаймиз,– деди опахон қоғоз-қаламини менга узатар экан.– Кани, кўл кўйинг-чи…

Тўрт йўлак наридаги жанжалга аралашиш зарил кептими? Мени тинч қўйинг, деган маънода бош чайқаган эдим, осонликча қутулишнинг иложи бўлмади.

– Бир кун кўшнилар сизгаям керак бўлиб колар, ўшанда улар ҳам караб турмайди,– деди тагдор қилиб опахон.– Айрилганни айик ер, деган маколни эшитмаганмисиз?..

Унинг гапи замирида, яқинда кўчиб келгансан, бу ишдан ўзингни олиб қочсанг, қўшнилардан айриласан, кейин, яккамаховга ўхшаб қоласан, деган иддао сезилиб турарди…

Қўлим қалтираганча ноилож имзо чекдим. Кейин бармоғимни тишлаб қолдим; ахир, нега мен биринчи бўлиб… Энди Таиса опа бошқаларга нима дейишини биламан; “ана, журналист ҳам қўл қўйди!..”

Бунақа гапни эшитгач, бошқалар иккиланиб ўтирмасдан имзо қўяди-да… Афсус, ҳушим ўзимга келганида бақалоқ опамиз зинадан лапанглаб тушганча учинчи қаватдаги эшикни жиринглатаётганди…

Остонақул бува тўй-маъракаларда ҳамиша бош-қош. Ўз таъбири билан айтганда: қўни-қўшниларнинг «бошини қовуштириб» юради. Урушганларни яраштириб, «яраш оши» деган удумгача ёдга солиб туради. Унинг ҳамма иши яхши-ю, шунақа «бойлик»ка ружу қўйганини ҳеч ким ҳазм қила олмайди-да.

Қўни-қўшнилар унинг “оппоқ соқолини ҳурмат қилишини” айтадилар. Чол бўлса, қўқимнинг қадрига етади-ю… қўшниларига жабр қилаётганини тушунмайди. Тушунишни ҳам истамайди! Ҳадеб гапиришга қўшниларида тил, унда қулоқ, мутасаддиларда эса журъат етишмайди.

Ниҳоят, Таиса опа ниятига етди! Тўртта йўлакдаги қўшниларнинг (ҳатто Остонақул буванинг кампири ҳам сўраб-суриштириб ўтирмасдан қўл қўйиб юборибди!) имзоси билан тўлган хатини тутқазганча маҳалла оқсоқолини бошлаб келди.

Кўпқаватли уйимиз ҳовлисидаги шийпончада мажлисга тўпландик.

Ҳеч гапдан бехабар Остонақул бува ҳам эл қатори жимгина ўтирарди. Афтидан, у бирор ошнинг маслаҳати бўлса керак, деб ўйлаяпти, шекилли, нуронийларга нимтабассум билан им қоқиб қўярди.

Ҳозир ғалва бошланишини ўйлаганим сари юрагим безовта уряпти…

Маҳалла оқсоқоли йиғилишни “Кун тартиби”даги ягона масала”дан бошлади. Остонақул буванинг номи тилга олинганида қўшнилар шамолда чайқалган қамишлардек қимирлаб қўйишди.

Ҳозир ҳамма Остонақул буванинг «портлашини» кутганди.

Йўқ, кўпни кўрган чол парвойи палак ўтирибди! Фақат, “сени тушунган одам деб юрсам, ўйламай-нетмай имзо қўйдингми?” дегандек менга маъноли қараб қўярди…

Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади-да. Бу ғалвага қўшилиб қолганимга ич-ичимдан қанчалик зил кетаётганини отахон қаёқдан ҳам билсин?.. Эрта-индин ётиғи билан тушунтириб қўяман, деб ўйлаганларим ҳозир чиппакка чиқишини эса хаёлимга ҳам келтирмаган эдим…

Маҳалла оқсоқоли шикоят хатини худди маърузадек виқор билан ўқиб бергач, одамларга савол назари билан қаради:

– Хўш, бу масалани қандоқ ҳал қиламиз? Ким сўзга чиқади?

Биринчи бўлиб ташаббускор аёл ўрнидан турди. Ийманиброқ бошлаган гапи тезлашиб, кутилмаганда қўлини мен томон бигиз қилса бўладими? Гўё мен уни қистовга олиб хат ёздиргандек, нима дейди, денг:

– Бу хатни ана шу янги кўшнимизнинг гапи билан ёздим! Йўл-йўригини биламан, оксоколга ёзиш керак, деди, тўгрими, ука?– У мен томон бошини ирғаганча гапини ўзи тасдиқлаб қўярди.– Кейин, айтиб турди, биринчи бўлиб кўл кўйди… Ишимиз маҳаллада битмаса, ҳокимга ёзиш керак, деди. Бўлмаса, ундан ҳам катталар бор, деди… Каттага хат ёзганда оксоколнинг коникарсиз жавобини ҳам илова килиш – нишонга тегишини билмасдим. Мана шу янги кушнимиз – журналист ўргатди. Тугрими, гапирган гапингизни буйнингизга оласиз-а, ҳой, кўшни?!

Ҳамма гув этиб менга қаради.

Бу гапни қўшнилар қандоқ тушунганлари таҳдидли қарашларидан аён сезилиб турарди. Улар наздида мен ғалва кўтарган, қўшниларни шу чолга қарши «қайраган» бўлиб қолдим гўё…

Гапи иккиёқлама ўйнаб кетадиган Таиса опага эътироз билдиришимнинг ҳеч қанақасига ўрни қолмаганди. “Ҳаммасини ўзинг бошладинг-ку, номард!” деганим билан ҳеч нарса ўзгариб қолмасди. Битта хотин билан гап талашган, майдалашган кимсага чиқиб қолардим, вассалом…

Шу тобда ер ёрилса-ю, жимгина кириб кетсам…

Бу машмаша нима билан тугашини ўйлаб, ичимдан зил кетардим…

Ниҳоят, отахон ҳам ҳаракатга тушди. Қўйнидан аллақандай дафтарини чиқариб, нимадир ёза бошлади. Чамаси, у ҳам “жанг”га тайёргарлик кўрарди.

Таиса опадан сўнг ўн чоғли киши гапирган бўлди. Фақат, гап нишаби икки томонга: қисман Остонақул бувага, асосан менга қаратиларди. Отахонга жуда юмшоқлик билан: “йўлакдан мусорингизни йўқотсангиз яхши бўларди” дейишса, менга қарата: “Бўри Ботиров (яъни, камина!) журналистлигини пеш қилмасин, қўшнилари устидан бунақа устамонлик билан хат уюштирмасин! Таиса опа ё бошқа хотинларнинг қўли билан бировларга тош отмасин! Гапни нишонга уриш учун маҳалла оқсоқолини ҳокимга, уни катта идораларга ёмон кўрсатмасин!..”, дея дағдаға қилишарди…

Қизиқ, уларнинг таъналари юз фоиз ҳақдек кўринарди. Бирорта гапини инкор қила олмасдим. Бу таҳдидлардан осонликча қутулишнинг иложи йўқ… Айбсиз айбдор бўлиб қолаётганимни ҳеч кимга тушунтира олмасдим. Бундай пайт бирор зот тушунишни ҳам истамасди…

Катта гуноҳ иш қилиб қўйгандек эгнимни қисиб ўтиришдан ўзга чорам қолмаган эди.

Муҳокама бошланганида чўққисоқол кишининг гапи қизиқ бўлди:

– Бўрибой ука, ҳақиқий бўри ҳам ўз атрофидаги қўйларга тегмаскан. Сиз ёзувчилигингизни кеп-кеп саксон яшар отахонга кўрсатдингизми? Бувангиз тенги одамни шунақа изза қилишингиз инсофданми? Ўзларига ётиғи билан айтсангиз бўлмасмиди?.. Қилғиликни қилиб қўйгач, нега энди ҳадеб бу аёлга (Таиса опага ишора қилди) кўзингизни ола-кула қилиб қарайсиз? Ожизанинг қўли билан бировни уришга устамонлигингизни хаспўшламоқчи бўлганингиз етмагандек, энди унга таҳдид ҳам қиляпсизми?! Маҳалла оқсоқолини нега подставка қилмоқчи бўлдингиз? Унинг хатини илова қилиб ҳокимга ёзишдан муддаонгиз – катталарнинг орасига ҳам нифоқ солишми?! Бунақасини етти ухлаб тушингда ҳам кўрмайсан…

Бурни япасқироқ кишининг гапи ундан ҳам ошиб тушди:

– Шунча дардийиз боракан, домком ўлгани йўқ-ку?!– Кўкрагига уриб қўйганига қараганда ўзини айтаётганди.– Йигирма йилдан бери домимиздан бунақа бемаъни гап чиқмаганди…

– Илон чиқмаганди, денг, илон!– Луқма ташлади пиёнистабашара одам.

– Ундан ҳам баттар – чаён, денг, чаён!– Илиб кетди бошқаси.

– Чаён ҳам ундан тузикроқ, дангал чақади-қўяди,– дея луқма ташлади кимдир.– Чаён бунақа хат ёзишни, бировни подставка қилишни билмайди…

Бу гапларга кимдир истеҳзоли кулар, бошқалари “афсус” дегандек бош чайқаб қўярди. Тепакал киши сўйлоқ тишлари орасидан папирос тутунини пуркаган кўйи илондек вишиллади:

– Ўша мусордан кўра шунақа хат ёзадиганлар хавфлироқ! Кўринишидан туппа-тузик одам соддагина Таиса опани йўлдан урибди… Манфурлик ҳам шунчалик бўладими?!

Бу гапга маҳалла оқсоқоли шундоқ бош чайқадики, гўё “кўрдиларингми, мен қанақа одамларнинг касрига қолиб юраман?” деган маъно акс этиб турар эди.

Шу тариқа, чолнинг қоп-қоп қўқими қолиб, қўшнилар мени муҳокама қилишга ўтиб кетишди…

Таънали қарашларга дош беролмасдим. Шартта туриб кетишнинг иложи йўқ. Қанийди, шу тобда ер ёрилса-ю жимгина кириб кетсам…

Ниҳоят, Остонақул бува дўпписини тўғрилаб қўйганча одоб билан қўл кўтарди.

Маҳалла оқсоқоли, марҳамат, дегандек ўртага чиқишига ишора қилди.

Чол давра ўртасида ғоз турганча қўлини кўксига қўйди, бош ирғаб салом берди. Менга ҳам ғалати қараб қўяркан, гўё таъзим қилгандек бўлди.

Бу кесатиққа жавобан нима қилишни, ўзимни қандоқ тутишни билолмай гаранг эдим…

Остонақул бува гапни нимадан бошлар экан, деб турганимизда қўйнидан қандайдир дафтар чиқарди. Бунақа можароларга обдон тайёргарлик кўриб юраркан чоғи. У дафтарини варақлай бошлаганида баъзиларнинг дами ичига тушиб кетди.

– Азиз қўшнижонлар,– деди чол босиқлик билан.– Соқолим оқарганида шу ғалва менга керакмиди? Ўзи устимдан ёзишга арзигулик гап бормикан? Ўзимга бир оғиз айтсангиз, бамаслаҳат ҳал этардик-ку! Оқсоқолни оввора қилиш шартмикин? Ҳозирдан у кишига ҳам шантаж қилиб, ҳокимга ёзаман, жавоб хатингни илова қиламан, деб таҳдид қилиш маҳалладошликка, қўни-қўшничиликка, одамийликка, борингки, эркакчиликка тўғри келадими?!

Орқароқда кимдир менга қарата ғўлдиради:

– Бу гапни эшитгандан кўра ўлганинг яхши эмасмиди?..

“Ҳа-ҳа, ҳозироқ ўлиб қолсам минг марта яхши бўларди!” дея ҳайқириб юборишимга бир баҳя қолаётганди ўзи…

Чол луқма ташлаган томонга нимтабассум қилиб қўяркан, вазминлик билан давом этди:

– Биз урушда қон кечган, нонга зор бўлиб ўсган, очликдан ўлганларни ўз кўзимиз билан кўрган авлодмиз. Уволдан қўрқамиз…– Шу гапларни айтаётиб отахоннинг овози ўзгарди, чамаси, хўрлиги келди. Чопонининг енги билан кўзларини артиб қўяркан, товуши қалтираброқ (йиғлаётгандек) чиқди.– Ҳар куни оч қолганимдан каллаи саҳарлаб мусор қутисини титмайман. Худога шукр, ҳеч нарсага зор қолганим йўқ. Бор-йўғи, ноннинг уволи тутишидан қўрқаман… Бу исрофгарчиликлар яхшиликка олиб келмайди,– деди чол мен томон қўлини бигиз қилиб.– Худойим, нонни увол қилиб ташлаётган шунақа бандаларингни кечир, тавба қилдик, дея сиз ташлаган нонларни увоғигача териб оламан…

Чол сўнгги гаплари айнан менга қаратилган эди.

Не ҳолки, ўтган ҳафта уйда моғорлаб қолган нонларни нима қилишимни билмай турганимда қатиқчи аёл қўқим қутилари ёнига нон ташлаш учун тоза идиш қўйилганини айтганди. (У нонларни қорамолига бераркан, шекилли…) Хуллас, моғорлаган нонларни ўша идишга ташлаётганимни кузатиб турган чол бош чайқаганди. Тунов куни ортиб қолган нонларни қурутиш (сухари қилиш) ниятида газнинг пастки хонаси(духовка)га қўйганча хаёлим фаромуш бўлибди. Бир пастда куюнди иси хоналарни қоплади. Югуриб бориб очсам, майдаланган нонлар қорайиб, адойи тамом бўлибди. Уларни ҳам қутичага ташлаётганимда Остонақул бува бошини сарак-сарак қилганча ўтиб кетган…

Ҳақиқат ҳарқанча аччиқ бўлмасин, шу тобда уни тан олмай иложим йўқ эди…

– Гапим тўғрими, ўртоқ журналист!– Чол инкор қилиб бўлмас сўзлари билан мот қилди-қўйди.– Нонни увол қилма, деб ўзларинг телевизорда гапни боплайсилар-ку?! Сизни ҳам суратга олиб қўйганлар бор… Бир кун кўрасиз томошани…

Нафасим ичимга тушиб кетди. Рўпарамизга ўрнатиб қўйилган камерага ҳеч эътибор бермаймиз. Ҳозир чол қасдма-қасдига курашса, нон ташлаганим “телеайбнома” бўлиб турибди-ку…

Журналистлар шохида юрсак, бошқалар аллақачон баргига чиқиб олган. Қонун эса, биздан кўра оддий одамларни кўпроқ ҳимоя қилади…

Санъат саҳнасида сўз ўйини қилиб юрганлар буларнинг олдида эп эша олмай қолади-ку. Ҳаёт саҳнасида ролини қойилмақом қилган Таиса опа ва чолнинг гап-сўзларидан нонларни увол қилган ҳам, уни кўзига суртиб терган фидойи инсоннинг устидан хат уюштирган ҳам мен бўлиб қоляпман…

Гап қайтарсам шаллақига чиқиб қоламан, сукут сақласам, айбимга иқрор бўлганга ўхшайман. Бунақасини театр саҳнасида ҳам шунчалик қойил қилиб кўрсата олмайсан.

Тағин эгнимни қисиб ўтиришдан ўзга чора тополмадим…

Ноннинг уволи ҳақида гап кетганда ҳамманинг боши хам тортиб қолди. Бошига гулли рўмол ўраб олган бир онахон ҳиқ-ҳиқ қилиб йиғлашга тушди. Рўмолининг учи билан кўзёшларини артганча ўрнидан туриб, менга шундай нафрат билан тикилди-ки…

Аёл, чидай олмайман, деган маънода қўл силкиб чиқиб кетди. Ортидан ачиниш билан қараб қолганларнинг кўзлари кейин ёппасига менга қадалди… Онахонни шу кўйга солган одам гўё мен бўлиб қолдим…

Ўзимни қўярга жой топа олмай, ноилож ер чизиб ўтиравердим…

– Хў-ўш, қоғознинг уволи ҳам нонникидан кам эмаслигини биласизлар. Бу укамнинг қоғозлари ҳаммасидан ноёброқ! Етти ухлаб тушингга кирмаган гапларни ёзади. Бир-иккита катталар ҳақида ёзганларингизни ўқиб, эсхонам чиқиб кетди. Унақа гаплардан илон ҳам пўст ташлаб юборса ажабмас,– деди чол мавзуни давом эттираркан яна гапнинг нишабини менга қаратди.– Бекор ғижимлаб ташлабсиз. Уларни дазмол билан текислаб қўйганман! Эсипаст чол қоғозларни жимгина териб олаверади, деб ўйламанг. Саводсиз эмасман! Ўша ёзганларингизни тегишли одамлар билан таҳлил қилиб кўрмоқчимиз…

Шу тобда баъзи нозик гапларни қоғозга туширганим, кейин ўчирмасдан ғижимлаб ташлаганларим ёдимга тушиб, юрагим шув-в этди. Наҳотки, улар шу инжиқ чолнинг қўлига тушган?! Тегишли жойларга етказган бўлса-я… Не бало келса тилимдан (меники эса – ўйламай ёзганларимдан…) дея юрагим қинидан чиққудек гуп-гуп урарди. Бироқ, энди кеч. Инжиқ чол жонини берса берадики, ўша қоғозларни қайтармайди… Тақдирга тан беришдан ўзга йўл йўқ…

Ўзимни ўтда ёнмас, сувда чўкмас журналист деб ҳисоблардим. Ватаним, халқим, деб куюб-ёниб яшаётганларни қонунлар ҳам, яратган ҳам асрашига ишониб келганман. Шул боис ўзимни ҳам ишғол қилиб бўлмас истеҳком сифатида кўрардим. Не-не амалдорларнинг қинғир ишларини фош этиб, фельетон ёзиб юрган мендек журналистни шу оддий чол бир зарб билан кўзини мошдек очиб қўйса-я… Не ҳолки, одамлар наздида энг зараркунандага чиқиб турибман…

Остонақул бува ғолибларча қараркан, ҳолинг қалай “ёзғувчи”, дегандек ишшайди. Бунақа қарашлар, “мимика”ларни унча-мунча одам тушунмаса-да, қилғилиқни қилиб қўйганлар ва уни тутиб олганлар оқибати нима бўлишини яхши билади… Ғижимлаб ташлаган қоғозларга ёзиб қўйганларимни ўйлаган сари боксчилар тилида айтганда – “накдаун”мас, “накаут” бўлаётгандим…

Кўринишидан бир муаллима қўл кўтариб, мавзуни салгина енгиллатди:

– Мактабимиздан маклатура талаб қилишини яхши биласизлар. Шундай пайтда Остонақул бобо жонимизга оро киради. Ўша териб олган қоғозларини қопи билан бизга топширади. Биз у кишининг суратини мактабимиз “Ҳурмат тахтаси”га ёпиштириб қўйганмиз…

Бу гапга ҳамма чапак чалиб юборди.

Шу билан Остонақул бува халқпарвар, инсонпарвар сиймога айланди.

У улуғланган сари мен мулзамлик ботқоғига ботардим…

Чапак чалинган жойда ҳар қандай дилхираликлар барҳам топиши керак!

Афсуски, шу лаҳзада ҳам баъзилар менга қараб қўйишарди. Бу қарашлар замирида “кўрдингми, нодон!” деган иддао яққол сезилиб турарди.

– Мусордаги шишаларни кўриб, юрагим ачишиб кетади,– сўзида давом этди чол.– Шундоқ чиройли шишаларни ишлаб чиқариш давлатга қанчага тушаркин, деб ўйлаб қоламан. Уларни мусорга ташлаш увол эмасми?!..

Шу гапларни айтаётиб чол яна менга қаради. Яна кўзлар тўқнашди. Бу “тўқнашув”да ҳам мен мағлуб эдим. Ўтган ҳафта базмдан сўнг уйимдан бир талай бўш шишаларни чиқариб ташлаётганимни ҳамма кўрган… Уларни ҳам, Остонақул бува териб олган…

Қайсики мавзуда гап чиқмасин, чол ғолиблигини намойиш этиб, менинг мағлублигимни кўрсатиб қўярди…

Инкор қилиб бўлмас “айб”лар…

Айб иш қилиб қўйганлар қандоқ хижолат чекса, шу тобда камина ҳам шу аҳволда эдим… Йўқ, ундан баттарроқ; жазо ҳукмини кутаётган маҳбусга ўхшаб ўтирардим.

Чол муштига йўталиб олгач, сўзида давом этди:

– Баъзи ичимлик шишалари санъат асарига ўхшайди. Уларни ишлаб чиқариш қанчага тушаркин, деб ҳайрон қоламан. Шиша қабул қиладиган жой бекорга очиб қўйилмагандир? Уларни ташлаганингизда ҳеч уволи тутишини ўйлаб кўрганмисизлар?

У яна менга қаради. Туғилган кунимни нишонлаган кечада бўшаган анча шишаларни чиқариб ташлаганимни кўриб турган эди… Уларни сотиб пулини олганида қанчалик ҳузур қилгани етмагандек, энди калака қилиб, хуморидан чиқарди.

– Темир-терсакларни ҳам увол қилиш яхшимас,– Тушунтиришда давом этди чол.– Бир парча металл ишлаб чиқариш давлатга қанчага тушаркин?!

Қўшнилар ялт этиб қарадилар. Яқинда хонадонимдаги эски қувурларни янгилаганимни улар кўришган… Мен ташлаб юборган қувурларни Остонақул бува териб олган. Уларни металлом ахтариб юрган муаллимларга топширган. Гап эгасини топади, деганларидек, чол менга қарата гапираётгани бежиз эмас эди…

Бояги муаллима отахоннинг гапини маъқуллаб, раҳмат айтди. Яна нима қўшимча қилганини англай олмай қолдим. Унга кимдир луқма ташлаганида, тушунгандек бўлдим. Чамаси, ёнида ўтирган малла соч киши “Бўрибойнинг кетини Остонақул буваси тозалаб юрар экан-да”, деди. Ўша бурчакда кулги кўтарилиб, сўнг олағовур бўлиб кетди.

Кулса – куладиган гаплар-да. Бу “саҳна”да гўё отахон – бош қаҳрамон-у, камина – салбий… Энг қизиғи, бу – саҳна асари эмас, айнан кўз ўнгимизда юз бераётган ажиб воқеалар эди. Бунинг учун бош қаҳрамоннинг бошини силаса арзийди. Ҳар бир хатти-ҳаракати ножўя бўлиб чиқаётган одамни (яъни, мени) қандай жазо кутаётганини тасаввур қила олмасдим шу тобда.

Худди ҳукм чиқариш вақти келгандек чол қўлини шахт кўтариб, жимлик ўрнатди ва мен томонга юзланди:

– Хўш, ёзғувчи укам, нима дейсиз? Шунча нарса увол бўлаётганини кўриб кўрмасликка олиб кетаверишим керакмиди?

Остонақул бувани гиж-гижлаётгандек бир хомсемиз киши менга иддао қилди:

– Отангиз тенгги одамнинг устидан хат уюштирганингиз қанчалик хато бўлганини энди тушундингизми? Қилар ишни қилиб қўйгач, қўшниларга ҳеч қачон бунақа ёмон қараманг!– У худди суддаги судья каби сўзларди.– Хўш, сиз ҳам бирор нарса дейсизми? Оқсоқол, бу болани ҳам эшитайлик-чи…

Бунақа пайт ҳамма ёпасига сенга тикилса, ўзингни қўярга жой тополмай қолар экансан. Барибир, нимадир дейишим керак. Вазиятдан амаллаб чиқиб кетмасам бўлмайди.

Терговчи қаршисида сўроқ қилинаётган гуноҳкор бандадек ўрнимдан турдим. Ўзимга қўйиб берса, айтадиган гапларим (аниқроғи, дардларим)нинг чеки йўқ. Бироқ, ҳозир на маҳалла оқсоқолини, на Остонақул бувани ва на қўшниларни қониқтирадиган бирор жўялироқ гап тополмай қийналардим. Оғзимга мум солиб ўтираверсам, бу имконият ҳам бой берилади. Кейин мени ҳеч ким эшитмайди.

Ўзимни қўлга олиб, қўшниларга юзландим.

– Аввало ассалому алайкум,– дедим қўлимни кўксимга қўйиб.– Гуноҳим бўлганида узр сўраган бўлардим. Муҳокама қилинаётган масалада гуноҳим йўқ, юзим ёруғ.– Шу гапларни айтаётганимда тамоғимга нимадир тиқилиб, хўрлигим келди. Ўзимни қўлга олиб дилимда борини айтдим.– Мен айбсиз айбдор бўлиб қолдим. Ҳеч қанақа хат уюштирмаганман. Остонақул буванинг шунчалик яхши ишларини билар экансиз, ўзларингиз ўша хатга нега имзо қўйдингиз?..

Бу гапим билан ўча бошлаган чўғ устига мой қуйганимни кеч тушундим. Оломон пов этиб ёнди; оғзимни ҳам, кўзимни ҳам очирмай қўйди.

– Аҳ-а, энди бизни подставка қилишни бошлади!– Чийиллади бир аёл.

– Маҳалла оқсоқолини ҳокимнинг олдида, бизни шу отахон олдида ер билан битта қилмоқчига ўхшайди…– Илиб кетди бошқаси.

– Бу устамон биринчи мақсадига эришди! Мана, оқсоқол ва Остонақул буванинг ўртасига нифоқ уруғини сепди. Энди маҳалладошларни хижолат қилишга ўтди,– деди бақалоқ киши мен томонга ола қараш қилиб.– Ўзи мақсадингиз нима, ука?!

– Ўзини оппоқ кўрсатиб, қўшниларининг юзини қаро қилишга устаси фаранг экан…– Илиб кетди бошқаси.– Бу боладан ҳали кўп гап чиқадиганга ўхшайди…

Таёғини ўйнатиб машиналарни тўхтатиб қўядиган йўл-патруль ходимига ўхшаб Остонақул бува қўлини кўтариб ўрнидан турмаганида мени яксон қилиб ташлашлари ҳеч гап эмасди.

Қўшнилар “йиғилиш тугади” деб ўйлашди, шекилли, баъзилар ўрнидан тура бошлади. Ваҳоланки, “иккинчи қисми” бундан ҳам қизиқ экан. Отахон дафтарини варақлаганча ўртага чиқди-да, ҳаммага эшитдириб шундай деди:

– Таисахон, бу укамиз сизнинг қўлингиз билан менинг устимдан ёзишни қойил қилган экан, энди навбат бизники! Сиз ҳозир айтилган гапларни ёзиб, сўзга чиққанларга қўл қўйдирасиз. Ишингизни охирига етказинг! Қилмишига яраша жазосини олсин бу бола! Келишдикми?

Гўё “адолатли ҳукм” ўқилгандек шаънимга роса бўлмағур гап айтганлар чапак чалиб юборишди.

Мажлис бошланганидан буён жонсарак бўлиб ўтирган Таиса опа чолдан осонроқ қутулиш учун шартта қоғоз қоралашга тушди. У нималар ёзаётгани барчага аён. “Бўри Ботиров журналистлик номига доғ тушуриб, ҳар куни нон, қоғоз, шиша, темир каби ноёб нарсаларни увол қилиб мусорга ташлайди” деб бошланса керак. Балки “фикри бузуқ” деб ёзиб, ўша ғижимлаб ташлаган ва Остонақул бува дазмол билан текислаган қоғозларимни илова қилишар… Энг ёмони, “савоб ишлар қилиб юрган отахоннинг устидан хат уюштирган” деган мазмундаги бўлмағур “айбнома” ҳам ёзилади…

Ҳозир у нимаики ёзса, қўшнилар имзо қўйишга шай туришибди!

Маҳалла оқсоқоли ҳам тап тортмасдан муҳрини босади…

Кейин, додингни худога айт…

Давранинг норасмий қозикалонига айланган Остонақул бува энди менга юзланиб, буйруқ қилди:

– Сиз ҳам ишингизни охирига етказинг,– деди у қўлимга қоғоз-қалам тутқазиб.– Модомики, ёзишга уста экансиз, қани, бошланг!

Даҳшатли кўринмас дор тагида эканимни сезиб турибман. Ундан эсон-омон қутулишнинг ягона йўли: муросаи-мадора!.. Биринчи галда, чолнинг талабини қондириш керак…

Иккиланиб ўтиришнинг мавриди эмас. Худди мирзолардек қоғоз-қалам олганча ёзишга шай бўлиб турардим.

Чол дафтарини варақлай бошлаганида нечундир баъзиларнинг рангги гезарди. Дафтарда нималар ёзилганидан кўпчилик хабардорга ўхшайди. Бир киши туриб кетмоқчи эди, Остонақул бува кескин ишораси билан ўтқазиб қўйди. Сўнг, “қора рўйхат”ини ҳижжалаб ўқий бошлади:

– Дўст-дўстга ойна, деганларидек, хатоларимизни очиқ айтганимиз ва тан олганимиз яхши. Менга таъна қилганлар аввал ўзларининг қусурларини тузатсалар, анави қопдагиларни ҳозироқ йўқотаман!– Шу гапларни айтаётиб чол менга қараб қўйди.– Хўўш, ёзяпсизми, ёзинг! Биринчи, Таиса Муртазина пақилдоқ деган портловчи модда сотмоқда. Урушда ҳам бунчалик қулоғимиз қоматга келмаганди… Бомба йўлда қолиб кетади-я… Қулоқнинг пардасини йиртиб, юрак ўйноғи қип қўйяпти-ку бу қизиталоқ! Тинч ётган мусордан юз марта баттар асабни бузмаяптими?!

Гап фақат Таиса опа ҳақида бўлганида қўшнилар ҳозир чолни жон-жон деб қўллаб-қувватлашарди. Ўзлари ҳақида бундан баттарроқ гап чиқишини яхши билганлар жимгина тилини тишлаб ўтиришарди.

Таиса опа эса бундай пайт ўзини эшитмаганга солиб, ишини қилаверади. (Ўзи, ақлли одам шундай йўл тутади!) У ёзаётганларини маҳалла оқсоқолига кўрсатганча янада бойитишга ҳаракат қиларди…

Чол “айблов”ини ўқишда давом этди:

– Иккинчи, Миртўра Шоқосимов икки ўғлини армиядан олиб қолиш учун пропискадан ўчиртирган…

Учинчи, Маҳзуна вояга етмаган болаларга папирос сотади.

Тўртинчи, Қўзивойникида талабалар ноқонуний ижарада туришади.

Бешинчи, Марям Иноғомова ва Гули Сотиволдиевалар антисанитария ҳолатида ҳолва ясаб, пуллайди…

Олтинчи, Саъдуллаева хонадонига кираверишдаги қўшимча деворини буздириб ташлаган. Ахир, биринчи қаватдаги қўшнимиз деворини бузишига йўл қўйиш мумкинми? Худо кўрсатмасин, ер салгина қимирлаб кетса, бутун «дом» адойи тамом бўлади-ку?!

Еттинчи, Бунёд бебурд болаларга уятсиз расмлар тарқатмоқда.

Саккизинчи, Ақида иккинчи эри билан беникоҳ яшаяпти.

Тўққизинчи, собиқ мактаб директори Ҳакимова бир пайтлар анчагина янги аттесстатларни уйига яшириб қўйганидан бохабарман. Энди ўқимаган болаларга уларни сотаётганини исботлаб бераман!

Ўнинчи, Мансур монтёрга ким пора берса, ток ҳисоблагичини орқага қайтариб беради. Ўтган ойда саккизта хонадоннинг счётчигини ноль қилди…

Ўн биринчи, Қўзивой соғ кўзини касал деб ҳужжат тўғрилаб, автобусда текин юрибди.

Ўн иккинчи, Соливой уч жойда ишлашини солиқчилардан яширган.

Ўн учинчи, қалбаки «прописка» билан юрган етти кишини аниқладим.

Ўн тўртинчи, Матқобил хонадонида яширин цех ташкил қилган.

Ўн бешинчи, беш ойдан бери уйида исловотхона очган одамни ҳамма билади, уялмай менга қарши имзо қўйибдими, энди мен ҳам ошкор қилишим аниқ! Айтиб қўяй, ҳамма фактларим аниқ тасдиқланади!..

Чолнинг гапини охиригача эшитмасдан олифтанамо аёл шартта туриб ўртадаги йўлакка кириб кетди… Демак, гап эгасини топди…

Эҳ-ҳе, чоли тушмагур “қора рўйхат”ини тегишли идорага бериб юборса, кўпқаватли уйимиз ҳувиллаб қолади-ку…

Қўшниларимнинг жиноятлари бири-бириникидан баттар-ку?!

Бир донишманд: ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл, деб ёзган экан. Хўш, қаршимда ўтирган қўшниларимнинг аслими бу, ё кўрингани?!

Чол ҳаммасини аёвсиз ошкор этиб ташлади. Шу тобда Таиса опа менинг, мен эса қўшниларнинг жиноятларини ёзиб адо эта олмаётгандик…

Шу билан мажлис поёнига етди, деб нотўғри ўйлаган эканман. “Қора рўйхат”да ўзим ҳам бор эканман. Чол дафтарининг янги саҳифасини очди:

– Янги қўшнимизнинг давлатга келтираётган зарарини чўтга ташласак, ҳамманикидан ошиб тушаркан,– деди у кекирдагини чўзиб.– Меҳмондўст бўлиш яхши, бироқ, эви билан-да. Меъёр деган нарса бўлиши керак-ку, ахир. Бўрибойнинг уйига ўтган ойда кам эмас – ўттиздан ортиқ меҳмон келганини санадим. Булар ҳали мен кўрганларим! Кўрмай қолганларим-чи? Баъзилари уч-тўрт кунлаб ётиб юришди-я. Беш-ўн нафари қариндошдир, қолганлари-чи? Қанча одамга «бошпана» бўляпти бу тўрт хонали уй! Ёки «Меҳмонхона» очганмисиз?– У маҳалла оқсоқолига қарата буйруқомуз оҳангда гапирди.– Ўз уйингни ўзинг асра, деганларидек, шунга эътибор берсангиз бўларди. Нима бало, шаҳар бедарвоза бўлиб қолдими? Қанча иссиқ сув, ичимлик суви, газ беҳудага сарфланяпти?! Уйида пропискада бўлган уч киши учун пул тўланса-да, ўттизталаб одамга сув, газ ва бошқа нарсалар исроф бўлаверишини қандоқ изоҳлаш мумкин? Энг кўп мусор ташлайдиган ҳам унинг ўзи. Қандоқ ноёб нарсаларни увол қилиб ташлашига ўзингиз гувоҳсиз… Таиса, ҳаммасини ёзаяпсизми?

– Ёзаяпман, ёзаяпман,– деди кўкиш кўз хотин чийиллаб.– Нишонга тегадиган килиб ёзаяпман…

Чолнинг сўнгги сўзлари учун исбот талаб қилишимга ҳожат йўқ эди!..

У, гапим тамом, дегандек дафтарини ёпди.

Ё, алҳазар! Айбим ҳамманикидан зиёдага ўхшайди-я?! Наҳот, шунчалик зараркунанда бўлсам?! Шу тобда ўзимдан нафратланиб кетдим…

Қўшнилар ҳам еб қўйгудек тикилишар эди.

Улар бири олиб, бири қўйиб муҳокама қилишарди. Ҳар хил луқмалар гўё олис-олислардан эшитилаётгандек туюларди:

– Ўзингдан чиққан балога – қайга борасан давога?

– Туппа-тузик одамга ўхшайди, деб юрсак, зараркунда экан, а?

– Катта кетадиган кишидан ҳар нарсани кутиш мумкин.

– Отаси тенги одамнинг нафсониятига тегиб нима қиларкин?

– Ҳали шу кишининг ёшига етадими, йўқми?

– Ғаламис деганлари шунақа бўлади-да!..

Охирги гап ғалати бўлди:

– Тинчгина кўчиб кетмаса, ўзини мусор яшикда кўради!

– Ва-ҳа-ҳа-ҳа…

Тавба, дейман ўзимга ўзим. Ҳозир уларга: «Чолнинг қўқими зарарлими ё Бўри Ботиров?» дейилса, ҳеч иккиланмасдан мени кўрсатишлари аниқ! Ё алҳазар, қўшнилар мунча ёмон қарашяпти?..

Ёнгинамда ўтирган чўтирбашаранинг луқмасидан сесканиб тушдим:

– Шунақа бузғунчидан Остонақул буванинг мусори тузукроқ!

Гур-р кулги кўтарилди…

Бир алфозда уйга чиқсам, кеча меҳмонга келишган собиқ синфдошлар бамайлихотир ўтиришибди. Бири душга тушаётган экан (ичкарида сувнинг шалоплаган товушидан юрагим бир қалқиб тушди), иккинчиси сочиқни елкасига ташлаганча навбат кутяпти. Бошқалари балконда папирос тутатиб, хуморидан чиқишяпти…

Жимгина ошхонага ўтдим. Газнинг тўртта «кўзи»да ҳам олов пориллаб турибди. Бирининг устида қозон, иккинчисида чойнак. Қолганлари эрмакка ёқиб қўйилганга ўхшайди. Уларни шартта ўчириб қўйдим. Негадир иккала жўмракдан ҳам сув оқизиб қўйилган. Сабабини сўрасам, хотиним мунча майдакаш бўлмасангиз, дегандек ғалати қараш қилди-да, секин минғирлади: «қувурларни тозалаш учун атай шундай қилдик…» Ўзимни зўрға босдим. Кўз олдим тундлашиб, қорамтир парда ичра Остонақул буванинг кўлкаси пайдо бўлди. У гўё: «Ноинсоф!» деяётганга ўхшарди. Сесканиб тушдим. Нима бало, туш кўряпманми ё ақлдан озяпман?!

Ижодхонамга киргач, катта кўзгуга боқдим. Ҳар куни ишга кетишдан аввал бўйинбоғимни тақаётиб, ўзимга бағоят бамаъни, салобатли кишидек кўринардим. Ҳозир эса, қандайдир пандавақига ўхшардим… Ойна олдида сочилиб ётган бир талай «Ташрифнома»(визитка)ларимга кўзим тушгач, ҳамма айб ўзимда эканини англадим; эҳ-ҳе, буларни кимларга тарқатаман?! Тағин қанчасини бошлаб келмоқчиман? Кўрмаганнинг кўргани қурсин, деганлари шуми? Ахир, каталакдек хонадонимни кўз-кўз қилишни қачон бас қиламан ўзи?.. Маломат қилишганича бор экан-у…

Қўлларим беихтиёр ўша «Ташрифнома»ларни ғижимлади. Ҳаммасини қўқим ташланадиган челакка улоқтирдим…

Шармандага шаҳар кенг, деганлари шу бўлса керак: энди бу маҳалладан тинчгина кўчиб кетаман. Бошқа маҳаллада ҳаётни янгидан бошлайман…

Эртаси куни Остонақул бува одатига кўра қора қутиларни титкилаётган маҳалда камина катта йўл бўйидаги бекат устунига «Уй сотаман» деган эълонимни ёпиштираётган эдим…

 хикоя1

Тўлқин ЭШБЕК

2016 йил

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>