ИШОНЧНИ ОҚЛАЁТГАН ҚИШЛОҚ ЁШЛАРИ (ёхуд раиснинг «Рухсатнома»си)

Собиқ мустабид тузуми даврида ҳаётимизда юз берган аянчли ҳолатлар ҳақида эмин-эркин гапиришнинг мавриди келди. У давр ҳақида сўз кетганда машъум ўтмишимиздан тўғри хулоса чиқаришга ҳаракат қиламиз.

Юртимиз истиқлоли шарофати билан энди келажакка том маънода умид билан боқа оламиз!

Ўша даврда оила ва мактаб ўртасида катта жарлик бор эди.

 

8

Ота-онамизда эшитган кўп гапларимиз мактабда чиппакка чиқариларди. Бизга тарбия беришган ота-онамиз, худо бор, дейишса, муаллимимиз шундай дерди: «Эскилик сарқитига берилган одамгина худо бор деб ўйлайди, аслида у йўқ! Агар худо бор бўлганида, жилла қуриса телевизорда бир мартагина кўриниб, бандаларига айтадиганини айтмасмиди…»

Сўнгги гапга завқ билан кулар эканмиз, наҳотки ота-онамиз шу «оддий ҳақиқат»ни билмаслигига ҳайрон қолардик.

«Қадимда ўзбеклар жуда қолоқ бўлган,– дея аждодларимиз тарихини гўё ўз кўзи билан кўриб келгандек «таълим» беришда давом этарди муаллим.– Подшолари қонхўр, хасис бойлари хотинбоз, камситилган аёллари қора чиммат ичида бўлиб, ҳаммаси бирдек чаласавод эдилар…– Сўнг, мавзу бизнинг мурғак қалбимизда умид уйғотадиган гапларга уланарди.– Сизлар доҳий Лениннинг болаларисиз! Улуғ Ленин ёшларни жуда севарди! Замон ёшлари, шунга муносиб октябрят, пионер, комсомол бўлинглар. Ленин оддий ишчи ва деҳқонларни севарди! Шаҳарлардаги тенгдошларингиз келгусида ишчи, сизлар эса деҳқон бўласизлар!..»

Муаллимнинг оташин нутққа айланиб кетган гапларидан (аслида сафсаталаридан) юрагимиз ҳапқириб кетарди. Қойил қолиб, ҳатто чапак чалиб юборганимизни сезмай қолардик.

Ўшанда «сезмай қолишимиз»ни яхши билган муаллим эса муддаога ўтарди:

«Қани, энди бир варақдан қоғоз олинглар,– дерди бизни Лениннинг орзусига мушарраф этиш илинжида.– Сарлавҳасига «Ким бўлсам экан?» деб ёзинглар. Баракалла. Энди, мен мактабни аъло баҳоларга тамомлагач, албатта колхозчи-деҳқон бўламан, деб ёзинглар. Техникага қизиққан болалар, механизатор бўламан, деб ёзса ҳам майли. Уларни училишега (ҳунар-техника билим юртини шундоқ атардик) юборамиз. Ҳа, сизлар ёппасига «дала гвардиячиси» бўласизлар!»

Муаллим қанчалик завқ билан даъват этган бўлса, бизнинг ҳам юрагимиз шунчалик шавққа тўлиб ёзиб берганмиз.

24

Айтса-айтмаса, биз биринчи синфда ўқиб юрган кезларимиздаёқ «дала гвардиячиси»га айлангандик. Яъни, синф раҳбаримиз мактабдан тўппа-тўғри далага бошлаб борарди. Бўйларимиз ҳам ғўзапоя тенги эди-да! Ғўзалар орасида кўринмай кетганча пахта терар эдик…

Баҳорда ҳам далалар «гвардиячи»лар билан тўлиб кетарди. Ёмғирдан сўнг қотиб қолган ерларда «қатқалоқ» бўшатардик. Кейин ғиж-ғиж унган ниҳолчаларни яганалаб ташлардик. Бегона ўтларни юлгунча белимиз беланги бўлса-да, биз учун доҳийнинг орзуларини рўёбга чиқариш шарафдек туюлаверарди. Еттинчи синфга ўтгач, катта одамдек колхоз аъзолигига қабул қилинганмиз! «Аъзолик билети»миз – кетмон, лопатка, паншаха эди…

Инсон неча ёшдан бошлаб ишлаши мумкинлигини белгиловчи “Меҳнат кодекси”ни варақлаб кўриш хаёлимизда ҳам бўлмаган…

“Инсон ҳуқуқлари” ҳақида тушунчамиз ҳам йўқ эди.

Ҳуқуқий онг деган тушунчага юртимиз истиқлолга эришганидан сўнггина эга бўлганимизни алоҳида таъкидлаш лозим! Бугунги кунда фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқини белгиловчи “Фуқаролик кодекси” сингари муҳим қонунлар ижтимоий воқеликка айланган.

«Мактабни битиргач, деҳқон бўламан» деб ёзиб берган ўша бир парча қоғозимиз орзулар дарахтига болта уриб, оёққа кишан бўлишини қаёқдан билибмиз? Ахир, синфдошларнинг орзулари бошқача эмасмиди? Бегмурод билан Актам банкир, Махсимой ва Моҳира шифокор, Мусурмон муҳандис, Маҳбуба муаллима, камина журналист бўлмоқчи эдик-ку!..

13

У пайтлари бирор олий ўқув юртига кириш учун топширадиган ҳужжатларингиз орасида албатта колхоз (ўша кезда жамоа хўжалигининг ўрисча қисқартма номи) раисининг «Справка»си талаб этиларди. Бу ҳужжат моҳиятан – раиснинг рухсатномаси ҳисобланарди.

Эҳтимол сиз, “турар жойдан маълумотнома” шунақа бўлгандир, деб ўйларсиз. Йўқ, бу ҳужжатдаги ёзувларни айнан келтираман:

“Берилди ушбу справка Иштихон район “Ўрта” қишлоқ совети томонидан Энгельс колхоз аъзоси Эшбеков Тўлқинга. Бу ҳақдаким маскур ҳақиқатдан ҳам Энгельс колхознинг Таллак қишлоғида яшаб туради. Ушбу справкани ўқув юрти учун берилди деб:

Қишлоқ совети раиси Азизова.

Секретари Ўроқов.

2.VII.1980. № 162”.

Буни чиндан ҳам “турар жойдан маълумотнома” дейиш мумкин.

Сизга айтмоқчи бўлган “Справка”да эса тубандагича ёзилган:

“Берилди ушбу справка Иштихон район Энгельс номли колхоз правлениеси томонидан колхоз аъзоси Эшбеков Тўлқин Усмоновичга шунинг учунким мазкур ҳақиқатдан ҳам шу колхознинг 4-бригадасида яшаб ва ишлаб туради.

Справка олий ўқув юртига кўрсатиш учун берилди.

Колхоз раиси (Н.Қўчқоров)

Секретари Р.Ўроқов.

3.VII.1980. № 613”.

Кези келганда яна бир ҳужжатимни кўрсатиб қўяй: “Иштихон район қишлоқ хўжалиги бошқармаси ҳузуридаги ихтисос комиссиясининг 1980 йил 6 майдаги қарорига биноан Эшбеков Тўлқин Усмоновичга разрядли далачилик механизатори деган ихтисос (касб) берилди”.

Қаранг-а, ўшанда яна бир оз қаттиққўллик қилиб, “Ким бўлсам экан” деган ёзма “мурожаатим”га асосан иш тутганларида камина айни пайтда кенг далада гувиллатиб бульдозер ҳайдаб юрган бўлармидим!..

Худога шукрки, раисимиз Низом ака Қўчқоров жуда олижаноб, мард инсон эди! “Маҳмаданалик қилиб” қишлоғимиз кўчаларини туман газетасида танқид қилиб чиққан бўлсам-да, кек сақламади! Мен билан бирга борган синфдошларимга ҳам “Қишлоғимизни бир кўтаринглар!” дея “Справка”сини аямади.

Ваҳоланки, раисда ўша зормандани бермаслик ҳуқуқи бор эди!

“Ҳамманг ўқишга кетиб қолсанг, ғўзани ким чопади, пахтани ким теради?” деганида, вассалом! Додимизни худога айтармидик? (Минг бора узр, худо йўқ, деган куфрона замонда-я?!) Пахта – сиёсат (!) дейдиган қўрқинчли замонлар эди-да. Бу иборанинг асл маъносини англадингизми, яъни, пахта – сиёсат эмас, сиёсий сиртмоқ эди!..

Пахтазорни ташлаб ўқишга бораман дейиш – ўша даврда “энг каллаварам одам”нинг гапи ҳисобланарди…

Оиламизда тўнғич акам – Рустам Усмоновга 1962 йилда колхоз раиси ўша “Справка”ни бермай сарсон-саргардон қилганини ҳанузгача таассуф билан эслайди…

Бизга Низом ака Қўчқоров мардлик қилибди, хўш, ўша даврда ҳамма раислар ҳам шу кишидек бўлганмикин? Севимли санъаткоримиз Ҳожибой Тожибоев бир ҳангомасида шундай дейди: “Бизда бирор идорага бош уриб борсанг, ишинг дарров битмайди. Ака, тушлик маҳали бўлиб қолибди, юринг, бир пиёла чой устида гаплашайлик” дея бирор жойга олиб чиқиб, юз грамм қуйиб берганингдан кейингина одамдай муомала қилади…” Ҳақ гап! Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 70-80 йилларидаги мактабларни битирган ёшларнинг қанчаси раиснинг “справка”сини беминнат олди экан?..

Энди баралла айтамиз – ХУДОГА МИНГ ҚАТЛА ШУКР, биз раис бувамизнинг ишончини оқладик!

Бугун дўстим Бегмурод Қўчқоров банк соҳасида масъул лавозимда фаолият кўрсатмоқда! Яқинда дунёвий тажриба ўрганиш мақсадида икки ҳафтага Германияга бориб келди. Унинг турмуш ўртоғи Махсимой Тожиева шифокор, яна бир “камбағалнинг боласи” – Холмурод Қўчқоров алоқа муҳандиси сифатида уч ой Японияда тажриба орттириб келди! Ҳозир у ҳам битта туман алоқа бўлими бошлиғи! Маҳбуба Ҳайитова математика ўқитувчиси, мактаб илмий бўлим мудири, Моҳира Ўтаева Самарқанддаги республика аҳамиятига эга шифохонада врач, унинг турмуш ўртоғи – Мусурмонжон Норбеков олий маълумотли муҳандис, Актам Абдусалом бир туман банки масъул ходими!

Кимгадир маломат қилмоқчи эмасману, аммо ўша даврда “таомил”га кўра баъзи катталарнинг болалари институтларда ёлчитиб ўқимадилар ва… номига олган дипломлари ҳақиқий жойида – сандиқларида чанг босиб ётибди…

Ўша пайтларда олий ўқув юртига киришда ҳам таниш-билишчилик, порахўрлик авжига чиққанди. (Ўшанда ҳам жонажон университетимиз (ҳозирги ЎзМУ)  журналистика факультетига мен ҳеч бир таъмасиз ўқишга кирганим билан фахрланаман!)

 

DSC00032

 

Эндиликда ўқишга қабул масаласи ҳам дунёвий андозаларга мос равишда – тест йўли билан ҳал этилмоқда. Унда ҳақиқат деганлари манаман деб тураркан: уч фарзандим ҳам ўз кучи билан (таъмасиз, шаъмасиз!) тест синовларидан муваффақиятли ўтдилар. Икки фарзандим бюджетда, бири тўлов-шартномаси билан таҳсил олди. Магистратура босқичида ҳам адолат қанот бахш этди! Демоқчиманки, замонавий усуллар ёш авлоднинг ҳақиқий билимига, истеъдодига қараб баҳо берар экан!

 

IMG_1098

Очиғи, жомадонимнинг бир чеккасида 1980 йилдан бери чанг босиб ётган ўша “справка”ларга кўзим тушгач, дилимдагиларни тилимга кўчирдим. Энди уни ташлаб юборсам ҳам бўлади. Токи, ҳар кўрганда дилим ғаш бўлаверишини истамайман. Яхши гапларни то абад ёдда сақлаб, ёмонини ўша заҳоти улоқтирган маъқул…

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

You may also like...

3 Responses

  1. Ustoz yozganlarizni o’qib o’zimni ham o’qishga kirish uchun mahalladan ma’lumotnoma olganim esimga tushib ketdi. Ha rostdan ham hozir biz uchun barcha sharoitlar yaratilgan, lekin bizni dangasalik, yalqovlik hali ham tark etmayapti. Shu axmoqona qiliqlarimizni yig’ishtirib vaqtimizni kerakli narsalarga sarflasak qandey yaxshi, ko’nglimiz ham yorishadi. O’qish insonga faqat ruhiy ozuqa beradi, sog’lom fikrlashga yordam beradi

  2. SHalo Bohodirovna:

    Xatto Xitoyda ham bilim olishga harakat qil degan maqol bor.

  3. Tog’ay Murodning «Otamdan qolgan dalalar» asariga ishlangan filmni ko’rib qolgandim. Maqolani o’qish davomida o’sha filmning qiynalgan qahramonlari yana bir marta ko’z oldimdan o’tdi. Qiyinchiliklarni shuncha yil yelkasida ko’targan o’zbegimga tasanno!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>