Сайлов кампаниясида PRнинг ўрни

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгашида “Сайлов

кампаниясига тайёргарлик кўриш” мавзусида ташкил этилган ўқув-семинарида иштирок этар эканман, бу борадаги фикрларим билан ўртоқлашдим.

Шу муносабат билан “Сайлов кампаниясида PRнинг ўрни” мавзуидаги маърузам матнини эътиборингизга ҳавола этдим.

1 2

Сайлов кампаниясида PR ғоят муҳим ўрин тутади. PRнинг ижтимоий воқелик сифатидаги ўрнини теранроқ англамоқ учун аввало унинг назарий жиҳатларига эътибор қаратамиз.

Жамоатчилик билан алоқаларнинг назарий асосларини инглизча “Public Relations” (Паблик рилейшнз – PR, пиар) фани замиридан ўрганамиз. Бу фан асосчиси инглиз олими Эдвард Бернайз ҳисобланади. Унинг 1923 йили чоп этилган “Жамоатчилик фикрининг кристаллашуви” китоби PRнинг фан сифатида майдонга чиқиши ва илмий асосланишида муҳим ўрин тутгани эътироф эталади.

PR – “Жамоатчилик билан алоқалар”, “Оммавий алоқалар” деган маъноларни англатади. Моҳиятан уни – халқ билан мулоқот, дейиш мумкин.

Сайловлар даврида PR ғоят муҳим ўрин тутади. Партия вакиллари сайловолди дастурлари лойиҳасини сайловчиларга маълум қилишгач, жамоатчилик ўз муносабатини эмин-эркин билдиради. Бу жараёнда фикрнинг икки томонлама, яъни, ташкилот ва жамоатчилик томонидан тингланиши жуда ижобий самара беради.

Аслида, нафақат сиёсий партиялар сайловлар даврида, балки, ҳар бир корхона ва ташкилотлар ҳам ўз фаолиятини доимий равишда жамоатчилик билан алоқалар асосида ташкил этиши фақат ижобий самара бериши мумкин.

PR назариётчиларининг аксарияти турли соҳа олимлари бўлиб, улар жамоатчилик билан алоқалар масаласига кўпроқ ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, менежмент, сиёсий ва бошқа ижтимоий фанлар нуқтаи назардан ёндашганлар.

Азалдан Шарқда ҳам жамоатчилик билан алоқаларга жиддий эътибор берилган. Қадимда буюк аждодларимиз жамиятни адолатли бошқариш мақсадида фикрлар хилма-хиллигига, демакки, жамоатчилик билан алоқалар масаласига ҳам жиддий эътибор билан қараганлар. Буни қатор мақоллар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Кўпдан кўп фикр чиқади, маслаҳатли тўй тарқамас, етти ўлчаб бир кес, оталар сўзи – ақлнинг кўзи, каби мақоллар замирида ахборот алмашмоқ, фикрлашмоқ, маслаҳатлашмоқ каби маънолар мужассам.

Жамоатчилик билан алоқалар ғояси Шарқ алломалари ижодида ўз ифодасини топган. Айтайлик, 1072 йили Маликшоҳ саройида вазирлик қилган Низомулмулкнинг фикрларига эътиборга беринг. Олим ва шоир Умар Хайём билан маслакдош бўлган Низомулмулк “Сиёсатнома” асарида шундай ёзган: “зарурат бўлмаса, олий мажлисдан ҳеч нима ёзилмайди. Фармоннинг ҳурмати ва куч-қуввати шундай бўлиши керакки, ижро этилмагунча уни ҳеч ким қўлидан қўймасин”. Бу қадим сиёсат замирида жамоатчилик билан алоқаларнинг ўзига хос жиҳатлари акс этгани кўриниб турибди. Бу фикрлар бугун ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Қадимда аждодларимиз ҳам маслаҳату машварат масаласига алоҳида эътибор билан қараганлари тарихий манбаларда акс этган. Амир Темур ўз “Тузуклари” аввалида пири Зайниддин Тойёбодийнинг мактубидан шундай парча келтиради: “салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни, 1) кенгаш; 2) машварату маслаҳат; 3) қатъий қарор; 4) эҳтиёткорлик. Чунки кенгаш ва машваратсиз салтанатнинг барча қилган ишлари ва айтган гаплари нотўғри бўлган жоҳил одамга қиёс қилиш мумкин; унинг айтган сўзлари ва қилган ишлари бошга пушаймонлик ва надомат келтиргай”.

Бундан тўғри хулоса чиқарган Амир Темур ўз навбатида: “давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат” билан амалга оширганини таъкидлайди.

Мазкур битиклар замирида жамоатчилик билан алоқалар ғояси мавжуд бўлиб, унинг тарихий илдизлари теран асослангандир. Жамоатчилик билан алоқалар амалиёти азалдан Шарқда ҳам бўлганини шундан билиш мумкин.

Жамоатчилик фикри билан ҳисоблашиш масаласи узоқ йиллар турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани тарихий манбаларда кўп учрайди. Бу ғояни милоддан олдин яшаган Суқрот илгари суриб, ўз шогирдларини ҳақиқатни билишга ундаган. У ҳақиқатни “баҳс орқали, суҳбат йўли билан билиш, англаш мумкин, деган, суҳбатда асосий эътиборни инсон онги ва тафаккурини таҳлил қилишга қаратиш зарурлигини айтган. Ўз даврида бу усул “Суқрот усули” деб аталган”.

Бугунги кунга келиб PR жаҳон узра кенг қулоч ёймоқда. Унинг ибратомуз қирралари, бу соҳадаги илғор тажрибалар Ўзбекистон олий ўқув юртларида ҳам пухта ўрганилмоқда. Тараққийпарвар мамлакатларда ҳукумат, нодавлат ташкилотларининг фаолиятлари жамоатчилик билан алоқалар асосида ташкил этилади. Испан файласуфи ва публицисти Ортега Гассет ёзганидек, “Дунёни жамоатчилик фикри бошқаради”.

Юртимизда вазирлик ва ташкилотларнинг фаолиятлари жамоатчилик билан алоқалар асосида ташкил этилмоқда. Бугунги кунда жамоатчилик билан алоқалар масаласи ижтимоий воқеликка айланди.

Илғор фикрлар, умумбашарий ғоялар ривожланиши даврида дунёвий фанлардан бири бўлмиш PR амалиёти муҳим ўрин тутмоқда.

Ҳар бир фаннинг аввало мақсад ва вазифаларини ўрганиш талаб этилади. PRнинг асосий мақсади – жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш бўлса, бош вазифаси – ахборот ёрдамида омма фикрини бошқаришдир.

PR ташкилотлар ва жамоатчилик ўртасида алоқа ўрнатади. Бундай алоқа фикр алмашиш, ахборот олиш ва тарқатиш, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш билан изоҳланади. Ҳар бир ташкилот ва муассаса фаолияти халқнинг сиёсий, иқтисодий, маърифий ҳамда маданий ҳаётини яхшилашга қаратилган бўлиши шарт. Шу ўринда ҳам PR ўзига хос тафаккур майдонини вужудга келтирган ҳолда самарали натижаларга эришишга хизмат қилади.

Жамоатчилик билан алоқаларнинг муҳим шартларидан бири – икки томонлама фикр эшитиш. Фикр бир тарафдангина айтилса, у моҳиятан – бирёқлама, қолаверса, тарғибот бўлиб қолади. PR амалиётида ташкилот вакилларининг жамоатчилик фикрини тинглаб, хулоса чиқариши муҳим ўрин тутади.

Юртимиз истиқлоли берган неъматлардан бири – ривожланган дунёни бутун бўйи-басти билан кўриш имконига эга бўлдик. Дунё кўрган – дунё билан бўйлашар, деганларидек, бугун ривожланган мамлакатлардаги илғор тажрибалар, дунёвий фанлар, технологиялардан фойдаланиш имконига эгамиз. Ана шундай дунёвий фанлардан бири – PRдир. Ҳаёт воқелигига айланган ана шу фанни сўнгги ўн йилликлар мўъжизаси деб аташ мумкин. Негаки, у бутун моҳият-эътиборига кўра – фанлараро фан ҳисобланади.

Жамият ҳаётида муҳим ижтимоий ва бошқа фикрларни икки томонлама, яъни, бир томондан ташкилот ва иккинчи томондан жамоатчиликдан тинглашни йўлга қўйишнинг илмий асосини PR ташкил қилади.

Жамоатчилик билан алоқалар замирида асосан баҳс-мунозаралар ётади. Сиёсий партиялар ўртасидаги баҳс-мунозаралар жиддий, профессионал ва амалий негизда олиб борилиши мақсадга мувофиқдир. Бу фикрлар замирида одамларнинг фикрларига, уларни ўйлантираётган муаммоларга жиддий эътибор қатариш ғояси мужассамдир. Ҳар қандай муаммо ва масаланинг ечимини топишда жамоатчилик билан алоқалар ғоят муҳим ўрин тутади.

Жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришда оммавий ахборот воситалари ўрни беқиёс. Бироқ, ОАВ бу муҳим вазифани қатор йиллар етарли даражада бажармагани тўғри танқид қилинмоқда. Оммавий ахборот воситаларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатни, юртимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеаларни фикрлар хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда янада фаолроқ ёритиши талаб этилмоқда.

Янгиланаётган Ўзбекистонимизда жамоатчилик билан алоқаларнинг ҳам янги босқичини кузатмоқдамиз. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ҳаётида жамоатчилик билан алоқалар жараёнини янада юксакроқ пағонага кўтаргани наинки мамлакатимиз, шу билан бир қаторда жаҳон аҳли томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 24 йил тўлиши муносабати билан “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни бўлиб ўтган тантанали йиғилишда давлатимиз раҳбарининг таклифи билан 2017 йил мамлакатимизда – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинди.

Мамлакатимизда бошланган оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсат бугунги кунда изчил давом эттирилаётганини аввало халқимиз эътироф этмоқда. Шу билан бир қаторда давримиз ишбилармонлари, тадбиркорлари, зиёлилари ва турли соҳа фидойилари галдаги ислоҳотларни ҳам сўзсиз амалга оширишда камарбаста бўлмоқдалар.

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур,– деб таъкидлади Президентимиз.– Шу муносабат билан тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш юзасидан яқинда қабул қилинган Фармон талабларига сўзсиз амал қилишни таъминлаш шарт. Нега деганда, халқ бой бўлса, давлат ҳам албатта бой ва қудратли бўлади. Шу нуқтаи назардан қараганда, халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари тушунчалари ўзаро шунчалик боғланиб кетганки, уларни бир-биридан асло ажратиб бўлмайди. Ана шу заруратдан келиб чиққан ҳолда, барча қонун ҳужжатларида халқ билан мулоқот тизими ҳақидаги нормаларни аниқ белгилаб қўйиш лозим, деб ҳисоблайман”.

Мамлакатимизда ижтимоий институт сифатида шаклланган халқ билан мулоқот шак-шубҳасиз жамият тараққиётига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг академиклар, шифокорлар ва бошқа турли соҳа вакиллари билан учрашувлари, жойларда одамлар билан юзма-юз суҳбатлари, муаммоларни ўрганиш ҳамда уларнинг ечимларини топиш борасидаги саъй-ҳаракатлари халқ билан мулоқотни йўлга қўйишнинг ўзига хос намунаси сифатида эътироф этилмоқда. Шунга монанд бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, вазирликлардан тортиб мамлакатимиздаги барча идора, ташкилот ҳамда муассасаларда ўтказилаётган матбуот анжуманлари, давра суҳбатлари, юзма-юз мулоқотлар, виртуал қабулхоналар фаолияти изчил давом этмоқда. Демоқчимизки, ҳар бир сиёсий партия ва бошқа ташкилотлар халқ билан мулоқот бобида ана шу улуғвор саъй-ҳаракатлардан андоза олишлари мақсага мувофиқдир.

Халқ билан мулоқот қилишдек ғоят масъулиятли ва залворли ишларни кенг ёритиб боришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта. Мамлакатимизда халқ билан мулоқот самарали амалга оширилмоқда. Бу муҳим жараёнларни ОАВда ҳозиржавоблик билан холисона ёритиб бориш журналистлардан катта масъулият, муайян билим ва тажриба талаб этади. Демак, ОАВ ходимлари бу борада ҳам кўпроқ ишланишлари, ҳаёт билан ҳамнафас ҳолда ижод қилишлари, воқеликни кенг ёритиб боришлари ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Жамоатчилик фикрини шакллантиришда ОАВнинг роли беқиёс. Бундай улкан ва масъулиятли вазифани бажариш учун журналист чуқур билим ва тажрибага эга бўлиши лозим. Мамлакатимизда жамоатчилик билан алоқалар, жамоатчилик фикрини изчил ўрганиб бориш масаласи қай даражада ҳал этилаётгани шак-шубҳасиз оммавий ахборот воситаларида ўз аксини топаверади. Бу муҳим вазифалар босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин. Оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини таъминлаш, уларнинг ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш борасидаги ролини кучайтиришга қаратилган қонунлар ижросини таъминлаб бориш ҳар бир журналистдан улкан масъулият талаб қилади.

Жамоатчилик фикри, касб маҳорати ва жамоатчилик билан алоқалар этикасининг асоси қандай, деган саволга ахборот хизмати фаолиятида аниқ жавоб топиш мумкин. Яъни, жамоатчилик билан алоқалар – жамоатчилик фикрини ҳурмат қилган ҳолда кўп жиҳатдан унга боғлиқ бўлиб, уни шакллантиради. У ўз фаолиятини узвий равишда давом эттириши учун замин яратади. Шу ўринда касб маҳорати билимдан ташқари самимият, очиқлик, ростгўйликни тақозо этади.

Ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларнинг асл пойдевори одоб-ахлоқ меъёрлари билан ўлчанар экан, уни ўзаро муносабатлардан тортиб, ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалари жараёнида ҳам кузатиш мумкин. PR амалиётида муҳим ўрин тутадиган ахлоқ меъёрлари алоҳида Кодекс ва бошқа ҳужжатлар билан белгиланганини эътироф этган ҳолда амалда ундан самарали фойдаланиш бу соҳани дунё миқёсида ривожлантиришга хизмат қилади.

Ошкоралик, ҳақиқат, самимийлик бўлган жойдагина PR мулоқотга ва ўзаро ишончга эришиши мумкин. PR – давлат ташкилотлари, қонун чиқарувчи ҳамда ижро ҳокимияти ва жамоатчилик ўртасида алоқа ўрнатишга ёрдам беради. Инглиз олими Сэм Блэк таъбири билан айтганда: «Паблик Рилейшнз – аниқ, ҳаққоний ахборотларга асосланган, ўзаро бир-бирини тушуниш тўғрисидаги фан ва санъатдир».

Бу борада назариётчи В.Корольконинг шундай сўзлари бор: «PRни хўжакўрсинга ташкил қилмаслик керак». Ҳар қандай йўл билан ўзларига яхши шароит яратиш учун халқни алдаш ва омма ишончини суиистеъмол қилиш нохуш оқибатларга олиб келади. Муаллиф фикрича, “жамиятни қандайдир маълум бир муддат давомида алдаш мумкин. Бирон-бир қисминигина узоқроқ алдаб юриш мумкин. Бутун жамиятни ҳар доим алдаб юриш эса ҳали ҳеч кимга насиб қилмаган». Амалий жиҳатдан олиб қаралганда, қайсики соҳада бўлмасин омма ишончини суиистеъмол қилиш қандай салбий оқибатларга олиб келгани сир эмас.

Жилғалар бирлашиб ирмоқларга айлангани, ирмоқларлар эса улкан дарёни ҳосил қилгани мисол қонун чиқарувчи ҳокимият ва давлат сиёсати ҳам дастлаб миллионлаб одамларнинг сайловларда иштирок этишидан бошланади. Ҳар бир фуқаро овоз бериш йўли билан депутатларни ҳамда давлат раҳбарини сайлаб олади. Демак, сиёсатнинг ибтидоси сайловлар экан, ошкоралик ҳам худди ўша жабҳада бошланиши тақозо этилади.

Сайлов тизимидаги ошкоралик ўз навбатида – қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятида изчил давом этмоқда. Буни қатор қонунлар, ҳукумат қарорлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси қонунларини тайёрлаш тўғрисида»ги қонуни 3-моддасида шундай ёзилган: «Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ошкоралик, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ҳисобга олиш асосида, Олий Мажлис депутатларининг, партия фракцияларининг (блокларининг), давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг иштирокида амалга оширилади».

Ҳар қандай жамиятда ҳам ошкораликни таъминлаш унчалик осон кечмайди. Унга маълум даражада тўсқинлик қиладиганлар учраб туриши сир эмас. Бироқ, қандайдир тўсқинлик бор экан, деб қўл қовуштириб ўтириш ҳам ярамайди. Бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйиш – ошкораликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни чиппакка чиқариб қўйиш билан баробар. У ҳолда нима қилмоқ керак, деган саволга қонуний, илмий нуқтаи назардан жавоб топиш ягона тўғри йўлдир! Ана шундагина амалда ҳақиқий ошкораликка эришиш мумкин. Ошкоралик моҳияти – жамоатчилик фикри билан ҳисоблашган ҳолда иш юритиш демакдир.

Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *