Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш тартиби ҳақида

Ёз ойлари абитуриентлар учун нақадар қизғин бўлса, баъзи талабалар учун ҳам муҳим вақт ҳисобланади.

http://xushnudbek.uz сайтида қайд этишилича, июль-август ойларида ОТМ қабул комиссиялари нафақат янги талабаларни ўқишга қабул қилиш билан, балки талабалар ўқишини кўчириш (перевод) ҳамда талабалар сафидан четлатилган талабаларни қайта тиклаш (восстановление) жараёнлари билан ҳам машғул бўлишади. Бугунги кунда мазкур мавзуга алоқадор кўплаб саволлар юзага келаётганлиги сабабли ушбу масалага имкон қадар ойдинлик киритишга ёрдам берадиган мақолани эътиборингизга ҳавола қилишни лозим деб топдим, деб ёзади изланувчан ижодкор дўстимиз Хушнудбек. Унинг ҳар бир фикри тўғри асосланган, деб маъқуллайди Дониш домла.

ҲУҚУҚИЙ АСОС

Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан белгиланади.

ҚАЧОН?

Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш, одатда, ёзги таътил даврида, тегишли курс (семестр)да ўқув машғулотлари бошланишига қадар амалга оширилади.

КИМ ТОМОНИДАН?

Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш агарда бир олий таълим муассасаси доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича бўлса, унда ОТМ ректори томонидан амалга оширилади.

Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш талабани қабул қилаётган олий таълим муассасаси бўйсунадиган вазирлик (идора) қарори асосида амалга оширилади:

1) олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича бир вазирлик (идора) доирасида бошқа олий таълим муассасасига;

2) олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича турли вазирлик (идора) доирасида бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига кўчириш ва қайта тиклаш.

Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш Идоралараро комиссия қарори билан амалга оширилади:

1) хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига;

2) бир олий таълим муассасаси доирасида ёки бир вазирлик (идора) ва турли вазирликлар (идоралар) тасарруфидаги олий таълим муассасаларига олий таълимнинг турдош бўлмаган йўналишлари (мутахассисликлари)га.

АРИЗА КИМГА ТОПШИРИЛАДИ?

Талабаларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш ҳақидаги аризалари мос равишда қуйидагиларга топширилади:

Олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига:

1) ўша ОТМ доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича кўчириш ва тиклаш юзасидан;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этиладиган ҳудудий ишчи гуруҳларга:

1) бир ОТМдан бошқа ОТМга;

2) хорижий давлатларнинг ОТМларидан (юртимиздаги филиалларидан ҳам) Ўзбекистон Республикаси ОТМларига;

3) ўша ОТМнинг турдош бўлмаган бошқа йўналишлари (мутахассисликлари)га.

ҚАНЧА?

 Давлат олий таълим муассасаларида ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш жараёни бепул амалга оширилади.

ҚАЙСИ КУРСДА?

 Талабаларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш биринчи курсдан бошқа барча курс талабаларига нисбатан қўлланилиши мумкин. Биринчи курсга ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш ман этилади (истисно тариқасида, талабага касаллик туфайли академик таътил берилиши мумкин).

ЎҚИШНИ ҚАЙТА ТИКЛАШ ҲАҚИДА

Қуйидаги ҳолларда талабаликка қайта тиклашни сўраб мурожаат қилган шахсга рад жавоби берилиши мумкин:

1) олий таълим муассасасида таълим олувчилар сони доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаганлиги;

2) шахснинг академик қарздорлиги ҳамда тегишли мутахассислик бўйича зарур билимларни ўзлаштиришига тўсқинлик қилиш даражасидаги ўқув режалари ва дастурларида фарқ мавжуд бўлганлиги.

Барча ўқув шакллари бўйича талабалар сафига қайта тиклаш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Давлат грантлари бўйича таълим олган етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлар, шунингдек муддатли ҳарбий хизматни ўтаган (захирага бўшаган кунларидан бошлаб уч йил мобайнида), академик таътилдан қайтган шахслар истисно тариқасида, ўқишга давлат грантлари ўринларига қайта тикланиши мумкин.

Ўқишдан четлаштирилган ўқув йилида талабани ўқишга қайта тиклашга йўл қўйилмайди.

Талабани бошқа олий таълим муассасасига ўқишга қайта тиклашда унинг илгари таълим олган олий таълим муассасаси розилиги талаб этилмайди.

ТАЛАБАЛАР ЎҚИШИНИ КЎЧИРИШ

 Ўқишнинг барча шакллари бўйича олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассислиги) бўйича давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат давлат грантлари асосида таҳсил олаётган талабалар аризасига кўра муайян таълим йўналиши (мутахассислик)да олий таълим муассасаларига тегишли ўқув йилидаги қабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади.

Давлат грантлари асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини ўз таълим йўналишидан бошқа турдош бўлмаган таълим йўналишига кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Олий таълим муассасасида юридик шахс билан тузилган тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар ўқишини кўчириш ушбу юридик шахснинг розилиги билан амалга оширилади.

Талабаларнинг ўқишини шартли равишда кўчириш тақиқланади.

***

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 18 июндаги

118-сон қарорига

3-ИЛОВА

Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1. Мазкур Низом «Таълим тўғрисида«, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида«ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартибини белгилайди.

 

2. Ушбу Низомнинг амал қилиши ҳарбий олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

 

3. Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш, одатда, ёзги таътил даврида, тегишли курс (семестр)да ўқув машғулотлари бошланишига қадар амалга оширилади.

 

4. Талабалар сафидан четлаштириш мазкур Низомда белгиланган ҳолларда олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан амалга оширилади.

 

5. Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш қуйидагиларнинг:

олий таълим муассасалари;

тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар;

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси қошидаги Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро комиссияси (кейинги ўринларда — Идоралараро комиссия деб юритилади) қарорлари асосида амалга оширилади.

Идоралараро комиссия Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда — Давлат комиссияси деб юритилади) томонидан ташкил этилади. Унинг таркибига тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар вакиллари киритилади.

Идоралараро комиссиянинг раиси ва масъул котиби Давлат комиссияси қарори билан тайинланади.

 

6. Олий таълим муассасаси ректорининг қарори асосида талабалар ўқишини шу олий таълим муассасаси доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича кўчириш ва тиклаш амалга оширилади.

 

7. Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш талабани қабул қилаётган олий таълим муассасаси бўйсунадиган вазирлик (идора) қарори асосида амалга оширилади:

олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича бир вазирлик (идора) доирасида бошқа олий таълим муассасасига;

олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича турли вазирлик (идора) доирасида бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига кўчириш ва қайта тиклаш.

 

8. Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш Идоралараро комиссия қарори билан амалга оширилади:

хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига;

бир олий таълим муассасаси доирасида ёки бир вазирлик (идора) ва турли вазирликлар (идоралар) тасарруфидаги олий таълим муассасаларига олий таълимнинг турдош бўлмаган йўналишлари (мутахассисликлари)га.

 

9. Олий таълимнинг турдош йўналишлари (мутахассисликлари) рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (кейинги ўринларда — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги деб юритилади) томонидан ишлаб чиқилади ва Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

 

10. Талабаларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш ҳақидаги аризалари мос равишда:

ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан — олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига;

ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этиладиган ҳудудий ишчи гуруҳларга топширилади.

Ҳудудий ишчи гуруҳлар қабул қилинган ҳужжатларни умумлаштириб:

ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича тасарруфида олий таълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идораларга;

ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.

Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари ҳамда ҳудудий ишчи гуруҳлар талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш ҳақида келиб тушган аризалар тўғрисида белгиланган шаклда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига умумлаштирилган маълумот топширадилар.

 

11. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар ўқишини кўчириш ёки тиклаш ҳақидаги аризаларни мазкур Низомда белгиланган ваколатлар доирасида шакллантириб Идоралараро комиссияга қарор қабул қилиш учун йўллайди.

 

12. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таълим фаолиятини олиб бориш учун лицензияга эга бўлмаган нодавлат олий таълим муассасалари ва бошқа мамлакатлар олий таълим муассасаларининг филиаллари (марказлар, бўлимлар, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқалар)дан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш тақиқланади.

 

13. Биринчи курсга ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш ман этилади (истисно тариқасида, талабага касаллик туфайли академик таътил берилиши мумкин).

 

14. Ўқишнинг барча шакллари бўйича олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассислиги) бўйича давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат давлат грантлари асосида таҳсил олаётган талабалар аризасига кўра муайян таълим йўналиши (мутахассислик)да олий таълим муассасаларига тегишли ўқув йилидагиқабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади.

 

15. Бошқа ҳолларда ўқишни кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

 

16. Ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш ҳақидаги аризага талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари илова этилади.

 

17. Талабаларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашни расмийлаштиришда олий таълим муассасаси ректори белгиланган тартибда ўқув режалари ва дастурлардаги мавжуд академик қарзларни ёки фарқларни (умумкасбий ва ихтисослик фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошмаслиги лозим) топшириш тартиби ва муддатларини (икки ойдан ортиқ бўлмаган), ўқитиш курси ҳамда ўқишга қабул қилишнинг бошқа шартларини белгилайди.

 

18. Талабаларнинг ўқишини шартли равишда кўчириш ёки қайта тиклаш тақиқланади.

 

19. Давлат олий таълим муассасаларида ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш жараёни бепул амалга оширилади.

 

20. Тўлов-контракт асосида талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашда тўлов-контрактни тузиш тартиби ва шартлари, жумладан, тўлов маблағлари ва муддатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

20-1. Тошкент давлат юридик университетида таҳсил олаётган талабалар иккинчи курсдан бошлаб ўқишнинг бир ўқув йилигача бўлган муддатни хорижий олий таълим муассасасининг юриспруденция йўналишида ўқиш ҳуқуқига эга. Талабанинг хорижий олий таълим муассасасида ўқиган даври ва ўзлаштирган фанлари хорижий олий таълим муассасаси маълумотномаси асосида университет Кенгаши томонидан университет ўқув режаси ва дастурларининг тегишли қисмларини ўзлаштирганлиги сифатида қабул қилиниши ва талабага ўқишини тегишли ўқув семестридан давом эттириш ҳуқуқи берилиши мумкин.

 

II. ТАЛАБАЛАР ЎҚИШИНИ КЎЧИРИШ

 

21. Давлат грантлари асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини ўз таълим йўналишидан бошқа турдош бўлмаган таълим йўналишига кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

 

22. Ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш ҳақидаги ариза бир ой муддат ичида кўриб чиқилиши лозим.

Ариза кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган тақдирда ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича олий таълим муассасаси ректори тегишли қарорқабул қилади;

ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган ҳолатлар бўйича тегишли вазирлик (идора) ёки Идоралараро комиссия олий таълим муассасасига белгиланган шаклда хат йўллайди.

Тегишли вазирлик (идора) ёки Идоралараро комиссиянинг хати асосида олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан ўқиши кўчирилаётган талаба дарсларга қўйилади ҳамда ушбу олий таълим муассасаси томонидан талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасига унинг шахсий йиғмажилдини жўнатиш учун сўровнома юборилади.

Сўровнома олингандан сўнг, талаба илгари таълим олган олий таълим муассасаси ректорининг талабалар сафидан четлаштириш ҳақида буйруғи асосида уч кун муддатда талабанинг шахсий йиғмажилди (рўйхати билан) уни ўқишга қабул қилган олий таълим муассасасига жўнатилади.

Олий таълим муассасасида талабанинг академик маълумотномаси, рейтинг дафтарчаси, ўқув карточкаси, шунингдек жўнатилаётган ҳужжатлар рўйхатининг нусхаси қолдирилади.

Олий таълим муассасаси ректорининг талабани талабалар сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруғи талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасидан унинг шахсий йиғмажилди олиниб, академик фарқлар бартараф этилгандан сўнг 10 кун муддатда чиқарилади.

Шахсий йиғмажилд жўнатилиши мумкин бўлмаган ҳолларда (ёпиқ йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш), талабани ўқишга қабул қилиш, олий таълим муассасаси ректори томонидан имзоланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган академик маълумотнома олингандан сўнг амалга оширилади.

 

23. Олий таълим муассасасида юридик шахс билан тузилган тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар ўқишини кўчириш ушбу юридик шахснинг розилиги билан амалга оширилади.

 

III. ЎҚИШНИ ҚАЙТА ТИКЛАШ

 

24. Ўқишга қайта тиклаш ҳақидаги ариза бир ой муддатда кўриб чиқилади.

 

25. Қуйидаги ҳолларда талабаликка қайта тиклашни сўраб мурожаат қилган шахсга рад жавоби берилиши мумкин:

олий таълим муассасасида таълим олувчилар сони доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаганлиги;

шахснинг академик қарздорлиги ҳамда тегишли мутахассислик бўйича зарур билимларни ўзлаштиришига тўсқинлик қилиш даражасидаги ўқув режалари ва дастурларида фарқ мавжуд бўлганлиги (мазкур Низомнинг 17-банди).

 

26. Барча ўқув шакллари бўйича талабалар сафига қайта тиклаш тўлов-контракт асосида мазкур Низом талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.

Давлат грантлари бўйича таълим олган етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлар, шунингдек муддатли ҳарбий хизматни ўтаган (захирага бўшаган кунларидан бошлаб уч йил мобайнида), академик таътилдан қайтган шахслар истисно тариқасида, ўқишга давлат грантлари ўринларига қайта тикланиши мумкин.

 

27. Ўқишдан четлаштирилган ўқув йилида талабани ўқишга қайта тиклашга йўл қўйилмайди.

 

28. Талабани бошқа олий таълим муассасасига ўқишга қайта тиклашда унинг илгари таълим олган олий таълим муассасаси розилиги талаб этилмайди.

 

29. Ўқишдан четлатилгандан кейин 5 йилдан ортиқ муддат (ҳарбий хизматда бўлганлик, уч ёшгача бўлган болаларни парвариш қилиш билан боғлиқ меҳнат таътили ҳамда соғлиқни қайта тиклаш вақтлари ушбу муддатга кирмайди) ўтган ҳолларда талабалар ўқишини қайта тиклаш Идоралараро комиссиянинг рухсати билан амалга оширилади.

 

IV. ТАЛАБАЛАР САФИДАН ЧЕТЛАШТИРИШ

 

30. Талаба олий таълим муассасасидан қуйидаги ҳолларда четлаштирилиши мумкин:

а) ўз хоҳишига биноан;

б) ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;

в) саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

г) академик ўзлаштира олмаганлиги (қарздорлиги) учун;

д) ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;

е) бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;

ж) ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);

з) талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

и) вафот этганлиги сабабли.

Ҳарбий хизматни ўташ, саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш таътиллари даврида талабага Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган тартиб асосида академик таътил берилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқув жараёни ўқитишнинг модул тизимига асосланган олий таълим муассасалари талабаларига нисбатан мазкур банднинг «г» кичик банди татбиқ этилмайди. Ушбу олий таълим муассасаларида академик ўзлаштира олмаган (қарздор) талабалар ўзлаштира олмаган фанларни такроран ўқитиш учун тегишли курсда қолдирилади.

31. Олий таълим муассасаси маъмурияти ташаббуси билан талабаларни ўқишдан четлаштириш талабалар касаба уюшмасининг ёзма розилигини инобатга олганҳолда (касаба уюшмаси аъзоси бўлган талабалар учун) амалга оширилади. Шунингдек, талаба мазкур Низомнинг 30-банди «д» кичик бандига кўра четлаштирилаётганҳолда, таълим муассасасининг «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти билан ҳам келишилиши мумкин.

 

32. Талаба олий таълим муассасасидан четлаштирилганда, унга шахсий ҳужжатлари, белгиланган шаклдаги академик маълумотнома топширилади ва уларнинг нусхаси шахсий йиғмажилдга тикиб қўйилади.

 

V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

 

33. Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш жараёнида ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ёки белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ҳужжатлар аниқланган ҳолларда олий таълим муассасаси ректори мазкур ҳужжатларни текшириш ва буйруқ чиқармаслик ҳуқуқига эга.

 

34. Олий таълим муассасасига ўқишини кўчирган ёки қайта тиклаган талабаларнинг шахсий йиғмажилдига тегишли буйруқдан кўчирма, ариза ва академик маълумотнома тикиб қўйилади.

 

35. Олий таълим муассасалари ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига зарур миқдордаги академик маълумотнома бланкаларига буюртмалар берадилар.

Академик маълумотнома бланкларининг қатъий ҳисоби юритилади.

Академик маълумотнома бланкаларининг олий таълим муассасаларида сақланиши, рўйхатга олиниши ва берилиши белгиланган тартибда амалга оширилади.

36. Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилиши ва уларнингқонунийлиги учун жавобгарлик олий таълим муассасаларига юкланади.

Зарурат бўлганда ректор ҳужжатларни юборган олий таълим муассасаларидан расмий хат билан маълумотлар тўғрилигини тасдиқлашни сўраши мумкин.

 

37. Олий таълим муассасаларига талабалар ўқишини кўчириш ва тиклашига асос бўлган барча ҳужжатлар ваколат доираси бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар, шунингдек олий таълим муассасаларида 3 йил давомида сақланиши лозим.

 

38. Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тўғрисидаги қарорлардан норози бўлганлар белгиланган тартибда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

 

39. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», 2010 йил, 24-25-сон, 195-модда.

http://nrm.uz

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>