Тил – “тел”га айланган…ми?

Дониш домла ҳангомаси

радио2

Жониворларнинг бир турдан иккинчи турга айланиши ҳақидаги кашфиёт Чарльз Дарвинники, деб ўқиганмиз.

Атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг шунга монанд гапи ундан ҳам қизиқ: ўзбекнинг чопони дунё кезиб, пальтога айланиб келди!

Бунақа қисмат буюк боболаримизнинг муборак номларида ҳам бўлган. Абу Али ибн Сино бобомиз дунё узра – Авецина, Аҳмад ал Фарғоний бобомиз – Фраганец деган номлар билан машҳур экан!

Худди шундай баъзи сўзларимиздан олинган атамалар халқаро миқёсда донг таратмоқда. Масалан, машҳур компаниялардан бири – “Билайн” аслида ўзбекча – “Билайин” сўзидан олинганига аминман. Мазмуни – фаолиятининг моҳиятига хос-у мос! Яъни, билайин, деб қўлингизга мобил телефонни оласиз-ку. Яна қанақа исбот керак?

Шу тариқа изланишда давом этиб, яна бир буюк ҳақиқатни кашф этдим. Дунёда ҳаммага бирдек тушунарли “тел” атамаси асли ўзимизнинг – Тил деган сўздан олинганига шубҳа қилмайман.

Бу фикримнинг исботи ҳам чаккимас. Яъни, дастлаб телевизор Тошкентда кашф этилган! Унга ном топишда “Тил” сўзимизни “тел” деб олгани аён. Охирги бўғиндаги “зор” сўзи мутлақо ўзбекча-ку! Ўртада турган “еви” – “эви” деган сўзимизнинг ўзлашган ҳолати эди. Лотин алифбосида у асл ҳолига қайтганини кўрасиз: Televizor.

Ўзбекчада “эви” – мустақил сўз бўлиб, эпламоқ, йўлини топмоқ, уддасидан чиқмоқ маъноларини билдиради. Бундан ташқари, эви билан, деган иборамиз ҳам кам ишлатилмайди. Эвида, деганда, меъёрдан, чегарадан чиқмай, ҳаддан ошмай, йўли билан каби кўп маънолар англашилади. (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га бир қараб қўйсангиз, гапларимга шубҳа қилмайсиз).

Демак, телевизор сўзининг асл ўзбекона маъноси: ТИЛ+ЭВИ БИЛАН (яъни, эплаб гапирилса) = ЗОР қақшамаймиз, деган ғоят пурмаъно ҳикматни ўзида мужассам этгандек туюлади.

Баъзи зор қақшаганлар эса алам билан: “Тилбузар” дея таъна қилишларининг боиси ҳам шунда эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Тошкентда яратилганига яраша телевизоримиз жон-у дилим, десам муболағага йўйманг. Телевизорда намойиш этилаётган қатор кўрсатувлар, унда жаранглаётган дурдона сўзлар қалбингга жо бўлиб кетаётганини сезмай қоласан.

(Шу ўринда битта лирик чекиниш: иллат излаганга иллатдир дунё, деганларидек, айрим кўрсатувлардан иллат топишингизга ҳам шубҳа қилмайман, фақат, бунақа гап мазкур офатижон мавзуимизга унчалик мос келмайди…)

Тил деган сўзимиз “Телефон” атамасига асос қилиб олинганига ишонаман. Яъни, тилнинг ўзига хос фони, деган маънони англатади. Уни айримлар “Тилбон”, “Тилифўн” дейишларидан ҳам жўялигина маънолар кашф этса бўлади.

“Граф” – ўзига яраша мартаба маъносини билдиради. Унинг олдига “Тили” сўзини қўшиб ўқисангиз ажабтовур маъно чиқаркан: Тилиграф! Демак, “Телеграф” – “Тилиграф”нинг ўзлашган формаси, десак хато бўлмайди. Она тилимиз дунё миқёсида графлардан-да юксакроқ мартабаларга эга бўлиб бораётганига тан бераётганлар кам эмас!

“Грамм” – ўлчов бирлиги. Сувнинг томчисидан пайдо бўлган энг кичик оғирлик ўлчови. Менимча, “телеграм” атамаси ҳам “тилиграм” деган маънога пайваста. Томчи янглиғ битта ҳарф ҳам эътибордан четда қолмайди.

“Тилиграм”ни яратганлар ўзбекнинг асл мақолларини назардан қочирмаганлар. Айтилган сўз – отилган ўқ, мақоли “тилиграм”га хос. Чунончи, интернетга бирор сўзни хато ёзиб қўйсанг, уни дарҳол тўғрилаш мумкин. Ёзган гапинг ёнига “сичқонча”ни оборсанг, “тузат ё ўчир” деган буйруғингга мунтазирман, деган “ижрочи” пайдо бўлади ва кўнгилдагидек ишингни қилаверасан.

“Тилиграм”да эса ҳар бир ҳарфинг қайтмас ўқ каби учади. Уни қайтара оладиган мард чиқса, оёғининг тагига қўй сўйиб, бошига дўппи кийгизиб, елкасига кимхоб тўн ташлаганим бўлсин.

Гап шундаки, кеча зиёфатдан бироз сархуш ҳолда келиб, бир ишораси, ҳатто мийиғида кулиб қўйиш билан тақдиримни бирёқлик қилиб юборишга қодир зотга “Тилиграм” орқали анчагина валдираб қўйибман… Ёзганларим “грам”гина бўлса кошки эди, тонна-тонна эканини эрталаб кўриб, бошимни чангаллаб қолдим…

Қош қўяман, деб кўз чиқаргандек, энг чатоғи, компьютерда тез ёзганда кўп имловий хатолар ўтиб кетибди-да. “Сиз жуда катта иш қиляпсиз” деган гапимда “к” ўрнига “л” ҳарфини босиб юборибман (ўша иккита ҳарф битта клавишда жойлашгани чалкаштиргандир), “баъзи хомкаллалар”да “х” тушиб қолибди. Ундан ҳам баттар айқаш-уйқаш сўз ва иборалар бижғиб ётибди…

“Тилиграм”га ёзишдан бурун “Аввал ўйла, кейин сўйла”, “Етти ўлчаб бир кес” деган мақолларга амал қилганларнинг жони роҳатда, умри фароғатда экан-да!..

Ҳозир “Тилиграм”га қайта-қайта кўз ташлаган ҳамоно “Тили бошига етибди” деган совуқ гап этимни жунжиктираркан, тилим “тел”га айланмай кетсин, дея пешонамга мушт уряпман…

Тилшуносликка даъводан йироқ Дониш домла тилидан

Тўлқин ЭШБЕК

You may also like...

3 Responses

  1. Har doimgidek, ustoz yangiliklar yaratadi, yangilikka intiladi, yangiliklardan shogirdlariga, do’stlariga, hamkasblariga bo’lishadi.
    Donish domlaning o’zi ham bugungi asrimizning yangiligi.
    Sarlavha munosib tanlangan. Bu ham yangilik.

  2. Ustoz sizga yana bir bor tasannolar aytaman. Har galgidek doim yangiliklar toposhga harakat qilasiz va topasiz ham. Keyin esa darsda biz õquvchilarizga ulashasiz. Biz ham imloviy xatoliklarga yõl qõymaslikka harakat qilyapmiz.

  3. Ассалому-алайкум Тулкин ака! Каршидан 60 даражалик салом. Узр домла телефон ракамингизни йукотиб куювдим. Мени номерим уша-уша 90.5181051

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>