Улуғбек издошларининг олтинлари

Олис Кипр давлатидан хушхабар келди: ЎзМУ талабалари халқаро олимпиада ғолиби бўлдилар, 2 та олтин медаль қўлга киритилди!

3

Бу йилги баҳор наинки она юртимизга, балки бутун курраи заминга ўзгача тароват олиб келди. Бетакрор тароват ила ўзига хос файз-барака келаётганини ҳар лаҳзада ҳис этиб турибмиз. Баҳор фақат деҳқончиликка, она табиатгагина эмас, шу билан бир қаторда турли соҳаларга, илм-фанимизга ҳам файз киритаётгандек. Буни шу йил 1-6 март кунлари Протарас шаҳрида дунёдаги қатор мамлакатларнинг университетлари талабалари ўртасида математика фани бўйича ўтказилган 10-халқаро “SEEMOUS 2016” олимпиадаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу нуфузли халқаро олимпиадада Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоаси ғолиблик шоҳсупасидан муносиб ўрин эгалладилар!

4

Мазкур халқаро олимпиадада 20 дан ортиқ мамлакатнинг 43 та университети жамоаларидан 150 дан ортиқ энг иқтидорли талабалар иштирок этдилар. Муросасиз ўтган беллашувлар аслида бугунги дунё ёшларининг илмга қанчалик интилишидан дарак берарди. Мусобақа шартларига кўра ёш математикларга бир кун давомида 4 та масалани ечиш талаб этилди. Инглиз тилидаги масалалар алгебра ва сонлар назарияси, геометрия, математик анализ ва комбинаторика каби фанлар бўйича танланди.

Юртимиз шарафи қалбларига ғурур бахш этган университетимизнинг Механика-математика факультети 2-курс талабалари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимов ўша масалаларни ечишда ўзларига хос янги усулни танладилар. Эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг усуллари турлича бўлиб, стандартдан, яъни анъанавий ечимлардан анча фарқ қиларди! Ўзбек талабаларининг инглиз тилида ёзиб топширган бу янги усулдаги ечимларига Ҳайъат аъзолари ва бошқа экспертлар тан бердилар!

— Мен аввало жонажон Миллий университетимизда турли фанлар қатори математика сирларини чуқур ўрганиш, бу борада дунёвий электрон кутубхоналардан бемалол фойдаланиш имконияти кенг яратилганидан мамнунман. Университетимиз қошидаги Сағди Сирожиддинов номидаги академик лицейда ўқиб юрган кезларимда 2014 йилда Қозоғистонда бўлиб ўтган халқаро «Жаутиков» олимпиадасида дастлабки олтин медални қўлга киритган эдим,- деди уч карра олтин медаль соҳиби  Ҳакимбой Эгамберганов.- 2015  йилда Болгария давлатида бўлиб ўтган ана шундай халқаро олимпиадада яна бир олтин медал соҳиби бўлдим. Бу йил Кипрда эришган навбатдаги муваффақиятимиз математика соҳасида танлаган йўлимга бўлган ишончимни янада орттирди. Бунинг учун биз Миллий университетимиз мураббийларидан, азиз устозларимиздан умрбод миннатдормиз.

2

— Математика фанига мен болалик давримдан жуда қизиққанман. Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги 2-сон академик лицейида ўқиб юрган кезларимда 2014 йилда Болгарияда бўлиб ўтган халқаро «Balkan» математика олимпиадасида кумуш медаль соҳиби бўлган эдим,- дейди Шоҳруҳ Ибрагимов.-  Бугун Кипр давлатида бўлиб ўтган халқаро олимпиадада олтин медални қўлга киритиш янги зафарларга илҳомлантирмоқда. Келгусида навбатдаги халқаро олимпиадаларда буюк аждодларимиздан мерос қолган ўзбек математика мактаби шуҳратини бутун дунёга намоён этишда давом этаверамиз.

Айтиш жоизки, Европа, Кипр, Болгария, Руминия математика жамиятлари томонидан ташкил этилаётган математика фани бўйича 10-Халқаро “SEEMOUS 2016” олимпиадасида Ўзбекистон Миллий университети жамоаси биринчи марта иштирок этаётганларига қарамай шундай натижаларга эришаётганлари таҳсинга лойиқдир.

Халқаро олимпиада натижаларига кўра Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимов биттадан олтин медални қўлга киритган бўлсалар, яна бир талабамиз Мирмуҳсин Маҳмудов махсус диплом билан тақдирланди.

Энг қувончлиси шундаки, халқаро олимпиада ғолиби деган шарафли номга мушарраф бўлган иқтидорли талабаларимиз Кипр университети (“University of Cyprus”)га имтиёзли равишда грант асосида магистратурага таклиф қилиндилар!

Халқаро олимпиада ғолиби бўлган талабаларимиз ҳали ЎзМУни тамомлагунча бундан-да юксакроқ натижаларга эришиш ва бошқа нуфузли университетларга ҳам шундай грант соҳиби сифатида таклиф этилишдан умидвор эканликларини таъкидладилар.

1

– Дунёга довруғи достон буюк аллома Мирзо Улуғбек бобомизнинг табаррук номи билан аталаётган Миллий университетимизда аллақачон математика илмий мактаби яратилганини ортиқча изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак,– дейди халқаро олимпиада ғолиби бўлган талабалар илмий раҳбари Давлатбой Жумабоев.– Ўтган асрда бу мактабга Қори Ниёзий, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Сағди Сирожиддинов каби академиклар асос солган бўлсалар, янги асримизни уларнинг ишларини кимлар давом эттиришлари бугун кундек равшан бўлиб қолаётгани барчамизга чексиз фахр-ифтихор бахш этмоқда.

– Миллий университетимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган хайрли ишлар, таълим ва ўқув жараёнларидаги ислоҳотлар талабаларимизнинг янада пухта билим эгаллашларига, интеллектуал салоҳиятлари ошишига хизмат қилмоқда,– дейди ғолиб талабаларнинг яна бир илмий раҳбари Карим Раҳимов.– Анжуман доирасида қатор ривожланган давлатлар университетлари профессор-ўқитувчилари билан ўзаро суҳбатда бўлиб, таълим тизими юзасидан ўзаро фикр ҳам алмашдик. Келгусида ўша университетлар билан халқаро алоқалар, илмий ҳамкорликлар ҳамда талабалар алмашинувини йўлга қўйишга ҳаракат қиламиз.

Халқаро олимпиада натижаларига кўра 2 та олтин медаль билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоаси (40, 39 баллар!) биринчи ўринни эгаллади! Иккинчи ва учинчи ўринларга Греция (38, 34 баллар)  ҳамда Руминия  (битта 40 балл) университетлари  жамоалари муносиб кўрилди.

Оққан дарё оқаверади, гул унган жойда турфа гуллар унаверади, деганларидек, азалдан илм-маърифат бўстони сифатида ном қозонган Миллий университетимизда буюк аждодларга мана шундай муносиб ворислар етишиб чиқаверадилар. Бугунги Улуғбек издошларининг шода-шода олтин медаллари эса университетимизнинг 100 йиллик тўйига муносиб туҳфадир!

 Улуғбек УСМОНОВ,

ЎзМУ газетаси мухбири

You may also like...

1 Response

  1. ЎзМУ талабалари орасида халқаро олимпиадаларга муносиб истеъдод эгалари жуда кўп. Уларни дунёга олиб чиқишда бугунги кунда университетимизда йўлга қўйилган электрон таълим тизими бизга қанот бахш этмоқда. Ўзимиз ҳам инглиз тилини мукаммал эгалласак кифоя.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>