Халқимизнинг бебаҳо хазинаси

Музейлар ўзига хос маданий меросимиз кўзгусидир, дейди Дониш домла.

Халқимизнинг бебаҳо хазинаси

Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва
маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар.
Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир.
 Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 49-модда.

 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маънавий-маданий бойликларимизни асраб-авайлаш, аждодларимизнинг инсоният цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, навқирон авлодни тарихий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ижтимоий-маънавий соҳадаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан этиб белгиланган.

Мамлакатимизда маданий мерос объектларини муҳофазалашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилди ва изчил такомиллашмоқда. Конституциямизда бундай ёдгорликлар давлат муҳофазасида экани алоҳида қайд этилган. Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур қонун асосида маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ва уларни келажак авлодга асл ҳолича етказиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.

Юртимизда саккиз мингдан ортиқ маданий мерос объекти давлат рўйхатига олинган. Халқимизнинг бой тарихидан далолат берувчи ушбу археологик ва меъморий ёдгорликлар, санъат асарлари, диққатга сазовор жойларнинг ҳар бири ўзига хос тарихга эга.

Музейлар ҳам ўзига хос маданий мерос сифатида доимий давлат муҳофазасидадир. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз музейлари халқимиз тарихи, маданияти, санъати ва қадриятлари акс эттирилган маънавият масканларига айланди. Музейлар фаолияти тубдан такомиллаштирилиб, моддий-техник базаси яхшиланди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1998 йил 12 январдаги “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ўзбекистон тарихи давлат музейи юртимиз тарихи ва бугуни жо бўлган ана шундай маърифат ўчоғидир. Ушбу музейни мамлакатимиздаги энг йирик маънавият ва маърифат масканларидан бири, деб айтиш мумкин. Унинг захирасида 300 мингдан ортиқ бебаҳо осори-атиқа, археология, нумизматика, этнография, тасвирий санъат намуналари ва ҳужжатлар сақланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 21 апрелдаги қарорига мувофиқ мустақил илмий-тадқиқот муассасаси сифатида қайта ташкил этилган бу масканга 1994 йили давлат музейи мақоми берилди. Музейда 250 мингдан ортиқ экспонат жамланган. Шундан 60 мингтаси археология, 80 мингдан зиёди нумизматика ва 16 мингги этнографияга доир. Музейда 100 мингга яқин архив ҳужжати, китоблар сақланади.

– Ўзбекистон тарихи давлат музейининг янги экспозицияси халқимизнинг тарихи ва миллий давлатчилиги концепцияси асосида яратилган бўлиб, юртимизнинг энг қадимги тарихидан бугунги кунгача бўлган даврни акс эттирган, – дейди Ўзбекистон тарихи давлат музейи директорининг ўринбосари Отабек Орифжонов. – Шунга асосан энг қадимги замонлардан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида кечган тарихий-маданий жараёнларнинг ривожланиб бориши, бу ерда шаклланган цивилизациянинг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни ва аҳамиятини акс эттириш мақсад қилинган. Музей экспозицияси ўзида турли даврларни қамраб олган ўнта бўлимдан иборат.

Музейдаги бир ноёб экспонат эътиборингизни тортади. У ЮНЕСКОнинг “Тинчлик бизнинг қўлларимизда” номли мукофоти статуэткаси. Дунёда тинчликни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган улкан ҳиссаси учун 2001 йилда Ўзбекистон Республикасига ушбу мукофот топширилган. Мамлакатимиздаги меъморий ёдгорликлар, аждодларимизнинг улкан маънавий мероси, халқимизнинг ранг-баранг санъати ва урф-одатлари ЮНЕСКО учун бой ва мўътабар манбадир.

Навоий вилоятидан топилган сопол идиш, неолит даврига оид хумча ўша даврлардаёқ кулолчилик тараққий этганини билдиради. Музей экспозициясидан ўрин олган Сурхондарё вилоятининг Сополлитепа ҳудудидан топилган тошдан ясалган тақинчоқлар, бронзадан ишланган кўзгу ва тўғноғичлар, сопол ҳамда ёғоч буюмлар Ўзбекистон ҳудудидаги тарихий-маданий жараёнларнинг энг қадимги даврларидан бугунги кунгача бўлган тараққиётини ашёвий далиллар орқали исботлайди.

Музей коллекциялари асосида яратилган электрон маълумотлар музей экспонатлари билан танишиш, музей экспозицияси, кўргазмалар фаолиятини ривожлантириш, музей фондидаги ашёлар ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш имконини беради.

Бу маскандаги халқимизнинг ўрта асрларга оид буюк маданий мероси экспозицияси алоҳида ўринга эга. Айниқса, Амир Темур ва темурийлар даврига бағишланган бўлимда Соҳибқирон бобомиз ҳаёти ва фаолияти, айни шу давр ҳақида ҳикоя қилувчи кўплаб экспонатларни кўриш мумкин. Музейнинг нумизматика фондидаги коллекцияларида сақланаётган антик даврдан то XIX асргача бўлган ўн олти мингдан зиёд танганинг электрон маълумотлар базаси яратилган. Улар орасида антик даврга тегишли бўлган Греция, Вавилон, Юнон-Бақтрия, Кушон, Жанубий ва Ғарбий Сўғд, Парфия, Византия, Чоч ва бошқа даврларда зарб этилган тангалар, қоғоз пуллар жой олган.

XVIII – XIX асрларда ҳунармандликнинг юксак даражада ривожланганлиги экспозициядаги сопол, кандакорлик маҳсулотлари, бахмаллар, адраслар ва зардўзлик санъати намуналарида ўз аксини топган.

– Музейни айланар экансиз, кўз ўнгимизда тарих жонланади, – дейди Тошкент давлат шарқшунослик институти талабаси Беҳруз Иброҳимов. – Ўлмас маданиятимиз ва санъатимизни ўзида жо этган нодир экспонатлар ёш авлодни дунёқараши кенг, мустақил фикрлайдиган, Ватанимиз ва халқимизга содиқ, комил инсонлар этиб тарбиялашда муҳим ўрин тутади.

Дарҳақиқат, музейнинг ҳар бир ашёси бой ўтмишимиз ва ривожланиб бораётган бугунимизни намоён этади. Узоқ ўтмишдан дарак берувчи бу осори-атиқаларни асраб-авайлаш, келгуси авлодларга етказиш музей фаолиятининг асосини ташкил этади.

 Нурилло Насриев, ЎзА
***
Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари Ўзбекистон тарихи давлат музейида
муз1 муз2 муз3 муз4 муз5
ЎзМУ Ахборот хизмати

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>