Чорвоқ чўллаб қолмайди…ми?

Чорвоқ сув омбори ва Бўзсув бўйидаги ўйлар

ЖамиятТанлаш

Рўйхатдан ўтинг
01:25 / 24.11.2023

«…еб-ичаверинглар, фақат исроф қилманглар. Зотан У исроф қилгувчи кимсаларни севмас». Қуръони Карим “Аъроф» сураси, 31-оят

Тошкент шаҳрига файз киритиб лиммо-лим оқаётган Анҳор сувларига боқиб, ҳам завқланаман, ҳам хавотирга тушаман… Бу ажиб манзарадан нечун завқланишимизни изоҳлашга ҳожат йўқ. Бироқ, сўнгги пайтларда Чорвоқ сув омборида қанча сув қолди экан, деган ўй тинчлик бермай қўйди…

Пойтахтимиз ва Тошкент вилоятини оби-ҳаёт билан таъминлаб турган Чорвоқ сув омборида сув захираси кескин камайиб кетаётганига бефарқ қараб бўлмайди! Бўстонлиқ тоғларини 30-40 йиллар илгари ҳатто ёз ойларида ҳам одам бўйи, том бўйи қор ва муз қатламлари қоплаб ётарди. Сўнгги ўн йилликлар мобайнида ёлчитиб қор ёғмади, афсуски, тоғлар ҳам деярли шип-шийдам бўлиб қолди…

Худо кўрсатмасин, сув захирамиз камайиб қолса, ҳолимиз не кечади?

Маълумотларга кўра, Чорвоқ сув омбори – Чирчиқ дарёсининг бошланиш қисмида қурилган (1963-70) гидротехника иншооти. Қишлоқ хўжалигини бир меъёрда сув билан таъминлаш, тошқинларнинг олдини олиш ва гидротехника мақсадларида барпо этилган. Дарё сувини мавсумий тартибга солади.

Сув омбори Чатқол ва Угом тоғлари орасига қурилган. Тош-тупроқли тўғон узунлиги 768 метр, баландлиги 168 метр, юқори қисмининг эни 12 метр. Тўғонда Чорвоқ ГЭСни сув билан таъминлаш учун узунлиги 800 метр ва диаметри 11 метр бўлган 2 та туннел бор. Чорвоқ сув омборининг тўла сиғими 2006 миллион куб/метр, шундан фойдали сув ҳажми 1580 миллион куб/метр, сув юзаси сатҳи 40,1 км², эни айрим жойларда 10 км, узунлиги 19 км, максимал чуқурлиги 131 метр, ўртача чуқурлиги 55 метр. Сув омборига Писком, Кўксув, Чотқол дарёлари қуйилади.

Сув оқими кўпайиб, хатарли даражага етганда сувни чиқариб юборадиган шахтали (1200 м³/сек) ва 2 та поғонали (450 м³/сек ва 500 м/сек) сув ташлагичлар билан жиҳозланган.

Чорвоқ сув омбори Чирчиқ-Бўзсув сувенергетика трактинн бир меъёрда сув билан таъминлайди. Унинг барпо этилиши билан сув кам бўлган йиллари Тошкент воҳасидаги ва Қозоғистон Республикаси Жанубий Қозоғистон вилоятидаги 355 минг гектардан ортиқ ерни барқарор сув билан таъминлаш (шундан янги ўзлаштирилган ерлар 150 минг гектар), Чирчиқ дарёсининг юқори оқимида рўй берадиган сув тошқинларига барҳам бериш имкониятлари яратилди.

2000 йил бошларидан Чорвоқ сув омбори соҳилларида халқаро андозаларга мос бўлган йирик дам олиш мажмуалари барпо этилди.

Яна бир муҳим маълумот интернет тармоғида (https://aniq.uz сайтида) атрофлича ёритилган. Яъни, Бўзсув иншооти 1932 йилда ишга туширилган. Шунда суткасига 3,8 минг м³ қувватда сув етказиб берган. Кейинчалик иншоот қуввати ошириб борилган. Айни кунда бу иншоот орқали қўшимча равишда талабга қараб бир суткада 10 минг м³ дан 30 минг м³ гача ичимлик суви етказиб берилмоқда.

Пойтахт аҳолисининг асосий қисмини “Қодирия” бош сув иншооти ичимлик суви билан таъминлайди. Ушбу иншоот 1969 йилда суткасига 225 минг м³ ичимлик суви етказиб бериш қуввати билан ишга туширилган.

Қайд этилишича, “Бўзсув” иншооти бир суткада ўртача 1 миллион 700 минг метр куб атрофида сувни тозалаб, пойтахтимизнинг 6 та туманига узатиб бермоқда. Булардан ташқари Қибрай, Қорасув, Жанубий ерости суви иншоотлари ҳам талабга қараб қўшимча равишда сув етказиб беради. Ҳозирда пойтахт аҳолисига мавсумга қараб бир суткада 1 миллион 800 минг кубдан 2 миллион 300 минг кубгача ичимлик суви етказиб берилмоқда. Бундан ташқари Тошкент шаҳридан чиққан оқова сувлари (канализация) 3 та иншоот – “Бўзсув”, “Салар” ҳамда “Бектемир” оқова сув иншоотларида тозаланиб, табиатга қайтарилмоқда. Бу тозаланган оқова сувларидан эса қишлоқ хўжалигида фойдаланилмоқда.

Мавжуд ичимлик ҳамда оқова сув иншоотларининг бир нечтаси сўнгги йилларда халқаро молия ташкилотларининг кредитлари ҳисобидан реконструкция қилинди.

Айни кунда сув таъминоти тизимини рақамлаштиришга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, сув тармоқлари гидродинамикаси, яъни, босимини назорат қилиш автоматлаштирилди. Бунинг учун Кореянинг “К-wатер” компанияси билан амалга оширилган қатор лойиҳалар доирасида Чилонзор тумани сув тақсимлаш бўлимида сув тармоқларини онлайн назорат қилиш диспетчерлик маркази ташкил этилди.

Бу ерда пойтахт бўйлаб тортилган тармоқлардаги сув босими доимий назорат қилиб борилади. Бунинг учун қарийб 700 га яқин нуқтадан босим ҳақидаги маълумотлар марказга онлайн тарзда узатилади.

Сув ва кўрсатилган оқова сув хизматлари учун тўловлар ҳамда у билан боғлиқ биллинг маълумотлар базасида истеъмолчилар ўзларига тегишли бўлган қисмини кузатиб бориш имкониятига эга бўлдилар. Бунинг учун https://cabinet.uzsuv.uz/ шахсий кабинет платформаси яратилди.

Таъкидланишича, бугунги кунда ичимлик суви сифатини янада яхшилаш, рақамлаштириш билан боғлиқ лойиҳалар давом эттирилмоқда. Бунинг учун хорижий компаниялар билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда…

Ҳаётимизни сувсиз тасаввур қила олмаймиз. Маълумотларга кўра, Ер юзасининг 70 фоизидан кўпроқ қисми сув билан қопланган бўлса, унинг бор-йўғи 3 фоизигина ичимлик (чучук) сув ҳисобланар экан. Инсон танасининг ҳам 3/2 қисми, яъни 60-70 фоизи сувдан иборат. Сув нафақат инсоният, балки бутун ҳайвонот ва ўсимликларнинг ҳам ҳаёти ва тириклик манбаидир. Сувни исроф қилиш кечирилмас гуноҳ ва ўнгланмас йўқотиш ҳисобланади…

Кейинги йилларда бутун мамлакатимизда сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида қатор лойиҳалар жорий қилинмоқда. Шу билан бирга, юртимиз бўйлаб “Яшил макон” яратиш ҳаракати кенг тус олмоқда. Бу аслида қадим қадриятларни қайтадан ҳаётга жорий этишдир, албатта.

Ҳар бир ҳаракатнинг акси ҳам бўлади. Шу жумладан, чўлқуварликнинг ҳам. Собиқ шўро даврида Мирзачўл ва Ёзёвон даштларини ўзлаштириш, Катта Фарғона канали ва Фарҳод каналларини қазиб, қақраб ётган ерларга сув чиқарилиши, Таллимаржон, Кампирравот, Чорвоқ, Қайроққум сув омборлари қурилиши Ҳазрат Навоийнинг “Хамса” асарида тасвирланган Фарҳоднинг жасоратини реал воқеликда такрорлашнинг ўзи бўлиб чиқди. Икки мингинчи йилларнинг тимсоли табиатдаги дашт ерларни экинзор воҳаларга айлантириш бўлса, уч мингинчи йилларга келиб бунинг акси кўзга ташланмоқда.

Ҳар қандай бўҳрон, аввало, инсонлар онгида юз беради ва бунинг натижаси ташқи оламда акс эта бошлайди. Ўтган асрда халқимиз менталитетида боғбонлик, миришкорлик олд ўринга чиққан бўлса, уч мингинчи йилларга келиб асосан истеъмолчилик руҳияти биринчи ўринга чиқа бошлади. Натижаси эса тезда кўзга ташланди – илгари бу ҳудудларга ёт бўлган қум ва чанг бўронлари, қуюнлар йилдан-йилга мунтазаам такрорланадиган табиат ҳодисасига айланмоқда. Булар нафақат юртимизда, балки, бутун сайёрамизда ўз аксини кўрсатмоқда. Табиатни, сув заҳираларини асраш долзарб муаммога айланди. Тежаб-томчилатиб суғориш технологиялари ишлаб чиқилмоқда.

Тома-тома кўл бўлур, деганларидек, ҳар томчи сувнинг қадрига етиш, уни асло исроф қилмаслик фурсати етди.

Ижтимоий тармоқларда бир ажиб видеолавҳа тарқалган эди. Унда кўзи кўр ва бир қўли йўқ икки хитойлик адирларда уч минг туп дарахт кўчатлари экиб, каттагина боғ яратишгани тасвирланган. Видеоролик оммалашиб кетди. Кўр ва ногирон икки азаматнинг жасорати бутун Хитойда олиб борилаётган “Яшил макон” ҳаракатидан бир шингил экан. Боғ-роғлар кўпайган жойда сув заҳиралари ҳам пайдо бўлаверади, тоза ҳаво (кислород) кўпаяди.

Таҳлилчилар фикрича, хитойликлар ҳар йили ҳеч бўлмаганида ўнтадан турли дарахт ниҳоллари экишлари ва парваришлашлари шарт экан. Натижаси ҳам кўзга яққол ташланмоқда. Адирларда кўм-кўк ўрмонлар, тўқайлар пайдо бўлмоқда. Бундай дарахту бўталарнинг илдизлари тупроқ емирилишининг олдини олмоқда, сояларида қор йиғилиши ва секинлик билан эриганча ерга сингиши, бир йиллик ва кўпйиллик майсаларнинг унишига замин яратмоқда. Шу аснода ҳавонинг кислородга тўйиниши, муқим ва кўчманчи қушлар, майда ва йирик ҳайвонларга ватанлик қилиши диққатга сазовор.

Хитой девори зиёратбоп қадамжо сифатида дунёнинг етти мўъжизаси қаторидан жой олган бўлса, Ката Хитой Яшил девори инсон қўли билан яратилган табиат мўъжизасига айланиб бормоқда. Очиғи, хитойликлар, корейс ва японларнинг меҳнаткашлигига ҳавас қилса арзийди. Аслида, қадимда ўзбеклар ҳам меҳнатсеварлиги билан донг таратгани сир эмас. Буюк аждодларимизнинг ана шу фазилатини изчил давом эттириб, келгуси авлодларимизни ҳам меҳнатсеварликка ўргатишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.

Сувни тежаш ва эъзозлаш бобида жаҳон тажрибасини ўрганиб бориш мақсадга мувофиқ. Чунончи, Саудия Арабистони ҳам қумли саҳроларни “яшил макон”га айлантириш лойиҳаларини жорий этмоқда. Саҳроларда қум кўчишини тўсиш учун сунъий хурмозорлар барпо қилинмоқда. Бу дарахтлар томчилатиб суғориш технологияси асосида парвариш қилинар экан. Қизиғи шундаки, Саудия Арабистонида бирорта оқар дарё йўқ. Ер ости сувларига ҳам бой эмас. Денгизнинг шўр сувини қайта ишлаб, чучук сув ҳосил қилишга ҳаракатлар қилинмоқда. Улар табиий қуёш ва шамол энергияларидан кўпроқ фойдаланиш лойиҳасини амалга оширмоқда.

Қорақалпоғистонда ҳам кейинги йилларда янги-янги саксовулзорлар, боғ-роғлар яратиш ҳаракатлари изчил давом этмоқда. Сўнгги ўттиз йил мобайнида очилиб қолган шўрхок замин яшил либосини кия бошлади. Саковуллар жуда секин ўсишига қарамай, анча-мунча бўй кўрсатаётгани умид уйғотади. Орол бўйида саксовулзорлар яратишга япониялик мутахассислар ва волонтёрлар қўшилаётгани, бу ишлар учун 150 миллион долларлик маблағ ажратгани ҳақидаги хушхабар барчамизга хушнудлик бахш этиши тайин, албатта. Балки келгусида Орол денгизини сувга тўлдириш лойиҳалари ҳам ишлаб чиқилиб, юртимиз ҳаётида туб бурилишлар даври бошланар…

Ёшлик пайтларимизда кенг пахта майдонлари ва йўллар четига жийда ва иморатбоп дарахтлар кўп экиларди. Улар тагида анча-мунча қорлар тўпланиб қолиши билан деҳқончилигимиз ривожига, она-табиатни асрашга баракали ҳисса қўшилишини кўп кузатганмиз.

Исроф, увол, тежамкорлик ҳақида муқаддас китобларда, ҳадисларда ўқисак, амри-маъруфларда тингласак, жисму жонимиз билан қўшиламиз. Аммо, бундай савобли ишларга ҳукумат ёки тегишли идоралар ундаганида, тежамкорликка оид қоидалар жорий қилганида инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳақидаги моддалар эсимизга тушиб қолади: “Мен эркин шахсман, нимани қанча ишлатишда эркинман, бу ҳуқуқимни чеклашга урунманглар!” қабилидаги иддаолар пайдо бўлади.

Рўзғорда электр энергия, сувдан фойдаланишда аҳоли жон бошига белгиланган лимитлар охир-оқибатда табиий заҳираларни тежаш ниятида жорий қилинади. Уйимизга етиб келаётган газ, электр қуввати, сувнинг олиниш жойи табиатга бориб тақалади. Уларни кимёвий ишлаб чиқариш корхоналарида ишлаб чиқаришмайди. Ётиб еганга эса тоғ чидамайди…

Дунёда шундай давлатлар борки, қоқ тоғ-тош устида ёки қип-қизил саҳроларда яшайдилар. Ичадиган сувидан то ёнилғисигача ҳориждан олиб келишади. Кўпинча буям бўлмай қолса, борига барака, деганча қаноат қилиб кун кечираверади. Улар, албатта, бизнинг юртимизга қанчалик ҳавас билан қарашини изоҳлашга ҳожат йўқ…

Ўтган ўттиз йил ичида Орол муаммоси юзага келиши ортидан Марказий Осиё ҳудудида сув тақчиллиги пайдо бўлди. Бу ҳолат айниқса пойтахтимиз шарқидаги Чотқол тизмаларида яққол намоён бўлмоқда. Асрий музликлари, қорли қалпоқлари кўзни яшанатадиган Чотқол тизмаларида иқлим ўзгариб кетди. Аввалгидек қор ёғмай қўйди. Тап-тақир тоғлар бағридан чиқадиган булоқлари ҳам қуриб бормоқда. Шу тариқа Чорвоқ сув омборида сув захираси кескин камайиб бораётгани ғоят ташвишли ҳолдир.

Шунга қарамай, сув омборидан чиқаётган бир неча каналлар, хусусан, Бўзсувда кеч куз ва қиш ойларида сувлар лиммо-лим қилиб оқизилаётганига бефарқ қараб бўладими? “Борида қадрламай, йўқотганда йиғлаймиз”, “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” каби ҳикматлар замирида улкан маъно мужассам. Ҳам маънавият, ҳам моддият олами учун аҳамиятли бўлмиш ушбу огоҳлантиришлар сув захираларини асраб-авайлашга ҳам қаратилганини энди-энди англаяпмиз.

Бу билан эртага сувни бутунлай тўхтатиб қўйиш керак, деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Фикримиз ва таклифимиз, шундай паллада Бўзсувда кун-у тун лиммо-лим оқаётган сувларни бироз камайтириб, Чорвоқ сув омборидаги оби-ҳаётимизни тежашга ҳаракат қилсак қандай бўларкин?

Бу борада, аввало, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчиликнинг ҳам фикрлари ўрганилиб, оқилона қарорга келинса, нур устига аъло нур бўлур эди.

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва 

Журналистлар уюшмаси аъзоси, 

Маънавият фидойиси 

https://uza.uz/uz/posts/satrlari-ozi-kabi-samimiy-izhodkor_542130  

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>