ЭЛ ИЧРА ЯНГРАГАН ШЕЪР-У НАВОЛАР ёшларни маънавий камолотга чорлайди
Маънавият – ҳаётимизнинг маънавий безаги! Қизиқарли китоблар, театр, қўшиқ санъати маънавиятнинг олтин қанотларидир. Интернетдан, виртуал оламдан чарчаган одамлар ўша китобларни ёзган ёзувчи-шоирлар, актёрлар ва хушовоз хонандалар билан юзма-юз кўришганда, уларнинг ўзларидан дилтортар шеърлар, саҳна асарлари ва жонли ижрода қўшиқлар тинглаганда чинакам маънавий озиқ оладилар. Шу тариқа маънавият миллатни, халқни тараққиётга етакловчи, давлат қудратини оширувчи муҳим омилга айланади. Шукрки, бугун ҳаётимиз моддий жиҳатдан анча бой, шунга яраша фаровон яшаяпмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиевнинг “агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавият” деган пурмаъно сўзлари фаолиятимиз мезонига айланган.
Айтиш ўринлики, бугунги ахборот глобаллашуви даврида пайдо бўлган маънавий-мафкуравий “бўшлиқ” барча зиёлилардан қатъий саъй-ҳаракатлар талаб этмоқда. Инсоннинг жамиятдаги ўрни унинг моддий бойликлари билан эмас, балки юксак маънавий қиёфаси билан белгиланишини изоҳлашга ҳожат йўқ.
Туманимизда 5 та олий таълим муассасаси, 35 та умум таълим мактаби, 64 та маҳалла, 53 та давлат ва 29 та хусусий мактабгача таълим муассасалари, 20 дан ортиқ турли ташкилотлар, 5000 га яқин ишлаб чиқариш корхоналари, Абдулла Қодирий ва Чўлпон номидаги иккита катта кутубхонадан ташқари яна 21 та ана шундай нурхоналар мавжуд. Ҳар куни ҳаёт қайнайдиган бу масканларда навбати билан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Оташин шоир Чўлпон таъбири билан айтганда, халқ ичига қучоқ очиб бориш ижод ва санъат аҳли учун одатий ҳолга айланган. Аҳолимиз, айниқса, дунёқараши шаклланаётган ёшлар Эркин Аъзамов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Аҳмаджон Мелибоев, Маматқул Ҳазратқулов, Абдусаид Кўчимов, Шарифа Салимова, Сирожиддин Саййид, Ғайрат Мажид, Ботиржон Эргашев, Мирза Кенжабоев, Оллоёр Бегалиев, Зулфия Мўминова, Рустам Мусурмон, Фароғат Худойқулова, Маъмура Зоҳидова, Тўлқин Эшбек, Шодиқул Ҳамро, Дилшод Ражаб, Адиба Умирова каби таниқли ёзувчи-шоирлар, Эркин Комилов, Теша Мўминов, Меҳмонали Салимов, Турғун Азизов, Алишер Отабоев, Муқаддас Холиқова, Зуҳра Ашурова, Раъно Ярашева каби севимли санъаткорларнинг пурмаъно сўзлари, дилкаш суҳбатларидан баҳраманд бўлар экан, улар қалбида она Ватанга муҳаббат, элга садоқат туйғулари қай даражада жўш ураётгани гулгун чеҳраларида яққол акс этиб туради. Эзгу мақсадимиз – тўғри фикрлайдиган, жамият мақсад ва манфаатларини тушуниб етадиган, ҳар томонлама етук комил инсонни тарбиялаш экан, ушбу саъй-ҳаракатлар шунга яраша бўлаверади.
Инсон ўтмиш ва келажак ўртасида ҳаёт кечирар экан, шундай маънавий-маърифий тадбирлар ҳар бир инсонни камолот сари етаклайверади. Бугун катта-ю кичик бирдек янги Ўзбекистонни чинакам бунёд этиш ишқи билан яшамоқда. Тўғри, сўнгги йилларда бу борада залворли қадамлар ташланди. Орзу-умидларимиз эса янада улканроқ. Учинчи уйғониш даврида биз янги Ўзбекистонни ҳар томонлама мукаммал бунёд этишга эришамиз, албатта.
Атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасига янгича назар билан ёндашган Тўлқин Эшбек “Янги Ўзбекистоним” шеърида ёзганидек:
Тарихингда қолмади пинҳон,
Армон ила эслайдиган гап.
Задалар ҳам кетди кўнгилдан,
Надоматдан чиқмайди ҳеч наф.
Истиқлолдан мунаввар ҳаёт,
Дилларимиз бўлди чароғон.
Энди янги Ўзбекистонда,
Яшамоқда элим фаровон!
Афросиёб – ноёб ёдгорлик,
Ўрхун хатин қадри жойида.
Ал Беруний, ал Хоразмий,
Ҳайкалларин туринг пойида.
“Ўзбегим”га сиғмаган эди,
Амир Темур, Бухорий бобо.
Эъзоздадир бугун барчаси,
Ҳатто Одам ва Ҳаво момо.
Кўҳна Турон номи абадий,
Фидо бўлсин мозийга жоним.
Бу кун жаҳон бермоқдадир тан,
Сенга – янги Ўзбекистоним!
Шаҳарларинг “Сити”га монанд,
Қишлоқларинг бамисли шаҳар.
Тараққиёт бобида сенга,
Ҳавас қилса арзийди башар.
Ақл бовар қилмас метролар,
Айланмоқда мисли фалакда.
“Афросиёб” – ердаги учоқ,
Ҳеч ким демас: “жоним ҳалак-да…”
Таърифлари бўлмайди адо,
Ўзбек элим кўрган бахтини.
“Йўл харита” манзили порлоқ,
Кўринг халқим шахдам аҳдини.
Ғанимлар ҳам кўриб қўйсинлар,
Ўзбекнинг ҳеч ёмони бўлмас.
Умид боғи яшнайди абад,
Сўнгги фикрлар