ЯНГИ УЙҒОНИШ ДАВРИНИ УЙҒОҚ ҚАЛБЛАР ЯРАТАДИ

Республика ёш ижодкорлари Зомин семинари иштирокчиларининг Ўзбекистон ёшларига

МУРОЖААТИ
Ҳурматли ёшлар, азиз тенгдошлар!
Зомин туманининг гўзал ва сўлим масканидаги “Ўриклисой” оромгоҳида ёш ижодкорларнинг навбатдаги семинари жуда сермазмун ва эсда қоларли тарзда ўтди.
Бу галги анжуман яқиндагина юртимизда катта шодиёналар билан нишонланган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумининг шукуҳи кезиб юрган бир пайтга тўғри келгани унга алоҳида мазмун ва руҳ бағишлади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ана шу байрамда сўзлаган маърузасида Ўзбекистоннинг янги Уйғониш даврини яратиш йўлида энг аввало катта орзу-умидлар билан сафимизга қўшилаётган ёшларимиз – асосий таянчимиз ва суянчимиздир, деб бизларга катта ишонч билдирганлари барчамизнинг кўнглимизни тоғдек юксалтирди.
Яна бир эътиборли жиҳати, Юртбошимиз навқирон авлод вакиллари ўртасида китобхонлик ва мутолаа маданиятини ривожлантиришга бундан кейин ҳам доимий эътибор қаратилишини алоҳида таъкидладилар.
Биз бу эзгу ташаббуснинг аҳамиятини жуда яхши англаймиз. Кейинги вақтларда Зомин семинари иштирокчилари орасида ҳам китобхонлик танловларида муваффақиятли иштирок этган, ижод мактабларида ўқиётган ёшлар тобора кўпайиб бормоқда.
Бинобарин, китоб ўқиган авлоднинг тафаккури кенг, салоҳияти баланд бўлади. Адабиётга кўнгил қўйган ёшларда ҳаётда муносиб ўрнини топиш учун иштиёқ кучли бўлади.
1997 йили ўша вақтда Жиззах вилояти ҳокими бўлиб ишлаган муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг ташаббуси билан асос солинган Зомин семинари мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган кўплаб иқтидорли ёш қаламкашларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш борасида ўзига хос мактаб вазифасини ўтамоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан уларнинг биринчи китоблари нашр этилиб, Адиблар хиёбонида, ижод мактаблари ва таълим масканларида тақдимотлари ўтказилмоқда.
Илк асарининг чоп этилиши ҳар қандай ижодкор учун унутилмас воқеа ҳисобланади. Ана шундай бахтга эришган ёшларнинг қалбида ўз истеъдоди ва салоҳиятига ишончи ортади. Биринчи китоб – қаламкаш учун катта ижод сари ўзига хос йўлланмадир.
Шу маънода, Зоминдаги адабиёт байрами ёш адиблар ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. Бугун қўлига қалам олган ҳар бир йигит-қиз унда иштирок этишни орзу қилади. Ана шу истак уларни тинимсиз изланиб, янги-янги асарлар яратишга ундайди. Ҳар йили семинарнинг ҳудудий танловларида минглаб йигит-қизлар иштирок этаётгани шундан далолатдир.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га бағишлаб ташкил қилинган семинарда республикамизнинг турли чеккаларидан 80 нафарга яқин ёш ижодкорлар қатнашди. Биз ўзимизнинг қўлёзмаларимизни муҳтарам устозлар назаридан ўтказиб, уларнинг маҳорат сабоқларидан баҳраманд бўлдик.
Бу галги семинаримизда мусиқа, рассомлик, ҳайкалтарошлик ва кино санъати соҳаларида фаол ижод қилаётган бир гуруҳ тенгдошларимиз ҳам иштирок этишди. Биз улар билан яқиндан танишиб, келгусида ҳамкорликда ижод қилиш тўғрисида келишиб олдик.
Она табиат бағрида кечган самимий мулоқот ва мушоиралар барчамизга чексиз завқ ва шукуҳ бағишлади. Тўрт кун давомида Зоминнинг пурвиқор тоғлари узра адабиёт руҳи кезиб юрди. Гўё Ўриклисойнинг мусаффо суви ҳам минг йиллик достон ва ўланларимиз оҳангини ёдга солиб, шеър бўлиб оққандек бўлди.
Энг асосийси, семинар ижод оламига дадиллик билан кириб келаётган янги истеъдодларни кашф этиб берди. Улар тинимсиз ўқиб-ўрганиш, иқтидорини тарбиялаш орқали келажакда катта ижодкорлар бўлиб етишишига ишонамиз.
Қадрли тенгдошлар!
Бугун мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал, маънавий ва жисмоний салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Халқимиз, жонажон Ватанимиз, Президентимиз бизнинг ақл-заковатимиз, куч-ғайратимиз, ватанпарварлигимизга таяниб, маррани ниҳоятда баланд олмоқда, Ўзбекистоннинг янги Уйғониш даврини яратиш йўлида бизни ўзларининг асосий таянчи ва суянчи деб билмоқда.
Шундай экан, барчамиз бундай юксак ишончнинг масъулиятини чуқур англаб, жонажон Ватанимиз равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилайлик.
Биз дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ аллома ва мутафаккирларимизга муносиб ворис бўлиб, улар каби юксак мақсадларга интилиб яшашимиз керак.
Давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга қарата такрор ва такрор айтадиган “Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!”, деган эзгу даъвати ҳар биримизнинг доимий шиоримизга айланиши зарур.
Шу йўлда ўзимизнинг билим ва салоҳиятимизни ошириш учун тинимсиз ўқиб-изланишимиз, ҳаётдаги ҳар қандай қийинчилик ва синовларларни қатъият билан енгиб ўтиб, ҳамиша олға интилиб яшашимиз шарт.
Дунёда ёшларнинг қалби ва онгини эгаллашга қаратилган маънавий таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда бизлар зийрак ва ҳушёр бўлиб, оқни қорадан ажратишни ўрганишимиз, ўзлигимизни сақлаб қолишга ҳаракат қилишимиз зарур.
Юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаб, ҳар қандай масалада, аввало, халқимиз манфаатларини ўйлаб иш тутайлик.
Кўз қорачиғимиздек азиз ва мўътабар бўлган жонажон Ватанимизда янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессансни яратишга барчамиз муносиб ҳисса қўшайлик!
Улуғ шоиримиз Ғафур Ғулом айтганидек:
Фурсат ғаниматдир, шоҳ сатрлар-ла,
Безамоқ чоғидир умр дафтарин.
Бундай шарафли йўлда барчангизга омад ёр бўлишини тилаймиз.
Зомин тумани,
                                                                                               8                                                                                                                        ***

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>