Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқи

Муҳтарам Енча жаноблари!

Қадрли Могерини хоним!

Ҳурматли ташқи ишлар вазирлари, халқаро ташкилотлар ҳамда дипломатик миссия раҳбарлари, конференция иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалаларига бағишланган халқаро конференциянинг барча иштирокчилари ва меҳмонларини саховатли Ўзбекистон заминида, қадимий Самарқанд шаҳрида самимий қутлайман.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва шахсан Бош котиб Антониу Гутерриш жанобларига мазкур форумни ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун алоҳида миннатдорлик билдираман.

Ушбу залда Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари, Россия, Хитой, АҚШ, Европа мамлакатлари, Япония, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистондан ташриф буюрган юқори мартабали меҳмонлар, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ҳамкор ташкилотлар вакилларини кўриб турганимдан мамнунман.

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Бугунги Форумнинг нечоғли муҳим ва долзарблиги унинг “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” деб номланишидан ҳам яққол кўриниб турибди.

Бизнинг минтақамиз халқларини минг йиллик қардошлик ва яхши қўшничилик ришталари боғлаб туради. Бизни тарих, дин, умумий маданият ва анъаналар бирлаштиради.

Евроосиёнинг “юраги”да жойлашган минтақамиз Европа ва Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғловчи кўприк бўлиб, Россия ва Хитой сингари йирик давлатлар билан чегарадошдир.

Минтақамиз табиий ресурсларга бой, бу ерда кўплаб мамлакатлар ва бутун минтақалар ривожига сезиларли даражада таъсир кўрсатган ноёб маданият ва тараққиёт салоҳияти мавжуд.

Айни пайтда Марказий Осиёда қудратли давлатларнинг манфаатлари кесишмоқда, беқарорлик ва қарама-қаршилик ўчоқларига туташ бўлган ушбу минтақа яқин ва узоқ хорижда рўй бераётган барча салбий жараёнлар таъсирини ҳис этмоқда.

Табиий савол туғилади: минтақада вазият қандай ривожланади?

Бу ерда қандай куч устун келади — низо ва қарама-қаршиликларми ёки ҳамкорлик ва тараққиётми?

Умумий аҳолиси 70 миллиондан ортиқ бўлган минтақамизнинг келажаги бугунги кунда Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати томонидан барпо этилмоқда.

Бизнинг қатъий ишончимизга кўра, амалий ҳамкорликка тайёрлик ва унга астойдил интилиш, шунингдек, барча Марказий Осиё мамлакатларининг умумий келажак учун масъулиятни ҳис этиши минтақанинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигининг мустаҳкам пойдевори ва кафолатидир.

Ўзбекистон баҳсли масалаларни тезроқ ҳал қилиш ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш тарафдоридир. 

Давлатларимиз айнан яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда, хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида ўз салоҳиятини янада самарали амалга ошира олади.

Ишончим комил, бундан барча — Марказий Осиё давлатлари ҳам, бошқа мамлакатлар ҳам бирдек манфаат кўради.

Бизнинг бош мақсадимиз — умумий саъй-ҳаракатларимиз билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдан иборат.

Бунинг учун биз турли низоларни қўзғайдиган ва унга кўмаклашадиган сабаб ва омилларга биргаликда барҳам бермоғимиз, умумминтақавий устувор манфаатларни инобатга олиш асосида миллий ривожланишни таъминламоғимиз зарур.

Биз бугун тараққиётимизнинг умумий устувор йўналишларини англаган ҳолда, чегара, сувдан фойдаланиш, транспорт ва савдо сингари ўткир минтақавий масалаларни ечиш бўйича оқилона муроса йўлини изламоқдамиз.

Бугунги конференция доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон томонидан Давлат чегараларининг туташган нуқтаси ҳудуди ҳақида шартнома имзоланди. 

Ушбу шартнома муддатсиз бўлиб, денонсация қилинмайди, у уч қўшни давлат ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.

Сўнгги пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз чегараларининг 85 фоизи юзасидан келишувга эришди. Кўпдан буён давом этиб келаётган муаммолардан бири деярли ҳал этилди.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик кенгайди. Тожикистон билан тўғридан-тўғри авиақатновлар тикланди. Товар айирбошлаш ҳажми ошмоқда, чегараолди ҳудудлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда, маданий-гуманитар соҳадаги муносабатлар фаоллашмоқда.

Шу билан бирга, қўлга киритилган дастлабки натижалардан хотиржамликка берилишимиз мумкин эмас, биз ҳали йўлнинг бошида турибмиз, деб ҳисоблайман.

Муносиб келажакни таъминлаш учун бугун биз қандай аниқ вазифаларни бажаришимиз муҳим ва зарур?

Биринчидан, бу савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда кооперацияни мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратишдир. 

Минтақавий иқтисодий форумни ташкил этиш бу йўналишдаги амалий қадам бўлиши мумкин.

Бу ўринда гап бизнес ҳамжамиятлари ўртасида бевосита мулоқот ва ўзаро савдо-иқтисодий, сармоявий ва инновацион ҳамкорлик борасидаги аниқ лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилиш ҳақида бормоқда.

Бизнинг минтақа мамлакатлари ишбилармон доиралари ҳамда етакчи корхоналар вакиллари билан бир неча бор ўтказган учрашувларимиз иқтисодий алоқаларни сезиларли равишда фаоллаштириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш имконини берди.

Масалан, йил бошидан буён Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан товар айланмаси ўртача 20 фоизга, айрим давлатлар билан эса қарийб 70 фоизга ўсди.

Минтақалараро ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Шу муносабат биланМарказий Осиё давлатларининг ҳудудлар раҳбарлари (ҳокимлари) бизнес ҳамжамиятининг ассоциациясини таъсис этишни таклиф қиламан.

БМТ экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги самарали кооперация алоқалари 10 йил мобайнида минтақавий ялпи ички маҳсулотни камида икки баробар ошириш имконини берган бўлар эди. 

Ушбу механизмлар бутун Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлаган ҳолда, мамлакатларимиз ҳудудларининг саноат, инвестиция ва интеллектуал соҳалардаги салоҳиятини тўла ишга солиш имконини беришига ишонаман.

Иккинчидан, минтақанинг транзит-логистика салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ва транспорт инфратузилмасининг жадал ривожланишини таъминлаш лозим.

Бу йўналишда минтақа мамлакатлари томонидан амалий қадамлар қўйилганини мамнуният билан қайд этишни истардим.

Туркманистонлик дўстларимиз томонидан Амударёдан ўтадиган Туркманобод — Фороб янги темир ва автомобиль йўллари кўприклари ишга туширилди. У Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмонтранспорт-транзит йўналишининг муҳим тармоғидир.

Тез орада Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темир йўли қурилишини бошлаш бўйича келишувга эришилди, шунингдек, ушбу транспорт йўлаги бўйлаб синов тариқасидаги автопойга амалга оширилди.

Шу муносабат билан Транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича умумминтақавий дастурни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Умумий ёндашувларимизни келишиб олиш учун биз 2018 йилда Тошкентда “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар”мавзусида халқаро конференция ўтказишни режалаштирмоқдамиз.

Конференциянинг ишида барча шерикларимиз фаол иштирок этишига умид қиламиз.

Учинчидан, бу — Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдир.

Бугунги кунда минтақанинг барча мамлакатлари терроризм, диний экстремизм, трансмиллий жиноятчилик ва наркотрафик таҳдидларига дуч келмоқда.

Ушбу таҳдидларга қарши самарали курашишни фақат биргаликда, минтақа мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик механизмлари доирасида таъминлаш -мумкин.

Хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратишдан воз кечиш, “яхлит хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш зарур, деган қатъий фикрдамиз.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минтақавий хавфсизлик муаммосини, аввало, превентив дипломатия усулларидан фойдаланган ҳолда ҳал қилишда муҳим ўрин тутиши лозим.

Шунингдек, МДҲ, ШҲТ, ЕХҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ҳамда минтақавий тузилмалар механизмлари доирасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур.

Бугунги кунда Марказий Осиёда барқарор ва изчил тараққиётнинг истиқболлари қўшни Афғонистондатинчлик ўрнатиш билан чамбарчас боғлиқдир.

Биринчи галдаги вазифалардан бири Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларга қўшилишига ҳар томонлама кўмаклашишдан иборат.

Бу дунё ҳамжамиятининг Афғонистонда тинч тараққиётни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига ғоят муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.

Ўзбекистон бундан кейин ҳам бу қўшни мамлакатни иқтисодий жиҳатдан тиклаш, унинг транспорт ва энергетик инфратузилмасини ривожлантириш, миллий кадрлар тайёрлаш жараёнларида фаол иштирок этишини таъкидламоқчиман.

Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашнинг устувор йўналиши — экстремистик ғояларга қарши қатъий курашишдан иборатдир. Кўпинча ҳаётга энди қадам қўяётган ёшлар унинг таъсирига тушиб қолмоқда.

Марказий Осиё — аҳолининг ёши бўйича энг “ёш” минтақалардан биридир: бу ерда аҳолининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этади ва бу дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан анча юқоридир.

Айнан шу мақсадда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг яқинда Нью-Йоркда бўлиб ўтган сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббуси билан чиқди.

Ушбу ташаббусларни Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари қўллаб-қувватлагани ёшлар ўртасида радикал қарашлар тарқалишининг олдини олиш, тўғри йўлдан адашганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва уларни соғлом ҳаётга қайтаришга тайёрлигимизнинг амалдаги яққол ифодаси сифатида намоён бўлади. 

Бизнинг тажрибамиз шуни кўрсатмоқдаки, биринчи галда ёшларни илм-маърифатга ўргатиш, уларга ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, ислом маданиятининг асл қадриятларини етказиш экстремизмга қарши курашишнинг энг самарали воситаси ҳисобланади.

Бу борада биз Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этишга қарор қилдик.

Тўртинчидан, бу — давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш жараёнини тезда ва узил-кесил якунига етказишдир.

Биз чегараолди муаммоларини ҳал этиб, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш йўлида мустаҳкам пойдевор яратамиз.

Биз давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги музокараларда юзага келадиган мураккаб масалаларни ҳал этиш бўйича изчил йўлга қўйилган ва биргаликда чуқур ўйлаб амалга ошираётган ишларимизни давом эттириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биз оқилона муроса ва ўзаро тенг алмашинув асосида, ўзаро манфаатларимизни ҳисобга олган ҳолда, бу ўта долзарб муаммони тез орада ҳал этамиз, деб ишонаман.

Бешинчидан, минтақада сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш муаммосини имкон қадар тезроқ тартибга солиш лозим.

Ишончим комил, мазкур масалаларни ҳал этишда минтақадаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга оладиган халқаро ҳуқуқий меъёрлар асосида иш олиб бориш кутилган самарани беради.

Ўзбекистон БМТ томонидан ишлаб чиқилган Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциялар лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.

Орол денгизининг экологик ҳалокати билан боғлиқ энг ўткир муаммоларни ҳал этиш ҳам саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришни талаб этади. Орол муаммоси бизнинг нафақат умумий дардимиз, балки умумий вазифамиздир.

Минтақавий ва халқаро даражада саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирмасдан туриб, ушбу таҳдидларга қарши муносиб чоралар ишлаб чиқа олмаймиз.

Биз Оролбўйида юзага келган долзарб муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, ижтимоий муҳим аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга донорлик кўмагини жалб этиш мақсадида Марказий Осиё минтақасининг барча давлатлари фаолиятини янада фаоллаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Олтинчидан, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида маданий-гуманитар алоқалар, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш лозим.

Бу Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликни жадаллаштиришнинг асосий шартларидан биридир.

Шу нуқтаи назардан, биз фаол маданий-гуманитар мулоқотни давом эттириш, мамлакатларимизда маданият кунлари ва турли ижодий тадбирларни мунтазам ташкил этиш, таълим ва сайёҳлик соҳасидаги алмашувларни “халқ дипломатияси”нинг энг муҳим воситаси сифатида ривожлантириш тарафдоримиз.

Оддий ва очиқ инсоний мулоқот — минтақада дўстлик, ҳамжиҳатлик ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлайдиган энг ишончли усулдир.

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Марказий Осиёдаги долзарб масалаларни мамлакатларимизнинг саъй-ҳаракатларини умумий масъулият тамойили асосида бирлаштириш орқалигина ҳал этиш мумкин, деган фикримга, ўйлайманки, сизлар ҳам қўшиласиз.

Юқорида қайд этилган вазифаларнинг амалга оширилиши Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг ўзаро маслаҳатлашувлари бўйича учрашувларни мунтазам ташкил қилиш имконини яратган бўлар эди.

Бизнинг бу борадаги ёндашувларимиз бугунги кунда минтақада умумий муаммоларни ҳал этишнинг йўлларини биргаликда излаб топишга реал зарурат мавжуд эканини англашдан келиб чиққан ёндашувдир.

Бу ёндашув Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасидаМарказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг баёнотларида ҳам ўз ифодасини топган.

Бу ўринда гап Марказий Осиёда янги халқаро ташкилот тузиш ёки ўз устави ва миллий давлат органларидан устун турадиган интеграциялашув соҳасида қандайдир тузилма ташкил этиш ҳақида кетмаётганини алоҳида таъкидламоқчиман.

Минтақавий мулоқотларимиз фақат минтақамиз тараққиётига оид ҳал қилувчи масалалар юзасидан фаолиятимиз йўналишларини келишиб олишга йўналтирилади.

Бугунги конференциямиз якунлари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош АссамблеясигаМарказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир махсус резолюция қабул қилиш ҳақида мурожаат қабул қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Бундай резолюциянинг қабул қилиниши БМТ ва бутун халқаро ҳамжамият томонидан амалий мулоқотни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш борасида бизнинг давлатларимиз олиб бораётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлур эди.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Марказий Осиё — бу ҳақиқатан ҳам ноёб имкониятлар ва ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият ва имкониятларга эга бўлган минтақадир.

Минтақада мустаҳкам тараққиёт, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш — бизнинг тўлиқ эриша оладиган муштарак вазифамиздир.

Ҳеч шубҳасиз, бугунги конференциямиз ана шу эзгу мақсадга эришиш йўлида яна бир муҳим қадам бўлиб, ҳал қилувчи аҳамиятга эга вазифаларни амалга ошириш, барчамизнинг “Марказий Осиё” деб аталадиган умумий диёримизда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган, ҳаётнинг ўзи талаб қилаётган янги ғоя ва таклифларни илгари суришга хизмат қилади.

Форумнинг барча иштирокчилари ва меҳмонлари иш фаолияти самарали бўлишини, азим Самарқанд шаҳрида уларга яхши кайфият ёр бўлишини тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

————————————————————————

Тинчлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик

Тинчлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорликЎзА суратлари

  • 11 Ноябрь 2017

Кеча Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференция иш бошлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурилган ҳамда Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича муҳим амалий қадамлардан бири бўлган мазкур йирик халқаро тадбирда 500 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан, Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари, МДҲ, Европа, Осиё ҳамда Америка давлатларининг нуфузли расмий делегациялари, БМТ, ЕИ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, ЕТТБ каби 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар раҳбарияти, 100 га яқин таниқли халқаро экспертлар ва етакчи хорижий ОАВ ходимлари, шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари қатнашмоқда.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда осойишталик ҳамда барқарор тараққиётга эришиш йўлида амалга оширилаётган фаол ташқи сиёсат, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги муҳим вазифалар ҳақида тўхталиб, қатор долзарб ташаббусларни илгари сурди.

Анжуманда, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаати намойиш этилди. БМТ раҳбари анжуман аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш йўлидаги ташаббусларда БМТ тузилмалари фаол иштирок этишини таъкидлади.

Марказий Осиёни осойишталик, барқарор тараққиёт ҳамда яхши қўшничилик ҳудудига айлантириш Юртбошимиз томонидан Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Бу 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган. Чунончи, ушбу дастуриламал ҳужжатда Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик, аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш яқин истиқболдаги устувор вазифа сифатида мустаҳкамланган. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий топган Марказий Осиё — Ўзбекистон интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир.

Марказий Осиё мамлакатлари жуғрофий ҳамда геосиёсий жиҳатдан бир-бирига яқин бўлиб қолмасдан, балки ягона маданият ва цивилизация макони ҳамдир. Бу ерда исти-қомат қилувчи халқларни умумий маънавий-ахлоқий қадриятлар, муштарак анъана ва урф-одатлар, ягона тарих боғлаб туради. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган минтақа минг йиллар давомида дунё маданиятлари, тиллари ҳамда динлари мулоқотига замин бўлган.

Ўзбекистон бугун яқин қўшничилик, дўстлик тамойилларига таянган ҳолда фаол ва прагматик сиёсат олиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси туфайли минтақа мамлакатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик алоқалари жадал суръатларда ривожланиб бораяпти.

Юртбошимизнинг қўшни мамлакатларга амалга оширган давлат ва амалий ташрифлари давомида, шунингдек, турли халқаро саммитлар доирасида қўшни мамлакатлар раҳбарлари билан мунтазам равишда ўтказиб келаётган мулоқотлари самараси ўлароқ, ўтган қисқа вақт мобайнида Марказий Осиёда принципиал жиҳатдан мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди. Стратегик шерик давлатлар сафи кенгайди.

Ўзбекистон минтақа мамлакатлари билан энг нозик масалалар ечимида, айниқса, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш борасида прагматик ёндашиб, тарихий келишувларга эришмоқда. Мисол учун, ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг қарийб 85 фоизи бўйича шартнома имзоланди. Президентимиз таъбири билан айтганда, томонлар ўз сиёсий иродасини, ўзаро мақбул қарорлар қабул қилишга тайёрлигини намоён этгани боис узоқ муддат давомида биринчи марта ушбу ғоят нозик масала бўйича олдинга силжиш юз берди.

Қўшни мамлакатлар билан чегаралардаги назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тикланиши натижасида аҳоли эмин-эркин ҳаракатланиши учун енгилликлар яратилаяпти. Бу эса одамларнинг қўшни давлатлардаги яқинлари, қариндош-уруғлари билан борди-келди алоқалари йўлга қўйилишига, яна бир муҳим жиҳати, ўзаро савдо-сотиқнинг ривожланишига хизмат қилаяпти.

Марказий Осиёда савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларида ҳам фаол ўсиш суръатлари қайд этилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармон доиралари иштирокида Остона шаҳрида бўлиб ўтган бизнес форумида умумий қиймати қарийб 1 миллиард АҚШ долларига тенг савдо шартномалари ҳамда инвестициявий битимлар имзоланди. Мамлакатлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларигача етказиш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлик муносабатларида ҳам иқтисодий соҳада янги марралар қўлга киритилмоқда. Икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2016 йил охирига келиб 23 фоиз ўсган ҳолда, 167,5 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2017 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич қарийб 70 фоиз ошиб, 112 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Олий даражадаги учрашувларда мазкур кўрсаткични яқин йилларда 500 миллион долларга етказиш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

Ўзбекистон ҳамда Туркманистон компания ва корхоналари қиймати 200 миллион доллардан зиёд қўшма ташқи савдо шартнома ҳамда битимларни амалга оширмоқда. Туркманобод — Фороб автомобиль ва темир йўл кўприклари очилгач, мамлакатларимиз ўртасида транзит ташишлар ҳажми сезиларли даражада кўпайди. Ўзбекистоннинг фақат темир йўл орқали Туркманистон ҳудудидан ўтган экспорт юклари ҳажми 25 фоиз ошди.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларида ҳам янги давр бошланди. Жорий йил апрель ойида Душанбе шаҳрида Ўзбекистон саноат корхоналари маҳсулотлари миллий кўргазмаси ҳамда икки давлат ишбилармонлари бизнес форуми ташкил этилди. Июнь ойида Ўзбекистон делегациясининг Тожикистонга ташрифи чоғида Душанбе шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилди. Шу йил октябрь ойида эса Тожикистон Республикаси миллий маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси ўтказилди. Буларнинг барчаси минтақада янги иқтисодий муҳит шаклланаётганидан далолатдир.

Қайд этилганидек, Марказий Осиё энергетика ва табиий ресурсларга бой, қулай транспорт-коммуникация имкониятларига эга минтақа ҳисобланади. Ўзбекистонда транспорт-инфратузилма коммуникацияларини ривожлантириш, транзит йўлаклари тизимини яратиш, мавжуд йирик халқаро ҳамда истиқболли бозорларга олиб чиқадиган янги ва самарали йўналишларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темир йўлининг қурилиши минтақа мамлакатлари учун улкан иқтисодий имкониятлар очади.

Президентимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Остона саммитида Марказий Осиёда транспорт ташувларини бошқаришнинг ўзаро боғланган тизимини яратиш таклифини билдирди. Бу таклиф ўзаро транспорт тарифлари, ягона божхона ва бошқа тартиб-таомиллар, юк ташиш хавфсизлигининг бирхиллаштирилган қоидалари, транспорт воситалари ҳамда юклари ҳаракатланиши ахборот таъминоти тизимининг ҳуқуқий ва институционал асосларини ишлаб чиқишни кўзда тутади. Мазкур тизим иқтисодий ўсишга, юкларнинг ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига етказиб берилишини тезлаштириш ҳамда арзонлаштиришга олиб келади.

Қўшни мамлакатлар чегарадош ҳудудлари даражасида алоқалар кенгайиб бораётгани, халқ дипломатияси механизмларидан фаол фойдаланилаётгани ҳам минтақа давлатлари муносабатларини мазмунан бойитмоқда. Қонун чиқарувчи органлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида урғу берилиб, парламентлараро дўстлик гуруҳлари шакллантирилмоқда.

Анжуманда бугунги замонавий шарт-шароитларда Марказий Осиё давлатлари халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал қилишда муҳим роль ўйнаши таъкидланди. Терроризм ва экстремизм хавфи тарқалишининг олдини олиш, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланиши, ноқонуний қурол-яроғ савдоси, уюшган жиноятчилик, одам савдосига қарши курашиш ҳамда ахборот соҳасидаги таҳдидларга барҳам бериш ана шулар жумласидандир.

Форум қатнашчилари Марказий Осиё хавфсизлиги глобал хавфсизликнинг ажралмас қисми эканлигини алоҳида қайд этишди. Минтақа мамлакатлари янги таҳдид ва хавфларнинг олдини олиш, шунингдек, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда яқиндан ҳамкорлик ўрнатиши мақсадга мувофиқлиги билдирилди.

Марказий Осиё мамлакатлари сув-энергетика ресурсларидан минтақанинг барча давлати манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, оқилона фойдаланиш бўйича икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратишди.

Анжуманда ёш авлод вакилларининг турли террористик ҳамда радикал ташкилотлар таъсирига тушиб қолишига йўл қўймаслик бўйича биргаликда аниқ чора-тадбирларни -ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлиги қайд этилди. Бу борада ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига эътиборни кучайтириш, уларни комил инсон қилиб вояга етказиш, йигит-қизларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш лозим.

Халқаро конференцияда БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Қайрат Абдраҳмонов, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов нутқ сўзлади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Томас Гремингер, Туркия Республикаси иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф, Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний, БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори Жиҳан Султаноглу, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедев, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Панкин, Ҳиндистон давлат ташқи ишлар вазири Вижай Кумар Сингх, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман ва бошқалар сўзга чиқди.

Конференциянинг биринчи кунида “Минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш”, “Сувдан фойдаланиш ва экология соҳасидаги ҳамкорлик” мавзуларида шуъба мажлислари ўтказилди. Мамлакатимиз ҳамда хорижлик олимлар, нуфузли эксперт-ларнинг таҳлилий маърузалари эшитилди ва муҳокама қилинди.

Форум 11 ноябрь куни ўз ишини давом эттиради. Унинг доирасида “Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш” ҳамда “Барқарор тараққиётга таҳдидларга қарши курашишда халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиё мамлакатларига кўмаги” мавзуларида шуъба мажлислари бўлиб ўтади.

Халқаро конференция якуни бўйича коммюнике қабул қилиниши режалаштирилган.

 

* * *

Сўз — иштирокчиларга

Мирослав ЕНЧА,

БМТ Бош котибининг

сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси:

— Ушбу нуфузли конференциянинг Самарқандда ўтказилаётганида рамзий маъно бор. Бу азим шаҳар Марказий Осиёнинг ўтмиши ва умумий келажагини ўзида намоён этади.

Бугун кўп томонлама ҳамкорлик ҳар қачонгидан кўра долзарб аҳамиятга эга. Чунки терроризм, радикализм, иқлим ўзгаришлари, миграция каби қатор муаммолар глобал хавфсизликка таҳдид солмоқда. Шундай экан, уларни бир мамлакат ёлғиз ҳал эта олмайди. Бунда ҳамжиҳатлик жуда муҳим саналади.

Мазкур халқаро анжуман минтақавий ҳамкорликка янгича мазмун бағишлайдиган имконият эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Минтақа давлатлари муносабатлари равнақидаги янги босқич халқаро ташкилотлар учун маёқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас. Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини илгари сурди. Ушбу минтақадаги барқарорлик ҳамда тараққиёт барча учун долзарбдир. Шунинг учун ҳам БМТ ушбу йўналишда ёрдам беришга тайёрлигини таъкидламоқчиман. Биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга фақат биргаликда эришамиз.

Сергей ЛЕБЕДЕВ,

МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби:

— Бугунги замонда барқарор тараққиёт ҳамда хавфсизлик тушунчаларини айри тасаввур қилиб бўлмайди. Самарқанд конференцияси кун тартибидаги масалалар ушбу долзарб вазифаларга ечим топишда айни муддао бўлди. Форум, ҳақиқатан ҳам, долзарб ва ўз вақтида ташкил этилган. Марказий Осиё мамлакатлари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчилари саналади. МДҲ доирасида биз иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Марказий Осиё давлатларида улкан ўзгаришлар жараёни кечмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд конференциясида минтақада ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббусларни билдирди. Ишончим комилки, халқаро анжуманда қайд этилган фикр ва таклифлар келгусида Марказий Осиёни янада барқарор, янада осуда ҳудудга айлантиришга хизмат қилади.

Фредерик СТАРР,

Америка ташқи сиёсат кенгаши ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси:

— Марказий Осиёда хавфсизлик ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича бўлиб ўтаётган халқаро конференцияни минтақа учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам тарихий воқеа, деб атаган бўлардим. Ушбу йирик тадбирда ҳудуддаги барча давлат, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашаётгани ҳам Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари туфайли мамлакатингиз Марказий Осиёнинг бирлаштирувчи марказига айланаётганидан далолат беради. Форум яқин қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бу саъй-ҳаракатлар Марказий Осиё давлатлари ўртасида иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши муқаррар.

Паоло АЛЛИ,

НАТО Парламент ассамблеяси президенти:

— Барқарорлик ва хавфсизлик ҳар бир давлат тараққиётининг, иқтисодиёти инвестициявий жозибадорлигининг ҳал қилувчи омиллари ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Самарқанд конференцияси дунёда тобора нуфузи ошиб бораётган Марказий Осиё минтақасида тараққиётга эришиш, хавфсизлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди. Айни жиҳатдан айтганда, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг муҳим давлатларидан бири сифатида минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда -бунёдкорлик ғоялари билан яққол ажралиб турибди. Президент Шавкат Мирзиёев илгари сураётган таклифлар нафақат минтақа, балки дунё жамоатчилиги томонидан ҳам ижобий қабул қилинмоқда. Ўйлаймизки, бу ташаббуслар Марказий Осиёда янги муҳитни ярата олади.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

http://xs.uz

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>