Ўзбеклар террорчидан нафратланади!

Журналист Аброр Зоҳидов, «ЎЗБЕК ТЕРРОРЧИ ЭМАС!!!» акциясини ўтказишни таклиф қилди.

Бу ташаббусни сидқи-дилдан қўллаб-қувватлаган Дониш домла барчани оғир-вазминликка, эҳтиросга берилмасликка, оқил-у донолик билан иш кўришга чорлайди. Айтайлик, митинг шаклида бирор тадбир ўтказишга ҳожат йўқ. Одамларни бирор жойга тўплаш кимларгадир ўзгача таъсир кўрсатиши мумкин. Таклифимиз, акцияни телемулоқот ёки онлайн тарзида ўтказиш, ОАВ орқали муносабатларимизни билдириш мақсадга мувофиқдир. Албатта, бу борада зиёли жамоатчилигимизнинг фикрларини ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

Сўнгги даврларда Ўзбекистоннинг номини қоралашга қаратилган халқаро майдондаги медиа хуружларининг ортгани, хориждаги террористик ташкилотлар томонидан уюштирилаётган террор ҳаракатларида бир пухта ўйланган, Ўзбекистонга қарши йўналтирилган аниқ мақсадли “лойиҳа” асосида, қандайдир “тасодиф” билан ўзбек фуқаролари ижрочи ролида бўлиб қолаётгани  хавотир яратмоқда дилларда.
Ўзбекистондан йиллар аввал кетиб қолган, хориж элларда террор ташкилотларининг кенг ва очиқ тарғибот фаолияти қурбонига айланган,  ҳатто баъзилари ҳуқуқ-тартибот идораларимиз томонидан аввалги жиноятлари учун қидирувга берилган, бироқ бизга номаълум сабаблар билан хориж давлатларининг қўлтиғидан бошпана топиб келган, кейин эса террорга жалб этилганлар, террористик фаолиятга аралашгани куниёқ ўзбек экани биринчи планга кўтарилмоқда.
Биз террорга қаршимиз, бундай хунрезликларни тамоман қоралаймиз. Тинчлик ва омонлик ўзбек халқининг асосий ҳаёт мазмунидир. Дуонинг энг қисқаси ҳам “Тинчлик бўлаверсин” шаклида қилинади. Террорчиларга, бундай ғояларни қўллаб-қувватлаганларга нисбатан энг қатъий жазолар қўллайлиган мамлакатлардан биридир Ўзбекистон.
Лекин шундай бўлсада, жаҳон матбуотида юртимизга қаратилган кенг қамровли ахборот хуружидан кўз юмиб бўлмайди. АҚШда яқинда Лас-Вегасда оқ танли, христиан АҚШ фуқароси Стивен Паддок меҳмонхона дарчасидан катта фестивал иштирокчиларини ўққа тутди, 59 киши ҳалок бўлди, 515 киши оғир ва ўрта яраланди. Лекин қайси мамлакатнинг матбуоти бу масалада “АҚШ террори”, АҚШлик террорчилар дунёни қўрқувга солмоқда”, “Америка террористлар ўчоғига айланмоқда” деган материал берди?! Ҳаттоки АҚШнинг ўзида бу масала терроризм эмас, оддий бир ижтимоий жиноят деб топилди. Бундан етти йил олдин АҚШга кўчиб борган, етти йил давомида Ўзбекистонга бирор марта ҳам келмаган Сайфулло Соипов айнан АҚШда ИШИД таркибига қўшилган экан, бу ерда Ўзбекистоннинг гуноҳи нимада??? Мамлакатингни ичида террор тарғиботини йўқ қилиб қўй, Ўзбекни ёппасига қоралашдан кўра…
Хуллас, бу масалада халқаро майдонда рол олмасак, умрида Ўзбекистонни харитада ҳам кўрмаган “журналистлар”-у, махсус хизматларнинг ювиндисига яшайдиган “холис оммавий ахборот воситалари” юртимизни “террор ўлкаси”га айлантиришда давом этади.
Ўзбек матбуотидан, ҳамкасбларимиздан ҳам баъзан ҳафа бўлиб кетаман. Хабар бўлса, бўлди, нима экан, нимани тарқатяпман демасдан, манбаси бор деб таржима қилиб эълон қилишаверади. Ёки бўлмаса, дунё миқёсида Юртимизга нисбатан шу даражадаги ёвуз ниятли ялпи ҳужум бўлиб турган бир пайтда, қайсидир артистнинг кирхонасини титиб ёзган бемаза материаллари билан инсонни машғул қилишади. Ошириш керак фаолликни, “Ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр” тамойили бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ долзарблик касб этмоқда.
Лекин шундай ижтимоий фаол, сиёсий етук журналистларимиз борки, ватан ва юрт манфаатини, халқнинг ғурурини ҳар қандай “журналистик манфаат”дан устун қўйишади. Ижтимоий тармоқлардаKun.uz мухбири, таниқли журналист, ёзган бири биридан кучли таҳлилий материаллари билан барчанинг дилидаги гапларни матбуот саҳифаларига кўчириб келаётган дўстимиз, Аброр Зоҳидов «ЎЗБЕК ТЕРРОРЧИ ЭМАС!!!» акциясини ташкил этишни таклиф қилди. (айнан келтирадиган бўлсак,«ЎЗБЕК ТЕРРОРЧИ ЭМАС!!!» деган шиор остида митинг ёки марафон уюштиришни таклиф киламан! дейди Зоҳидов).
Ажойиб таклиф! Буни уюштирганда ҳам жуда кенг кўламли равишда уюштириш керак! Шакли ва ўтказилиш жойи, тартиби қандай бўлиши аҳамиятли эмас, асосийси дунёга Ўзбекнинг тинчликпарвар халқ эканини кўрсатиб бериш керак. Митинг ёки марафон ҳам бўлиши шарт эмас, лекин йирик бир тадбир бўлиши лозим. Бунинг учун, дунёнинг ҳар бир ўлкасидан журналистларни таклиф этиш керак бу тадбирга. Бир неча кун давомида кўрсатиш керак уларга Ўзбекистондаги тинчлик ва фаровонликни, тотувликни ва инсонийликни. Қани Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, қани Журналистлар уюшмаси, қачонгача ҳеч кимга фойдаси йўқ ишлар билан хонада ўтирамиз!! Халқаро ахборот маконида бўшлиқ бўлмайди, биз тўлдирмаган жойни бизнинг ўрнимизга тўлдирадиганлар дарров топилади.
Хуллас калом,  Аброр Зоҳидовнинг бундай ажойиб таклифини тезлик билан амалга тадбиқ этиш керак. Фақатгина келишувлар, тасдиқлашлар, чора-тадбирлар режалари қилиб, орадан  саккиз ой ўтгандан кейин эмас, тезлик билан қилиш керак, токи Нью-Йоркдаги террорни уюштирганларнинг асл мақсади – Ўзбекистонга “террорчи” ёрлиғи ёпиштиришга уриниш амалга ошмасин!
Дилмурод Жумабоев  
http://vodiymedia.uz

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>