Ўзбек маршалини биласизми?

Ўзбекларимиздан кўплаб буюк даҳолар етишиб чиққани билан ҳақли равишда

фахрланамиз. Буюк аллома аждодимиз Алихонтўра Соғуний биринчи ўзбек маршали бўлгани ҳақида эшитганимда бирор ишончли манбадан ўқимаганим учун ҳайрон бўлиб қолгандим. Мана, ниҳоят ўша ишончли манбаларда ҳам мухтасар мақола ёритилибди. Буюк ўтмишимизнинг ўқилмаган саҳифларига ошно бўлиш бугунги авлод учун ҳам чексиз фахрдир, дейди Дониш домла.

Маршал, аллома Алихонтўра Соғуний «Темур тузуклари» таржимони

Маршал, аллома Алихонтўра Соғуний «Темур тузуклари» таржимони

Мамлакатимиз раҳбари ўтган йилнинг кузида Қуролли Кучлар академиясида бўлиб ўтган йиғилишда ҳарбий қурилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталар экан, аскарлар, ҳарбий хизматчилар юртимизнинг шонли тарихини, она заминимизда яшаб ўтган буюк қаҳрамонлар, саркарда ва қўмондонлар ҳаёти ва жасоратини чуқур билиши, улар билан ғурурланиши лозимлигини таъкидлаб, аскарлар Ҳарбий қасамёд қабул қилишдан олдин, албатта, Ўзбекистон тарихи ва «Темур тузуклари»дан синов топшириши кераклигини қайд этган эди. Бундай эътибордан сўнг «Тузуклар» ҳарбий хизматчилар ўртасида янада кенгроқ оммалашди.

Ҳар гал шу асарни варақлаганимда қуйидагиларни айрича ҳаяжон билан такрорлайман: «…Амирлар, сипоҳсолорлар, баҳодирлар билан иттифоқ бўлиб, уларнинг мардлигу мардонаворлигига таяниб, шамшир зарби билан йигирма етти подшоҳнинг тахтини эгалладим. Эрон, Турон, Рум, Мағриб, Шом, Миср, Ироқи араб, Ироқи ажам, Мозандарон, Гилон, Ширвон, Озарбайжон, Форс, Хуросон, Жета Дашти, Дашти Қипчоқ, Хоразм, Хўтан, Кобулистон, Бохтарзамин, Ҳиндистон мамлакатларига подшоҳ бўлиб, ҳукм сурдим.

Салтанат тўнини кийгач, ўз тўшагимда роҳатда ухлаш ҳузур-ҳаловатидан воз кечдим. Ўн икки ёшимдан жаҳонгашталик қисматим бўлди, ранжу меҳнатлар тортдим. Ҳар хил тадбирлар қўлладим, (ғаним) фавжларини синдирдим. Амирлар ва аскарларнинг исёнларини кўрдим, улардан аччиқ сўзлар эшитдим. Лекин сабру бардош билан ўзимни эшитмаган, кўрмаганга солиб, уларни тинчитдим. Қилич кўтариб жанг майдонига отилдим ва вилоятлар, мамлакатларни бўйсундириб, дунёда ном чиқардим». Сўзлар, сўзлар… ҳар бири қатидан Буюк Жангчининг, буюк ҳукмдорнинг матонати, донишмандлиги бўй кўрсатади. Етти иқлимга ёйилган салтанатнинг улуғвор маҳобати акс этади.

Бугун Амир Темур Кўрагоннинг «Темур тузуклари» асари ҳар бир Ватан ҳимоячисининг жавонидаги жавоҳирга айланган. Асли бу қимматли асар миллатнинг бебаҳо маданий ёдгорликларидан бири. Китобнинг илк саҳифаларида форс­ча матндан Алихонтўра Соғуний ва Ҳабибулло Кароматов таржимаси деган ёзувга кўзингиз тушган, албатта. Ҳа, ҳа, бу ўша Алихонтўра Соғуний! Сизу бизнинг севимли асаримиз «Туркистон қайғуси» муаллифи. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида донишманд алломанинг «Темур тузуклари»ни ўзбек тилига таржима қилиши ўзбек ўқувчилари учун беқиёс туҳфа бўлди. Бу адабий олам учун ҳам чинакам воқеа эди. Совет тузумида бундай ишга қўл уриш жасорат эди.

Қуйида асарнинг қай тариқа миллатимизга қайтарилгани, унинг таржимаси, чоп этишда кўрсатилган фидокорликлар ҳақида ҳурматли адибимиз Ёқубжон Хўжамбердиевнинг «Соғуний» Маноқибидан олинган парчаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Алихонтўра Соғунийнинг жасорати жасоратлиларни кашф қилди. Буни адиб Ёқубжон Хўжамбердиев шундай ёзадилар: «Бу жасорат совет ҳокимиятининг айни забтига олган, инсон ҳуқуқлари камситилиши, оддий меҳнаткашга бераётган бир бурда нони учун унинг бутун куч-қувватини, устларидан бутифослар сочиб, соғлиғини сўриб олаётган даврига тўғри келди. Яна шуни ҳам эътибордан соқит қилмаслик керакки, ўша пайтда Соғуний жасоратига ҳамоҳанг яна бир қур довюрак инсонлар юз кўрсатдики, уларни унутиб бўлмайди. Бу жасорат ва довюраклик 1967 йилда Амир Темур Кўрагоннинг «Темур тузуклари» асарининг «Гулистон» журналида чоп этилишида ўзини намоён қилди…

«Гулистон» журналининг 1967 йил 1-сонида «Темур тузуклари» чоп этилгач, нафақат таҳририят, биринчи навбатда Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси ходимлари ўз ҳаловатларини йўқотдилар. …Уруш кўрган, турмушнинг жуда кўп аччиқ-чучукларини татиб, охирида ҳақиқат йўлида фидо бўлишдан бошқа ҳамма нарса икки пулга қиммат эканига иқрор бўлган ҳарбий ёзувчи, журналнинг бош муҳаррири Иброҳим Раҳим ҳам дастлаб бу тўс-тўполондан ўзини йўқотаёзди. Ахир юз йилдан ортиқ давр мобайнида «босқинчи», «золим», «каллалардан минора ясаган қонхўр» дея тавсиф бериб келинган одамни бир кунда оқлашнинг ўзи бўладими?! Аммо Иброҳим ака тезда ўзини ўнглаб олди ва жамоани ҳам жипслашишга даъват этди».

Азиз Ватан ҳимоячилари, бугун сиз ҳаётингизнинг дастурил­амалига айлантиришни ихтиёр этганингиз бу асар осонликча она тилимизда дунё юзини кўргани йўқ. Довюрак журналист Рустам Раҳмон (охиратлари обод бўлсин) Алихонтўра Соғунийнинг хонадонларида, сандал устида, эски ўзбек ёзувимизга ўгирилган асарни кирилл алифбосига кўчирганлар. Соғуний мазкур асарни аввал ҳам таржима қилиб, йўқотганлар. Шу сабабли таржимани яна йўқотиш хавфидан чўчиб, кўз олдиларида «ўрус ҳарфига» кўчириб олинишига рози бўлганлар.

Ҳурматли ўқувчиларимиз Алихонтўра Соғуний ёки «Темур тузук­лари» таржимаси тарихи ҳақида кўпроқ билишни истасалар «Соғуний» асарини тавсия қиламиз. Асл мақсадимиздан чекинмаган ҳолда қуйида мазкур китобдан олинган «Таржимондан» деган қисмини эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.

 

Инобат ИБРОҲИМОВА

манба: «Ватанпарвар» газетаси

http://uza.uz/oz/culture/marshal-alloma-alikhont-ra-so-uniy-temur-tuzuklari-tarzhimon-17-05-2019

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>