Ўзингдан ўтганини ўзинг биласан,

       ўтмаганини ҳам

1ааа

Дониш домла “Аччиқ тутун”деб номланган мақоламдаги бир жумлага жиддий эътибор берибди. Ҳа, ижод бисотимда бошлаб қўйилган-у, ҳалигача ёзиб тугатилмаган, ёзилган бўлса, қиёмига етмаган, бир-иккита “мушт” фактлар етишмай турган, таҳририятлардан қайтган, бир сабаб билан ўзимдан ўтмаган ва яна… эълон қилиш муддати келмаган қўлёзма мақолаларим кўп. Баъзан уларнинг ҳолидан хабар олиб тураман.

Шундай мақолалардан бирининг сарлавҳаси “ЗАГС мудираси ЗАГСдан ўтганми?” деб номланган эди. Тили аччиққина мақола, зеру забари жойида. Мана, 1996 йили ёзилган ўша мақола:

ё2

       ЗАГС мудираси ЗАГСдан ўтганми?

“Моҳи рамазонда тўйлар тўхтаб, тўйчилар ҳам, санъаткорлар ҳам енгил тин оладилар. Эрталабки наҳор ошлару кечги базмлар, қулоқни қоматга келтирувчи гиж-баданг “тарона”лар авжига чиққан пайтда тўй ҳақида бировга гап уқдириш қийин. Келинг, рамазон баҳонасида… тўйларимиз, янгидан кашф этилаётган удумларимиз тўғрисида бироз фикрлашиб олайлик.

Келин ва куёвнинг никоҳдан ўтиши дабдабали маросимга айланиб, қурби етган одам бу тадбирни салкам тўйга айлантириб юборган кезлари кўпчилик “Нима кераги бор шу ортиқча дахмазани. Ёшлар висол базмининг ўзида ЗАГСдан ўтиб, ўша ерда, кўпчиликнинг гувоҳлигида никоҳларини қайд этсалар яхши эмасми?”, деган фикрни билдиришди.. Бунга сабаб ЗАГС базми баҳона ёшларнинг ўнта-ўн бешта ясатиғлиқ машиналарни ду-дутлатиб шаҳар кезиши, сайр охирида ресторанда зиёфат ейишларидан кўплаб нохуш машмашалар чиқа бошлади. Шу боис, никоҳни кечги базмда, кўпчиликнинг олдида қайд этиш таклифи кўпчиликка маъқул тушди. Таклиф этилган меҳмонлар жой-жойларини эгаллаб бўлишгач, келин-куёв “Тўйлар муборак” қўшиғи садолари остида залга кириб келади. Ўртакаш ЗАГС мудирасига сўз беради. Мудира Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги номидан ёшларнинг никоҳини қайд этади. Шу ернинг ўзида келин-куёвни эр-хотин деб эълон қилади. Бу тарихий воқеа билан уларни дўстлари, ота-оналари қутлашади. Шампан виноси биллур рюмкалардан тошиб, Ниагара шаршарасидай пастга оқади. Келин билан куёвни чўлп-чўлп этиб ўпишади. Суратга тушишади.

Ҳамма нарсага вақт ҳакам деганларидай, ҳар бир янгиликнинг нечоғли мақсадга мувофиқлиги кейинроқ билинар экан. Хўш, никоҳни базм кечасида қайд этишнинг кўнгилга ўтирмайдиган жойи борми? Бу саволга эҳтимол кўпчилик “Йўқ, ҳаммаси жойида, ота-оналар анча-мунча харажатдан қутулишди”, деб жавоб беришса керак. Тўғри, шундай бўлди ҳам. Аммо бир ташвишдан қутулиб, бошқа бир ташвишга тутилмадикми?

Оила – муқаддас иттифоқ, миллатнинг шаъни, жамиятнинг соғлом пойдевори. Инсоният ҳаётида то ҳануз бундан ортиқ, бундан мукаммал ихтиёрий бирлашма, бугунги кун таъбири билан айтганда, жамоатчилик институти ўйлаб топилган эмас. Ҳар қандай малакали ошпаз ҳам сифатсиз, айниган масаллиқдан яхши таом пишира олмаганидек, ҳар қандай бақувват жамият ҳам, оила таназзули шароитида тараққиётга эриша олмайди.

Оилада маънавий муҳит бузилган бўлса, уни тузатмай туриб, жамият у ердан яхши “ҳосил” кўтармайди. Шарқда, мусулмон дунёсида шу боисдан ҳам оилага сирли қўрғон сифатида қаралади. Оиланинг ички ҳаёти ҳаё пардаси остида кечади, иффати, ғурури сақланади.

Ушбу сатрларни катта бир тўйхонанинг ҳайҳотдай залида бўлиб ўтган никоҳ базмидан кейин қоғозга тушираяпман. Ҳавас қилса арзигулик тўй бўлди. Ёшлар бир-бирларига муносиб, ҳар иккаласи илм йўлини танлаган, ҳозирнинг ўзида анча-мунча ишларни амалга ошириб қўйишибди. Қудалар ҳам бир-бирларига мос, эл-юртда обрў-эътиборли кишилар.

Очиғи, инжиқ муҳаррирлигим тутиб, бир нарсадан кўнглим тўлмади. Фарзандларимиз ҳаётида фақат бир марта бўладиган тўй оқшомининг дастурхони, табриклари, ўйин-кулгусини-ку, ўрнига қўяяпмиз, аммо никоҳни қайд этиш маросимини-чи? ЗАГС мудираси ёшгина, кўҳликкина қиз экан, кўнглимда “Мудиранинг ўзи оила қурганми деган иштибоҳ туғилди. Негаки, унинг “Адлия вазирлиги номидан…” деб бошланувчи нутқи унча ўхшамади, таъсирсиз, ёдлаб олинган, ҳар куни уч-тўрт жойда қайтарилавериб, сийқаси чиқиб кетган панд-насиҳатлар. Ғала-ғовурда биров эшитди, биров эшитмади.

Ўйлаб кўрайликчи, никоҳ базмида оиланинг муқаддаслиги, эр-хотинлик муносабатлари, болалар тарбияси билан боғлиқ масъулият, бу йўлда учрайдиган қийинчиликлар, муаммолар, уларни енгиш йўллари тўғрисида ким гапириши керак? Оила ҳаётига ҳали ўзи чуқур кириб бормаган, болаларни тарбиялаш, оёққа қўйиш, вояга етказиш нима эканлигини бошидан кечирмаган ёш мудирага бу ишни топшириш нечоғли тўғри? Бу ишни жуфти-ҳалоли билан бир ёстиққа бош қўйиб, қирқ-эллик йил умргузаронлик қилаётган, турмушнинг не-не иссиқ-совуғини, ногаҳонда бўладиган зарбаларини оғир-вазминлик билан енгиб ўтган отахон-онахонлар зиммасига юкласак бўлмасмикин? Ҳаётда тўғри йўл танлаб, ҳалол меҳнати, илми, ҳунари эвазига эл назарига тушган, мўъмин-қобил фарзандларга ота-она бўлганлар ва, аксинча, ёмон йўллардан юриб, ота-оналарининг юзини ерга қаратган айрим енгилтаклар ҳақидаги ҳаётий ҳикоялар мустақил турмуш остонасида турган ёшларга фойдали бўлиши мумкин. Шу насиҳатлардан кейин никоҳ қайд этилса, ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Балким сизда бошқача таклиф бордир, муҳтарам газетхон?”

Менингча, мақола мавзуси бугун ҳам аҳамиятини йўқотган эмас. Аммо… ўшанда бир ҳолат… Бу сирни орадан кўп йиллар ўтиб, бугун биринчи марта ошкор қилмоқдаман. Газетани босмахонага топшираётганимизда бир киши қўнғироқ қилиб, “Бир дўстлик қилай, оғайни – Фалончи Фалончиевични биласиз, сизни ҳурмат қиладилар, қизлари туманимизда ЗАГС мудираси, ҳали бир ой ҳам бўлгани йўқ, тегиб кетмасмикин?”, деб қолди. Асабим бузилди. “Тегса нима бўлибди? Мақола тегсин, таъсир қилсин ёзилган-да”, дея ўзимни босдим, Аммо иккинчи, учинчи қўнғироқдан кейин қароримни ўзгартирдим.

“Сувга қонмаган ариқ”, “Пичоқни ўзингга урма, бировга ҳам”, “Тегирмондан бутун чиқмаганлар”, “Ишни туғуруқхоналардан бошлаймиз” сарлавҳали мақолаларим асосан истиқлол арафасида ёзилган, аммо… эълон қилинмаган. Ўзим олиб қолганман. Сабаблари ҳар хил. “Сувга қонмаган ариқ” Бухоро-Урал газ қувури ҳақида эди. Ўша йиллари газетада болалар ва оналарнинг ўлими, туғуруқхонлардаги ошкора-пинҳона бемазагарчиликлар ҳақида кўп ёзганмиз. Тошкент вилоятининг раҳбари катта йиғинда “Адабиёт газетаси аралашмаган битта роддом қолувди”, деб журналистларни аёвсиз танқид қилди. Янги-янги фактлар билан муҳтарам раҳбарга очиқ хат тайёрладим. Газетага имзо чекиш олдидан очиқ хатни ўқиб кўрсам, унда келтирилган салбий фактларнинг ҳаммаси Тошкент шаҳри туғуруқхоналаридан экан.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтиришим мумкин. “Тротуарни кўрган борми?” деган мақолам чанг босиб ётибди. Катта-катта кўчаларда одамлар, айниқса, мактаб ўқувчилари, болалар юрадиган йўлакларни турли ташкилотлар ўраб олишган. Буни кўриши, муаммони ҳал қилиши лозим бўлган мутасаддилар бундай кўчалардан фақат хизмат машиналарида ўтадилар, шу боис муаммони билмайдилар. Шу мақолам иккига таҳририятга маъқул келмади. “Зўр ёзилган, устоз, аммо… ўзингиз биласиз-ку…” дейишди. Ўзим билдим-да, қўйдим.

8

Бисотимда муҳаррирлардан қайтган йигирма-ўттизта мақолам бор. Ватан туйғуси ҳақидаги “Саккиз дўппининг қайтиши” мақолам катта бир газетадан гумбур-гурс қайтди. Газета руҳига мос эмасмиш. Шу мақоладан бир чимдим:

“Ҳиндистоннинг Мадрас шаҳрида ёйма дўконларни айланиб юрган эдик. Бир ҳинд йигити олдимизга келиб, қўлидаги дўппиларни бизга сотмоқчи бўлди. “Олинглар, ҳаммасини олсанглар, арзонга бераман” дейди. Кўрсак, ўзимизнинг босма дўппилар. Ёйма дўконда ёйилиб ётавериб, баъзилари унниқиб кетибди. “Йўқ, раҳмат, керак эмас” деб нари кетдик. Ёш савдогар йигит орқамиздан келиб, бир ялинади, бир ялинади, қаерга борсак, бир зумда етиб келади. Бир унга, бир дўппиларга қарайман. Мени кўтаради, дея дадасига талпинаётган болакайларга ўхшаб кетди дўппилар. Сота олмайди. Охири ташлаб юборади. Бошқа нима ҳам қиларди.

Саккизта дўппи экан, ҳаммасини олдим. Арзонга берди. Мен берган рупийларни санар экан, йигитчанинг кўзлари чақнаб кетди.

Сафар чоғи кимдир ҳиндларнинг шойи “сари”сини, кимдир “Оймўма тош” деб аталадиган ялтироқ тақинчоқ, яна кимдир биллур маржон сотиб олди. Менинг харидим кулгига сабаб бўлди.

Маҳмуд паҳлавон ҳинд сафаридан хоразмлик асирларни Ватанига қайтариб олиб келган. Қўқонлик юртдошимиз Рўзи Назар афғон урушида асирликка тушган 8 нафар ўзбек йигитларини катта пул ҳисобига озод қилиб, Германияга олиб борган. У ерда даволатиб, сўнгра Америкада ишга, ўқишга жойлаштирган. Бу ишлар олдида менинг харидим нима бўлибди”.

Омон бўлсак, “Ўтмаган мақолаларим” деган тўплам қилмоқчиман. Шундай дейман-у, яна ўйланиб қоламан: бу тўплам ўзимдан ўтармикин?…

 

Аҳмаджон Мелибоев, 

ЎзМУ Журналистика факультети доценти, академик,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>