«Қибрай садоси» – маҳорат мактаби

туман таҳририятида амалиёт сирларини ўрганган талабалар етук журналист бўлиб етишмоқдалар

Пиримқул Қодиров ва Тўлқин Эшбек 1987 йилда Қибрай туман газетаси таҳририятида.

Пиримқул Қодиров ва Тўлқин Эшбек 1987 йилда Қибрай туман газетаси таҳририятида.

Ҳаваскор қаламкаш ҳақиқий ижодкор бўлиб етишиши учун нима керак, деган саволга: аввало ижодий муҳит деб жавоб бериш ўринлидир. Ижодий муҳит қаламкашни мудом ижод қилишга ундайди, маҳоратини оширади, қаламини қайрайди, янги-янги мавзулар устида ўйлашга, доимо изланишга, ўз устида муттасил ишлашга даъват этиб туради. Шундай муҳитда истеъдоднинг тўқсон тўққиз фоизи меҳнат экани исботини топиб, истеъдод ғунчалари гулга айланаверади. Журналистика соҳасида олган билимингизни ҳам амалиётда – ижод майдонида намоён эта олсангизгина етук журналист бўла оласиз!

Энди энг муҳими – ана шу ижодий муҳитни вужудга келтиришда! Очиғи, бунинг учун ҳам алоҳида истеъдод билан бир қаторда фидойилик керак экан. Қибрай туман «Қибрай садоси» газетаси муҳаррири Абдуҳамид Фозиловни ана шундай фидойи устоз сифатида ҳурмат қиламан. У киши қаерда, қайси газета таҳририятида фаолият кўрсатмасин, албатта ижодий муҳит яратишга киришади. Биринчи галда таҳририят қошида «Ҳаваскор қаламкашлар клуби», «Ёш мухбирлар мактаби» ташкил этади. Бу ҳақда газетада «Истеъдодларни излаймиз», «Ёш мухбирлар мактабига марҳамат» қабилида эълонлар беради. Мурғак қалбида ижодга иштиёқ пайдо бўлаётган ёшларнинг бундай эълонларни ўқиганида ҳаяжонга солишини кўрсангиз.

Ўтган аср саксонинчи йилларида «Туркистон» (ўшанда «Ёш ленинчи» деб аталган) газета сўнгги саҳифасида шундай эълонни биз ҳам ҳаяжон ила ўқиганимиз сира ёдимдан чиқмайди. Очиғи, ўша пайтлари таҳсил олаётган ўқув масканимиз ЎзМУ (ўша даврда ТошДУ) журналистика факультетида назарий дарслар кўплиги-ю амалиёт камлигидан нолиб юрган кезларимиз бу эълон дардимизга малҳамдек бўлганди.

Ёшлар газетаси таҳририятида бизни илиқ сўзлар билан кутиб олган ўрта бўйли, қотмадан келган жуссасига яраша жуда ҳаракатчан, қуюқ қошлари остидан кўзлари маъноли боқадиган киши – хатлар ва оммавий ишлар бўлими мудири Абдуҳамид Фозилов экан. У киши олтмиш чоғли ҳаваскор йигит-қизлардан ташкил топган «Ёш мухбирлар мактаби»да ижодий машғулотларни бошлади. Ижод ва маҳорат сирларини, қандоқ факт тўплаш, ахборот олиш, қиёмига етказиб ёзиш, журналист одоби, таҳририятда ва жамоат жойида ўзини тутиш ва ҳоказо журналистликнинг нозик сирларини ўргана бошладик. Ёшлар газетаси таҳририятидаги ижодий муҳит бизни сўзсиз ижодга, қалам тебратишга, келгусида ҳақиқий журналист бўлишга чорларди. Устозимиз Абдуҳамид ака машғулотларга Мақсуд Қориев, Жаббор Раззоқов, Зиёвуддин Ортиқхўжаев, Умида Абдуазимова, раҳматли Оқилжон Ҳусанов, Исмоил Сулаймонов, Мирзакарим Пирматов, Ҳамза Имомбердиев каби забардаст журналистлар, таниқли шоиру адибларни ҳам олиб кирарди. Улар бизга журналистика амалиёти нозик қирраларини маҳорат ила ўргатишган. Ҳатто вилоятларга хизмат сафарларига бораётганларида икки-уч тингловчини ҳам бирга олиб кетишар, сафар давомида факт олиш, ахборот тўплаш сирларидан амалий сабоқ беришарди.

Бир маназара сира ёдимдан чиқмайди. Абдуҳамид ака «Ўзбекистон овози» (ўша даврда «Совет Ўзбекистони») газетасига ўтганда барча тингловчилар, ҳаваскор мухбирлар отахон газета таҳририятига ёпирилиб боришган! Энди «Маҳорат мактаби» бу таҳририятга кўчибди, деган фикр пайдо бўлганди барчамизда!

Мана, йигирма йилдан ошибдики, устоз «Қибрай садоси» газетасида фаолият кўрсатмоқда. Ўзи вояга етган туман довруғини республикага таратмоқда, десам муболаға бўлмас. Негаки, устоз шу туман газетасида ташкил этган «Ёш мухбирлар мактаби»га бутун республика вилоятларидан, олис-олис шаҳару қишлоқлардан келиб туришади. Устознинг яна бир хайрли иши – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети учун алоҳида «Маҳорат мактаби» ташкил этган! Талабаларимиз туман газетасини нашрга тайёрлаш сирларини амалиёт мактаби сифатида асосан шу таҳририятда ўрганадилар. Ҳар йили битта курс билан бир кунни – ижодий кун сифатида белгилаб, биз ҳам «Қибрай садоси» газетасида амалий машғулот ўтказишимиз анъанага айланган! Ўша куни талабалар туман газетасининг битта сонини ўзлари мустақил равишда нашрга тайёрлаб, маҳорат сирларини ўрганадилар. Муллифларнинг хатларини қайта ишлаш, ҳозиржавоб хабарлар, долзарб мавзуларда мақолалар ёзиш, макетлаштиришдан тортиб босмахона билан ҳамкорлик қилишгача барча жараёнларни Абдуҳамид аканинг ўзлари бош-қош бўлиб ўргатадилар.

Очиғи, туман таҳририятида газета чиқариш сирларини ўрганган, шу қайноқ ижодий муҳитда тажриба орттирган журналист ютқазмайди! Машқ пайтида қанчалик мушкул бўлса, курашларда шунчалик осон бўлади, деганларидек, у ҳатто республика газеталарида ҳам бемалол фаолият кўрсата олади!

Устоз бош-қош бўлган бу туман газетаси деарли ҳар йили республика журналистлари Ижодий уюшмаси ва бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган ижодий танловлар ғолиби бўлаётгани боиси ҳам шунда бўлса неажаб!

Журналистика факультетида таҳсил олган кезлари амалиёт сирларини ана шу туман газетасида ўрганиб, бугун турли газета-журналларда фаолият кўрсатишаётган ёш ҳамкасбларимизнинг ҳам дил сўзларини қоғозга тушурдик.

Беҳзод Шукуров, “Ўзбекистон овози” газетаси мухбири (ҳозирги кунда «Жамият» газетаси бош муҳаррири):

– Талабалик давримизда энг катта таассурот қолдирган кун – Қибрай туман газетаси таҳририятига борганимиз бўлган. Бу таҳририятда газетани нашрга тайёрлашнинг энг нозик сирларини ўрганган эдик. Очиғи, газета чиқаришда республика газетаси таҳририятида ўргана олмаган нарсангни туман таҳририятида осонгина ўзлаштирар экансан. Абдуҳамид ака бизга маҳорат сирларини ўргатар экан, республика газеталари билан туман нашрини таққослаб тушунтиргани катта таассурот қолдирган.

Иқбол Қўшшаева, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мухбири:

– Таниқли ёзувчи ва шоирлар билан учрашув журналистика факультети талабаларида ўзгача таассурот қолдиради. Яъни, улар қалам тебратишнинг нозик сирларини ҳам ана шундай устозлардан ўрганадилар. Қибрай туман таҳририятига амалиётга борганимизда севимли адибимиз Пиримқул Қодиров билан учрашув ҳам ташкил этилгани айни муддао бўлганди!

Ҳусниддин Бердиев, ХДП матбуот хизмати ходими (ҳозирги кунда “Оила даврасида» газетаси бош муҳаррири):

– Устоз кўрмаган шогирд минг мақомга йўрғалар, деган гап бежиз айтилмаган. Журналистика амалиётини ҳам ҳақиқий устозлардан ўрганиш ғоят муҳимдир. Журналистика факультети 2-босқичида таҳсил олиб юрган кезларимиз Қибрай туман газетасига бориб, кўп нарса ўргандик. Бу ерда муҳаррир Абдуҳамид Фозилов, масъул котиб Шоюсуф Мирюсуфзодалар

хатлар билан ишлаш, материалларни саҳифалаш, бадиий безаш сирларини ўргатдилар.

Феруза Қувонова, “Ҳамшира” журнали мухбири:

– Газета чиқариш сирларини пухта эгаллаган журналист журнални нашрга тайёрлаш, саҳифалаш, босмахона ходимлари билан ишлашда асло қийналмаскан. Талабалик давримизда Қибрай туманига борганимиз устоз Абдуҳамид ака Фозиловдан “Журнални нашрга тайёрлаш жараёни қандай бўлади?” деб сўраганман. Устоз қўлидаги газетани тахлаб кўрсатиб, саҳифалашдаги фарқларини тушунтирган. Ёшликда олган билим тошга ўйиб ёзилган кабидир, деганларидек, ўша амалиёт даврида ўрганганим онгимга муҳрланиб қолган.

Бўлғуси журналистларнинг сўзларига эътибор қилсангиз, улар қалбида ҳам устозга ўзгача эҳтиромни англайсиз. Абдуҳамид Фозилов эса ҳамон бўлғуси журналистлар учун амалиёт ва маҳорат мактабини ривожлантириш йўлида фидойилик кўрсатмоқда. Ана шу фидойиликнинг ўзини – ибрат мактаби, десак арзийди.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ журналистика факультети доцентифилология фанлари номзоди.

2008 йил

Вам может также понравиться...

1 комментарий

  1. Пиримкул Кодировдек буюк ёзувчилар билан ижодий учрашув кизикарли китоб ўкишдан хам аълорокдир.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *