Ҳаётга иштиёқ

Журфакда таҳсил олган Элдор АСАНОВ ижод бўстонида бўй кўрсатаётгани устозларини мамнун этмоқда, дейди Дониш домла.

Ҳалокат ёқасидаги оби ҳаёт

  • Автор   Жума, 11 Март 2016
  •  
  • Сайёрамизнинг тўртдан бир қисми сув билан қопланган. Ер юзидаги жами сувларнинг 2.5-3 фоизини ичимлик суви ташкил этади. Бу фактлар барчамизга жуда яхши таниш. Оинайи жаҳон орқали ёки матбуот саҳифаларида сувни асраш борасидаги серҳаяжон тарғиботларни ҳар куни эшитамиз. Таассуфки, бу чақириқлар оддий истеъмолчининг қалбидан жой олиши даргумон. Зеро дардга чалинмагунча саломатликни қадрламаслик инсон зотига хос иллатдир. Бу иллатнинг аянчли оқибатларини бошидан ўтказган инсон билан ҳамсуҳбат бўлиб, аксариятнинг бепарво табассумигагина сабаб бўладиган ушбу муаммонинг нечоғли оламшумул аҳамиятга эга эканлигига иймон келтирдик.

  Танланг: тоза сув ёки қисқа умр

  — Оддий ичимлик суви зотилжам келтириб чиқаришига ишониш қийин, – дейди суҳбатдошимиз Андрей, – лекин шифокорнинг гапларига шубҳа билан қарашга асосим йўқ эди. Ифлосланган сув мени оғир дард ёқасига келтириб қўйган эди. Одамзот сувсиз яшай олмаслиги айни ҳақиқат, лекин сув ўлимимга сабабчи бўлишини ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Чанқоқ охирги кучларимни сўриб олаётганида энг азобли қийноқларга дучор бўлардим, мени боши берк кўчага олиб кириб қўйган сувни ҳар кун қайта-қайта истеъмол қилишга мажбурлигини ўйласам, юрагимни ваҳима чулғарди.

Мен таслим бўлмадим. Соғлом турмуш тарзига риоя этдим, турли усулларда даволандим. Буни қарангки, дардини берган шифосини ҳам беради, деганлари рост экан. Фильтрдан ўтказилган тоза сув шарофати билан хасталикдан бутунлай қутулдим. Энди мен фақат фильтрдан ўтказилган сувдан фойдаланаман.

Андрей менинг ёнимда турган сувга ғалат нигоҳ ташлаб, қўшиб қўйди:

— Сизга ҳам ўйламай-нетмай ҳар қандай сувни ичавермасликни маслаҳат берган бўлардим.

— Бу сув махсус заводларда фильтрдан ўтказилиб, шифобахш минераллар билан бойитилган – жавоб бердим мен. Унинг ваҳимачилигидан юзимга табассум югурди. Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади деганлари шу бўлса керак, деб ўйлардим.

Андрей:

— Буни ҳозир синаб кўрамиз, – деганча чўнтагидан аллақандай дастгоҳ чиқариб, уни қадаҳдаги сувга жойлади. Бир дақиқадан сўнг тантали оҳангда эълон қилди: – Бу сув таркибида 133 хил зарарли аралашма бор. Ҳозир уларнинг таркибини билиб оламиз.

У электр флотаторни улаб, сув ичига солди. Мен даҳшатдан карахт эдим. Кўз олдимда мен ичиб ўтирган сув кўпириб, қоп-қора қурумга тўла бошлади. Стакан юзи занг билан қопланди.

— Қора рангдаги аралашмалар оғир металлардир, – тушунтирарди Андрей. – Бу сувда занг кўп экан. Нитрат ва пестицидлар ҳам йўқ эмас.

Унинг сўзларига қараганда, Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларидаги ичимлик сувлари текширилганда, уларнинг таркибида 739 хилгача зарарли моддалар борлиги аниқланган экан. Канализация қувурларининг эскириши ва аҳолининг сувга беэътибор муносабатда бўлишининг оқибатлари мана шу шаклда намоён бўлмоқда.

Тоза сув муаммосининг аҳамиятини тасаввур этиш қийин эмас. Ахён-ахёнда аллақандай касалликларнинг авж олгани ҳақида эшитиб турасизми? Бир қарашда аҳамиятсиздай туюлувчи сурункали бош оғриғи, томоқ яллиғланиши, йўтал, бурун битиши, ҳорғинлик сингари кичик носозликлар сизни безовта қилиб турадими? Ўзбекистонда ўртача умр давомийлиги 65 йилни ташкил этган ҳолда, ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 85 йилга тенглигини биласизми? Унда бу муаммо сизни ҳам четлаб ўтмабди. Дарҳол соғлиғингизни ҳимоя қилишга киришинг.

— Ҳали ҳам тозаланмаган сувни ичиш ниятингиз борми? – сўради суҳбатимиз ниҳоясида Андрей.

— Ишончим комил эмас, – жавоб бердим мен.

  Тоза сув нима?

  “Сувни ичишдан олдин у ҳақидаги даҳшатли ҳақиқатни билиб олинг” деган эди фитнес отаси Пол Брегг. Ўз вақтида бу мўътабар шахс тиббиёт ходимлари томонидан қаттиқ танқидларга учраб, ҳаттоки кўзбўямачи деб эълон қилинган эди. Орадан вақт ўтиб, унинг таълимотига бўлган муносабат ҳам ўзгарди. Расмий тиббиёт ўз хатоларини тан олди, Пол Бреггнинг давомчилари эса сувни авайлаш ва узоқ умр кўришни эркин тарғиб қилмоқдалар.

Пол Брегг ҳар доим тингловчиларига қуйидаги савол билан мурожаат этарди: “Тоза сув деганда нимани тушунасиз?” Бугун мен шу саволни ўқувчиларга бермоқчи эдим.

Халқимиз бу борада ўз тасаввурига эга. Зеро юртимиз кўкка бўй чўзган тоғу қирларга бой, уларда тўпланадиган қор сувлари ичиш ва хўжалик мақсадларида кенг қўлланади. Тоза сув деганда одатда тоғлар бағридаги чашмадан отилиб чиққан зилол оби ҳаётни, шишадай шаффоф булоқ сувларини тушунамиз.

Маълумот тўплаш асносида сувнинг кўринишидангина мусаффо ва беғуборлигига алданиб қолмаяпмизми, деган савол бизни қизиқтириб қўйди. Мутахассисларга мурожаат этиб, шубҳа-гумонларимиз ўринли эканлигига амин бўлдик.

Василий Рибаков, AquaFil фирмасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош менежери:

— Халқимиз орасида сув ҳақидаги билимларни тарғиб этиш, сув билан муомала қилиш маданиятини ривожлантириш энг долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Ўзим ҳам тез-тез сув ҳақидаги ёлғон-яшиқ тасаввурларга шоҳид бўламан. Айтайлик, одамлар булоқни энг тоза ва шифобахш сув манбаи деб ҳисоблашади. Унутманг, сувнинг ўзига хос кимёвий ва физик хоссалари таъсирида деярли барча зарарли моддалар унинг ичида эриб кетади ва уларни оддий кўз билан илғаб бўлмайди. Булоқ суви шаффоф ва хуштаъм бўлиши мумкин, лекин ер сатҳига чиққунига қадар чанг ва тупроқдан иборат бир неча қатламлардан ўтиб келади. Буйракда тош ҳосил бўлишининг асосий сабаби кремнийдан тозаланмаган сувларнинг истеъмол қилинишидир. Айнан булоқ сувларида бу модда энг кўп миқдорда учрайди. Лекин бу ҳаммаси эмас. Кўплар тоғлар орасида барпо этилган сув омборларига ва бошқа сув манбаларига дам олиш, чўмилиш учун боришни хуш кўради. Бу, албатта, ҳордиқ чиқаришнинг ажойиб воситаси, лекин сувнинг ифлосланишига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Айрим кимсалар томонидан сувга ахлат ва чиқиндилар ташланиши, сув омборларидан нотўғри фойдаланилиши юқумли касалликларни келтириб чиқаради. Пневмония ва тиф улар ичида энг даҳшатлиси эмас.

  Сув ҳақидаги афсоналар ёхуд минерал сувнинг фойдаси ҳақида

 Ёзнинг жазирама кунлари кўчалар елим идишларга тўлиб кетади. Қуёшнинг беаёв дамига қаршилик кўрсатишнинг синалган воситаси – сув ичиш. Бу мақсадга хизмат қилувчи турли номдаги хилма-хил қадоқланган ичимликлар дўкон-расталарни тўлдириб туради. Шаҳар канализациясига шубҳа билан қаровчи кўпчилик инсонлар мана шу сифатли идишларда қадоқланган маъданли сувларни истеъмол қилишни маъқул кўришади.

Маъданли сувларни танқид остига олган биринчи одам юқорида тилга олинган Пол Брегг бўлди. Ўшанда у маъданли сувларнинг шифобахшлигига “Бозор тарғиботи маҳсули бўлмиш уйдирма” қабилида муносабат билдирган эди. Мутахассислар бу борада аниқ фикрга келганларича йўқ, лекин маъданли сувлардан меъёрида, шифокор кўрсатмаси бўйича фойдаланилмаса, бу соғлиққа жиддий зиён келтириши мумкинлиги тасдиқланди.

Афсуски, бу сувларнинг бозорларда, дўкон ва супермаркетларда сақланиш тартибини қониқарли деб бўлмайди. Юзлаб сув идишлари қуёш нурлари остида ҳеч қандай ҳимоясиз туриши, аксар дўконлар машиналар тутуни бурқсаётган чанг кўчалар бўйида жойлашгани ҳеч кимга сир эмас. Сув ҳар қанча шифобахш бўлмасин, бундай ташқи омиллар унинг хусусиятларига ўз ҳалокатли таъсирини ўтказмай қолмайди. Шу боис кўчадан сув сотиб олишда унинг сақланиш шароитларига, минерал таркибига, сақланиш муддатига эътибор беришингизни тавсия қиламиз.

Маъданли сувларнинг тозалик даражаси ҳам четлаб ўтиб бўлмайдиган масаладир. Биз маъданли сув ва бошқа турдаги ичимликлар тайёрловчи корхоналарнинг ҳалоллигини шубҳа остига олмоқчи эмасмиз. Шунчаки ҳар қандай ичимликни, ҳаттоки шифобахш деб ҳисобланадиган маъданли сувни истеъмол қилишнинг ҳам ўз тартиби ва меъёрлари борлигини айтиб ўтмоқчимиз.

Россия ички бозори мониторинги маълумотларига қараганда, бундай корхоналарнинг 50 фоизи ўз “маъданли сув”ларини шунчаки шаҳар сув қувурларидан олар эканлар. Ўзбекистондаги аҳволдан аниқ бохабар бўлмаганимиз туфайли фикр билдиришда эҳтиёткорлик талаб этилади. Лекин зарурий фильтрлардан ўтказилган “маъданли сув” номи билан сотилаётган битта маҳсулотни (номини тилга олмай қўя қолайлик) текширувдан ўтказганимизда унинг таркибида 133 хил зарарли модда борлигини кўриб, даҳшатга тушдик. Табиийки, ўз кўзинг гувоҳ бўлмаган нарсангга ишониш қийин. Нима бўлганда ҳам, сувни маъданли, шифобахш, тоза, фильтрланган деб тарғиб қилишларига ишониб қолмаслигингизни, танлашда ниҳоятда эҳтиёткор бўлишингиз билан саломатлигингизни асрашингизда муҳим қадам бўлади.

  Оқар сувнинг қадри бор

  Нуроний оқсоқолларнинг ривоят қилишларига қараганда, қадим авлодлар орасида ажойиб бир анъана урф бўлган экан. Узоқ сафардан ҳориган йўловчи биринчи навбатда муздек сув билан сийланган экан. Чанқоғи қонган меҳмон мурувватпеша мезбонни: “Сувдай сероб бўлинг” дея дуо қилган экан.

Боболарнинг айтишича, бугунги вазият у шарафли кунлардагидан бироз бошқачароқ. Ҳарқалай, зилол ариқдан покиза сув ичиш бизнинг авлодга насиб қилмади, бу ҳақда эшитганмиз, холос. Ариққа ахлат тўкиш, тупуриш жирканч одат эканлиги кўп бора таъкидланади, лекин, афсуски, ўша таъкидларда айтилганидек, бу аллақачон одамларнинг нафратига сабаб бўлмайдиган, туйғуларни жунбушга келтирмайдиган одатга айланиб қолган. Бўзсув ёқасида машинасини ювиб, ювиндини сувнинг ўзига тўкиб юборадиган ёш йигитлар ҳам аслида мана шу одатга риоя этадилар, фақатгина уларнинг ариққа тупуриши кенгроқ, рамзий маъно касб этган.

Ўзбекистон сув танқис, экологик вазият хавф остида турган минтақада жойлашгани барчамизга яхши маълум. Орол муаммоси дунёнинг энг ақлли бошларини оғритаётган бир пайтда ўзимизнинг масъулиятсиз эканлигимиз ҳам кулгули, ҳам аянчли. Унутманг, соғлиғимизни ўзимиздан бошқа ҳеч ким ўйламайди. Биз ҳам, бизнинг фарзандларимиз ҳам шу .оьжа тўлақонли ва соғлом ҳаёт кечириши учун ўзимиз курашишимиз шарт.

“Оқар сувнинг қадри йўқ” дея нақл қилади халқ. Менинг ягона орзуим – шу мақол мутлақо унутилиб кетсин, яъни, ниҳоят олдимиздан оқаётган сувни қадрлашни ўрганайлик. Қўлимга қалам олишдан мақсад ҳам шу аслида. Иситма аллақачоноқ барчасини фош қилиб бўлган, хасталикнинг олдини олишнинг айни пайти.

 

Элдор АСАНОВ

You may also like...

5 Responses

  1. Qoyil. Shu kungacha suvni faqatgina chanqoqni qondirish va tozalash xususiyatidan xabardor ekanman. Bu maqolani òqib kòplab ma’lumotlarga ega bòldim.

  2. Shu kungacha suvni faqatgina chanqoqni qondirish va tozalash xususiyatidan xabardor ekanman. Bu maqolani òqib kòplab ma’lumotlarga ega bòldim.

  3. Feruza Xayrullayeva:

    Ajoyib! Nimasiki, maqolani o’qib faqat suvning tarkibini emas, taqdirini ham o’ylab qolasan. Mulohazalar esa o’z o’rnida, mohirlik bilan va shunday aytilganki, beixtiyor ohirgi istakka o’zing ham qo’shilasan:“Оқар сувнинг қадри йўқ” дея нақл қилади халқ. Менинг ягона орзуим – шу мақол мутлақо унутилиб кетсин, яъни, ниҳоят олдимиздан оқаётган сувни қадрлашни ўрганайлик. .
    p/s: Balki maqolani «Mahorat maktabi» rukniga qo’ysa ham bo’lar. Informatsiyani, muommoni qanday yetkazishni o’rganishimiz uchun…

  4. Inson ko’pincha mukammalikka intiladi, qolaversa, bu dunyoda mukammallik degan tushunchaning o’zi yo’q. Hech narsa mukammal bo’lmaydi. Yaratgan bu olamni muvozanatda go’zal qilib yaratgan, menimcha. Ming dardga shifo, deyilgan asal ham me’yordan oshsa, zaharga aylanadi. Top-toza uy sharoitida o’sgan bola ko’chaga chiqqanda betob bo’lib qolar ekan, chunki u o’sha sharoitga o’rganmagan…
    Suv — ob-havo, hayot, ma’lum darajada omonat ham… Undan foydalanishda ma’lum intizom mavjud. Bu intizom buzilmasa, uning xizmati doim yaxshilikka yog’riladi, inshalloh.

  5. Jumamurodova Muyassar:

    Biz toza deb o’ylagan suvimizdan ham kasallanish mumkinligini bilmagandim. Bekorga qaynagan suv ich, deyishmas, ekan-da. Suv-hayot manbai. Uni qadrlashga, ifloslantirmaslikka barchamiz birdek mas’ulmiz.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>