Ҳаёт ва ўлим ўртасида…

Саратон (рак) касалига чалиниб, муолажалардан кейин вақтинча омон

қолганлар ўз қисматини, яъни умрининг поёни кўриниб қолганини яхши биладилар. Улар бир кун бўлса ҳам яшашга, тирик юришга, ҳаёт бўлишга, бола-чақа олдидаги қарзини узишга, чала-чулпа ишларини поёнига етказиб кетишга интиладилар. Яшаш, ҳаёт учун курашаётган одамга «ўз жонига қасд қилаётганлар» ҳақидаги гаплар жуда кулгули ва антиқа туюларкан. Эй, биродар, ўзингга ўт қўймоқчи ё бўйнингга арқон солмоқчимисан? Шу зайлда ҳаётингга нуқта қўймоқчимисан? У ҳолда эсиз умрингни увол қилмай менга бер, деб ҳайқиргинг келади. Жонингни оғритмасдан суғуриб оладиган саратоним сенга сийлов бўла қолсин, дейишга эса асло тилим бормайди. Мен уни душманимга ҳам раво кўрмайман. (Буни қарангки, «душманим» дейишга арзийдиган кимсам ҳам йўқ!)

Тўлқин Эшбек 2019

Ҳаёт кимга асал, кимга қанд берган, яшашни жуда-жуда хоҳлаган каминага эса саратон синови қаттиқ панд берган… Бироқ, мен уни мардона енгиб яшайман! Баъзи соғлар уддалай олмаётган улуғвор ишларни қойилмақом қилиб ўрнига қўйиш — ўлчоғликкина бўлса-да ҳаётимнинг мазмунига айланиб бормоқда.

«Ўзбекистонда ҳар йили 600 га яқин аёл ўз жонига қасд қилмоқда» (http://xs.uz/uzkr/post/ozbekistonda-har-jili-600-ga-yaqin-ayol-oz-zhoniga-qasd-qilmoqda) сарлавҳали мақолани ўқиб ажабландим ва унга муносабат сифатида мушоҳадаларимни сизга ҳам илиндим.

Жонига қасд қилиб қўлига гугурт, пичоқ, заҳар ёки арқон олган, баланд бинодан ўзини ташлаш учун зиналардан кўтарилаётган азиз замондошим! Тўхтанг!! Шу онда онкология марказига келиб, беморлар билан бир суҳбатлашинг. Жарроҳлик столида соатлаб жони талвасада ётган инсонлар ҳолини, уларга жон бахшида этиш учун кўзларигача терлаб ишлаётган шифокорлар саъй-ҳаракатини бир дафъа кузатинг. Шунда сиз қанчалик катта ва бебаҳо бойлик — Ҳаётни увол қилаётганингизни тушунасиз.

Жонингизга қасд қилгандан кўра, бор-е, дея бошқа шаҳар ё қишлоқларга кўчиб кетинг. Қайтадан Бахт қасрига интилинг.

Бир бора қабристонларни зиёрат қилинг. Истайсизми-йўқми, ҳа демай сиз ҳам марҳумлар қаторидан жой оласиз… Фақат, бунга бу тариқа шошманг… Шу лаҳзада она Ер ҳақида ўйлаганларим шеърий сатрларга уланиб кетмоқда:

Бизга ҳаёт бахш этган,

Жаннатмакон она Ер!

Ажали етганларни,

Ўзи бирин-кетин ер…

Сиз-у биз ҳар лаҳза ҳаётнинг қадрига етиб яшамоғимиз фарзу қарз. Оллоҳ берган умрни, бебаҳо ҳаётни ҳеч қачон увол қилманг. Шундай яшангки, вақти-соатингиз етиб, омонатини топшириш онингизда ҳам ўтган умрингизга бир бора мамнун боқиб, рози бўлиб кетиш насиб этсин!

Дониш домла

п1

Ўзбекистонда ҳар йили 600 га яқин аёл ўз жонига қасд қилмоқда

13:47 12 Июль 2019 Жамият

Кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Оиладаги зўравонлик масалалари, турли вазиятлар таҳлили ва бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар” мавзусида брифинг журналистлар билан мулоқот бўлиб ўтди.

Унда Президент қарорига мувофиқ, жойларда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш билан шуғулланадиган 165 та марказ фаолияти йўлга қўйилгани маълум қилинди. Ҳар бир марказда психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий соҳа ва тиббиёт ходимлари жамоатчилик асосида фаолият юритмоқда.

Ҳозирга қадар ушбу марказларга 5 минг 468 нафар хотин-қиз мурожаат этгани қайд этилди.

Қўмита ИИВ билан ҳамкорликда жойларда хотин-қизлар ва ёшлар томонидан содир этилаётган ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини таҳлил қилиш мақсадида вазиятни жойларга чиққан ҳолда ўрганаётганини таъкидлади. Айтилишича, уйма-уй юриш давомида маҳаллалар кесимида нотинч оилалар, руҳиятида салбий ўзгариш бўлган фуқаролар аниқланиб, улар билан индивидуал ишлар ташкил қилинган.

“Ҳозирги вақтда ўз жонига қасд қилиш дунё миқёсида жамиятнинг глобал муаммосига айланиб қолди, — деди Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова. — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили 4-5 миллион нафар инсон ўз жонига қасд қилади. Европа мамлакатлари бу борад олдинги ўринларда”.

Таъкидланишича, суиқасднинг энг юқори кўрсаткичлари сўнгги йилларда ривожланган мамлакатларда қайд этилмоқда. Масалан, ҳар 100 минг кишига — Литвада 68,1 та ҳолат, Беларусда 63, Россияда 58, АҚШда 52, Шри Ланкада 44, Украинада 40 та ҳолат тўғри келади.

“Ўзбекистонда эса ўз жонига қасд қилиш бўйича йилига ҳар 100 минг кишига 5,2 та ҳолат тўғри келмоқда, — деди Боситхонова. — Лекин шу кўрсаткич ҳам биз учун кўп. Шунинг учун давлатимиз раҳбари бу муаммога жиддий эътибор бериш, унинг олдини олиш чоралари бўйича топшириқлар беряптилар”.

Қўмита раиси мазкур ҳолатларни глобаллашув даври билан изоҳлади, глобализациянинг аянчли таъсирлари Ўзбекистонга етиб келиши мумкинлигидан хавотир туйишини айтди.

“Ўзбекистонда 2019 йилнинг ўтган даврида эркаклар ва аёллар ўртасидаги суиқасд кўрсаткичлари таҳлил қилинганда, эркаклар билан боғлиқ ҳолат 57,3 фоизни, аёллар билан боғлиқ ҳолат 42,7 фоизни ташкил этди”, — деди Элмира Боситхонова.

Журналистлар ўз жонига қасд қилаётганларнинг нечтаси эркак, нечтаси аёл экани, қанчаси вояга етмаганлар ва шундан қанчаси қизлар экани ҳақида аниқ статистик рақамлар келтиришни сўради.

“Мен фоиз кўрсаткичларида айтиб ўтдим, буни аҳоли сонига тақсимлаб ҳисоб-китоб қилса, аниқ рақамлар келиб чиқади, — деди Боситхонова. — Ўзбекистон аҳолиси 33 млн эканини инобатга олсак ва фоизлар кесимида чамаласак, мамлакатимизда 700 дан ортиқ эркак ҳамда 600 га яқин аёл суиқасд қилаётгани маълум бўлади”, дея хотин-қизлар қўмитаси раисидан иқтибос келтирмоқда АОКА.

 

http://xs.uz/uzkr/post/ozbekistonda-har-jili-600-ga-yaqin-ayol-oz-zhoniga-qasd-qilmoqda

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>