Бобур руҳи кезар шодумон
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-
ўқитувчиларидан иборат тарғибот гуруҳи маҳаллаларда, турли ташкилотларда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этмоқдалар.
Буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 535 йиллигига бағишланган навбатдаги маънавий-маърифий тадбирлар республика Акциядорлик Халқ банки ва унинг Тошкент шаҳар филиалида юксак савияда ўтказилди.
ЎзМУ Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек шоҳ ва шоир, буюк саркарда ва дилбар шахс сифатида асрлар оша авлодлар қалбида мангу яшаб келаётган улуғ ажодимизнинг бой маънавий мероси ҳақида қилган маърузаси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Маълумки, Бобур мирзо 1483 йил 14 февралда Андижонда таваллуд топган. Отаси – Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси – Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эди. Бобур барча темурий шаҳзодалар каби тарбиячилар, йирик фозилу уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқҳ илми, араб ва форс тилларини ўрганади, кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилади, илм-фанга, шеъриятга қизиқа бошлайди. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан «Бобур» («Шер») лақабини олади.
Отаси Ахсида 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, оиланинг катта фарзанди, 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида тахтга ўтиради. Бобур ҳукмронлигининг дастлабки 2-3 йилида мавқеини мустаҳкамлаш, бек ва амалдорлар билан ўзаро муносабатни яхшилаш, қўшинни тартибга келтириш, давлат ишларида интизом ўрнатиш каби муҳим чора-тадбирларни амалга оширади. Бобурнинг дастлабки сиёсий мақсади Амир Темур давлатининг пойтахти, стратегик ва географик жиҳатдан муҳим бўлган Самарқандни эгаллаш ва Мовароуннаҳрда марказлашган кучли давлатни сақлаш, мустаҳкамлаш ҳамда Амир Темур салтанатини қайта тиклашдан иборат эди.
Темурийларнинг ўзаро урушлари кучайган кезларда Шайбонийхон Мовароуннаҳрни истило қилишга киришади. У 1499 йили Жиззах ва Самарқанд орқали Қарши ва Шаҳрисабзгача босиб боради, катта ўлжа билан Дашти Қипчоққа қайтади. Орадан кўп ўтмай катта куч билан Мовароуннаҳрга қайтган Шайбонийхон Бухоро ва Қоракўлни эгаллайди, 1500 йили Султон Али Мирзо калтабинлик билан Самарқандни Шайбонийхонга жангсиз топширади.
Шаҳар аҳолиси темурийлар ҳукмдорлигини тиклаш тарафдори эди. Улар Фарғона ҳокими Бобурга мактуб йўллаб, Самарқандни ишғол қилишга даъват этганлар.
Бобур Самарқанд тахти учун курашаётганда Андижонни Султон Аҳмад Танбал эгаллаб олади. Бобур 200-300 навкари билан Ҳисор тоғлари орқали Афғонистонга ўтади ва у ердаги ички низолардан фойдаланиб, Ғазни ва Қобулни эгаллайди. Афғонистонга Бобур ўз юрти каби қаради, қурилиш, касбу ҳунар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ишларини бошлаб юборди. Шаҳар ичидаги Боло Ҳисор қалъасини ўз қароргоҳига айлантириб, уни қайта таъмирлатди, янги иморатлар қурдирди ва оиласи билан шу қалъада яшади. Унинг Ҳумоюн, Гулбаданбегим, Комрон ва Ҳиндол исмли фарзандлари шу ерда туғилади.
Шайбонийхон Эронни забт этиш учун юриш бошлаганда Бобур шоҳ Исмоил билан ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузиб 1511 йил баҳорида Ҳисорни, ёзида Бухорони, октябр бошларида Самарқандни яна қўлга киритади. 1512 йил 24 ноябрида Ғиждувон жангида Бобур шайбонийлардан яна енгилиб, Қобулга қайтишга мажбур бўлади.
1519 йил баҳорида Ҳиндистонни забт этиш режаларини амалга оширишга киришади ва кейинги 5-6 йил давомида бир неча юришлар уюштиради. 1526 йил апрелда Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини 12 минглик аскар билан тор-мор қилиб, Деҳлини эгаллайди, кўп ўтмай Ҳиндистоннинг Бенгалиягача бўлган қисмини ўзига бўйсундиради. Аграни ўзига пойтахт сифатида танлайди. Шу тариқа уч ярим асрга яқин ҳукм сурган қудратли бобурийлар сулоласига асос солади. Бобур Ҳиндистонда ҳам, худди Афғонистонда бўлганидек, мамлакат тараққиётига жиддий таъсир кўрсатди.
Унинг «Бобурнома» асари тенгсиз маънавий хазинадир. Яна 119 ғазали, бир масну шеъри, 209 рубоийси, 10 дан ортиқ туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқланган. Девони таркибида умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олган.
1526 йил 21 декабрда Бобурга қарши суиқасд уюштирган Иброҳим Лўдийнинг онаси ошпазлар билан тил бириктириб, унинг овқатига заҳар қўштиради. Подшоликни ўғли Ҳумоюнга топширган Бобур 1530 йили 47 ёшида Аграда вафот этди ва ўша ерда дафн этилди, кейинчалик 1539 йилда васиятига мувофиқ ҳоки Қобулга келтирилиб, ўзи бунёд эттирган «Боғи Бобур»га қўйилди.
Бобур Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ўз юртида қадр топди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти фармонига кўра 1993 йили Бобур таваллудининг 150 йиллиги тантанали нишонланди. Ўзбекистон ФАнинг Бобур номидаги медали таъсис этилди.
Тадбирда Акциядорлик Халқ банкининг Тошкент шаҳар филиали фаол ходимлари Гулноза Турсунова, Дилором Шосултонова, Нилуфар Дўсимова, Муҳиддин Алиқулов, Сирожиддин Ражабов ва бошқалар Бобур мирзо сиймосига бағишланган асарларни катта қизиқиш билан мутолаа қилаётганлари ҳақида сўзлаб бердилар.
ЎзМУ ахборот хизмати
Сўнгги фикрлар