Ёшлар тарбияси барча замонларда ўта долзарб ва масъулиятли эканлиги яхши
маълум. Бу борада масъул лавозимларда фаолият кўрсатиб келаётган, катта ҳаётий тажрибага эга кишилар билан бўладиган жонли мулоқотлар ижобий самара беради.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев билан ўтказилган учрашув ҳам талаба-ёшларда катта таассурот қолдирди.
– Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, улар қалбига ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуларини сингдиришда жонли мулоқотлар, ижодий учрашувлар ўз самарасини кўрсатмоқда, – деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов маънавий-маърифий тадбирни кириш сўзи билан очар экан. – Университетимизда кўплаб депутатлар, сенаторлар, таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар билан учрашувларнинг ҳар бири талабаларимиз учун ўзига хос ҳаёт мактаби бўлмоқда.
Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришиш остонасида ва истиқлолнинг дастлабки йилларида заҳматкаш халқимиз қанчалик мураккаб даврларни бошидан кечиргани ҳақида ёшлар газета-журнал тахламлари, китоблардан ўқиб тасаввур этишлари мумкин. Бу мавзуда айнан ана шу шиддатли воқеа-ҳодисалар ичида жавлон урган инсоннинг сўзлари, жонли мулоқоти йигит-қизларга чексиз завқ бахш этгани уларнинг юз-кўзларида акс этиб турарди.
– Юртимиз тинчлиги, халқ осойишталиги йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларимиз бугун ҳам жадал давом этмоқда, – деди Зокиржон Алматов. – Буни 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ички ишлар органлари фаолиятини ислоҳ қилиш долзарб вазифалардан бири этиб белгиланганидан ҳам билса бўлади.
Сир эмаски, олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамай, айрим жиноят турлари, хусусан, ўз жонига қасд қилиш, безорилик, ўғрилик, ҳатто аёллар ўртасида жиноятларнинг содир этилаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Бу каби салбий ҳолатлар, иллатларнинг олдини олиш эса нафақат соҳа ходимлари, балки кенг жамоатчилик, айниқса, ёшларимизга ҳам кўп жиҳатдан боғлиқдир.
Тинч ва осуда ҳаёт инсонни фаровон турмуш кечиришга, жамият учун фойдали ишлар қилишга ундайди. Бу неъматни асраб-авайлаш, ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадлардан чекинмай, турли зарарли одатлар ва алдовларга учмай ҳаёт кечириш ҳар биримизнинг энг муқаддас бурчимиз эканини унутмаслик лозим. Келажагимиз бўлмиш ёшлар қалбида Ватанимиз тақдири, келажаги учун дахлдорлик ва масъулият ҳиссини ошириш, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни муттасил кучайтириб бориш мақсадга мувофиқдир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида ички ишлар идоралари вакиллари билан ўтказилган видеоселектор шаклидаги йиғилишлардан тайёрланган ролик ҳам намойиш этилди. Давлатимиз раҳбари томонидан соҳада самарадорликни оширишнинг муҳим омили саналган устувор жиҳатларга яна бир бор эътибор қаратилди.
Учрашувда Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг ватанпарварлик, юртга садоқатли бўлиш – олий шараф экани ҳақида билдирган фикрлари талабаларни тўлқинлантириб юборди.
– “Шайтанат” сериалидаги айрим эпизодларни ЎзМУ бош биносига туташ айланма зиналарда суратга олган эдик, – деди Ёдгор Саъдиев. – Ўша даврдаги университет теварак-атрофидаги ҳолат билан бугунги ажиб манзарани ҳатто қиёслаб ҳам бўлмайди.
Шундай жаннатмакон масканда қунт билан ўқимаслик, ватанпарвар бўлмаслик мумкинми? Мен истиқлол фарзандлари ҳисобланмиш ёшларга ҳавас қиламан. Улар эркин ва бахтли Ватанда барча орзу-умидларига эришишлари учун беқиёс имкониятларга эга.
Учрашувда машҳур актёр ижросидаги гўзал қўшиқлар даврага янада файз бағишлади.
ЎзА
http://uza.uz/oz/society/general-polkovnik-zokirzhon-almatov-zmuda-maruza-ildi-21-02-2019
Сўнгги фикрлар