Жавоб (ҳажвия)

Учқун Бўронович кўчага отланган маҳал хотини зорланди:


— Кун бўйи сўрайвериб одамни хуноб қилиб юборишади. Жилла қуриса, қўлидаги рақамини айтинг, деб қисташгани қисташган… Энди қўл телефони олмасангиз бўлмайди чоғи…
— Кейин нима бўлишини биласанми? — зардалироқ оҳангда чиқди эрининг овози. — Бўлар-бўлмасга чақиравериб, бемалол ишлашга қўйишмайди. Икки-уч жойда ишлашдан ташқари, қанча таҳририят билан “Меҳнат шартномаси” тузиб қўйганимни биласан-ку…
— Хўп, бугун сўраганларга нима дейин?
— Факултетдан сўрасалар, бошқармадан чақириб қолишди, дегин, хўпми?
Хотини, тўхтанг, дея ичкаридан дафтар билан қалам олиб чиқди-да бош ирғади:
— Ёзиб қўймасам, адашиб кетяпман. Хўш, бошқармадан сўраб қолишса?
— Вазирликдаман.
— Вазирликдан сўрашса?
— Халқаро анжуманга таклиф қилишганди, де.
— Бу ердан ҳам топа олмаяпмиз, деб қолишса-чи?
— Таҳририятдаман.
— Қайси бирида?
— Журналлар жойлашган соатли бинода.
— Бу ерда йўқ экан, дейишса?
— Газеталар биносида, де.
— Бу ёқларни ҳам қараб чиқдик, дейишса-чи?
— Нашриётдаман.
— Нашриётдан ҳам тополмадик, дейишса?
— Уюшмадаман.
— Уюшмадан сўрашса?
— Миллий матбуот марказида.
— Марказда ҳам қораси кўринмаяпти, дейишса?
— Интернет клубида.
— Интернет орқали ҳам тополмаяпмиз, дейишса-чи?
— Ахборот хизматидаман.
— У ердан ҳар куни камида тўрт-беш марта сўрашади,– деди хотинининг қути учиб.– Бугун нима дейин?
— Тоби қочиб қолди, шифохонага кетди, де. Сўнгги гапни айтганда Учқун Бўронович ўзига-ўзи ғўлдираб қўйди: Худо кўрсатмасин…”.
— Қайси шифохонада эканини айтинг, кўргани борамиз, дейишса?
— Дўхтирлар тузата олмаганди, ноилож табибга кетган, деявер.
— Табиб оғайнингиз сўраб қолса-чи? — афти бужмайди ожизанинг. — У ҳам сўрагани сўраган…
— Ўзи сизга қўнғироққилар экан, де, — Учқун Бўронович ўзининг гапига ўзи кулиб қўйди. — Ҳаёт деганлари театр саҳнасининг ўзгинаси. Қара, ҳозирги ҳолатим худди Эргаш Каримовнинг интермедиясига ўхшаб кетяпти-я! Унга ўртоқлари “сен билан кеча кутубхонада эдик”, “иккимиз фалончини кўргани боргандик” деган қабилда ҳадеб тўқиб-бичавергач, ахийри у “мен бу ерда ҳам йўқман!” деб қичқириб юборади, ҳи-ҳи-ҳи…
Эри атай кулдириш учун айтган бу гапга ожиза ҳатто тишининг оқини ҳам кўрсатмади. Аксинча, рангги-қути ўчганча дилидагини тилига чиқарди:
— Хўп, қаерга боришингизни лоақал ўзим билсам бўладими?
— Мутлақо!
— Нега? — қошлари чимирилди уй бекасининг. — Мендан нега яширасиз?
— Гаплашганда оғзингдан лоп этиб чиқиб кетишидан қўрқаман, — деганча ўзи лип этиб остонага чиққан уддабурон эрининг қолган гаплари “шеърий” усулда бўлди:

Мен оқимга қараб оқсам бўлдими!
Болажонларга ҳам ёқсам бўлдими!
Бўйнингга маржонлар тақсам бўлдими!
Ҳеч кимдан кам қилмай боқсам бўлдими!
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

У шунақа қофиясини келтириб яна бирор сатр айтганча учқундек учиб кетди…
Сочига қиров қўниб ҳам қуюлмаган эрининг сўнгги сатрларидан дув қизарган хотини бугунги жавоблар рўйхатига қайта-қайта кўз югуртираркан, ўша қўнғироқ қиладиганларнинг ҳолини ўзича тасаввур қилганча “қаҳ-қаҳ”лаб кулиб юборди.

1

Тўлқин ЭШБЕК

Вам может также понравиться...

Ответов: 2

  1. Кунгирок килганларга кийин буларкан

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *