Жаҳонга йўл фақат инглиз тили орқали эмас

Ҳақиқатни асослаб дангал ёзадиганлар бор бўлсин, дейди Дониш домла.

ш

Глобаллашувнинг асосий омилларидан бири турли миллат ва элатларнинг бир-бири билан бевосита мулоқоти ҳисобланади. Бунда чет тилларини жиддий, интенсив, самарали ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Айнан ана шу масала долзарблиги, яқин икки йилда Ўзбекистонда тобора актуаллашаётган ва интенсивлашаётган халқаро алоқалар, учрашувлар, конференция ва семинарлардаги мулоқотлар чоғида яққол кўзга ташланмоқда. Айрим ҳолларда бу мулоқотларнинг асосий боғловчиси – таржимонларнинг уқувсиз ва ҳафсаласизлигидан чет эллик меҳмонлар олдида ноқулай аҳволда қоляпмиз. Илмий даража ва унвонга эга бўлган чет тиллар мутахассисларнинг оғзаки ва ёзма таржималарида информациянинг муҳим қисми тушириб қолдирилаётган вазиятлар ҳам учрамоқда, деб ёзилган «Маърифат» ​газетасида чоп этилган мақолада.

Ўзбекистонда таржимонлар тайёрлашни қониқарли, деб бўлмайди. Масаланинг тарихига келсак, юртимизда чет тиллари сифатида ғарб тилларидан асосан немис, инглиз, француз, испан, шарқ тилларидан эса араб, форс, ҳинд, хитой, корейс тиллари ўрганилаётганига салкам 100 йил бўляпти. Бу тилларни ўргатиш даставвал Тошкент ҳамда Самарқанд давлат университетларида, кейинчалик Тошкент давлат педагогика институтида бошланган эди. 1948 йилга келиб алоҳида Чет тиллари педагогика институти ташкил этилди. Ўқитиладиган тиллар ўртасидаги ўзаро мутаносиблик ҳозиргидай инглиз тилига 97 фоиз, бошқа ҳамма тилларга 3 фоиз эмас, деярли бир хил ўрин (квота) ажратилар эди. Ўша пайтларда она тилимиз бўлмаган рус тили эса деярли иккинчи она тили сифатида ўқитиларди.

2012 йил 10 декабрда «Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Унга биноан 2013 йилдан халқ таълимида чет тилларини ўқитиш аввалгидай 5-синфдан эмас, балки 1-синфданоқ йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Бу, албатта, замон талаби.

Бироқ қарорда ўрганилаётган чет тиллари сифатида асосан деган урғу биргина инглиз тилига қаратилганлиги анча-мунча мунозарали ҳолатга сабаб бўлди. Бу инглиз тилининг халқаро тил эканлиги билан изоҳланади. Натижада халқ таълими тизимидаги барча таълим муассасаларида асосан ва ҳатто фақат инглиз тили ўқитилиши жорий этилди. Мактабларда ишлаётган барча немис ва француз тили ўқитувчиларига қисқа муддатли курсларда малака ошириб, инглиз тили ўқитувчиси сертификатини олиб келиш, акс ҳолда ишдан бўшаш шарти қўйилди. Бундай талабга ҳамма ҳам тайёр бўлмаган.

Натижада қарийб 5 мингга яқин немис ва француз тили ўқитувчилари ишдан бўшатилди. Бусиз ҳам катта ижтимоий муаммога айланиб бораётган ишсизлик олий маълумотли малакали кадрлар ҳисобига «кўпайтирилди». Башарти, мамлакатда асосан инглиз тили ўқитилиши керак бўлганда ҳам, масалага бу тариқа бирёқлама ёндашмай, ўзгаришларни босқичма-босқич амалга ошириш керак эди.

Маорифчилар «Ота-оналар хоҳлашяпти» деган жавоб билан ўзларини оқлашди. Натижада мамлакатда 97 фоиз инглиз тили ўқитила бошланди.

Тил ўргатишдан кўзланган асосий мақсад — чет тили ёрдамида узоқ ва яқин мамлакатлар, аввало, ривожланган давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу йўл билан ўз мамлакатини турли жабҳаларда ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишдир.

Масалан, Ўзбекистон ривожига бевосита ҳисса қўшаётган давлатлардан бири Германия Федератив Республикасидир. 1994 йилда имзоланган Германия — Ўзбекистон ҳамкорлик шартномаси асосида икки мамлакат учун манфаатли қатор лойиҳалар йўлга қўйилган. Жумладан, «MAN» юк машиналарини ишлаб чиқариш, Германиянинг «Kemnits» заводи тўқимачилик технологиясининг пахтани қайта ишлашда қўлланилиши, таълим тизимидаги чет эл фондлари — Конред Аденаур фонди, Фридрих Эберт фонди, Гёте институти, Ҳумболдт фонди. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Энди «Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳасида йўлга қўйилган салбий ҳолатлар нималарда акс этишига мухтасар тўхталсак.

Биринчидан, «Асосан ўрганиладиган чет тили мақоми»дан маҳрум этилган тиллар ва уларнинг ватани бўлмиш Австрия, Германия, Швейцария ва Франциянинг халқаро майдон ва Европа Иттифоқидаги ўрнини ҳисобга олмаслик.

Иккинчидан, биз юқорида тилга олинган иқтисодий омилни инобатга олмаслик.

Учинчидан, асосий деб белгиланган ва иккинчи даражадаги бошқа тиллардан дидактик тайёргарликсиз (ўқув-меъёрий ҳужжатлар, дарс ишланмалари) иш бошлаш. (Бу ҳужжатлар «поезд юриб кетгандан» сўнг йилма-йил, йўл-йўлакай тузила борди).

Тўртинчидан, методик хусусиятни назарда тутмаслик. Чет тили ўқитишни ўқувчиларни нафақат гапириш ҳамда тинглаб тушуниш, айни пайтда ўқиш ва ёзишга ҳам ўргатишдан бошлаш лозимлиги, нутқ кўникма ва малакаларининг ўзаро мутаносиблиги бузилганлиги (асосий мақсад — гапириш ва тинглаб-тушунишга қаратилиб, ўқиш ва ёзишни бутунлай унутиш) инобатга олинмаганлиги. Натижада 1-синф ўқувчилари йил давомида дарсликдаги топшириқ ва машқларни ўқиб, бажариш тугул, ҳатто шу дарсликнинг номини ҳам тўғри ўқий олмайди. Она тили тажрибасига асосланиб, нотўғри талаффуз қилади (бу дидактик вазифаларни ўқувчилар ҳеч қандай методик тайёргарлиги бўлмаган ота-она ёрдамида бажариши керак эмиш…) Бу эса халқаро таълимий тажрибани нотўғри талқин қилиш ва тушунмаслик натижасидир.

Бешинчидан, таълим муассасаларидаги ўқув шароити ва вазиятни ҳисобга олмаслик натижасида барча мактаблар ва синфлар инглиз тилини ўқитадиган педагог кадрлар билан таъминланмаган.

Олтинчидан, айрим вилоятлардаги университетлар (Сирдарё ва Наманган)да немис тили мутахассислиги ўқитилиб турган бир пайтда барча мактабларда немис тилини ўқитиш умуман тўхтатиб қўйилди.

Еттинчидан, инглиз тилини ўқитишни йўлга қўйиш учун 5000га яқин инглиз тили ўқитувчиларига эҳтиёж ҳатто бугунга қадар (6 йилдан буён) тўла қондирилмаган. Бу бўшлиқни тўлдириш учун эса собиқ немис ва француз тили ўқитувчилари 4 ойда бир «юмалатилиб», (тўрт йилда ўргатолмаган ва ўрганолмаган мутахассислар инглиз тилини ўргата олади, деган сертификат билан) ишга жалб қилинди.

Саккизинчидан, немис ва француз тилларининг дунё тамаддунидаги аҳамиятига эътибор қилмаслик. Жумладан, немис тили Европа Иттифоқининг асосий ишчи тили мақомида, шунингдек, немис тили фан ва технологиялар тили ҳисобланади. Қолаверса, немис тили Австрия, Германия ва Швейцариянинг давлат тили, Люксембург, Лихтенштейн, жануби-шарқий Франция, Шимолий Италия, Чехия ва Венгрия каби мамлакатларда яшовчи немисзабон халқларнинг коммуникация тили эканлиги ҳам эътибордан четда қолдирилган.

Тўққизинчидан, мамлакатимизга келаётган сайёҳларнинг асосий қисми Европанинг немисзабон, фаранг ҳудудлари вакилларидир.

Немис тили ихтисослиги ўқув режасида педагогика, психология ва методика фанларига Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида бошқаларга нисбатан 3 баравар кўп ўқув квоталари ажратилган. Бу эса ўқитувчи учун жуда зарур бўлган касбий тайёргарликни кафолатлайди. Шу сабабдан немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш вазифаси асосан педагогика университети ва институтлари зиммасига юклатилмоғи лозим. Аммо айни пайтда аҳвол бунинг акси.

Етакчи педагогика университетида Германиянинг Фрайбург ва Ҳайделберг педагогика университетлари билан ҳамкорлик шартномаси бўла туриб, ўнлаб ўқитувчи Германияда малака ошириб, талабалар 1-семестрдан тил ўрганиб келмоқда. Шундай бир пайтда немис тили бўлими ва кафедраси 2016 йилда тугатилган, немис тили ўқитувчилари тайёрлаш эса асосан нопедагогик, жумладан, филологик йўналишдаги университет ва чет тиллари институтларига юкланган.

Ўқитувчиларни классификатор бўйича ва етакчилик мақомига эга бўлган махсус педагогик ва методик йўналтирилган меъёрий ҳужжатларни яратиб бераётган етакчи педагогика университетлари ва институтлари тайёрлаши керак. Бироқ қатор вилоятлар (Қашқадарё, Сурхондарё, Қорақалпоғистондаги олий ўқув юртлари)даги немис тили бўлими ва кафедраларида немис тили назарияси, уни ўқитиш методикасига ихтисослашмаган, илмий даражаси, унвони йўқ ўқитувчилар дарс бермоқда.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, чет тилларига эътибор берилаётган бир пайтда немис тилининг чет тиллар орасидаги улушини 3 фоиздан 30 фоизга кўтариш керак, деб ҳисоблаймиз.

Хуррам Раҳимов,

Германиядаги Олмон-Ўзбек илмий жамияти раиси,
Ўзбекистон немис тили ўқитувчилари ассоциацияси раиси, профессор

https://kun.uz/news/2019/01/18/jahonga-yol-faqat-ingliz-tili-orqali-emas

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *