1980 йилларда Журналистика факультети талабалари эндигина шу даргоҳни
тамомлаб, шоир сифатида донг тарата бошлаган Сирожиддин Саййидга ҳавас билан боқардик. Унинг бетакрор шеърлари билан бир қаторда долзарб мавзудаги публицистикаси ҳам бўлғуси журналистлар учун ўзига хос маҳорат мактабидир. Бугунги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимида фаолият кўрсатаётган Устоз шоир ўзи таҳсил олган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида ўз маҳорат мактабини ташкил этган. Умид қиламизки, бу маҳорат мактабида сабоқ олганлар келгусида Устозидан ўзадиган шогирдлар бўлишига умид қиламиз, дейди Дониш домла.
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг уч жилдлик «Асарлар тўплами» нашр этилди
Ёлғиз истак қалбда ҳукмрон,
Ватан меҳри тарк этмаса бас.
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг уч жилдлик «Асарлар тўплами» биринчи жилдига шоирнинг илк ижодий паллаларидан бошлаб то етуклик фасли бошлангунга қадар салкам ўн беш йиллик “изланишлар, изтироблар, айрилиқлар ва соғинчлар” даврини ўзида мужассам этган ижод маҳсуллари киритилган. Хусусан, “Руҳим харитаси”, “Салқин харсанглар кафтида”, “Севги мамлакати”, “Куйдим” ва бошқа китобларидан олинган шеърлар, “Жароҳат”, “Сўз ҳижрони”, “Саксонинчи йиллар”, “Тўполондарё билан хайрлашув”, “таназзул” ва “Ном” достонлари, шунингдек, “Биринчи сўз” номли насрий оҳангларда ёзган битиклар киритилган.
Тўпламнинг иккинчи жилдига шоирнинг “Уйингдаги бешиклар”, “Ватанни ўрганиш”, “Эгаси бор юрт”, “Устимиздан ўтган ойлар”, “Кўнгил соҳили” ва бошқа китобларидан олинган шеърлар , “Баҳор Сурхондан бошланар” достони, ғазал ва мухаммаслар, шунингдек, “Яшасин ёмғирлар” номли насрий битиклари киритилган.
Асарлар тўпламининг учинчи жилдидан эса “Дил фасли”, “Буғдойбўй Ватан”, “Очил, эй, гул, ки бўстон вақти бўлди”, “Онамнинг кулчалари” китобларидан олинган шеърлар, “Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур” достони, шунингдек, насрий оҳонглардаги бадиа ва эсдаликлари ўрин олган.
Сўз йўли – оғир ва машаққат. Осон ҳаёт бўлмаганидай, шеър ва шоирлик йўли ҳам азоб ва синовларга тўлуғ. Асарлар тўплами Сиз, азиз китобхонларни бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз.
Дарвоқе, Сирожиддин САЙЙИД – “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фармони билан “Очил эй гул, ки бўстон вақти бўлди” китоби учун 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти билан тақдирланган.
Қуйида шоирнинг баъзи шеърларидан баҳраманд бўласиз!
«Ватан қолар экан, Ватан абадий…»
Шабнам-шабнам тонгларда
жайронларга айланган,
Онанг сувлар сепганда
райҳонларга айланган,
Бир кечада соғинчинг
осмонларга айланган,
Соғинчларингдай зангор
осмонлари Ватандир.
Дерлар ҳусну малоҳат
вафо қилмас, арир у.
Сен ёр десанг, тушдаги
Лайлоларга арзир у,
Ҳарирдан ҳам ҳариру
паридан ҳам парирў,
Сойларга соя солган
мижгонлари Ватандир.
Бешикларда ўйнаган
оппоқ-оппоқ қўлчалар,
Кўзмунчоққа сўйлаган
кўзмунчоқдай кўзчалар,
Очилган гул-ғунчалар,
қанду асал кулчалар,
Момоларинг тўй қилган
айвонлари Ватандир.
Отанг солган уйлар бу —
синчлари — бардошларга,
Токлари ўхшаб кетар
мўйсафид элдошларга,
Томлар узра чўзилиб
кўклар, ой, қуёшларга
Узум узатиб турган
нарвонлари Ватандир.
Бир йигитга оламда
ҳам ёру ҳам ор керак,
Номуси баланд эрга
на сўз, на гуфтор керак,
Фарзандлари улғайса
шерюрак, арслонюрак,
Элнинг ҳар они, давру
давронлари Ватандир.
Оллоҳ ўзи буғдойинг —
тиллоларга еткизгай,
Қабоғингнинг остидан
балоларни кеткизгай.
Оқсарою Кўксарой
дунёларга еткизгай,
Ор-номусдан яралган
қўрғонлари Ватандир.
НАВОИЙНИ ЎҚИШ
Ҳар бир калла,
Ҳар бир бош
Жаҳолатдан қўрқиши керак.
Ҳар бир бола,
Ҳар бир ёш
Навоийни ўқиши керак.
Ҳар бир ота,
Ҳар бир мўйсафид
Умр ҳикматларин кўрсатиб,
Нафс арқонларин қирқиши керак,
Фарзандлари, набирасига
Навоийни ўқиши керак.
Бир болага — бутун мамлакат,
Баъзан эса қирқ киши керак.
Бешиклардан тушиб болалар
Навоийни ўқиши керак.
Сиз дейсиз: Йўл топиши керак,
Уй қуриб, пул топиши керак,
Йўқ-йўқ, у ор қилиши керак,
Навоийни ўқиши керак!
Самарқанду Бухоро, Термиз
Тўйларида барчамиз жаммиз.
Бизлар ахир кимлардан каммиз?!
Элга олам олқиши керак,
Оламга тик боқиши керак,
Навоийни ўқиши керак!
Берунийлар, ибн Синолар,
Улуғбеклар, Бобур Мирзолар
Қуриб кетмиш қандай бинолар!
Ёш кўнгиллар қалқиши керак,
Навоийни ўқиши керак!
Ватан азал битта Ватандир,
У биз учун сўлмас чамандир.
Шул сабабдан бола чоғлардан,
Майса чоғлар, лола чоғлардан
Ўзни уриб, юлқиши керак,
Навоийни ўқиши керак,
Дилга недир юқиши керак!
БУ — СЕНИНГ УЙИНГДИР…
Баъзан боғларимни
Чулғар хавотир,
Баъзан Ер шаридан
Оғирдир ўйим.
Олам — бир осмон,
Бир обу ҳаводир,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Бу дашту далалар,
Боғлар ҳам мендан,
Бу тупроқ — буғдой бўй,
Ҳандалак бўйим.
Сенинг кўксингдаги
Доғлар ҳам мендан,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Сен Ватан дейсану
Порлар юзларинг,
Менинг юртим ҳам ўз
Рангу рўйимдир.
Талпиниб келгувчи
Ўғил-қизларинг —
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Сенинг осмонўпар
Биноларингдан
Силкинди менинг ҳам
Чинордай бўйим.
Дарз кетди менинг ҳам
Минорларимга,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Баъзан назар солсанг
Ўзга юртларга,
Бағри тўлиб ётар
Олов, дудларга.
Одамзот кетмоқда хор,
Уюм-уюм,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Менинг ука-синглим
Сенга ҳам ука.
Синглинг тўй қилса гар —
Менинг тўйимдир.
Замин — қон-қардошлар
Йиғилган ўлка,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Менинг ҳам шаҳримнинг
Кўксида доғлар,
Узмоқчи бўлдилар
Бошлаган куйим.
Денгизлар ортидан
Боқдингми бир бор:
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим?!
Дунё томи узра
Нурли ҳалқалар,
Тинчлик — эрмак эмас
Ва ё бир ўйин.
Айтсалар бирлашиб
Давлатлар, халқлар:
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Мен йироқ кетсам гар,
Ўртангай онам,
Сенинг ҳам волиданг
Йиғлагай юм-юм.
Оналар интизор турган
Шу олам —
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
ДЕҲҚОН МАДҲИЯСИ
Тун чоғида томингга
Томчилаган ёмғирдир.
Бир томчиси — севинчу
Бир томчиси — оғриқдир.
Дастасига сиғмайин
Ерни қўмсар кетмонинг,
Умринг — дашту далангнинг
Меҳнатлари оғирдир.
Чопонингда тупроғу
Заҳматларнинг иси бор.
Юзларингда — минг ташвиш,
Қисматларнинг изи бор,
Одам Атодин қолган
Ҳикматларнинг изи бор,
Бу ҳикматни билмаган —
Ўз юртига сағирдир.
Ким ўйлади оламни,
Сен ўйладинг далангни.
Даланг бирлан ўтказдинг
Ёмғир селу жалангни,
Бозорларга кўз тикдинг
Ўқитолмай болангни,
Тақдир — гоҳ қўю қўзи,
Гоҳ сут бермас тарғилдир.
Пайкалларга ўтидан
Базм бергай қуёшинг.
Бу бир қизғин базмким,
Синалгайдир бардошинг.
Кетмон — сенинг йўлдошинг,
Еринг — сенинг дилдошинг,
Терларинг шароб бўлгай,
Кўк чойларинг чоғирдир.
Тупроқ билан дардлашмоқ
Бу — қадимий бурч, шараф.
Сен-чун асли бу даврон,
Сенга бўлсин бу шараф.
Ким етишди, ким етди,
Ким бўлмади мушарраф,
Ўзбекистон, онажон,
Мангу иссиқ бағирдир.
ВАТАН ДЕСАМ…
Бу диёрнинг айвонлари нурга талош,
Бу диёрнинг кайвониси ою қуёш.
Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш,
Кўзга суртай нонларини, нонларини.
Тирикликнинг заҳматлари, тақдирлари,
Ҳаётининг бор ҳикмат ҳам тадбирлари,
Эй, онамнинг тупроққина тандирлари,
Иситгансиз жонларини, жонларини.
Ким Ватанни зар тўнига енг этмишдир,
Ким бағрини осмонлардай кенг этмишдир.
Яратганнинг ўзи бугун тенг этмишдир
Асрларга онларини, онларини.
Бир суворий келмоқдадир — Бобурми ё?
Ҳиротми ё, Ҳиндистонми ёки Кўнё,
Кўриб келди, бундан сўнг ҳам кўрсин дунё
Султонлари, хонларини, хонларини.
Бу диёрнинг айвонлари нурга талош,
Бу диёрнинг кайвониси ою қуёш,
Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш,
Кўзга суртай нонларини, нонларини.
Нечун ўтмоқ ҳасад экиб умрларга,
Дилни ўраб ғараз, риё — кўмирларга?
Ҳавас қилиб яшанг улуғ Темурларга,
Эл билгайдир шонларини, шонларини.
http://uza.uz/oz/culture/zbekiston-khal-shoiri-sirozhiddin-saydning-uch-zhildlik-asar-21-06-2019
Сўнгги фикрлар