Наводан яралган боғлар
Адаб сўзидан олинган адабиёт – ёш авлодни комил инсон қилиб
камолга етказиши ҳақида кўп пурҳикмат фикрлар эшитганмиз. Сўз мулкининг султони, ўзбек шеърияти гултожи ҳисобланмиз Низомиддин Мир Алишер Навоий асарларига ошно бўлган китобхон чинакам комиллик даражасига етишиши табиий ҳолга айланган.
Мутафаккир шоир, давлат ва жамоат арбоби бўлган буюк аждодимиз 1441 йил 9 февраль куни Ҳирот шаҳрида таваллуд топгани, ёшлигиданоқ илмга чанқоқ бўлгани ҳамда эрта савод чиқаргани, камолотга ета бошлаган кезлари кўҳна Самарқанддаги машҳур илм даргоҳларида ҳам таҳсил олгани ҳақида бугун батафсил билмайдиган, унинг беқиёс маънавий хазинасидан баҳраманд бўлмаган замондошимиз топилмаса керак.
Олтинчи асрдирки, рўйи заминда ўзининг ўлмас ижоди ила руҳан яшаб келаётган бу буюк бобокалонимиз билан фахрланмаган, табаррук номини тилга олганида қалбида ифтихор туйғуси жўш урмаган инсон топилмаса керак. Улуғ аждодимизнинг беқиёс маънавий мероси асрлар оша эъзозланиб, ўлмас ғазаллари тараннум этиб келиниши қалбимизда ғурур ва улуғворлик туйғуларини жўш урдиради.
Замондошларимиз ҳазрат Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини мактабда адабиёт дарсларида ўрганиш билан бир қаторда ҳар кун, ҳар онда унинг маънавий нурларидан ҳам баҳраманд бўлиб келишаётгани баайни ҳақиқат. Айниқса, юртимиз истиқлолга эришганидан буён бу буюк аждодимизнинг бой маънавий меросига бўлган эътибор янада ортди.
Пойтахтимизнинг қоқ марказида қад ростлаган Алишер Навоийдаги миллий истироҳат боғимизга ҳар гал қадам ранжида қилганда азиз бобокалонимизнинг маҳобатли ҳайкали қошида беихтиёр ўйга толаман.
Улуғ аждодимизнинг нурли ва жозибали сиймоси авлодларини мудом эзгуликка, ватанпарварликка, бунёдкорликка, яратувчанликка, ҳалол меҳнатга, фидойиликка, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга ва инсонийликка даъват этаётгандек туюлаверади.
Ҳар бир инсон яратгандан аввало тинчлик-хотиржамлик, осойишталик тилайди. Дуога айланган бу эзгу тилаклар мудом мустажоб бўлаётгани ҳар он ҳаётимизга файз-барака, турмушимизга фаровонлик бахш этаётганини фақат шукроналар ила таъкидласак арзийди. Аввал калом деганларидек, тинчлик ва осойишталикнинг ҳам дояси даъваткор сўздир. Мутафаккир шоирнинг қай бир асарини мутолаа қилманг, инсонни ана шундай эзгуликка даъват этувчи ғоялар қалбингизга жо бўлаверади. Даҳо шоир ижодида ўз аксини топган эзгулик, инсонийлик, ватанпарварлик, ҳаётга муҳаббат туйғулари улуғланган бўлса, шунинг баробарида, турфа иллатлар қораланганини теран нигоҳ ила англаш мумкин. Бу доно фикрлар, улуғвор ғоялар бугун ҳам ўз аҳамиятини заррача йўқотгани йўқ. Бу асарларни севиб мутолаа қилган ўқувчи қалбида ҳаётга бўлган муҳаббат туйғулари ўзгача жўш уради! Бу муҳаббат аввало она Ватанга, ўз элига, жамики эзгуликларга меҳр ила боқишга ундайди.
Буюк шоирнинг беш достондан иборат машҳур “Хамса”си билан дастлаб мактаб парталаридаёқ ошно бўлганмиз. Маънавият оламида беқиёс хазина ҳисобланган бу асардаги энг улуғвор ғоялар ёшлигимиздаёқ қалбимизни забт этган. Бир пайтлар “Хамса”га кирган энг йирик фалсафий достон “Сабъаи сайёр”нинг насрий баёнини иштиёқ ила мутолаа қилган эдим. Навоийшунос Иноят Махсум насрий баёнини битган ушбу асарда (Алишер Навоий. Сабъаи сайёр. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1977.) шундай ибратли фикрлар фикрлар кишини ҳайратга солади:
“Бу етти жаннатосо гулшан ва етти осмонсифат қаср наққошлигининг сабаби ва меъморлигининг кайфияти ва иморатининг тархини – лойиҳасини ўзгартиришлар билан гўзаллаштирмоқ ва биносининг нуқсонларини тузатишлар билан дилкашроқ қилмоқ ва адабсизликлар учун узр айтмоқ ва ўзбошимчаликлар учун маъзират сўрамоқ.
Бу кеча найрангбоз фалак олам аҳлига лўттибозликлар кўрсатди. У нилгун осмоннинг кенг фазосига жуда кўп ажойиб мунчоқларни (юлдузларни) териб ташлади. У мунчоқлар гуногун хосиятга эга бўлиб, худди бақаламундек ҳар онда турланиб турар эди. Уларнинг ҳар бири ўз табиатига яраша юз хил найранг кўрсатар, бир нарсани пайдо қилса, иккинчисини йўқ қилар; ҳар бири бир жаҳон фитнани юзага келтирар эди”.
Шу тариқа даҳо шоир ҳаётдаги турфа найранглару фитналар қай тарзда осмону фалакдан бошланиб келишини ушбу сатрларида бетакрор бадиий лавҳалар воситасида акс эттирганини англайсиз. Биз бадиий асар оламидан ўз ҳаётимизга бир назар ташласак, буюк бобокалонимизнинг даҳо асарларида битган улуғвор ғоялар бугун ҳам ўз аксини топаёганига иймон келтирамиз.
Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, замондошларимиз, қолаверса, келгуси авлодларимиз ҳам ҳаётда мунаввар йўл топишлари, тўғри йўлдан ҳеч қачон адашмасликлари, эзгуликинг ҳамиша ғолиб бўлишига эришишлари, турли салбий иллатларга барҳам беришлари учун улуғ аждодимизнинг ўлмас асарлари билан мудом ошно бўлиб боришлари мақсадга мувофиқдир.
Мир Алишер Навоийнинг наводан яралган боғлари саналмиш бетакрор маънавий хазинаси – ўлмас асарлари барчамизни улуғворликка чорлаш билан бир қаторда мудом огоҳликка ҳам даъват этиб туришида эса улкан маъно мужассамдир.
Тўлқин ЭШБЕК
Сўнгги фикрлар