Наврўз нашидаси
Таниқли тарихчи журналист олим Шавкат Миралимов собиқ мустабид тузум
даврида Наврўз байрамини таъқиқлашларига қарши мардона курашган мард ва жасур миллий қаҳрамонларимиздан бири, дея эътироф этсак арзийди. Унинг ташаббуси ва қатъий саъй-ҳаратакатлари билан 1990 йилда (ҳали мустабид тузум ҳукронлиги давом этаётган таҳликали дамларда) «Наврўзи олам бугун» деб номланган тўплам 50000 нусхада чоп этилиши ўзи бир тарих! Шундоқ катта ададда чиққан китоб бир неча ҳафтадан сўнг дўконларда қолмай кетганди. Бугун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти лавозимида фаолият кўрсатаётган заҳматкаш Устозимиз қалбидаги шижоат ва маънавий нур талабаларимизни ҳам илҳомлантиради ва мана шундай жасорат сари ундайверади, деган умиддамиз.
Тўлқин Эшбек,
халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
АССАЛОМ НАВРЎЗ!
ЯШАРИШ ФАСЛИ
Дилларга ўзгача қувонч, она табиатга файзу тароват олиб, диёримизга яшариш фасли – НАВРЎЗ қадам қўймоқда. Бу байрамнинг тарихи қандай, у қай тарзда нишонланади?
Наврўзнинг мустақил ўлкамиздаги тантаналари қандай кечади?
Тўрт фаслни-да тенг ва бетимсол қилиб юртимизда баҳорнинг эрка бир шукуҳ, тоза нафаслари ила соғинтириб келиши ўзгача гўзал. Қаҳратон қахрини синдириб, аямажуз совуғини юмшатиб қор кўрпасини кўтариб чечакларнинг кулиб туриши, қирларда бодомларнинг гуллаши тирикликка Янги кун кириб келаётганидан хабар беради. Тупроқлар тупида илдизлар тўлғанади, томирларда, новдаларда ҳаёт уйғонади. Кўкараётган ҳар бир майса, ҳар бир гиёҳда яшашга, яшаришга даъват бордай. Бу – Наврўз гўзаллик, тириклик ва уйғониш фасли. Шоирлар тасвирлаганидек наинки кунларда ва туйғуларда яшариш, балки қадим юртда қайта қад ростлаётган она Туркистонда ҳам янгиланиш, камол топиш бошлангандай.
Бугунги Наврўз қадимгидек шартли равишда икки қисмдан иборат, биринчиси –меҳнат билан боғлиқ бўлган тадбир ва чоралар бўлса, иккинчиси – кўнгил очар, ҳордиқ чиқариш, эстетик завқ олишга бағишланган ўйин-кулгу, томошали тадбирлардир.
Наврўзнинг биринчи қисмида боғ-роғларни тартибга солиш, далаларни экишга тайёрлаш, ариқ-зовурларни тузатиш, уруғлик, ўғит ва кўчатларни ҳозирлаш, дала шийпонлари, асбоб-ускуналар ва бошқаларни кўздан кечириш, шаҳар жойларида эса йўлка ва ҳиёбонлар, кўча-кўй, жамоатчилик фойдаланадиган жойлар (чойхона, болалар боғчалари, мактаблар, стадион, спорт майдончалари, гузарлар ), ҳовлижойлар тартибга келтирилади, умуммаҳалла ҳашарлари ўтказилади. Бунда, айниқса, уйда эркаги йўқ, бева-бечораларга сидқидилдан ёрдам берилади. Шаҳар ва қишлоқларда мозорлар, тарихий-маданий ёдгорликлар, дов-дарахтларга эътибор берилади. Ўй кўтарилиб, хонадонлар покланади ва ҳоказолар.
Иккинчи қисм ўйин-кулгу, спорт мусобақаларидан ташкил топади. Лола сайли, аскиябозлар гурунги, полвонлар беллашуви ва дорбозлар, қизиқчилар томошалари, лапар, ашула ва рақс конкурслари, тез айтиш ва топишмоқ ўйнаш, оловдан сакраш, улоқ, от пойгаси ва бошқа халқ ижодиётининг намуналари Наврўзга хусн бағишлайди, байрам қатнашчиларига эстетик ҳузур беради.
Ҳалим, сумалак Наврўзнинг гултожидир. Ҳаётбахш кўклам таомларини тайёрлаш жараёни, қозон бошида “ сеҳргарлик” қилаётган отахонлар (ҳалимда), онахонлар ( сумалакда) ва бошқа ёш-яланглар, туни билан мижжа қоқмай чиққан сипо “ҳалимчи” ларнинг сирли ҳаракатларию “сумалак”-чиларнинг ўйин-кулгу, лапарлари, айтишувлари – буларни сўз билан таърифлаш қийин.
Наврўз нима учун айнан 21 мартда нишонланади? Янги йил байрами нишонланишининг сабаби нимада деган саволлар туғилиши табиий.
Григорян тақвимидаги 1 январда бошланадиган Янги йил билан НАВРЎЗ Янги йилини солиштириб кўрсак, биринчиси шартли равишда, декрет орқали нишонланишининг гувоҳи бўламиз. Ҳақиқатан, 1 январь қиш фаслининг ўртаси, табиат уйқуда, унда ҳеч қандай ўзгариш йўқ.
Дунёда март, апрель, май ойларини шартли равишда баҳор фасли деб аташ қабул қилинган. Бироқ, табиат қонунига кўра, бу фасл Ернинг Шимолий ярим шарида баҳорги кеча билан кундуз тенг келган ёзги қуёш турғунлигича давом этади. Бу 20-21 мартдан 21-22 ииюнгача бўлган фурсатдир. Нақл қилишларича, баҳорнинг ўша биринчи кунида ер остида ётган илонлар ҳам бир ағдарилиб олар эмиш. Бу чиндан табиатнинг, Она Ер бағридаги жами жонзотнинг, қурт-қумурсқалар ва ўт-ўланларнинг уйғониш, жонланиш давридир. Шунга кўра Марказий Осиё ва Шарқ халқларининг талай қисми 21 мартни қадимдан Наврўз (Янги кун-янги йил) деб байрам қиладилар.
Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” китобидан Қуёш йили ҳисобида йилнинг биринчи ойи ҳисобланган фарвардин тўғрисида сўзлаб “Бу ойнинг биринчи куни бўлиб, унинг форсча номи ҳам шу маънони тақазо этади. Наврўз эронликлар зижлари бўйича ўтмиш замонларда улар йилларини қабисали қилган вақтларда Қуёшнинг саротон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорда келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунча, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ҳайвонларда (шахват) қўзғалишидан то насл вужудга келгунча ва ўсимлик униб чиқа бошлаганидан такомиллашгунича давом этган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган ” деб ёзади.
Демак, Беруний “орқага сурилгач” деган иборада Қуёшнинг Ҳамал буржига кириши, кеча билан кундузнинг баробар келиши-22 мартга ўтиш вақтини назарда тутади. У Наврўзнинг борлиқ-табиат қонуниятига мувофиқ ҳолатини асослабгина қолмай, у билан боғлиқ бўлган турли маълумот ва ақидаларни ҳам баён этган.
Ана шулардан кўриниб турибдики, Наврўзнинг Янги йил сифатида, Янги йилнинг биринчи куни сифатида нишонланишида табиат қонунларига, фалакиёт қонунларига амал қилинган.
Наврўз тантаналари доимо деҳқончилик, ҳунармандчилик, санъат ва жисмоний баркамолликнинг ҳам ўзига хос намойиши бўлиб келган. Халқ сайлларида ҳунармандлар ўзлари ясаган ажойиб ашёларини, пазандалар ширинлик ва анвойи таомларини, полвон ва чавандозлар куч-қувват ва маҳоратини, чаққонликларини намойиш этганлар, қизлар ва келинчаклар Наврўз тантаналарига атаб махсус либослар, кашта ва рўмоллар тикканлар, уларга гул нақшларини тушурганлар.
Наврўзи олам ҳозирги кунда ҳам ўз тароватини нафис жозибасини йўқотгани йўқ. Аксинча, Наврўз янги замонавий маросим расм-русумлар билан бойиб, тобора гўзаллашиб, халқимизни янада кўпроқ хушнуд этиш учун жумҳуриятимизда эркин, шунга мос вазият вужудга келмоқда. Бу мустақиллик нинг мевасидир.
Янги йилингиз муборак бўлсин хой бобо!
Янги йилингиз муборак бўлсин хой момо!
Янги йилингиз муборак бўлсин хой она!
Бойчечак чиқибди, бугун Наврўз экан!
Хой, боғбон бобо, ниҳолга берсин барака!
Хой, деҳқон бобо, даланга берсин барака!
Хой, чўпон бобо, қўранга берсин барака!
Бойчечак чиқибди, бугун Наврўз экан!
Шавкат Миралимов,
тарих фанлари номзоди, Ўзбекистон Миллий
университети Журналистика факультети доценти
Сўнгги фикрлар