Ойдин кунлар орзуси
Устоз Тўрақул Йўлдошев хотирасига
Ҳар бир инсон ўз юртидан, шаҳар-у қишлоғидан етишиб чиққан улуғ сиймолар билан ҳақли равишда фахрланади.
Самарқанд вилояти, Иштихон тумани аҳолиси таниқли давлат ва жамоат арбоби, ажойиб инсон Тўрақул Йўлдошев билан ҳақли равишда фахрланади.
Ўтган асрнинг 70-80 йилларида республикамиз раҳбари, атоқли давлат ва сиёсат арбоби, улуғ ёзувчи, публицист Шароф Рашидов билан бир сафда фаолият кўрсатган Тўрақул Йўлдошевнинг телевизор орқали пахтачилик, деҳқончилик соҳаларида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишлаган чиқишларини мароқ билан кузатар эдик. Кўринишидан кўркам ва ўктам инсоннинг воизлик санъати, ҳар бир сўзни маромига етказиб айтиши барчани ўзига мафтун этарди.
Республикамиз мустақиликка эришиш арафасида Тўрақул Йўлдошев ўнлаб фидойи арбоблар қатори Биринчи Президентимиз Ислом Каримов билан бир сафда фаолият кўрсатди. Ўша кезларда Иштихон тумани раҳбари бўлган Тўрақул Йўлдошевнинг Олий Мажлис депутати сифатида амалга оширган ишлари ўзи бир китобга жо бўлади, десам муболаға бўлмайди.
Тўрақул ака тез-тез Тошкентга келар ва иштихонлик ижодкорлар, ёшлар билан албатта учрашувлар ўтказарди. “Бугун республикамиз мураккаб даврни бошидан кечирмоқда,– дерди ҳар гал вазиятга тўғри баҳо бериб.– Сиз ҳар хил даъватларга учманг! Ҳозир одамларни, айниқса, ёшларни йўлдан урадиган, намойишларга ва унинг ортидан ур-тўполонларга даъват этадиган кимсалар пайдо бўлган. Давлат, халқ, миллат тақдири билан бу тариқа ўйнашиб бўлмайди. Тўғри, бугун анча-мунча муаммоларимиз бор. Уларни ижобий ҳал этиш учун оғир-вазминлик, оқиллик билан ҳаракат қилиш лозим. Донишманд боболаримиз ҳар қандай масалани бамаслаҳат ҳал қилганлар. Биз ҳам шундай йўл тутамиз. Марҳамат, қандай таклифларингиз бўлса айтинг. Нима муаммо сизни безовта қилмоқда? Шуни ёдда тутингки, сизнинг ҳар бир саъй-ҳаракатингиз ота-онангизга, халқингизга, юртингизга наф келтирадиган бўлсин! Шундай йўл тутсаккина бир кун албатта ойдин кунларга эришамиз!”
Кўпинча бир пиёла чой устида ташкил этиладиган бундай суҳбатлар барчамиз учун ўзига хос маърифий сабоқ бўларди. Туманимиз раҳбарининг дил сўзлари ота насиҳати каби қалбларга жо бўларди.
Шу тариқа азиз ва меҳрибон инсон – Тўрақул Йўлдошев билан ҳаммамиз ота-боладек қадрдон бўлиб қолган эдик. Ана шу суҳбатлар биз ёш ижодкорларга олам-олам илҳом бахш этган. Республикамиздаги оғир иқтисодий аҳвол кўпчиликни ташвишга солиб турган бир пайтда Иштихонда ўзгача манзарани кузатиш мумкин эди. Тадбиркор раҳбар деҳқонларга қадрсизланиб бораётган пул (рубл) ўрнига энг зарур истеъмол моллари, хусусан, ун, ёғ, шакар, кийим-кечаклар етказиб беришни йўлга қўйган эди. Ўша кезларда чиндан-да қадрсизланган қоғоз пул (рубл)га ўша маҳсулотларни топиш амри маҳол бўлиб қолган эди-да…
Тошкентда яшаб, ижод қилаётган бўлсак-да, киндик қонимиз томган муқаддас гўшамиз – Иштихонга тез-тез бориб турардик. Ҳар гал туманимизда юз бераётган ажиб ўзгаришлар, амалга оширилаётган хайрли ишларни кўриб кўнглимиз тоғдек кўтарилар эди. Шу аснода бир хайрли ишга қўл урдик. Тўрақул Йўлдошевнинг ҳоким сифатида қилган маърузалари, меҳнаткашлари билан суҳбатларини тўплаб, “Ойдин кунлар олдинда” деб номланган бадиалар тўпламини нашрга тайёрладик. Мўъжазгина китоб иштихонликларда катта таассурот қолдирди. Одамларни янада руҳлантирди, келажакка умид уйғотди. Энг муҳими, ўша китобда баён этилган орзулар, режалар босқичма-босқич амалга ошганига тумандошларимизнинг ўзлари шоҳиддирлар.
Ижод ва илм аҳлига ҳамиша эҳтиром ила қарайдиган устозимиз иштихонлик ёзувчи-шоирларнинг сара асарларини тўплаб, нашр эттиргани ўша кезларда катта воқеа бўлганди.
Тўрақул Йўлдошев ўзига хос инсонийлик мактабини яратган ажойиб сиймо эди.
Бутун ҳаётини Ватани, азиз халқи учун бахшида этган инсонни замондошлари ҳеч қачон унутмайди. Умр тонгги бўлгани каби унинг шоми ҳам муқаррардир. Энг муҳими, ана шу тонгдан шомгача инсоннинг қандай эзгу ишлар қилгани унинг умр дафтарида мангу битикларга айланади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, иқтисод фанлари номзоди, тажрибали ва ташкилотчи раҳбар, меҳнат фахрийи Тўрақул Йўлдошев 81 ёшида вафот этди.
Унинг таржимаи ҳолига назар солсангиз, оддийгина ҳаёт йўли битилганга ўхшайди: 1936 йилда Иштихон туманида туғилган, ўрта мактабни муваффақиятли битиргач, Самарқанд савдо институтининг (ҳозирги Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти) иқтисод факультетида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини тумандаги хўжаликларда турли вазифаларни бажариш билан бошлаган. Сўнгра Митан қишлоқ матлубот жамиятида бош ҳисобчи, “Меҳнат-роҳат” ва бошқа жамоа хўжаликлари бошқаруви раиси, туман қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи вазифаларини адо этди. Қишлоқ хўжалигида бой тажриба тўплаган, ташкилотчилик илмини эгаллаган Тўрақул Йўлдошев вилоят, республика бошқарув идораларида фаолият кўрсатди. Жумладан, Самарқанд вилоят план комиссияси раиси, республика Қишлоқ хўжалик вазири ўринбосари, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети қишлоқ хўжалиги мудирининг ўринбосари, Ўзбекистон Министрлар Советининг собиқ иттифоқ Министрлар Совети қошидаги доимий вакили, “Ўзсельхозхимия” республика бирлашмаси раиси каби вазифаларда самарали меҳнат қилди. Иштихон туманининг биринчи раҳбари, вилоят пилла етиштириш бирлашмаси раиси сифатидаги фаолияти унинг ҳаётида ўчмас из қолдирганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Тўрақул Йўлдошев қаерда ва қайси вазифада ишламасин, ўзига хос қатъиятлилик кўрсатди, тизимда илғор тажрибаларни кенг қўллади, меҳнат жамоалари, умуман, соҳа иқтисодини янада мустаҳкамлаш, халқ турмуш фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшди. Самарали хизматлари боис унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи” фахрий унвони берилганди. Тўрақул Йўлдошев нафақага чиққач, нуроний сифатида туман ва қишлоқларда, меҳнат жамоаларида бўлиб, ўзининг ҳаётий тажрибаларини ёшларга ўргатишни ўз бурчи деб биларди.
Ана шундай меҳридарё инсондан айрилиш оғир жудоликдир. Кўнгилга аскин берадиган биргина ҳол: Тўрақул Йўлдошевнинг ойдин орзулари рўёбга чиқди! Унинг “Киндик қони томган ер” деб номланган салмоқли китоби ана шу орзуларнинг ўзига хос сарҳисобига ўхшарди. Катта ҳаёт йўлини босиб ўтган, турмушнинг аччиқ-чучугини татиб кўрган табаррук сиймо ўз бошидан кечирган, ўзи гувоҳ бўлган маъмурий буйруқбозлик, тазйиқ, зўравонлик, мустамлакачиликка асосланган собиқ совет тоталитар тузумининг кўзбўямачилик, ишлаб чиқариш, иқтисодий тараққиётга катта зарар етказган, ташаббус ва фикр эркинлиги бўғилган, пахта яккаҳокимлиги, қўшиб ёзиш, ҳайбаракаллачилик авж олган яроқсиз бошқарув усулларини қаламга олган. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида бу иллатларга узил-кесил барҳам берилгани, ўзбек халқи ўз она ерининг ҳақиқий эгасига айлангани, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар туфайли эркин ва озод Ўзбекистон катта тараққиёт йўлига чиққанлигини мамнуният билан ёзади. Буни китобнинг «Миллат халоскори», «Дунёда адолат бор экан», «Одамларга меҳрибон бўлинг!», «Элнинг нони бутун бўлсин» ва бошқа бобларида аниқ мисоллар билан далиллаб беради. «Халқимиз ўтмиш сабоқларидан тўғри хулоса чиқариши, мустамлакачилик асоратига тушмаслик, миллий қадриятларни эъзозлаш, озод ва эркин яшаши учун ҳам бу зарур», деб ёзади муаллиф. Китобдаги хотираларни ўқир экансиз, уларда муаллифнинг киндик қони томган ер – ўзи туғилиб ўсган замин, она юртга бўлган муҳаббати, меҳнаткаш, хокисор халқига чуқур ҳурмат-эҳтиромини ҳис қиласиз.
Яхшидан боғ қолади, деганларидек, Тўрақул Йўлдошевнинг ҳавас қилса арзигулик фарзандлари Эркин, Фахриддин, Меҳриддин, Комилжонлар илмли, зукко, турли соҳаларнинг етук мутахассислари бўлиб камолга етдилар. Айни кунларда улар она Ватан хизматида оталарининг улуғвор изидан бораётганлари дилга таскин беради, яна умид уйғотади.
Улуғ устоз Тўрақул Йўлдошевнинг порлоқ хотираси қалбимизда абадий яшайди. Унинг фарзандлари қаторида юзлаб шогирдлари, издошлари ҳам эзгу ишлари билан улуғ сиймо руҳини шод этаверади.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Сўнгги фикрлар