Саксоннинг сарчашмаси

Саксон баҳорни кўришга етганлар бор, етмаганлар бор!

Шу табаррук ёшга етган инсон меҳр сарчашмасига айланиб қолса, бу ҳам улкан бахт экан. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фалиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Бошқаруви раиси Шуҳрат Илҳомович Жалиловни ана шу сарчашмага қиёс этгимиз келади.

Шухрат2

Шуҳрат Жалилов 1939 йил 17 август куни Фарғона вилояти, Бешариқ туманида тааллуд топган. У эндигина тили атак-чечак бошлаган маҳал Иккинчи жаҳон уруши бошланган. Ўша суронли дамларда фронтга отланган отаси – Илҳом ака қаҳрамонларча ҳалок бўлгач, Шуҳратга отасини қайтиб кўриш насиб этмаган…

Мактабни аъло баҳоларга тамомлаган Шуҳратжоннинг орзуси ҳуқуқшунос бўлиш эди. 1965 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) Юридика факультетини аъло баҳоларга тамомагач, шу даргоҳда илмий изланишларини давом эттирди, бўлғуси ҳуқуқшуносларга дарс берди. Шу тариқа юридик фанлари доктори, профессор даражасига етди!

1998-2003 йилларда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика Бошқаруви раиси сифатида бу тизим пойдеворини мустаҳкамлашда чинакам ташаббус кўрсатган Шуҳрат Жалилов шу давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сифатида кўплаб қонунларни яратишда ҳам фаол иштирок этди.

Қатор йиллар давлат ва жамоат ташкилотларида масъул лавозимларда самарали фаолият кўрсатган фидойи инсон кўксини “Дўстлик” ордени ва “Шуҳрат” медали безади!

Ёши улуғ инсонларни жонли энциклопедияга қиёслашади. Ҳақиқатан ҳам кўпни кўрган, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган отахонлар ўзига хос ҳаёт мактабига айланади. Ҳақиқий инсонпарварлиги, оқиллиги билан эътибор қозонган Шуҳрат Жалилов Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фалиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Бошқаруви раиси сифатида кўп хайрли ишларда бош-қош бўлмоқда. Жамғарманинг ўз олдига қўйган эзгу мақсадлари ундан-да мўлроқ. Бугун бу ишлар сарҳисоби ҳақида сўз юритмаймиз. Фақат, шу улуғвор ишларнинг бошида турган фидойи отахону онахонларга мадад бўлаётган жамғарма сардорининг саксонинчи баҳори билан қутлашга жазм қилдик.

Юзлаб шогирдларининг севимли устозига тилагимиз – юз билан юзлашиб юриш насиб этсин! Сиз етакчилик қилаётган нуронийлар жамоанинг ақл чироғи она Ватанимизни то абад чароғон этаверсин.

 

Шавкат МИРАЛИМОВ,

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ доцентлари.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *