Талабалар хавфсизлик қоидалари билан таништирилди
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Европа
комиссиясининг кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий хавфсизлик бўйича эксперти иштирокида семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва Европа комиссиясининг Тошкентдаги кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий хавфсизлик бўйича илғор тажрибалар маркази кўмагида ўтказилган мазкур тадбирда университет талаба-ёшлари иштирок этди.
Семинар машғулотини Марказий Осиё ва Кавказ биохавфсизлиги ассоциацияси президенти, биология фанлари доктори, профессор Лела Баканадзе олиб борди.
Л.Баканадзе Европа комиссиясининг Тошкентдаги кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий хавфсизлик бўйича илғор тажрибалар марказида фаолият кўрсатади. Узоқ йиллардан буён айни соҳадаги тадқиқотлар ва тажрибаларни ўрганиб келади.
Семинарда талабаларга кимёвий, радиологик ва ядровий таҳдидлар, уларга қарши хавфсизлик чоралари бўйича маълумотлар берилди.
Аҳоли, жумладан, ёшларнинг кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий хавфсизлик бўйича хабардорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган шу каби тадбирлар Самарқанд давлат тиббиёт институти, Бердақ номидаги Нукус давлат университетида ҳам ўтказилди.
http://uza.uz/oz/society/talabalar-khavfsizlik-oidalari-bilan-tanishtirildi-04-03-2019
Сўнгги фикрлар