Тарбия
Сайтимизга Оқдарё туманидан хат келди
Аббос зимдан отасига қаради. Ота қовоғини солиб ўтиргани учун дабдурустдан гап бошлашга ҳадди сиғмади. Келганига уч-тўрт соатча бўлди-ю, укалари, онаси билан уёқ-буёқдан гаплашиб, унга-бунга уриниб вақтни ўтказиб юрибди. Укалари кўз қисиб кулиб қўйишади, истиҳола қилгани сари кичик укаси Аброрнинг “Ҳозир зўр “тузлайди”лар-да сизни” деган ҳазили баттар шаштини сўндиради. Охири кеч туша бошлаганда кетишга тараддуд кўра бошлади.
- Ота, — деди секингина, — Энди биз кетсак. Неварангизниям боғчаси қолиб кетди неча кундан бери. Келаси ҳафта дам олиш кунлари келар…
Ота бир қошини кўтариб истеҳзо билан қаради. “Оббо…”, бу қарашнинг маъносини тушунган Аббос ерга қараб бошини эгди, “бошланди шекилли”. Укалари бир-бирларига айёрона кўз ташлаб қўйишди. Келин ҳам секин туриб, ниманидир кўтариб чиқиб кетди.
Ўтган дам олиш куни меҳмонга келган отасини уйига қўйиб, яна ишга кетган Аббос кечқурун бозор-ўчар қилиб, доимгидан эртароқ келса, ота йўқ. Хотинининг узуқ-юлуқ тушунтиришидан шуни англадики, нимадандир жаҳли чиққан бобо севимли неварасини етаклаб, қишлоққа кетиб қолибди. Кетаётиб, “Сизлар боламни тарбиясини бузяпсизлар, ўзим ўқитиб оламан” деганини эшитган келини ўша кундан бери Аббосни туркилайди, “болани боғчаси қолиб кетяпти, тўгараклари бор, гимнастика ўқитувчиси келиб кетди, нима бўлса ҳам отамни кўндириб Асилани опкелинг”. У хаёлини тўплаб, укасининг гапи билан айтганда боядан бери уни “тузлаётган” отасига қулоқ тутди.
- Анови эртадан кечгача ўчмайдиган телевизоринг бор, қайси каналга олсам ҳам одам қараб бўлмайдиган нарсаларни кўрсатиб ётган бўлади. Билмадим, бизам телевизор кўрамиз, ҳеч сен кўрадиган каналларни кўрсатмайдида! – отасининг пичингини эшитиб, кулиб юбормаслик учун бошини баттарроқ эгди, — Беш ёшли бола, қайси бир каналда бир-бирига тикилиб турган чол-кампирга қараб, “Бобо, булар ёшлигида бир-бирини севган-да” дейди! Болам бечора, бошқа нарса кўрмаганларингдан кейин нима қилсин бу. Қидириб-қидириб мултьфилм бераётган канални созладим, беш минут ўтар-ўтмай ундаям шу аҳвол-да! Ҳозирги мультфилмларниям Худо урган, ҳаммасида шаҳзодалар, маликалар. Сичқонлар, итлар ҳам бир-бирини севадими-йей! Э менга қара, қанақа китоб опкелиб бергансан болангга?!
- Ота, биласизку боғчасида русча ўргатишади, ҳамма боғча опалари рус, шу китобчалардан эртак айтиб беришади-да. Золушка-ку, ёмон эртакмас… – Аббоснинг гапи бўғзида қолиб кетди.
- Ҳаа, яхши эртак, биламан! Китобларини очиб қарадингми ўзинг бир? Сотиб олишдан аввал қарамайсанми? Суратларини кўрдингми?! Энди буёғини эшит! Тоза ҳавода пича айланай деб ҳовлига тушсам, қизинг турибди ҳовлида. Қўлида қурбақа! Қоғоз салфетка билан ушлаб олган. Қаердандир топиб олибди. Нима қиласан буни, тез қўйиб юбор, десам, “Йўқ бобожон, мен буни шаҳзодага айлантираман” дейди! – Аббоснинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди.
- Асила! – атрофга қараб қизини қидирди.
- Бақирма болага. Бунга нима дейсан? Кўрганини қилади-да! Ҳалиям кўриб қолдим, Худо кўрсатмасин бирор касал юқтириб олса нима қиласан! Гап шу! Бундан буёғига боланг нима кўряпти, қанақа китоб қараяпти, ўзинг назорат қиласан. Қандай кўрсатмайсан у каналларингни, қанақа яхши нарсалар топиб кўрсатасан уёғи сени ишинг! Хоҳласанг ана интирнет-пинтирнетингдан яхши, миллий мультфилмлар олиб, қўйиб берасанми, ўзинг биласан. Китоблариниям қараб оплкелиб бер, тушунмаса ўзларинг ўқиб беринглар! Ёдлаган шеърлариниям бир эшитиб кўр! Мен эшитдим, — ота кинояли қаради, — Рус синфига бераман деётгандинг, берсанг бер, лекин бола эшитиб қўй, борса фақат бошланғич синфда боради рус синфига! Катта синфга ўтгандан синфини алмаштирасан! Қизим шундоғам қобилиятли, ҳамма нарсага ақли етади, ўқитувчига бер ана рус тилида қийналса, дарсдан кейин. Тушундингми?
- Хўп ота.
- Агар ўзим опкелиб шу ердаги мактабга бераман! Зўр врач бўлади қизим ҳали, шундай қобилиятли болани миясини ҳарбалога чалғитиб ўтирибсизлар. Гимнастикасигаям бошланғич синфда борсин, жа бўлмаса теннисга бер.
- Хўп. Айтганингиздай қиламан. Биз кетайлик энди ота. Кеч бўлиб қолди, қоронғи тушмасдан етиб олайлик.
- Майли, яхши боринглар, Аллоҳ паноҳида сақласин ҳаммангизни, — югуриб келган набирасини пешонасидан ўпди бобо, — Булар бирортаси сени хафа қилса, дарров телефон қилиб ўзимга айт, хўпми?
- Шошма, кеча бобонг йўлда олиб берган пакетчали маккажўхорингни олиб кет, ҳозир олиб бераман, — ташқаридан кириб келган бувиси уй тўрига йўналди.
- Йўқ, керак эмас буви! Укам ейди, қолаверсин, — қизалоқ амакисининг ўғилчасига ишора қилди бидирлаб, — менга дадам бошқасини олиб беради.
Хайрлашиб йўлга тушишгач, “Дада, — деди қизча кўзларини айёрона қисиб, — кеча-чи, бобом олиб берган ширинликнинг қоғозида Соҳибжамол ва Махлуқнинг расми бор экан-да, — қиқирлаб кулди у, — Бобом қарамаганлар. Олсам яна кўриб қолиб, мени умуман шаҳарга жўнатмай қўймасинлар деб, Ойбек укам ейди дедимда. Менга бошқасини олиб берасиз-а?”.
Аброр тўхтаб қолди. Ўтириб, қизининг қўлчаларидан ушлади. Энди нимадир демоқчи эди, қизалоқнинг кўйлакчасидаги Оппоғой ва уни “уйғотаётган” шаҳзоданинг суратига кўзи тушиб, бошини чангаллади.
- Эҳ қизим-е! Энди сени қаерда катта қиламан?!
Малак Ворисова,
Самарқанд вилоят Оқдарё тумани
Тарбиявий аҳамияти жуда катта мақола! Менга ёқди.
Ko’p hikoyalarni o’qishni boshlaganimda oxirini tasavvur qila olaman. Hikoyada bu holatga biroz qiynaldim. Demak,yaxshi yozilgan.
Avloniyning mashhur fikri yodimga tushdi: » Tarbiya biz uchun yo hayot, yo mamot, yo saodat, yo zalolat masalasidur»
Hursandman shunday ibratli gaplarni mutola qilganim uchun
Rahmat
Qani edi bu maqolani o’zini ODAMman, INSONman degan har bir jon o’qisa. Tarbiya olarmidi… Mayli tarbiya olmasa ham, vaqtiga ziyon qilmasdi.
Hikoya juda yoqdi. Tarbiya va odob xar qadamda kerak bo`ladi va o`zligini bildirib turadi. Hikoya mukammal yozilgan
Uchildiz.uz ni shunday o’quvchisi borligidan xursandman.
Hikoyaning bugungi kun uchun tarbiyaviy ahamiyati ancha yuqori.
Ajoyib hikoya ekan. Bola tarbiyasi bu eng og’ir davrlardan biri. Bolani necha yoshidan tarbiyalash kerak degan savolga bir donishmand javob bergan ekan:Bolani tarbiyalash ona qornidaligidayoq boshlanadi