болаликда тандир бошида еган ширмой нонларим ёдимга тушди. «Тандир тўлиб ёпилди нон» деган ажойиб қўшиқ ҳам қулоқларим остида яна бир бора жаранглагандек мазза қилдим. Мақолани ўқиганингиз сари димоғингизга тандирдан таралган ҳаётбахш ислар урилгандек ҳузур қиласиз, дейди Дониш домла уни бўлғуси журналистларга маҳорат мактаби сифатида тақдим этар экан.
Тaндир – ўзбек халқининг ўзига хос маданий-моддий бойлиги
Қишлоқдан келадиган қариндошларим албатта уйда, тандирда пиширилган нон кўтариб келишади. Ҳар гал она қишлоғим Турбат нонини истеъмол қилар эканман, ёшлигим, болалик хотираларим ёдга тушади.
Бошқа қишлоқларни билмадим-у, бизнинг қишлоқда ошхона “ўчавоши” дейиларди. Катта бўлганимда “ўчавоши” нима эканини билиб олдим – “ўчоқ боши” дегани экан. Ҳозир қишлоғимизда “ўчавоши” сўзи истеъмолдан чиқиб кетган — ҳамма замонавийлашиб кетган ва ошхона дейишга ўтиб кетди. Мана шу “ўчавоши”да тандир, кичик ва катта қозонлар бўларди. Кичик қозонда ўзимиз учун, катта қозонда меҳмонлар келганда таом тайёрланарди. Тандир учун махсус супача қилинарди. Супача ҳам ўзига хос бўларди — тандирни тагида ўтин ёки тезак туриши учун махсус жой қилинарди. Ер тандир ҳам бўларди, аммо ер тандир камдан кам одамларнинг уйига қуриларди.
Ўзбек халқи маданиятида тандир ўзига хос аҳамият касб этади. Лойдан ясалади. Қишлоғимизда, худди кигизни аёллар тайёрлаганидек, тандирни ҳам аёллар ҳашар йўли билан ясашарди. Болалигимни эслайман. Аввалига чуқур (ўра) қазиларди. Мана шу чуқурни кавламоқчи бўлган инсондан юксак ақл-заковат талаб қилинарди. Чунки, тандир том маънода санъат асари бўлиши керак эди. Тандир тайёрлаш ва уни ўрнатиш осон иш бўлмаган. Тандир учун лой оддий тупроқдан эмас, балки қишлоғимиз аёлларининг тили билан айтганда “соғ тупроқ”дан тайёрланарди. Бундай “соғ тупроқ” тепаликнинг жар қисмининг энг тагидан олиб келинарди.
Аввалига қўй ёки эчки жуни солинган лой оёқда тепилиб, обдан “пишитиларди”. Бу жараён тандирнинг мустаҳкам бўлишига хизмат қилар экан. Сўнг мана шу “пишитилган” лой қазилган чуқурга териб чиқиларди. Қуригунча бир-икки кун турарди. Кейин эса кўтариб олинарди. Қарабсизки, тап-тайёр тандир. Анъанага кўра, тандирдан чиққан биринчи нон болаларга ва тандирни тайёрлашда иштирок этган меҳмонларга берилган. Чунки, шундай қилинса уйга барака кирар экан. Ҳозир қишлоғимизда тандир тайёрланмайди, балки тайёри сотиб олинади. Маълумки, ҳозирда тандир эркаклар томонидан, мутлақо бошқача усулда тайёрланади.
Кейинчалик тандир тарихи билан қизиқиб кўрдим. Тандир ҳақида кўпроқ озарбайжон тарихчилари ёзишибди. Уларнинг асарларига қараганда тандир тарихи Неолит даврида – одамлар ўтроқ ҳолда яшай бошлаганларидан кейин бошланган экан. “Тандир” сўзи қадимги турк тили (шумерлар)га бориб тақалади. Бироқ, тандир кўчманчиларнинг эмас, балки ўтроқ халқнинг қадрияти экани тан олинади. Қадимдан ўтроқ халқ сифатида танилган ўзбеклар нон ёпишда минг асрлардан бери тандирдан фойдаланиб келишади. Бугунги кунда ҳам тандир халқимиз маданиятининг бир қисми сифатида эъзозланади. Кимдир тандир ҳам маданиятимизнинг бир бўлаги деётганимизга эътироз билдириши мумкин. Тандир нафақат тарихимиз, балки маданиятимиздир.
Тандирда нон ёпиш қадимий анъана, урф-одат. Нон ёпиш санъати эса халқимиз тарихи бошланган даврларга бориб тақалади. Бу санъат асрлардан асрларга аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келмоқда. Ўзбеклар нонни муқаддас деб билишади, кўзга суртишади. Нонни бизчалик эъзозлаган халқ дунёда камдан кам топилса керак.
Тарихдан маълумки, урушга кетаётган ўғлига оналар нон тишлатган. Меҳмонга бораётган аёллар тоғораларига албатта нон солиб боришган. Совчилар нон синдиришганидан кейин қиз ва йигит унаштирилган. Бизни қишлоқда яна бир анъана бор эди. Рамазон ойларида ифторлик қилинар, келган ҳар бир меҳмонга ҳамроҳ бўлади, дея иккитадан нон бериб юборишар эди.
Яқинда ўқиб қолдим – қадимда Озарбайжонда бирор бир табиий офат юз бергудек бўлса, масалан, қуёш тутилса, ёки зилзила юз бергудек бўлса одамлар тандир олдига чопиб боришар экан. Гўёки “табиий офат тандирга зарар етказмайди, унинг олдида турганларга ҳеч нарса қилмайди”, деган тасаввур бор экан. Озарбайжонда тандирлар уй ичига қурилгани боис, нафақат нон ёпишда, балки уй иситишида ҳам фойдаланилган.
Ҳозирда тандирда нондан ташқари сомса ҳам ёпилади. (Қаранг, ёпилади сўзи “беркитилади” сўзидан ташқари “пиширилади” деган маънони ҳам англатар экан). Тандирда ёпилган нон ва сомсанинг иштаҳани қитиқловчи ўзига хос таъми бўлади. Ёшлигимизда биз, болалар учун кулча ҳам ёпишарди. Биз ёнимиздан оқиб ўтадиган ариқ сувига (у пайтларда сувлар ҳам тоза ва тиниқ бўларди) эндигина тандирдан чиққан нонни оқизиб, истеъмол қилардик. Эсимда: эндигина юриб кетган болакайнинг оёғи ип билан боғланиб, сўнг қайчи билан қирқилар, атай у учун ёпилган кулчалар атрофидаги болакайларга тарқатилар эди.
Бизнинг қишлоқда тандирга асосан тезак, камдан кам ҳолларда ўтин ишлатилган. Ҳозирги кунда тандир “газлаштирилмоқда”. Аммо шу билан бирга новвойхоналар кўпайиб бораётгани туфайли хонадонларда нон ёпиш камайиб бормоқда. Технологияларнинг ривожланиб бориши тандирларга эҳтиёжнинг камайишига сабаб бўлмоқда, деган хавотирларни келтириб чиқармоқда.
Юртимизда ҳар бир вилоятнинг, ҳатто туман ёки қишлоқнинг ўзига хос нон ёпиш санъати бор. Бу нонлар кўриниши, ҳажми, ҳид ва таъми, шунингдек тайёрланишига қараб фарқланади. Хоразм нони Самарқандникидан, Сурхондарё нони водийникидан ажралиб туради. Қашқадарё нонини Бухороникидан осонлик билан ажратиб олиш мумкин. Тошкентнинг патири-ю, оби нонларини айтмайсизми? Ҳаммаси ўзига хос, бир-биридан аъло. Мана шунинг ўзиёқ тарихимиз, маданиятимиз юксаклигини кўрсатиб турибди.
Ўзбек ошхонасининг пайдо бўлиши ва ривожида тандирнинг ўрни беқиёсдир. Бу эса юртимиз ўзининг тарихи, маданий намуналари ва дастурхони билан жуда ҳам бой ва ўзига хослигидан далолат беради.
P.S. Ўзбек халқининг миллий қадрияти бўлмиш тандир ҳақида хотираларимиз асосида ўз билганимизча ёзишга уриндик. Балки кимдир янада мукаммалроқ ёзар. Чунки қадриятларимизни эслатиб турувчи кўплаб сўзлар аста-секин истеъмолдан чиқиб бормоқда. Масалан, ўт ўрувчи қурол бўлмиш ўроқни биламиз, аммо “чалғи”ни биламизми? Эртага,“чалғи”ни мусиқа асбобини англатувчи “чолғу” билан алмаштириб юрмаймизми? (Яқинда хусусий телевидениелардан бирида “танча”ни “тапчан” билан адаштириб юборишгани каби). Сутдан ёғ олувчи“кув”ни ким эслайди? Бир вақтлар ўзбек ошхонасида ишлатилган “супра”, “элак”, “ғалвир”ни ёшларимиз биладими? Момоларимиз талқон қилган “ҳавонча”, боболаримиз буғдой янчиган “ўғир” борасида нималар биламиз?
Шу каби саволларга жавоб топишимиз керак. Ўзбек тилида юз мингдан ортиқ сўз бор. Аммо интернетда бор-йўғи беш мингга яқин сўзи ишлатилаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Журналистлар, адиблар тил сандиқларини очиб кўп сўзларимизни эслатиб турушлари лозим.
ШарофиддинТўлаганов, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/tandir-zbek-khal-ining-ziga-khos-madaniy-moddiy-boyligi-12-05-2019
Qishloqning o’ziga xos va mos bo’lgan tandiriga nima yetsin. Ayniqsa, unda yopilgan issiqqina, shirmoygina, jizzali va mazali issiq nonlarni aytmaysizmi. Hidi ishtahasi yo’q odamning ham dimog’ini qitiqlaydi-ya