Французлар ҳангомаси

Метрода кўпинча хорижлик сайёҳларни кўриб қоламан.

Чет эллик меҳмонларга албатта қизиқиш билан қарайман. Уларни бошлаб юрган мезбонимиз (албатта ўзбек бошловчилари!) чет тилида бийрон сўзлаб, нималарнидир тушунтираётган бўлади.

photo_2022-05-02_10-20-11

Энг қизиғи, қанчалик ривожланган давлатлардан келган бўлмасин, ажнабийлар бошловчимизнинг сўзларини эътибор билан тинглаб, баъзилари ён дафтарларига алланималарни ёзиб ҳам олишади.
Қаранг, бизнинг метромиз хорижликларда қанчалик зўр қизиқиш уйғотмоқда!.. Ғурурланиб кетасан киши.
Бир гал яна шундай ажнабий меҳмонларни учратиб, биттасидан рус тилида секингина сўрадим:
— Қаерликсизлар?
У тушунмади. Елка қисиб қўя қолди. Ўзбекча гапирдим, яна елка қисди. Сўнг француз тилида сўрадим. Буни қарангки, улар айнан Франциядан келишган экан!
— Бангжур (салом),- дедим уларнинг тилида.
Меҳмонларнинг чеҳраси ёришиб кетди. Ёппасига:
— Бангжур, бангжур,- дейишди.
Билганимча бир-икки оғиз французчалаб гапирдим.
Мактабда ўрганган талаффузим чиройлироқ чиққани ёқиб кетди, шекилли, бир мадам (яъни, хоним) менга анча-мунча гап айтиб ташлади. Чеҳрасидаги нимтабассумга қараганда яхши гаплар айтаётганди.
Гарчи унчалик тушунмаётган бўлсам-да, дилдан сўзлаши ҳаяжонга соларди. Эҳ, қанийди шу халқаро тилниям лоақал ўрисча билганчалик тушунсам…
Худди тушунаётгандек:
— Уве, уве (ҳа, ҳа),- дея бош ирғаб тасдиқлаб турдим.
Кейин уларга «Ўзбекнинг ёмони бўлмайди» деган шеърий тўпламимдан ҳадя қилдим.
Улар китобни оларкан, қанчалик суюнганлари юз-кўзларидан кўриниб турарди.
Биттаси китоб нима ҳақида эканлигини сўради чамаси. Шу пайт мезбон бошловчи ёнимга келиб, жонимга оро кирди. Китоб номини эмин-эркин тушунтирди.
Ажнабий меҳмонларнинг юз-кўзларида яна табассум ўйнади.
Уларга: «агар ўзбек тилини ўргансаларингиз, бундан юз чандон зўр китобларимиз бор. Улар ҳақида биттагина маърузамни тингласангиз, буюк ўзбек адиблари ва жаҳоншумул шоирларига ошно бўлиб қоласиз», дегим келди.
Афсус, бу ҳаётий гапни айтишнинг мавриди эмасди…
Уларнинг таклифи билан эсдаликка суратга тушдик.
— Оревор (хайр),- дедим ниҳоят.
Уларнинг ҳам, менинг ҳам минг гурунг қилгимиз келмасин, ҳозир имкони йўқ эди, афсус…
Балки, мен қачондир Францияга бориб қолсам, ҳангомани Парижда давом эттирармиз, дея ният қилиб қўйдим кўнглимда.
Ҳамма нарса ниятингга қараб берилади, деган ҳикмат бор-ку…

 

Тўлқин ЭШБЕК

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *