Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида

Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир.

2019 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганига ўттиз йил тўлади. Мазкур тарихий ҳужжатга биноан ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.

Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи – миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтарди.

Ҳудудларда атоқли аллома ва адибларимиз номлари билан аталган ижод мактабларининг барпо этилиши бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётганини ҳисобга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва жамоатчилик вакилларининг жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини мамлакатимизда кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби 1-иловага;

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллиги муносабати билан ўтказиладиган оммавий маънавий-маърифий чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3.Ташкилий қўмита (А.Арипов):

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг пухта тайёргарлик асосида, юқори савияда ўтказилишини таъминласин;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридаги барча шаҳар ва туманларда байрам тадбирларини ташкил этсин;

умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танловини ўтказсин;

мамлакатимиздаги театрлар ва кинотеатрларда, маданият саройларида буюк алломаларимиз ҳақидаги спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойишини ташкил этсин;

“Ўзбек тили тараққиёти ва халқаро ҳамкорлик масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда “Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари” мавзусида республика конференциясини ўтказсин;

ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк мутафаккир шоиримиз Алишер Навоийга Тошкент шаҳридаги Миллий боғда, шунингдек, вилоят ва шаҳарларда ўрнатилган ҳайкаллар пойига гул қўйиш маросимини уюштирсин;

мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарида ўзбек тилига бағишланган байрам тадбирларини ўтказсин ва “Ўзбек тилининг дўстлари” клубларини тузсин;

мамлакатимизда янгитдан ташкил этилиб, фаолият кўрсатаётган Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида она тилига бағишланган маънавий-маърифий тадбирларни ўтказсин;

ҳудудларда тил байрамига бағишланган адабий-маърифий кечалар ҳамда янги китоблар тақдимотини амалга оширсин;

21 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги санъат саройларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирларини ташкил этсин.

4. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари даромадларининг орттириб бажарилган қисмидан, шунингдек, ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.

5. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                         Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 4 октябрь

 http://uza.uz/oz/documents/zbekiston-respublikasining-davlat-tili-a-ida-gi-onuni-abul-i-05-10-2019

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *